close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Умавий ҳукмдорлар

1. Суфёнийлар шоҳобчаси: Муовия ибн Абу Суфён (Сахр) ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушамс
2. Марвонийлар шоҳобчаси: Марвон ибн Ҳакам ибн Абул Ос ибн Умайя ибн Абдушамс

Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя (603-680) – умавийлар сулоласининг биринчи ҳукмдори (661-680). Ҳижратдан 15 йил олдин Маккада туғилган ва ҳижрий 60  йили (м. 680 й, 6 май) Ражаб ойида Дамашқда вафот этган.
Муовия ибн Абу Суфён 23 ёшида  Макка фатҳи куни Исломга кирган. У Расулуллоҳнинг ваҳий котибларидан бири эди. Абу Бакр халифалик даврида акаси Язид ибн Муовия бошқараётган қўшинда хизмат қилиб, қўшин бошқаришда ёрдам берган. Умар ибн Хаттоб халифалик даврида – 21 йили Шомдаги Урдун вилоятига волий қилиб тайинланди. Акаси Язид ибн Абу Суфён “Тоуни амвос”дан вафот этгач, халифа Умар ибн Хаттоб уни Дамашқ ва унинг атрофидаги ерларга волий қилиб тайинлади.
Усмон ибн Аффон халифалик даврида Муовия Шомнинг барча ҳудудига волий бўлди. 35 йили Халифа Усмон ўлдирилганидан сўнг, Али ибн Абу Толибни халифа деб тан олмади ва халифа Усмоннинг қасосини олиш учун ҳаракат бошлади. Ундан олдин Али ибн Абу Толиб ва Усмоннинг қасосини олишга уринган Оъиша ўртасида “Жамал воқеаси” бўлиб ўтган эди.
 “Жамал воқеаси”дан кейин Муовия Алига қарши уруш ҳаракатларини бошлади. Сиффийн жангидан сўнг у Шомда мустаҳкам ўрнашиб олди. Халифа Али ибн Абу Толиб хорижий мунофиқлар томонидан ўлдирилгандан сўнг, бир гуруҳ кишилар унинг ўғли Ҳасанни халифа сифатида эътироф этишди.
Музокаралар натижасида Ҳасан ибн Али Муовия билан сулҳ тузди ва уни ҳукмдор деб тан олди. Бу Умавийлар сулоласининг ҳукмронлигининг бошланиши эди.

Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён (ҳ. 25-64 й / м. 645-683 й) – умавийлар сулоласининг иккинчи ҳукмдори (ҳ. 60-64 / м. 680-683). У 60 йили отаси вафот этгач, ҳукмдор бўлди. У Макка қамали пайтида 64 йил рабиъ ул-аввал ойининг ўрталарида Ҳеврон шаҳрида вафот этди.

Муовия ибн Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён (661-684) – Муовия II, отаси Язид вафотидан сўнг 64 йили ҳукмдор бўлди. Унинг ҳукмронлиги 3 ой, бошқа маълумотлар бўйича 40 кун бўлган. 684 йил июнда минбарга чиқиб ҳукмдорликдан воз кечганини эълон қилган ва орадан бир ой ўтгач вафот этган.

Марвон ибн Ҳакам (ҳ. 2-65 / м. 623-685). Марвон 2 йили Маккада туғилган. 65 йили Дамашқда вафот этган. Умавийлар сулоласининг тўртинчи ҳукмдори (684-685).
Марвон Халифа Усмон ибн Аффоннинг котиби бўлган. Муовия ибн Абу Суфён даврида Ҳаж мавсуми мобайнида Мадина волийси бўлган. Язид ҳукмронлигининг дастлабки давларида ҳам Мадина яшаган, одамлар Язидга байъат қилишдан бош тортишгандан сўнг Дамашққа кетган. Муовия ибн Язид ҳукмдорликдан воз кечганидан сўнг, Марвон Бани Умайянинг энг ёши улуғи сифатида Муовия ибн Язиднинг ўрнини эгаллади.

Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам (ҳ. 26-86 й, / м. 646-705 й) – умавийлар сулоласининг бешинчи ҳукмдори (ҳ. 65-86 / м. 685-705). У отаси Марвон ибн Ҳакам ўлдирилгандан сўнг тахтга чиққан.

Валид ибн Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам (668-715) – умавийларнинг олтинчи ҳукмдори (705-715). Отаси Абдулмалик ибн Марвон вафотидан сўнг тахтга чиққан. Валид ҳукронлиги даврида Мовароуннаҳр, Синд ва Андалусия ишғол қилинди.

Сулаймон ибн Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам (ҳ. 54-99 й. / м. 674-717 й.) – умавийлар сулоласининг еттинчи ҳукмдори (ҳ. 96-99 / м. 715-717). Дамашқда туғилган. Акаси Валид ибн Абдулмалик вафотидан сўнг тахтга чиққан. Ҳукмдорлик муддати 2 йилу 7 ой.

Умар ибн Абдул Азиз ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абул Ос ибн Умайя (680-720 й, феврал) – умавийларнинг саккизинчи ҳукмдори (ҳ. 99-101 й / м. 717-720 й). Насаби онаси тарафидан халифа Умар ибн Хаттобга боради – Умму Осим Лайло бинт Осим ибн Умар ибн Хаттоб. Мадинада туғилган ва ўша ерда Солиҳ ибн Кайсондан таълим олган. Умар ибн Абдул Азизни амакиси Абдулмалик ибн Марвон пойтахт Дамашққа чақирган ва қизи Фотимага никоҳлаган. 86 йилгача Халаб яқинидаги Дир Самъон минтақасида волий бўлиб хизмат қилган. 87 йили Валид ибн Абдулмалик Мадинага волий қилиб тайинлади. Сўнг 91 йили Тоифни ҳам қўшиб берди. Сулаймон ибн Абдулмалик даврида вазирлик лавозимига кўтарилди. Сулаймон ибн Абдулмалик вафотидан сўнг 99 йилдан бошлаб ҳукмронлик қилди. Умар ибн Абдул Азиз 101 йили (720 йил феврал) вафот этди.

Язид ибн Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам (685/687-724 й, 27 январ) – умавийларнинг тўққизинчи ҳукмдори (720-724). Ҳ. 101 й / м. 720 йили Умар ибн Абдул Азиз вафотидан сўнг тахта чиққан.

Ҳишом ибн Абдулмалик ибн Марвон (ҳ. 71-125 й / м. 691-743 й) – умавийлар сулоласининг ўнинчи ҳукмдори (ҳ. 105-125 / м. 724-743). Унинг даврида Умавийлар давлати энг катта ҳудудга ёйилган. Ҳишом Дамашқда туғилган. Акаси Валид вафотидан сўнг тахтга ўтирган. Унинг даврида Мазриб ва Ямома қабилалари ўртасида биродаркушлик урушлари, Хорижийлар исёни, Куфада Зайд ибн Али ибн Ҳусайн бошличилигида ғалаён, Мағрибда барбарлар қўзғолони, Мовароуннаҳрда ички курашлар бўлди. Бу чиқишларнинг барчаси бостирилди.

Ҳишом даврида Девон ишлари тўлиқ араб тилига ўтказилди.

Валид II ибн Язид ибн Абдулмалик ибн Марвон (706-744 й, 7 апрел) – 744 йили ҳукмронлик қилган. Онаси Ҳажжожнинг акаси Муҳаммад ибн Юсуфнинг қизи эди. Валид амакиси Ҳишом ибн Абдулмалик вафотидан сўнг тахтга чиққан.
Язид III ибн Валид ибн Абдулмалик ибн Марвон  – умавийлар сулоласининг ўн иккинчи ҳукмдори (744, ҳукмронлик муддати 6 ойдан ортиқ бўлган). Амакаси Валид ўлдирилгандан сўнг тахтни эгаллаган.
Иброҳим ибн Валид ибн Абдулмалик ибн Марвон – умавийлар сулоласининг ўн учинчи ҳукмдори (744, ҳукмронлиги 70 кундан ошмаган). Валид II нинг икки ўғлини ўлдиртириб юборган. Марвон қўшин тортиб келиб Иброҳим ибн Валидни тахтдан қулатган. Вафоти баъзи манбаларда Аббосийлар Умавийларни қатағон қилган пайтда ўлдирилган дейилса, бошқа ривоятларда эса Зоб дарёсига ғарқ бўлган дейилади.

Марвон II ибн Муҳаммад ибн Марвон ибн Ҳакам (ҳ. 72-132 / м. 691-750) – умавийлар сулоласининг Дамашқдаги сўнгги ўн тўртинчи ҳукмдори (744-750). Амакиваччаси Иброҳимдан сўнг тахта чиққан. Унгача Армения ва Озарбайжон минтақаларида волий бўлиб кўплаб катта жангларда қатнашган(732-744). У ҳукмронлик қилган давр тахт учун курашлар энг авжига чиққан пайтга тўғри келди. Ана шундай исёнлардан бири – Абу Муслим Хуросоний бошчилигидаги қўзғолон Дамашқдаги Умавийлар ҳукмронлигига барҳам берди. Марвон II ҳал қилувчи Зоб жангида мағлуб бўлди ва орадан кўп ўтмай ўлдирилди.

Ол Жуланда (ҳ. I-II асрлар / м. VII-VIII асрлар). Уммонда ҳукмронлик қилган сулола. Уммон ноиби Жуланданинг авлодлари. VIII асрда Уммон вақти-вақти билан Умавийларга қарши исён кўтариб турадиган хорижий-ибодийлар жон сақлайдиган злка бўлиб қолди. 748 йили эса ўзларига раҳбар сайлаб, унинг атрофида бирлашишди ва мустақиллик эълон қилишди. Уммон хорижийларининг биринчи раҳнамоси Жуланда ибн Масъуд ибн Жаъфар ибн Жуланда (748-751) бўлди. Лекин VIII-IX асрларда Аббосийлар давлатининг кучайиши сабабли Уммондаги хорижийлар давлати қулади.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase