close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Уйғурлар буюк давлатларнинг «катта ўйини»да

Уйғурлар – Хитойнинг ушбу давлати ҳудудидан ташқарида энг машҳур бўлган кичик миллатдир. Курдлар ва туареглар билан бир қаторда улар ўз давлтига эга бўлмаган энг йирик халқлар учлигига киради. Уйғурлар фақат миллиарддан ортиқ хитойликлар олдида кичик миллат ҳисобланади – ХХР ҳудудида  ҳозир уйғур миллатига мансуб ўн миллиондан ортиқ фуқаро яшайди.

Таққослаш учун, бу Россияда истиқомат қилаётган, славян бўлмаган энг йирик кичик миллат ҳисобланган татарлардан икки баравар кўпдир.
Хитой уйғурларининг аксарияти – саккиз миллиондан ортиқ киши – ҳозирда расман Шинжон-Уйғур автоном райони (ШУАР) деб аталадиган тарихий ватани ҳудудида яшайди. Синьцзян (Шинжон) хитой тилида «янги чегара маъноини англатади», бу ХХР шимолий-ғарбий қисмида, Монголия, Сарказий Осиёнинг собиқ совет республикалари, Афғонистон ва Тибет оралиғида жойлашган улкан тўртбурчакдир. Шарқдан ғарбга қараб икки минг километр, шимолдан жанубга қараб эса бундан бироз кичикроқ. Баланд тоғ тизмалари кесиб ўтган қурғоқчил текисликлар ва чўл ўртасидаги воҳалардан иборат бўлган бу ўлкадан қадимда машҳур «Буюк ипак йўли» ўтган.
Уйғурлар этноси кўп жиҳатдан Хитойдан Ўрта Ер денгизи томон олиб борадиган, қадимги Евросиёнинг асосий иқтисодий қон томири бўлган Буюк ипак йўли туфайли вужудга келган. Шу сабабли ҳозирги уйғурларнинг аждодлари орасида дунёнинг энг йирик чўлларидан бири бўлган Такламакон воҳасининг қадимги аҳолиси билан аралашиб, дунё юзидан йўқ бўлиб кетган туркий ва мўғул халқларнинг вакиллари бўлган.
Ҳозирги Шинжон майдони бўйича Хитойнинг олтидан бир қисмига тенг бўлиб, бу ҳудудга бемалол учта Францияни жойлаштириш мумкин. ШУАР Қозоғистон (1718 км), Қирғизистон (1000 км), Тожикистон (450 км), Россия (55 км), Монголия (1400 км), шунингдек, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон билан чегарадош. ХХР ШУАР давлат чегараларининг умумий узунлиги 5600 километрдан ортиқ. Хитой давлати чегарачиларининг ҳар учтадан биттаси айнан шу ерда хизмат қилади.
Шинжонда – Жунғория ва Шарқий Туркистон деб ҳам аталадиган бу ҳудудда – қадимдан кўплаб қабила ва халқлар, асосан, туркий тилда сўзлашадиган уйғурлар, шунингдек, ислом динига эътиқод қиладиган бошқа халқлар – дунганлар (хитойлик мусулмонларнинг авлодлари), қозоқлар, қирғизлар, тожиклар, ўзбеклар яшаб келган.
Жунғория XVIII асрда Цин империяси томонидан ўн йилликлар мобайнида давом этган қонли урушда мағлуб этилган дунёдаги сўнгги кўчманчилар империяси бўлган. Пекин императори қўшинлари жунғорларнинг (ғарбий мўғулларнинг) қарийб 90%ини қириб ташлади, тирик қолганлар то волга дарёсига қадар ғарбга қочиб бориб, у ерда қалмиқларга айланди. XIX аср бошига келиб, хитойликларнинг Цин империяси чегаралари ҳозирги Шинжон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг Балхаш кўлигача бўлган қисмини қамраб олганди.
Шарқий Туркестан бу – уйғурлар ватанининг XIX асрда юзага келган, руслар томонидан берлиган номидир. Шарқий Туркестан деб аталиининг сабаби шундаки, Ғарбий Туркестан – Россиянинг таъсир доирасидан ўрин олган, туркий тилда сўзлашадиган халқлар истиқомат қиладиган улкан минтақа ҳам бор эди. Ҳозир бу ҳудудни собиқ СССРнинг Ўрта Осиё республикалари ташкил қилади.

РУСЛАР ТОМОНИДАН ЎЙЛАБ ТОПИЛГАН УЙҒУРЛАР

Бу ажабланарли тарихий ҳақиқат, лекин уйғурлар этник номини Россия берган эди - 1921 йили Тошкентда уйғур зиёлилари вакилларининг қурултойи бўлиб ўтганди. У ерда Қозонлик шарқшунос-профессор Сергей Ефимович Маловнинг таклифи билан Шарқий Туркистонда истиқомат қилаётган, туркий тилда сўзлашадиган ўтроқ халққа этноним сифатида «уйғур» номи қайта тикланди. Бунгача уйғур воҳалари аҳолиси ўзини яшаб келган жойи бўйича – «қашғарликлар», «илийлар», «турфанлар», «таранчалар» деб атарди. Лекин хитойликларга қарши қуйиш учун улар ўзларини «йарлик» – том маънода «юртдош» ёки «маҳаллий» деб атарди.
Хитойликлар ҳозирги ШУАР ҳудудини илк бор бундан икки минг йил аввал, Хань империяси даврида боси олган бўлиб, ўшанда қадимги хитойликлар Рим императори Тит Флавий билан дипломатик алоқа ўрнатмоқчи бўлишган. Эрамизнинг биринчи асрида эса бу ерда хитой қўшинлари ва «Буюк ипак йўли» устидан назорат қилиш учун биринчи кўчиб келган кишилар пайдо бўлди. Амалда, ҳозирги кунда Хитой компартияси МК Хань империясининг ушбу минтақадаги анъаналарини давом эттирмоқда – ХХР ва Хань сулоласига деҳқонлар қўзғолонларини бостирганларнинг етакчилари, Мао Цзэдун ва Лю Бан асос солганини эсласак, тасодиф янада қизиқлашади.
Шинжон тарихининг сўнгги икки минг йили хитойлик императорлар - Лю Бан авлодларидан тортиб Мао «авлодлари»гача бўлган маҳаллий давлатчилик учун курашда узлуксиз ғалабалар ва мағлубиятлар галма-гал келишини ифодалайди. Эрамизнинг биринчи минг йиллигида учта уйғур ҳоқонлиги, йирик илк феодал давлат мавжуд бўлган. Афсонавий Рюрикнинг замондоши саналган «Учинчи уйғур ҳоқонлиги», Қозоғистон чўлларидан Кореягача бўлган майдонни эгаллаган. Уйғурлар ўша пайтлар илк насронийлик ва зороастризм аралашувидан пайдо бўлган ғайриодатий динга – манихейликка эътиқод қиларди.
Уйғурларнинг қулай географик жойлашуви Хитой ва Ўрта Ер денгизи таъсири аралашиб кетган маданиятнинг кучли ривожланишга ҳам, янги динлар тарқалишига ҳам хизмат қилган. Уйғурлар бирин-кетин буддист, манихеячи бўлиб чиққан, иккинчи минг йилликнинг дастлабки 3-4 асрида эса исломни қабул қилган.
Руслар уйғурлар билан илк бор мўғуллар босқини даврида танишган –Русь ерига Ботухон ва унинг авлодларидан келган номалар ва ёрлиқлар айнан «уйғур хати»да битилганди. Уйғур алифбоси Чингисхоннинг буйруғи билан мўғуллар империясида у пайдо бўлган пайтдан бошлаб расман қабул қилинган. Фанда ушбу уйғур алифбоси «эски уйғур алифбоси» деб ҳам аталади – у Буюк ипак йўлида эрамизнинг биринчи йиллиги бошида, қадимги Сўғдиёна алифбосига асослаган ҳолда пайдо бўлган, у эса, ўз навбатида, арамейлар хати орқали инсоният тарихидаги биринчи саналган финикияликлар алифбосига бориб тақаларди …

ХИТОЙГА ҚАРШИ УРУШ МИЛЛИЙ ЎЗИГА ХОСЛИК СИФАТИДА

XVIII асрда манчжурлар буддизмга эътиқод қилган ғарб мўғуллари – ойратларни деярли қириб ташлаган ҳолда Жунғор хонлигини тор-мор қилгач, ҳалок бўлган хонлик қолдиқларида вужудга келган Шинжон провинцияси Цинь империясида энг нотинч ҳудудлардан бири бўлиб қолаверди. Бу ерда маҳаллий мусулмонлар, яъни уйғурлар бот-бот исён кўтариб турарди – тарихда 1816, 1825, 1830, 1847 ва 1857 йиллар қўзғолонлари маълум.
Исёнкор ҳудуд аҳлини тинчитиш учун Пекин ҳукумати бу ерда манчжур ва хитой гарнизонларини ушлаб турарди, Хитойнинг марказий ҳудудларидан аҳолининг Шинжонга кўчиб келишини рағбатлантирарди. Манчжурларга яқинлиги бўлган, цинлар ҳукумати томонидан Узоқ Шарқдан Марказий Осиёга кўчириб келинган сибо ва солон қабилаларидан махсус ҳарбий манзилгоҳлар ташкил қилинди.
Лекин бу тадбирларга қарамай, 1864 йил уйғурлар ва дунганларнинг Пекинга қарши қўзғолони бошланди. Шинжон ҳудуди ўн йилдан ортиқ вақт давомида Хитойдан ажралиб олган, мустақил Йеттишар ислом давлати сифатида мавжуд бўлиб, унинг тепасида бир нечта исёнчи хонликлар ва султонликларни бирлаштирган Ёқуббек турган. «Дин ҳимоячиси» мақомини қўлга киритган янги хон ўзи тожиклардан, Қўқон ва Хива хонликларида қўшин бошлиғи лавозимида ишлаган эди. Бу ҳолат уйғурларнинг Ўрта (Марказий) Осиё халқлари билан қардошлик алоқалари яқин эканлигини яна бир бор кўрсатади.
Тожик Ёқуббек Хитойга қарши кайфиятдаги Шинжонда тоғлар ва чўлларга таянган ҳолда хитой импертори қўшинларига қаршилик кўрсатиш учун анча кучли армия тўплади. Бироқ шимоллан бостириб келаётган бошқа бир империя – Россия – айнан ўша йиллари Ўрта Осиё хонликлари ва амирлигини босиб олаётган бўлиб, ўзининг янги чегараларида тажовузкор ислом давлати пайдо бўлишидан манфаатдор эмасди. Ахир Ёқуббек ташқи сиёсатда Хитойга қарши иттифоқчилар топишга интилиб, ўша пайтлар Ҳиндистондаги мустамлакадан Афғонистонга ҳам кўчиб ўтиш истагида бўлган Буюк Британия ва Туркияни ёқларди.
Россия ва Буюк Британия ўртасида Марказий Осиё учун бу «катта ўйин» доирасида Петербургда Россия қўли остига ўтган Ғарбий Туркистон тинч бўлиши учун Шарқий Туркистонни ўша пайтлар нисбатан заиф ва узоқ бўлган Пекиннинг номинал ҳокимлигига қайтариш лозим деб топилди. Хитой армиясининг Шинжонга қайтиш йўлидаги асосий муаммо коммуникациялар, аниқроғи, тоғ ва чўллардан иборат бўлган ҳудуд бўйлаб минг километрли юришда қўшинни таъминлаш ҳисобланарди. Пекин бу муаммони Россия ҳисобига ҳал қилди – Россия Туркестанининг биринчи губернатори, немис Кауфман хитойлик генерал Цзо Цзунтан қўшинларини дон билна таъминлащ бўйича махсус операция ўтказди. Хитойликлар руслардан буғдони чайқон нархида, кумуш билан 10 млн рубл тўлаб сотиб олди.
Логистика билан боғлиқ муаммоларни шу тариқа ҳал қилгач, Хитой императори қўшини уйғур ва дунган исёнчиларини оилалари билан қирғин қила бошлади. Бу қирғиндан жони омон қолганлар Россия томонидан назорат қилинадиган ҳудудларга қочдилар. Бу ерда  қочоқларни жойлаштириш ва даволаш билан доктор Василий Фрунзе, қирқ йиллардан кейин фуқаролар уруши натижасида бутун Ғарбий Туркистонни Россияга қўшиб олган Михаила Фрунзенинг отаси шуғулланарди.
Уйғурларнинг бутун классик адабиёти Хитойга қарши миллий-озодлик курашидан келиб чиқади. Хусусан, Нозим Билал, шоир ва ёзувчи, энг машҳур уйғур классик адабиёти вакили, нафақат Хитойга қарши қўзғолонларда иштирок этган, балки асарларининг аксариятини ҳам айнан шу курашга бағишлаган. Ўша пайтларга оид уйғур адабиётида қарийб барча қаҳрамонлар Хитой босқинчилигига қарши курашади.

СУРУНКАЛИ ГЕОСИЁСАТ ҚУРБОНЛАРИ

XX асрда Шинжон ҳудудида Хитойдан айри бўлиб олган уйғур давлатлари икки марта пайдо бўлади. Хитойга қарши қўзғолонлар давомида 1932 йил Хотан амирлиги, бир йил ўтиб эса – замонавий «президент» унвонини қабул қилган уйғур Хўжа Ниёз бошчилигида бутун бошли Шарқий Туркистон Ислом республикаси вужуда келди. Бу воқеаларгача президент Ниёз «Қашғар-жунғор ишчилари инқилоб Иттифоқи» фаолларидан бўлгани ҳолда Россияда фуқаролар урушида большевиклар томонида жанг қилишга ҳам улгурганди. 
Уйғурлар қўзғолонига маҳаллий гарнизонда хизмат қиладиган хитойлик офицернинг уйғур қизга уйланишга ҳаракат қилиши сабабчи бўлди. Бу сиёсий жиҳатдан фаол уйғурларнинг Хитойдан қанчалик даражада нафратланиши ва узоқлашиш ниятида эканлигини яққол кўрсатади. То СССР Хитойда ҳукмрон бўлган «Гоминьдан» партияси миллатчиларига қарши экан, янги мустақил давлат муваффақиятга эришиш имконига эга эди. Лекин 30-йилларнинг иккинчи ярмига келиб, совет коммунистлари ва хитой миллатчиларида хавфли умумий душман – Осиё қитъасида фаол босқинчилик юришини бошлаган самурайлар Японияси пайдо бўлди. Унинг ҳаддан ташқари кучайиб кетишидан хавфсираган СССР расмий Хитойни қўллаб-қувватлади, жумладан, хитойликларга Шинжон устидан ҳукмронликни қайтаришда кўмаклашди.
Бу ерда совет қўшинлари, жумладан, авиация ёрдамида Шинжонга хитойлик янги губернатор Шен Шицайни қайтариш бўйича жангларда бевосита иштирок этди. Бунда совет қўшинлари олдинроқ Хитойга қочиб кетган оқ гвардиячилар ниқоби остида қатнашди – НКВД чегара қўшинлари битирувчилари Шинжонга жўнатилиб, бу ерда ҳалқ комиссарининг буйруғи билан инқилобгача бўлган погонлар тақиш ва бир-бирига «Жаноби олийлари» деб мурожаат қилиши кўрсатилган.
Шинжоннинг хитойлик янги генерал-губернатори 30-йиллар охирларида гоминьданчи Хитой марказий ҳукуматидан кўра кўпроқ сталинча СССРни ёқларди. 1939 йил у ҳаттоки совет консулидан махфий равишда уни ВКП(б) га қабул қилишни сўради – шуниси қизиқки, губернаторга партбилет ёзиб берилди ва махфий равишда Шинжонга етказилди. Совет Иттифоқи бу пайтга келиб Шарқий Туркистон ҳудудида хом ашё қазиб чиқариш бўйича асосий объектларни назорат қиларди, айнан ўшанда совет мутахассислари бу ерда уран конларини биринчи бор топган.
Бироқ гитлерчилар Германиясига қарши уруш бошланиши билан генерал Шэн Шицай СССР нинг куни битди деб шошилинч хулоса чиқаради. У совет маслаҳатчиларини ишдан бўшатиб, уйғур ва хитой коммунистларни отиб ташлашга киришди. Отиб ташланганлар орасида қизил Хитойнинг бўлғуси етакчиси Мао Цзэдуннинг укаси ҳам бор эди.
1944 йилнинг ёзида губернатор Шэн танлов бобида қандай хатога йўл қўйганини узил-кесил тушуниб етди ва ўз лавозимин ташлаб марказий Хитойга қараб қочди. Бу пайтга келиб СССР билан савдонинг тўхтатилиши Шинжонда ҳақиқий иқтисодий инқирозга олиб келганди ва уйғурларнинг янги қўзғолонларига олиб келганди. 1944 йилнинг кузида Шарқий Туркистон инқилобчи республикаси пайдо бўлди. Шуниси қизиқки, Хитойга қарши бу навбатдаги бу қўзғолонга уйғур, қозоқ, қалмиқ ва татар бошчилик қилди (Россия-СССР нинг Шинжон билан савдо алоқаларида қозон татарлари доимо асосий роль ўйнаб келган).
Шарқий Туркистон инқилобчи республикаси Президенти уйғур Аҳмаджон Қосимов, намунали биографияга эга бўлган киши бўлди – у Олма-отадаги совет мактабини тугатган, Тошкентдаги совет университетида педагогик таълим олган, уйғурлар тарихи мавзусидаги докторлик диссертациясини эса Москша шарқ тиллари институтида Коминтерн штатдаги ходими сифатида ҳимоя қилганди. Янги уйғур республикасининг бош қўмондони этиб совет НКВД генерал-майори Иван Полинов, штаб бошлиғи этиб эса собиқ оқ гвардиячи генерал, Дутов армиясида хизмат қилган, старообрядлар вакили бўлган казак Варсонофий Можаров тайинланди.
1945 йилнинг сентябрида, СССР дипломатлари ва шинжонлик исёнчиларнинг ҳарбий муваффақиятлари босими остида Хитой марказий ҳукумати уйғурлар «автономия»сини тан олди. Москвада бу вақтда сталинчи Сиёсий бюрода Қозоғистон компартияси МК нинг (Қозоғистонда азалдан кўп сонли уйғурлар диаспораси яшаб келарди) Шинжон коммунистик партияси ташкил қилиш ҳақидаги таклифи жиддий кўриб чиқилди. Қозоқ коммунистлари ёзишича бу иш – «Шинжоннинг шмиолий қисмида хитойликларга қарши бош кўтарган мусулмонларнинг сиёсий ва иқтисодий ютуқларини мустаҳкамлаш ҳамда бу провинцияда хитойлик бўлмаганлар оммасининг миллий-озодлик ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида» қилинди.
Бироқ уйғур давлатчилиги тарихига рус-хитой катта сиёсати яна бир бор аралашди. 1949 йил Хитой ҳудудида 1911 йилдан бошлаб чўзилиб келган фуқаролар урушида коммунистлар ғолиб чиқиши яққол маълум бўлиб қолди. Шундан сўнг Москвада қизил Хитой билан келишув ва иттифоқ уйғурлар билан чигал муносабатлардан кўра муҳимроқ деган қрорга келинди.
Оқибатда Шинжондан Пекинга Мао билан музокараларга совет самолетида учиб кетаётган Шарқий Туркистон инқилобчи республикаси ҳукумати ҳеч қаерга етиб бормади. Расмий хабарларга кўра самолет Иркутск ва Чита ўртасидаги оралиқда ҳалокатга учраган. СССР ёрдамида ташкил қилинган уйғур республикаси қуролли кучлари расман Хитой коммунистик Халқ-озодлик армиясининг 5-корпусига айланди. Узоқ йиллар, то Хрущев билан Мао Цзэдун ўртасидан қора мушук ўтмагунга қадар, бу корпусга рус староверларидан бўлган хитойлик генерал-лейтенант Фотий Иванович Лескин қўмондонлик қилган.
Кўриб турибмизки, охирги икки аср давомида хитойга қарши курашда муваффақиятга эришиш учун бир неча марта имкониятга эга бўлган уйғур сепаратистларига сурункали равишда сайёрамиздаги катта ўйинчилар, биринчи навбатда, Москва ва Пекин ўртасидаги геосиёсий комбинациялар ва муросалар қурбони бўлиш халақит бериб келган. Агар вазият бошқача ривожланганида, биз Осиё қитъасининг қоқ марказида, Тибетдан шундоқ шимолда улкан туркий ислом давлатига эга бўлган бўлардик.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase