close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Язид ибн Муовия

Язид ибн Муовия, Абу Холид, ал-Умавий 25 ё 26 йили туғилган. Йўғон, сергўшт, серюнг, сочи кўп одам бўлган. Унинг онаси Майсун бинти Баҳдал, Калб қабиласидан. Ўз отасидан ривоят қилган, унинг ўзидан ўғли Холид ва Абдулмалик ибн Марвон ривоят қилганлар. Отаси уни валиаҳд қилиб тайинлади ва юқорида айтилганидек, одамларни (раиятни) бунга мажбурлаган.

Ҳасан Басрий деди: “Икки киши халқнинг ишини бузган: бири Амр ибн Ос, иккинчиси Муғира ибн Шўъба. Амр ибн Ос Муовияга Мусҳафларни баланд кўтариш маслаҳатини берган, шунда қорилар ҳам ҳалок бўлди ва хаворижлар ҳукми ўртага чикди. Қиёматгача бу ҳакам тайинлаш (зиён-заҳмати) завол топмайди. Иккинчиси, Муғира ибн Шўъба бўлиб, у Муовиянинг Куфадаги ҳокими эди. Муовия унга мансабидан бўшаб, олдига келишни буюради. Муғира кечикиб келади.
-Нимага бунча кечикдинг? - дейди Муовия.
-Бир ишнинг тадоригини кўраман деб кечикдим.
-Нима экан у?
-Сендан кейин Язидга байъат олиш эди.
-Шундай қилдингми?
-Ҳа.
-Ундай бўлса ўз амалингда қолавер!
Чиққанидан кейин дўстлари ундан нима бўлди, деб сўрашганида, Муғира: “Мен Муовиянинг оёғини шундай тузоққа туширдимки, қиёматгача ундан чиқолмайди”, - деди”.
Ибн Сийриндан ривоят: “Амр ибн Ҳазм (саҳоба) келиб Муовияга деди: “Муҳаммад ва у кишининг ўзига, авлодларига Аллоҳнинг салавоти бўлсин, уммати устига халифа қолдиришда Аллоҳни унутмай иш кўргин!” “Сен насиҳатингни ва ўз фикрингни айтдинг, гап шундаки, менинг ва уларнинг ўғилларидан бошқа ҳеч ким қолмади ва менинг ўғлим бошқалардан ҳақлирокдир”, деди Муовия”.
Атийя ибн Қайс (тобеин) деди: “Муовия хутбада шундай деди: “Эй Аллоҳ, Язиднинг лаёқатини билганим учун уни валиаҳд этиб тайинлаган бўлсам, орзуимга уни етказ ва унга мадад бер. Агар, отанинг боласига бўлган меҳригина мени шунга ундаган бўлса ва у қилган ишимга номуносиб бўлса, унга етмасидан жонини олиб кўяқол!” Муовия ўлгач, Шом ахди Язидга байъат беришди. Сўнгра у ўзига байъат олдириш учун Мадинага одам юборди. Ҳусайн ва Ибн Зубайр байъат беришга унамай тунда Маккага йўл олишди.
Ибн Зубайр байъат ҳам бермади, ўзига байъат беришларига ҳам даъват этмади. Куфаликлар Ҳусайнни Муовия тириклигида ҳам Куфага чақириб хатлар ёзишган эди. У эса рад этиб келган эди. Байъат Язидга берилгач, тушкунликка тушганига қарамай бир кетмасдан шу ерда қолишни, бир туриб уларнинг олдиларига бормоқчи бўлди. Ибн Зубайр бориш маслаҳатини берди. Ибн Аббос эса қарши бўлди. Ибн Умар ҳам, “Борма, чунки Расулуллоҳ алайҳисалоту вассаломга Аллоҳ дунё ё охиратни танлаш ихтиёрини берганда, у киши охиратни танладилар. Сен ҳам у кишининг зурриётисан, дунёга эришолмайсан”, деб уни қучоқлаб йиғлаб хайрлашди.
Ибн Умар шундай дер эди: “Ҳусайн бизга қулоқ солмай (Ироққа) кетди, ҳаётимга қасам ичаманки, отаси ва акасида кўрганлари унга ибрат бўлиши керак эди. Унга бу тўғрида Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Саид, Абу Воқид Лайсий ва бошқалар гапирдилар, лекин у ҳеч қайсиларига қулоқ солмай Ироққа бораман, деб туриб олди. Шунда Ибн Аббос, “Валлоҳи, гумонимча, сени ҳам Усмондек хотинларинг, болаларинг кўз ўнгида ўлдиришади”, деди. У шунда ҳам унамади. Ибн Аббос йиғлади ва “Ибн Зубайрнинг кўнглини тинчитадиган бўлдинг”, деди. Ибн Аббос Абдуллоҳ ибн Зубайрни кўрганда, “Сен истагандек бўлди, Ҳусайн кетяпти Ҳижозни сенга ташлаб”, деди. Кейин шу шеърни айтди: (маъноси) Эй ҳовлидаги зағизғон, Осмон ўзингга қолди, тухум кўй, сайра ва истаган нарсангни чўқила.
Ироқ аҳли Ҳусайнни чақириб, элчиларни, хатларни юборавердилар. Ана шундан кейин зулҳижжанинг ўнинчи куни Ҳусайн Маккадан Ироққа қараб оилаларидаги бир қанча эркак, аёл ва болалар ҳамроҳлигида йўлга тушдилар. Шунда Язид ИрокдагиўзволийсиУбайдуллоҳибнЗиёдниуларгақаршиурушга буюрди ва у Умар ибн Саъд ибн Аби Ваққос бошчилигидаги тўрт минг аскарни Ҳусайнга қарши жўнатди. Куфа аҳли эса илгари отасига қилган ишни қилиб, ўғлини ҳам ёрдамсиз қолдирадилар. Яраланган Ҳусайн таслим бўлишга ва Язиднинг олдига бориб байъат беришга ҳам розилик билдиради. Бироқ улар буни рад этишади ва уни ўлдиришади. Калласини тосга солиб, Ибн Зиёдга юборишади. Унинг қотилига, Ибн Зиёдга ва Язидга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин!
Уни Карбалода ўлдирадилар. Қатл этилиши эса узун бир қиссаким, эслашга юракчидамайди. Шундай экан, “инно лиллоҳи ва инно илайҳи рожиун”. У зот билан бирга аҳли байтларидан 16 эркак қатл этилади. Уни ўлдирилиши ашурога тўғри келди. Ўша куни қуёш тутилади.
Саъолабий деди: “Абдулмалик ибн Аммор Лайсий айтди: “Бу қасрда (Куфадаги амирлик қасрида) Убайдуллоҳ ибн Зиёд қаршисида Ҳусайн ибн Алининг қалқонда турган бошини кўрдим. Кейин Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг калласини Мухтор ибн Аби Убайд қаршисида кўрдим. Сўнг Мухторнинг калласини Мусъаб ибн Зубайр олдида кўрдим. Кейин Мусъабнинг калласини Абдулмаликнинг олдида кўрдим. Буни Абдулмалик (ибн Марвонга)га айтган эдим, у бу ерни зудлик билан тарк этди”.
Термизий Салмодан ривоят қилади: “Умму Саламанинг ҳузурига кирганимда у йиғлаётган экан. “Нега йиғлаяпсан?” дедим. “Расулуллоҳни тушимда кўрибман. У кишининг бош ва соқоллари тупроқ экан. Сизга не бўлди, ё Расулуллоҳ?” дебман. У зот: “Ҳозиргина Ҳусайннинг қатлига гувоҳ бўлдим”, дедилар”.
Байҳақий “ад-Далоил”да Ибн Аббосдан ривоят қилади: “Куннинг ярмида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У кишининг сочлари тўзғиган, ўзларини чанг-тўзон босган эди. Қўлларида шиша идиш бўлиб, ичида қон бор эди. “Ота-онам фидо бўлсин сизга, ё Расулуллоҳ! Бу нима?” дедим.
- Бу Ҳусайн ва унинг дўстлари қони, мен уни шу бугун топдим, - дедилар. Кунини ҳисобласалар ўша кунга (Ҳусайннинг қатл кунига) тўғри келибди”.
Абу Нуайм «Ал-Далоил» да Умму Саламадан ривоят қилади: “Мен жинларни Ҳусайн учун йиғлаб фарёд чекканини эшитдим”.
Ҳусайн ва отасининг болалари (ўгай ака-укалари) қатл қилингач, Ибн Зиёд уларнинг бошларини Язидга юборди. У дастлаб бу ишдан хурсанд бўлди. Сўнг мусулмонларнинг маломатларига қолгач, қилган ишига пушаймон бўлди. Одамлар ундан қаттиқ ранжидилар ва ранжишга ҳақли эдилар.
Абу Яъло ўз “Муснад”ида заиф санад орқали Абу Убайдадан ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бани Умайядан бир киши чиқиб бузгунга қадар умматим ишида адолат бузилмай туради. Уни Язид дейдилар”.
Нафвал ибн Абул Фурот деди: “Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида эдим. Бир киши Язиддан сўзлаб “мўминларнинг амири Язид ибн Муовия деди”, деб қолди, шунда Умар: “Мўминларнинг амири дедингми уни?” деб ҳалигини 20 дарра урмоққа буюрди”.
63 йили унга (Язидга) хабар келдики, Мадина аҳли исён кўтариб уни азл қилганлар. Язид уларга қарши қалин қўшин жўнатди. Кейин Маккага юриш қилиб Ибн Зубайр билан ҳам жанг қилишга буюрди. Улар Ҳаррага келишди ва Боб Тайбада Ҳарра воқеаси юз берди. Ҳарра воқеасини билмайсан! Бир гал Ҳасан (Басрий) у ҳақда сўз очиб шундай деганди: “Аллоҳ ҳаққи, улардан деярли ҳеч ким тирик қолмади. Жангда бир қанча саҳобалар ва бошқалар ҳалок бўлдилар. Мадина вайрон қилинди. Бокира қизлардан мингтасининг номусига тегилди. Инно лиллоҳи ва инно илайҳи рожиун. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дегандилар: “Ким Мадина аҳлини қўрқувга солса, Аллоҳ таоло уни қўрқувга солади, унга Аллоҳ, малоикалар ва халқнинг лаънати бўлсин” (Муслим ривояти).
Язиднинг гуноҳ ишларга ботгани Мадина аҳлининг ундан юз ўгиришларига сабаб бўлган эди.
Воқидий Абдуллоҳ ибн Ҳанзалатул Ғасилдан ривоят қилади: “Аллоҳга қасам, осмондан устимизга тош ёғилмасин, деб қўрққанимиздан унга қарши исён қилдик. Ахир у умму валадлар, қизлар, опа-сингилларни хотин қилиб оладиган, ароқ ичадиган ва намозни қолдирадиган бир киши эди-да”.
Заҳабий айтади: “Язиднинг ароқ ичиши ва бошқа бемаъни ишлари устига Мадина аҳлига етказган заҳматлари халқнинг нафратини оширди. Унга қарши бир неча бор исён кўтарилди. Аллоҳ умрини калта қилгур.
Ҳарра қўшини Ибн Зубайр билан жанг қилмоқ учун Маккага йўл олди. Лашкар амири йўлда ўлиб қолди. Ўрнига бошқа амирни қўйдилар. Маккага етдилар ва Ибн Зубайрни қамалга олиб жанг қилдилар, манжаниқлардан отдилар. Бу иш 64 (684-83) йил сафар ойида бўлди. Улар отган оловли ўқлар учқунидан Каъбапўш, Каъбанинг шифти ва Исмоилнинг ўрнига Аллоҳ берган қўчқорнинг икки шохи ёниб кетди. Аллоҳ Язидни шу йили рабиул аввалнинг ўртасида жонини олди. Унинг ўлгани ҳақида хабар келганда уруш давом этаётганди. Шунда Ибн Зубайр: “Эй аҳли Шом, жаллодингиз ўлибди”, деб бақирди, буни эшитган шомликларнинг руҳлари тушиб, шаштлари синди. Одамлар уларни тутиб ола бошладилар.
Ибн Зубайр ўзига байъат беришга даъват қилди. Ўзини халифа деб атади. Шомликлар бўлса Муовия ибн Язидга байъат беришди. Аммо у узоқ турмади”.
Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилади: “Абу Бакр Сиддиқ - бу исм (лақаб)ни тўғри қўйгансиз, Умар Форуқ - метин мугуз, тўғри қўйгансиз, Ибн Аффон Зуннурайн - мазлумона ўлдирилган, икки ҳисса марҳамат кўради, Муовия (бўлади) ва ўғли - муқаддас Замин подшоҳлари, Саффоҳ (бўлади), Мансур, Жобир (жабр-ситам қилувчи), Махди, Амин, Амир - барчалари Каъб ибн Луай авлодлари, барчалари солиҳ, улардакаси йўқ”.
Заҳабий ёзади: “Ибн Амрдан бундай ривоятлар бир қанча, лекин ҳеч ким тепага (пайғамбарга) етказ(ол)маган”.
Воқидий Абу Жаъфар Боқирдан ривоят: “Каъбага дастлаб дийбож (ипак мато) ёпган Язид ибн Муовия бўлади”.
Ҳусайн, унинг ҳамроҳлари ва Ҳаррада ўлдирилганлардан ташқари, Язиднинг даврида вафот этганлар: мўминлар онаси Умму Салама, Холид ибн Арфата, Жарҳад Асламий, Жобир ибн Атиқ, Бурайда ибн Ҳусайб, Маслама ибн Мухаллад, фақиҳ Алқама ибн Қайс Нахаий, Масруқ, Мисвар ибн Махрама ва бошқалар.
Ҳаррада ўлдирилган қурайшликлар ва тарафдорлари сони 306 киши эди.

Жалолиддин Суютий,
“Тарих ал-хулафо” китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase