Ризо Шоҳ Паҳлавий 1878 йил туркий тилида сўзлашувчи ҳарбий оилада туғилган. Унинг ота-боболари рус босқинидан қутилиш мақсадида Кавказдан қочиб, Эрондаги Мозандарон вилоятидаги Алашт қишлоғида мулкка эгалик қилишган. 1925 йилда Қажарлар сулоласи ағдарилгач, Ризо Шоҳ инглизлар томонидан ҳокимият тепасига чиқарилди. Шоҳ ғарбпараст сиёсат олиб борди ва унинг ҳукмронлиги даврида Эрон Британия империяси назорати остида бўлди.
Анъанавий либосларни чеклаш Эрон жамиятини европалаштиришга қаратилган қадамлардан бири бўлди. 1935 йил барча эркаклар Европа услубидаги кепка кийиши буюрилди. Бу Машҳадда армия томонидан қаттиқ бостирилган оммавий тинч намойишларга сабаб бўлди. 100 кишидан 500 кишигача, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Бошқа томондан, аёллар кийиниши борасида ҳам шунга ўхшаш сиёсат қўлланилди. Шоҳнинг рафиқаси ва оиласининг бошқа вакиллари бунга ўрнак бўлиш лозим эди – улар Эронда биринчи марта турли тадбирларда иштирок этиб, жамоатчилик вакили вазифаларини бажаришга киришган. 1933-1935 йилларда аёл ўқитувчилар ва талаба қизлар орасида ҳижоблардан воз кечиш тарғиб қилинди. Ҳижобни тақиқлаш ҳақидаги расмий фармон 1936 йил 8 январда чиқарилган, шоҳнинг рафиқаси ва қизлари бу масалада муҳим рол ўйнаши кўзда тутилган.
Ўша куни Ризо Шоҳ Теҳрон педагогика колледжининг битирув маросимида рафиқаси ва икки қизи билан европача кийим кийиниб, бошларини ўралмаган ҳолда иштирок этди. Шоҳ нутқ сўзлади, унда мамлакат аҳолисининг ярми, яъни аёллар эътибордан четда қолиб келгани, аммо энди келажак уларнинг қўлида эканлиги айтилди. Кейинчалик шоҳнинг хотини ва қизларининг ҳижобсиз суратлари эълон қилинди.
Фармон қабул қилингач, мамлакатни ҳижоб кийган аёлларга нисбатан репрессия тўлқини камраб олди. Фрамон ижросини таъминлаш учун полицияга жамоат жойларида бу шаклда кўринса, ҳижобларини мажбуран ечиб ташлаш буюрилган. Аёллар дўппосланарди, уларнинг рўмол ва чодирлари йиртилиб, уйлари тинтув қилинди. Бу 1941 йилда Ризо Шоҳнинг тахтдан воз кечишига қадар эронлик аёлларнинг кўпчилиги кўчаларга чиқа олмаган. Ҳижобни ечишни истамаган аёлларнинг ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кузатилган.
Ҳижобни тақиқлаш ҳақидаги фармонни прогрессив деб атайдиган ғарб тарихчилари бўлса-да, умуман олганда унинг таъсири салбий, деб баҳоланади. У кўплаб эронлик аёлларни камситиб, уларнинг норозилигини ва ҳатто шоҳга нисбатан нафратини уйғотди. Бир мулланинг хотирлашича, баъзи фуқаролар 1941 йилда шоҳнинг ҳайдалишини қандай қабул қилганликлари тасвирланади: "Иттифоқчилар Ризо Шоҳни олиб ташлагач, Аллоҳ бизга ўлимдан кейин ҳаётга қарашга рухсат бергандек эди... Биз ҳақиқатда озод бўлдик; биз хоҳлаган нарсани айтишимиз, биз хоҳлаган нарсани ёзишимиз ва биз хоҳлаган нарсани кийишимиз мумкин бўлди. Ризо Шоҳ мажбуран чодирни бекор қилгани учун холам каби уйдан чиқишга қўрққан аёллар яна кўчада ҳижоб ва чодир билан кўринишлари мумкин бўлгани учун ўзларини қамоқдан озод этилгандай ҳис қилдилар".
Кейинги ҳукмдор Муҳаммад Ризо Паҳлавий даврида расмий чоралар бирмунча енгиллаштирилган бўлиб, ҳижоб ёки чодир кийиш энди жиноят ҳисобланмас эди. Шу билан бирга бундай кийим қолоқлик белгиси ва қуйи синфга мансублик кўрсаткичи ҳисоблангани учун ижтимоий пиллапоя бўйлаб кўтарилишга тўсиқ бўлиши мумкин эди. Ҳижоб ёки чодир кийган аёлларга қарши камситиш жуда кенг тарқалган эди ва давлат органлари бундай кийимлар учун ҳар хил тўсиқлар яратган. Ҳатто баъзи ресторанларга ҳижоб кийган аёлларни киритишдан бош тортилган.
Юридик босим ва тўсиқларга қарамай, эронлик аёлларнинг аксарияти ҳижоб ва чодир кийишда давом этган. Жамоат жойларида бундай кийинган ҳолда фақат кам сонли хотин-қизлар, асосан Теҳрон аҳолиси кўриниш берарди. Улар элита вакилларининг ғарб таълимини олган қизлари, яқинда Европадан келганлар, чет элликларнинг хотинлари ва ўрта синф вакили бўлган айрим аёллар эди.
70-йилларда бурилиш рўй берди. Ҳижоб яхши фазилат белгиси сифатида қабул қилина бошлади. Шоҳ режимидан норози бўлган хотин-қизлар уни «ҳурмат ва қадр-қиммат талаблари» сифатида киярди, мухолифатчилар эса ҳижобсиз аёлларни ғарблаштириш, «ахлоқсиз ғарб маданияти»ни тарғиб қилишнинг қурбонлари сифатида кўриб чиқардилар. Мухолифатчи кайфиятдаги қарама-қарши фикрловчи эронликлар орасида инқилобий кайфиятлар чодирнинг машҳурлигини қайтариб берди, турли синфларга мансуб аёллар турли сабабларга кўра, жумладан, улар билан жинсий объектлар сифатида муомала қилишларига қарши норозилик рамзи сифатида кия бошладилар. Бундай кийим энди тўсиқ емас, балки жинсий зўравонликка дуч келмасдан жамоат жойларига кириш имконини берадиган куч ҳисобланади. Мамлакатда шоҳ режимига қарши намойишлар ва норозилик намойишлари бошлангач, уларда эркаклар билан бирга чодир ва ҳижобдаги минглаб аёллар иштирок этди.
1979 инқилобидан сўнг жамоат жойларида аёлларга қоматни деярли бутунлай яширадиган узун қора чодир кийиш ёки шим устидан узун ва кенг пальто кийиш ва бошига рўмол ўраш буюрилган. Ислом Республикасининг дастлабки йилларида ҳокимият айниқса қаттиққўллик қилган, хусусан, фақат тўқ рангларда кийинишга рухсат берилган, бироқ кейинчалик талаблар юмшатилди. Мажбурий ҳижобнинг қайтарилиши ижтимоий фаолликка ҳалокатли таъсир кўрсатмади: олий маълумотли аёллар сони, шунингдек, уларнинг иш билан таъминланганлик даражаси кўп марта ошди.
Эрон шоҳининг ҳижобга қарши кураши
1936 йил 8 январь куни Шоҳ Ризо Паҳлавий кашф-е ҳижоб ("ёпинчиқларни очиш") деб номланган фармон чиқариб, аёллар учун ёпинчиқларнинг барча турларини, жумладан, ҳижоб ва чодирни тақиқлади. Анъанавий эркаклар кийимининг айрим турлари ҳам тақиқланди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Тарих
|
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди
- Инсон ҳуқуқлари умумий Ислом декларацияси