close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абу Муслимнинг ўлими

Ҳижрий 137 йил 24 шаъбон ойи (755 йил феврал ойи) халифа Мансурнинг буйруғи билан умавийларга қарши қўзғолон кўтарган исёнчиларнинг сарварларидан бири Абу Муслим Хуросоний ўлдирилади.

Эрон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Доғистон халқларининг достон ва эртакларида Абу Муслим адолатсизлик ва зулмга қарши аёвсиз курашувчи қаҳрамон сифатида талқин қилинган. Бироқ жуда кўп ривоятлар тўқима бўлиб, тарихий ҳақиқатдан анча йироқдир. Бу айниқса, Абу Тоҳир Тартусийнинг “Абу Муслимнома”сида яққол кўзга ташланади. “Абу Муслим Хуросоний” деб номланган тарихий роман эса араб ёзувчиси Жиржи Зейданнинг (1914 йил вафот қилган) энг яхши асари ҳисобланади. Ўлкамизда ҳам Абу Муслим ҳақида жуда кўп китоблар бўлган.
747-750 йилларда бўлиб ўтган Хуросондаги қўзғолон Умавийлар ҳукмронлигидан норози бўлган ҳаммани бирлаштира олган. Бу қўзғолон ҳукмрон сулола томонидан  деярли барча қўзғолончилар қириб ташланиши билан Ислом тарихида катта из қолдирган. Янги халифа этиб пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлган Абул Аббос Абдуллоҳ ибн Муҳаммад сайланди. Бу хабар шиалар учун умуман кутилмаган воқеа бўлди, чунки Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу авлодлари ҳам Ироқ ва Хуросонда катта обрўга эга эди. Буни яхши тушунган Аббосийлар энг сўнгги дақиқагача “Худо рози бўлган” имомнинг исмларини сир сақлаб туришган ва сафларига Алавийлар тарафдорларининг келиб қўшилишларини таъминлаганлар. Аммо энг каракли вақтда, яъни олий ҳокимиятга ўз номзодларини тавсия қилиш чоғида Алавийлар ўзаро ихтилофлари сабаб бу пайтгача анча кучайиб кетган Аббосийлар билан беллаша олмай қолишади.
Аббосийлар ўз даъволарини Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг (Алий ибн Абу Толиб невараси) васияти билан асосламоқчи бўлишди. Бу васиятни у Муҳаммад ибн Алийга  (Абдуллоҳ ибн Аббос невараси) топшириб кетган экан. Расмий талқинларга кўра, Абу Ҳишом фарзандсиз бўлган ва ўлими олдида ўзининг содиқ тарафдорига, Муҳаммад ибн Алийга бошқарувни топширган экан ва уларга Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам авлодларининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишни давом эттиришни васият қилган экан. Манбаларга кўра, Абу Ҳишом ҳақиқатдан ҳам энг кўп ва яхши ташкил қилинган Алавийлар гуруҳини бошқарган. Ва унинг ўлимидан сўнг, тарафдорлари Аббосийларнинг вакиллари билан ҳамкорлик қила бошлаган. Бироқ буларнинг ҳаммаси ҳақиқатдан ҳам шундай васият бўлган дегани эмас. Аббосийларнинг ҳокимиятга бўлган даъвосини асослаши ва Алий тарафдорларини ўзига жалб қилиш учун бу васият тўқилган бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганида ҳам, Муҳаммад ибн Алий етмиш ёшгача яшаб, умавийларга қарши яширин даъват, тарғибот ишларини ташкил қилишга муваффақ бўлган. 743 йил у вафот қилади ва ҳаракатга унинг Иброҳим исмлик ўғли бошчилик қилади. У эса марказий ҳокимият заифлашганидан фойдаланиб 747 йил май ойида ўз тарафдорларига очиқ қўзғолон кўтаришга буйруқ беради.
Унинг бундай муваффақиятлари Абу Муслим Абдураҳмон ибн Муслимнинг ҳаракатлари туфайли эди. У ўз вақтида Иброҳим ибн Муҳаммаднинг энг яқин ва хос одамларига айланди. Сиёсатдаги катта фаросати билан у Марвни ишғол қилади ва Хуросон ва Ироқни эгаллаш учун ўз қўшинларини юборади. Нишопурни ишғол қилиб, ўз қароргоҳини шу ерга кўчиради ва Хуросоннинг волийси бўлади. Умавийлар суянадиган араб қабилалари орасидаги ихтилофлари туфайли улар тезда ҳукумат қўшинларининг қаршиликларни бартараф қила олади. Бироқ Абу Муслим ва Иброҳим ўртасидаги алоқаларни яшириш имкони бўлмайди. Иброҳим қўлга олиниб, халифа Марвон ибн Муҳаммад буйруғи билан қатл қилинади. Унинг укалари Абу Аббос Абдуллоҳ ва Абу Жаъфар Абдуллоҳлар Куфа шаҳрига қочишади. 749 йили ноябр ойида шу шаҳарда Абу Аббос Абдуллоҳ янги халифа деб эълон қилинади. Абу Жаъфар Абу Аббосдан катта бўлса ҳам унинг онаси берберлардан бўлган канизак эди. Абу Аббоснинг онаси эса ҳур аёл эди. Шунинг учун ҳам Иброҳимнинг вориси этиб Абу Аббос тайинланди. Аббосий ва Умавийлар қўшинлари ўртасидаги ҳал қилувчи жанг 750 йил январ ойида Катта Заб дарёси қошида бўлиб ўтди. Қўзғолончилар ғалаба қазониб Шомни ишғол қилиш учун юриш қилди. Йўл-йўлакай умавийларни қўллаб-қувватлаганлар, ҳатто оз бўлсада уларга хайрихоҳ бўлганларнинг барчасини қатл қилиб боришди.
 Аббосийлар тахтда мустаҳкам ўрнашиб олганидан сўнг, Абу Муслим халқ ғалаёнларини бостириш ва тартиб ўрнатиш учун Хуросонда қолди.
 Форс тарихчиси Абу Саид Гардизий ўзининг “Зайнал Ахбор”, деб номланувчи китобида ёзишича, ўша вақт Хуросонда Бихафарид ибн Махфарвадин деган бир форс пайдо бўлади. У зардушийлар ичида даъват қилиб, уларнинг пайғамбари бўлиб олмоқчи бўлади. У қуёшга етти марта ибодат қилиш, ўлимтак нарсаларни емасликни, бироқ ўз онаси, опаси ва ака-укалар ва опа-сингилларнинг қизлари билан никоҳ қуришни жорий қилади. Унинг даъватларидан ваҳимага тушган зардушийларнинг руҳонийлари Абу Муслимга шикоят қилиб боришади. У эса Бихафаридни дорга осишга ва тарафдорларини қириб ташлашга буйруқ беради.
Бундан сўнг, Бухорода Шарик ибн Шайх Маҳрий тарафидан қўзғолон бўлади. У Алавийларнинг паймол этилган ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб 30 мингга яқин қўшин йиғади. Бу қўзғолонни бостириш учун у Зиёд ибн Солиҳ бошчилигида уларга қарши қўшин юборади. У эса уч кун ичида шаҳарга ўт қўйиб, уни вайрон қилади.751 йил июн ойида Зиёд ибн Солиҳ Талас водийсида Хитойнинг Тан сулоласи қўшинлари билан тўқнашиб, уларни мағлуб этади. Шу билан Тан сулоласи Ғарбга қараб кенгайиши тўхтатилади. Абу Муслимнинг муваффақияти ҳамда унинг мустақил бўлиб бораётгани халифа атрофидагиларнинг ҳасадини келтириб чиқаради. Халифа уни жуда ҳурмат қиларди. Буни у ҳажга кетаётганида халифанинг меҳмони бўлганидан ҳам сезсак бўлади. Халифа Абу Аббос уни жуда яхши кутиб олади. 754 йили эса халифа вафот қилади ва тахтга унинг акаси Абу Жаъфар Мансур ўтиради ва ҳолат тубдан ўзгариб кетади. Агар манбаларга ишонадиган бўлсак, Абу Муслимга нисбатан муносабат ўзгаришига унинг ўзи сабаб бўлганига гувоҳ бўламиз. Чунки унинг сўзлари деб ҳар хил нарсаларни халифа Мансурга чақимчилик қилаётганлар кўп эди. Бу ҳақда Абу Саид Гардизий қуйидагиларни ёзган: “Абу Муслим ҳаждан қатаётганида унга Ҳирда икки юз йил яшаган насроний борлиги ҳақида хабар қилишади. У ҳамма нарсани билармиш. Абу Муслим уни ҳузурига таклиф қилади. Қариянинг Абу Муслимни кўриб: “Сен ҳаммасини тўғри қилдинг, ғамхўрлик ҳам кўрсатдинг ва ҳамма ишни охиригача қилдинг. Сен ўзингни ўзинг ёқдинг, ишингни қўлингдан бой бердинг ва ўз қатлингни кўргандек бўлдинг” дейиши Абу Муслимни маҳзун қилади. Сўнг қария унга: “Зарар комил эҳтиёткорликдан, тўғри мулоҳазадан ва фойдали тадбирдан ва ўткир қиличдан эмас, ҳеч ким барча истакларига етиша олмайди, тақдирида бўлса бошқа гап” деган гап айтади. Абу Муслим ундан: “Нима деб ўйлайсан, бу ёғи нима бўлади?” деб сўраганда, қария: “Гар икки халифа бир ишда келишган бўлса, шуни қилишади... Агар сен Хуросонга кетсанг, сенга зарар бўлмайди ва соғ қоласан” деб жавоб қилади. Абу Муслим Хуросонга кетмоқни ихтиёр қилади, аммо халифа Мансур унга одам юбориб, тезроқ ҳузурига келишига буйруқ беради. Тақдир экан, Абу Муслимни фаросати тарк қилади. У шу ердаги кимдандир: “Нима дейсан, мени нима қилишади”, деб сўради. У эса “Хурсанд бўл, сен қилган яхшиликларинг, эвазига фақат яхшилик кўрасан” деб жавоб беради. У “Мен бошқача фикрдаман” деб айтса-да,
 Мансур олдига боради. Халифа эса Абу Муслимнинг халифа ҳақида айтган сўзларини юзига солади. Абу Муслим ўзини оқламоқчи бўлади ва қилган хизматларини зикр қилишга тушади, бироқ Мансур: “Сен буларнинг ҳаммаси бизга дўст бўлганинг учун қилган эмассан, сени сулоламизга ёрдам беришинг Худо тарафидан бизга берилгансан” дейди ва халифанинг яқинлари уни қиличлари билан чопиб ташлашади, калласини эса Хуросонга юбориб, барча вилоятларда намойиш этишади. Хуросон волийларининг қўриқчилари бир йиллик маоши олдиндан тўланганлиги эвазига норозилик билдирган жангчилар ҳам тезда жим қилинади.
Шундай бўлса ҳам, Абу Муслимнинг қатл қилиниши, унинг жуда кўп тарафдорларининг норозиликларини келтириб чиқаради. Уларнинг аксари оми одамлар бўлиб, Абу Муслимда қандайдир худо тарафидан берилган хислатлар бор, деб ишонар эдилар. Шунинг учун ҳам Хишом ибн Ҳаким, яъни аниқроғи, Муқанна номи билан машҳур бузғунчи аббосийларга қарши қўзғолон кўтарганида  пайғамбарлар, Алий ибн Абу Толиб ва Муҳаммад ибн Ҳанафийдан кейин Абу Муслим ва унинг ўлимидан сўнг ўзида (Муқаннада) илоҳий руҳ мужассам эканини айтиб одамларни лаққиллатган. Абу Муслимнинг бошқа бир тарафдори, зардушийлик билан исломни қариштирмоқчи бўлган форслик даъватчи Синдбад Мажусий, Мансур Абу Муслимни ўлдирмоқчи бўлганида, у Аллоҳ таолонинг исмларининг бирини ўқиб, кабутарга айланиб, сўнг қочган ва айни вақтда Маздак ва Маҳдий билан бирга деган миш-мишларни тарқатган. Баъзи тарихчиларнинг ёзишича, хуррамийларнинг сардори бағий Бабек ҳам Абу Муслимга қариндош эканини айтиб чиққан ва шу тарзда ишонувчан ва саводсиз деҳқонларни ўз тарафига оғдиришга уринган.
Умавийлар сулоласини ағдаришда муҳим ўрин тутган Абу Муслим Ислом оламининг тарихига катта таъсир қилган жуда кам сонли шахслар қаторидан ўрин олган.
У қорачадан келган, бўйи узун бўлмаган, совуққон, камгап ва сиёсий дунёқараши кенг одам эди. У араб ва форс тилларини жуда яхши билган. Қўли очиқ бўлиб, қўл остидагилар уни қаттиқ ҳурмат қилган бўлса-да, унинг яқин дўсти бўлмаган экан. Кам вақт ҳукмронлик даврида эса жуда кўп одамларни ўлдириб юборган. Уни баъзи тарихчилар Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий билан ҳам қиёс қилишади. Хуросон ривожига хисса қўшган. Унинг буйруғи билан Марв ва Нишопурда масжидлар қурилган. Абу Муслим 32 ёки 35 ёшларида ўлдирилди. Айтишларича, ўзидан кейин Фотима ва Асмо исмлик икки қизи ва уларга меросбўлиб фақат бешта жория қолган.  

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase