close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сайфуддин Қутуз-мўғуллар ғолиби

Кунларнинг бирида амир Қутуз қалъасининг болахона айвонидан “Жабал ал-Фасиҳа” қўрғонига назар ташлаб, унда тенгқурлари билан эшак устига сакраб ўйнаётган ёш султонни кўриб қолди. Амирнинг жаҳли чиқди, у оғир хўрсиниб, “Мисрнинг ҳақиқий ҳукмдори шуми? Чиндан ҳам шаҳарларни шунақанги масъулиятсиз ўспирин бошқариши кулфатдан бошқа нарса эмас”, деб қўйди.

Шундан сўнг у бир оз тинчланиб, “давлатни мен бошқараётган эканман, унинг тақдири учун хавотирланмаса ҳам бўлаверади. Мен давлат ишларини бошқараётган султоннинг ноибиман, шу фурсатдан бошлаб султоннинг ўйинқаролиги мени чалғитмайди. Унга танбеҳ ва таълим беравериб чарчадим, бироқ у насиҳат қилувчиларга қулоқ солмайди ҳамда ҳеч кимнинг фикрини эътиборга олмайди”. Шундан кейин у болахона айвони эшигини ёпди, ўз хонасига йўл олиб, хабар келтирадиган чопарни кута бошлади.
Чопар келиб унга етказиладиган мактубларни узатди. Амир бирма-бир хатларни ўқишга киришди. Биринчи хатни охирига етказмай туриб юзи ўзгарди, кўзларидан ёш оқиб кетди: “Аллоҳдан бошқа ҳеч бир ҳол ва қувват йўқ”, дея қайтара бошлади. Шу пайтда соқчи кириб вазир ичкарига киришга изн сўраётганини айтди.
-    Амирим, сизни нима тавшвишга солди? – сўради вазир.
-    Бу дунёнинг зийнати, билимлар ўчоғи бўлмиш Бағдод мўғулларнинг ҳукмдори Хулагунинг пойига қулади.
       Вазир сўради:
-    Бу қачон содир бўлди?
       Амир жавоб берди:
-    656 йил Сафар ойининг 4 санасида.
Амир Қутуз вазирга ушбу қонли фожиа тафсилотларини сўзлай бошлади: “Мўғуллар аббосийлар ҳукмдори ва унинг оиласини қатл этдилар. Мусулмонлар Пайғамбар соллАллоҳу алайҳи васаллам вафотидан сўнг илк бор амирсиз қолдилар. Мўғуллар шу билан чекланиб қолмадилар. Улар ўз йўлида кимни учратган бўлсалар, ҳаммани ўлдирдилар. Ҳалок бўлганлар сони миллионга етди. Улар мусулмонларнинг уйларида нима бўлса, ҳаммасини тортиб олдилар. Улар Бағдод кутубхоналаридан тўлиб-тошган китобларни дарёга улоқтирдилар, ва улар ёрдамида дарёдан кечиб ўтиш учун фойдаландилар”.
Қутуз бир зум тин олди, кишини қайғуга соладиган сукунат ҳукм сура бошлади. Шундан сўнг вазир чиқиб кетишга ва ўз ишлари билан шуғулланишга изн сўради.
Қутуз хаёлга чўмди ва мозийда қанчалик буюклик ва шуҳрат эгаси бўлганини эслади. Унинг амакиси Жамолиддин Хоразмий мўғулларга қарши курашган султон эди ва уларнинг устида кўп маротаба ғалаба қозонди. Бироқ мусулмонлар етакчиларининг тарқоқлиги ва фақат ўз манфаатлари борасида қайғуришлари унга узил-кесил ғалаба қилишга тўсқинлик қилди.
Мағлубиятга учрашига кўзи етганида у оиласининг мўғуллар қўлига тушиб қолишидан қўрқиб,  улар ўтирган кемани чўктиришга амр этди. Шундан сўнг у амакиси билан дунё кеза бошлади, амакиси мўғуллар билан урушиб юрди ва ўз ватанидан йироқда курдлардан бирининг қўлига тушиб ҳалок бўлди. (Унинг онаси Жалолиддин Мангубердининг опачаси, отаси эса Жалолиддин Мангубердининг амакиларидан бўлган)
Қутуз шундан кейин уни Дамашқ қул бозорида сотилганини ва у Ибн Заимга мамлук бўлиб қолганини эслади. У хожасидан таълим ола бошлади, Қуръондан сураларни ёд олди, фиқҳ ва араб тилини ўрганди. Шундан сўнг у Қоҳирага кўчиб ўтди ва Миср султонии Малик Салоҳиддин ал-Аюбийнинг амирларидан бири Изуддин Ойбек билан ишлай бошлади. У билан бирга Қутуз кўтарила бошлади ва оқибатда амирнинг ишончли ва энг улуғ мамлукларидан бири бўлиб қолди. Ойбек Мисрни бошқара бошлаганида у айнан Қутузни ўзига ёрдамчи қилиб олди ва унга мамлакатда тартиб ва хавфсизликни таъминлаш ва давлатни бошқариш ишларини топширди.
Султон Ойбек баҳрий мамлукалар амири – алданган ва иззат-нафсининг қадрини билувчи Оқтой томонидан қаттиқ қаршиликларига дуч келарди. Унинг қутқу ва ғалаёнларидан Қоҳира кўчалари ҳам азият чека бошлади. Ваниҳоят, пичоқ суякка қадалганидан одамлар шикоят ила султонга мурожаат қилдилар.
Султон унга қарши куч ишлатмоқчи бўлди, аммо эплай олмади. Оқтой султонни таҳқирлаш даражасининг учига чиқди ва ҳатто унга нисбатан “султон” иборасини ишлатмай фақат исми билан чақира бошлади. Ойбек учун бундан қутилишнинг энг яхши чораси Оқтойни ўлдириш бўлиб қолди. Бунинг учун у бир гуруҳ мамлукларни тайёрлади ва улар охир-оқибат Оқтойни ўлдирдилар. Бу ҳақда Оқтойнинг тарафдорлари билиб қолиб, қочиб кетдилар ва уларнинг  орасида Бейбарс ҳам бор эди.
Ўша пайтда султон Ойбек билан унинг хотини Шажарад-Дур ўртасида адоват пайдо бўлди, уларнинг иккови ҳам бир-бирини ўлдириш пайига тушиб қолдилар. Бу ишда хотин эридан ўзиб кетди ва бирмунча вақт ўтиб ўзи ҳам ўлдирилди. Ойбекнинг ўлимидан сўнг тахтга унинг ўғли Нуриддин Али ўтирди, ўша пайтда у ўн беш ёшга ҳам кирмаганди.
Ушбу хотиралар Қутузнинг кўз олдида ўтганида, юраги сиқилди ва қаттиқ қайғуга тушди.
Мўғулларнинг ёвузликлари тўғрисидаги хабарлар Қоҳира шаҳрига ҳам етиб келди, одамлар Шом шаҳарларининг бирин-кетин мўғулларга таслим бўлаётганига ишонмай қолдилар. Мўғуллар мазкур шаҳарларда мусулмонларни қатли-ом қилдилар, уйлари ва қалъаларни вайрон қилдилар, мол-мулкларини ўлжа қилиб олдилар. “Енгилмас” мўғуллар ҳақидаги  хабарларни эшитган мисрликларнинг юраклари қўрқувдан ёрилиб кетадиган даражага етарди. Қирғин тегирмонидан бутун чиқиб қутилган одамларнинг муболағали ҳикоялар бу қўрқувни янада кучайтирар ва одамлар муқаррар тақдирга тан беришга ҳамда душман келишига ва ҳеч қандай қаршиликларсиз таслим бўлишга тайёр турардилар.
Ушбу хабарлар Қутузнинг қалбидаги ғамини кучайтирар, бу вақтда эса содир бўлаётган воқеаларга бефарқ ва хабарсиз қолаётган ёш султон ўйинлардан бўшамас, амирлар эса уларни нималар кутаётгани борасида ташвишланмасдилар. Одамлар бир-бирларига даҳшатли воқеалар ҳақидаги ҳикояларни қайта-қайта сўзлашар, бундан юракдаги ваҳима кучайиб борарди. Минглаб қочоқларнинг мамлакатга келишлари уларнинг Шомда бошидан кечирганлари ҳақидаги ҳикоялар Қутузнинг қайғусини кучайтирарди.
“Ҳозир нима қилиш керак?” деган фикр Қутузнинг хаёлидан кетмасди. Шундан сўнг унинг хаёлига кичкина султонни тахтдан четлатиб, бу ишларнинг ҳаммасини ўз қўлига олиш фикри келди. Бироқ шу фурсатда унинг ичидан “Ўз устозингни фарзандини четлатиб ўзинг тахтга ўтирмоқчимисан? Бу олийжаноб одамларнинг хулқ-атворига тўғри келмиайдиган иш”, деган овоз келди.
Бироқ ақл ва ҳикмат садоси “Ноилож ҳолатларда бошқача қарорлар керак, давлат тизгини шаҳарлар муаммоларни ҳал қила оладиган ва бошқарув юкини кўтара оладиган ишончли қўлларда бўлиши лозим, онасининг измидан чиқмайдиган ўспириннинг қўлида эмас”, деган жавобни берди.
Бу фикр унинг қалбида ўрнаб қолди ва у тушида Пайғамбар соллАллоҳу алайҳи васалламни кўрганини ва ул Зот бобаракот амирга мўғуллар устидан ғалаба қозонишини башорат қилганларини эслади. 657 ҳижрий йилнинг 24 Зул-Қаъда санаси қуёши кўтарилган шанба кунида амирлар машриқ саҳросига шикорга отландилар, ана ўша куни Қутуз ўспирин султонни тахтдан ағдаришга қарор қилди. Амирларнинг деярли ҳаммаси овга, Қоҳирадан ташқарига чиқиб кетдилар, Қутуз фурсатдан фойдаланиб султони, унинг укасини ва онасини салтанатдан четлатди.
У султон оиласини қалъа минораларидан бирига жойлаштириб, ўзини султон деб эълон қилди. Ҳозир турган амирлар унга байъат бердилар ва у ўзини “Амири Музаффар” дея эълон қилди. Шикордан қийтиб келган амирлар ўспирин султоннинг бандиликда сақланашига қарши чиқдилар. Қутузга уларнинг розилиги керак эди ва у шундай деб айтди: “Мен бу ишни ҳокимиятни эгаллаш илинжида қилмадим. Мен бу ишни мўғулларга қарши жанг қилиш учун амалга оширдим. Бу ишни эса фақат кучли ҳукмдорнинг қўл остида амалга ошириш мумкин. Агар биз юриш қилиб, мўғулларни енгсак, унда сизлар истаган одамингизни ўзингизга султон қилиб олишингизга рози бўламан”.
Бу гапни эшитган ғазабнок амирларнинг қалби юмшади ва улар Қутузни султон дея тан олдилар.
Бу пайтда Мўғуллар Шомда ўзларининг босқинчилик ҳужумларида давом этар, бир шаҳарни вайрон этиб бўлиб, бошқасига ўтишар ва ўз йўлларида учраган ҳар бир мусулмонни қиличдан ўтказишарди. Ваниҳоят улар Дамашққа кириб бордилар ва шундан сўнг Баъалбакка йўл олдилар, уларнинг бир қисми Ғаззога қараб кетди. Ҳаммани қўрқув ҳисси эгаллаб бўлган, ҳеч ким уларга қарши чиқишга ботина олмаётган эди. Мўғулларнинг мусулмонларга қарашли барча ерларини эгаллашга тўсиқ қолмаган, фақат Миср қолган эди.
Қутуз мўғуллар ҳақидаги янгиликларни кузатиб, улар билан учрашувга тайёрланиб турган пайтда Хулагудан унга ҳамда бошқа амирларга йўналтирилган таҳдидлардан иборат мактуб келди. “Биз Тангрининг ердаги қўшинларимиз. У бизнинг ўзининг ғазабидан барпо этди ва ғазабига учраганларнинг устига йўллади. Бошқалардан ибрат олинглар ва бизга бўйсунинглар. Биз йиғлаган ва нолиганларга шавқат қилмаймиз. Биз барча шаҳарларни забт этганимиз ва ерни фитнадан тозалаганимизни, одамларнинг кўпчилигини ўлдирганимизни эшитгансиз. Қочиб қолинглар!..” – дейилганди унда.
Султон ўтириб олиб бу хатнинг мазмуни ҳақидиа эрталабгача ўйлаб чиқди. Уйқу келмади. Тонг отиши билан у номозини ўқиб, тўғри қарор қабул қилиш, тайёрланиш ва девонга чиқиш учун Аллоҳнинг нусратини сўраб дуо қилди.
Султон кенгашга етиб келди, унинг атрофида давлатнинг нуфузли аёнлари ва қозилар тўпландилар, у тўпланганларга Хулагунинг мактубини ўқиб берди ва бу ҳақда ўз фикрларини билдиришни сўради. Кенгашдагилар бошларини қуйи солиб индамай қолдилар, давлатнинг тақдири тўғрисида ўйлай бошладилар.
Аёнлардан бири Қоҳира Бағдод, Дамашқ ва Ҳалаб каби вайрон бўлиб, қонга ботиб қолмаслик учун мўғуллар билан келишиб, уларга бўйсуниши кераклиги ҳақида гапира бошлади. Бошқалар уни қўллаб, бу қарор ақл ва ҳикмат маҳсули бўларди, дейишди.
Султон бу фикр ва кайфият ўтирганларнинг ҳаммасини ўзига ром этиб қолишидан чўчиди ва қатъият ила “Чиндан ҳам бу заифлик ва бўсунишга ундовчи фикр бўлди. Шунча қуролимиз ва мулкимиз бўла туриб, қанақасига Ислом душманларига қарши чиқишдан қўрқамиз? Ҳақиқат шуки, Аллоҳ бизга зафар ато этади ёки биз шаҳид бўламиз. Аллоҳнинг икки раҳматидан бирига эга бўламиз... Биз душманнинг бостириб келишини кутмаймиз. Йўқ! Биз уларга қарши пешвоз чиқамиз!”
Султоннинг сўзлари ярага қўйилган малҳам каби ўтирганларнинг қалбига хотиржамлик солди. Кенгаш аъзоларининг ҳаммаси мўғулларга бўйсунмаслик ва уларга қарши уруш олиб боришга қарор қилдилар. Ушбу фикрдан айниб қолмаслик учун у мўғул элчиларини қатл этишга амр этди. Уларнинг кесилган бошларини Қоҳиранинг турли даҳаларига илиб қўйдилар, буни кўриб одамларда ғалабага ишонч уйғона бошлади.
Тайёргарлик кўрилаётган пайтда Шомга қочган Бейбарс ўзининг тарафдорлари билан қайтиб келди ва Қутуз билан мўғулларга қарши жанг қилиш истагини билдирди. Султон уни қабул қилди ва шу билан қўшинларини кучайтирди.
Қутуз душманнинг келишини кутиб ўтирмай, душманга қарши юриш қилгани жўнаш учун ўз қўшини билан Қоҳирага етиб келди. Баъзи амирларнинг мўғулларга қарши кураш борасида иккиланиб турганларини кўрган Қутуз уларга қарата: “Эй мусулмонларнинг амирлари, умумий ғазнадан озуқаланган вақтни унутдингизми? Энди бўлса урушга чиқишни истамай қолибсиз? Мен мўғулларга қарши ғазотга отландим, ким Аллоҳ йўлида жанг қилишни истаса, менга қўшилсин, истамаганлар уйида қолаверсин. Аллоҳ ҳар бир ишни кўриб тургувчидир”, деб хитоб қилди.
Унинг бу сўзлари иккиланаётган мусулмонларга таъсир қилди ва душманга рўпара келишга қўрққанлар Аллоҳ йўлида жанг қилиш иштиёқида унга қўшилдилар. Аллоҳ ўзининг ҳифзу ҳимоясига олган лашкар Шомни озод қилгани йўлга чиқди.
Илғор қўшинни Бейбарс бошқараётган бўлиб, у мўғулларнинг бир қисми жойлашган Ғаззога қараб йўл олди. Манзилга етиб келган Бейбарс тўхтаб ҳам ўтирмай ҳужумга ўтди ва мўғулларни тор-мор этди. Ушбу кичкина ғалаба жуда катта аҳамият касб этди: у ҳар бир аскарнинг қалбига ишонч ҳиссини қайтарди.
Мисрликлар қўшини ҳужум қилганда Хулагу Шомда эмасди. Унинг қўшинини Китбуға бошқараётган, Хулагу эса мўғулларнинг янги ҳақонини сайлаш учун мамлакат пойтахти Қарақумга кетган эди. Китбуға Қутуз бошлиқ миср қўшини етиб келганини эшитиб унга қарши боришга қарор қилди. У мисрликлар бекорга таваккал қилиб келдилар, улар албатта бу ерда ўлимга юз тутадилар, дея ўзини алдамоқчи бўли. “Улар чекиниш нималигини билмайдиган мўғулларга дуч келадилар”, дея ўзига-ўзи қайтариб келарди ва жилмаярди. Китбуға ўз қўшини билан Фаластиндаги Бефсан шаҳрига яқин бўлган Айн ал-Жалут деган жойга йўл олди.
Қутуз Шом қирғоғидан юриб,  шундан сўнг шарққа қараб Фаластингача йўналди ва мўғуллар қўшини турган Айн ал-Жалутга етиб келди.
Ҳижратнинг 658 йили Рамазон ойининг 25 санасида муқаддас ойнинг баракаси нозил бўлди. Улар биринчи мусулмонларнинг Бадрдаги ғалабасини эсладилар ва қувондилар, уларнинг қалбларига хотиржамлик ўрнади. Қутуз лашкарни сафга тизиб, жанга тайёр бўлди.
Мўғуллар кутиб ўтирмай шиддатли ҳужумга ўтдилар, бир фурсатда гўё мусулмонларнинг сафи пароканда бўлаётган, мўғуллар зафар қучаётгандек туюлди. Бироқ шу пайтда султон Қутуз наъра тортиб: “Ё Ислом! Ё Ислом!” дея қичқира бошлади.
Бу мусулмонлар қўшинига далда бўлди, улар гўё даҳшатли кучга эга бўлдилар ва жангда сабр ва матонат ила ҳаракат қила бошладилар. Мусулмонлар душманнинг ҳужумига дош бериб, мўғулларга қарши ҳужумга ўтдилар, шунда сўнг рақибнинг сафларида тўкилиш юз берди, мўғул жангчилари иккиланиб қолдилар. Жангда Китбуға ўлдирилди, бу эса душман қўшинининг иродасини синдирди, улар қочишга тушдилар, мусулмонлар уларнинг ортидан қувиб, бирма-бир қиличдан ўтказа бошлади ва оқибатда жанг майдонни мўғулларнинг жасадлари билан тўлиб кетди. 
Ғалабадан сўнг султон отидан тушиб, Аллоҳ таолога шукрона саждасини бажарди. Барча амирлар келиб уни ғалаба билан қутлай бошладилар, унинг кўзларидан хурсандчилик ёшлари қалқиди. У мусулмонларнинг катта ўлжаларга эга бўлганини кўриб қувонди.
Мўғуллар Шомдаги ушбу катта мағлубият ҳақида эшитиб, қочишга тушдилар. Қутуз Шомнинг шаҳарларини айланиб, ҳайитнинг иккинчи куни Дамашққа кириб келди. Бу ерда у давлат ишларини тартибга келтириш учун бир муддат қолиб кетди.
Қутуз тартиб ўрнатилганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг Қоҳирага қайтишга қарор қилди. Бироқ тақдир унга буни насиб қилмади. Қоҳирага киришдан олдин шаҳар ёнида султон истироҳат олсин деб унинг учун чодир ўрнатдилар. Ўша пайтга келиб султон билан Бейбарс ўртасидаги муносабат чақимчилик туфайли ёмонлашиб қолди. Бейбарс султонни даф қилиш пайига тушди. У бу ишни амалга ошириш учун амирлар орасидан бир нечта шерик топди. Шайтон уларнинг ақлини олиб қўйди ва фитначилар ёвуз ниятини оширишга қулай пайт пойладилар.
Шундай фурсат султон Қутуз овга чиқиб, ўз қўшинидан узоқлашган пайтда пайдо бўлди. У амирлар орасида турган пайтда Бейбарс келиб, султондан мўғул миллатига мансуб асира жорияни ҳадя қилишини сўради. Султон рози бўлиб, унга сўраганини берди. Шу пайтда Бейбарс гўё султонга ўз миннатдорчилигини билдириш учун унга яқинлашди. Султон унга қўлини узатганида Бейбарс қўлни маҳкам ушлаб қолиб, султонни қимирлашига йўл қўймади. Бу унинг шерикларига ишора бўлди: қолган амирлар қилич кўтариб Қутузга ташландилар, султон ҳалок бўлиб йиқилди. Бу Зул-Қаъда ойининг 15 санасида содир бўлди.   
Унинг бошқаруви 11 ой 17 кун давом этди. Бироқ унинг номи тарих китобларида абадий қолди ва унинг ғалабаси жасорат ва фидоийликнинг намунасига айланди.

“Дурус фи тарих Ал-Ислам” ва “Қадат ва ал-абтал - Сайфиддин Қутуз”китобларидан олинди
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Қодисия жанги Масжидул Зирор »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase