Шарқшунослик тарихи ислом дунёсининг энг нозик сирларини англаб етиш учун шарқшунослар ўзларини мусулмон қилиб кўрсатган ҳолатлар ҳақида кўплаб мисолларни билади: Ричард Бартон, Снук Хюргронье, Арминий Вамбери. Бу рўйхатни давом эттириш мумкин, лекин таъкидлаш жоизки, улар бу ишни фақат фанга бўлган муҳаббат туфайлигина қилган дея олмаймиз.
Бу олимларнинг барчаси шу билан бир пайтда мусулмонлар истиқомат қиладиган ерларда катта мустамлакаларга эга бўлган ҳамда туб жойли аҳолини асоратга солиш ва бўйсундиришнинг самарали йўлларини излаб топишдан манфаатдор бўлган ўз мамлакатларининг эҳтиёжлари йўлида жосуслик топшириқларини ҳам бажарган. Уларнинг орасида Арминий Вамбери шу билан ажралиб турадики, у бир вақтнинг ўзида Европадаги икки давлат – Австро-Венгрия ва Англиянинг айғоқчиси бўлган. Бунда, замондошларининг хабар қилишича, у махфий топшириқларни энг яхши тарзда бажариш учун тўрт марта иудаизмдан исломга ва исломдан иудаизмга ўтган. Келиб чиқиши венгриялик яҳудий бўлган. Тил билиш борасида мисли кўрилмаган қобилиятга эга бўлиб, у тезда француз, инглиз, испан, рус, швед ва данияликлар тилини ўрганиб олган.
Вамбери венгриялик сиёсатчи Йожеф фон Этвёшнинг эътиборини ўзига тортган ва унинг қўллаб-қувватлаши билан 1856 йил Истанбулга келиб қолган. Бу ерда у усмонлилар тилини ва исломни ўрганиш билан фаол шуғуллангач, зарур фойдали алоқаларни қўлга киритди ва Рашид афанди исми остида мадрасага ўқишга кирди.
Тез орада у Усмонийлар салтанати ташқи ишлар вазири Меҳмед Фуда-пошонинг котибига айланади. 1862 йил Австрия-Венгрия фанлар академияси топшириғи билан Ўрта Осиёни ўрганиш бўйича илмий миссия ниқоби остида у, дастлаб Ўрта Осиё тиллари, жумладан, ўзбек, туркман ва қирғиз тилларини ўрганиб олади, Усмонийлар салтанати ҳудуди орқали Эронга кириб келади.
Бу ерда у Усмонийлар элчисидан Ҳожи Меҳмед афанди исмига берилган ва султоннинг муҳри билан тасдиқланган паспорт олиб, ўзини оламни кезиб юрувчи дарвиш қилиб кўрсатиб, ҳаждан Бухородаги исломнинг муқаддас қадамжоларига қайтиб келаётган зиёратчилар карвонига қўшилиб олади.
Кейинчалик Вамбери бир неча бор фош бўлиш ёқасига келиб қолганини таъкидлаган: айрим йўлдошлари унинг аслида ўзини шундай одам деб кўрсатган одам эмаслигидан шубҳаланиб, уни фош қилишга уринганлар, лекин у ҳар сафар, илгарироқ ҳаракат қилиб, ўз ҳаётини сақлаб қолишга эришган. Бунда унга ислом тартиб-таомилларини ва мусулмонларнинг фикрлаш андазасини чуқур билиш ёрдам берган. Шундай бўлса-да, кунларнинг бирида Вамбери унинг қабулида бўлган афғон амирининг ўғли Ёқуб Хон унинг европалик эканлигини билиб қолди, лекин бирон-бир тушунтириб бўлмайдиган сабабсиз унга шафқат қилди ва ҳеч қандай зарар етказмасдан қўйиб юборди.
Марказий Осиё бўйлаб икки йил кезиб юриши давомида Вамбери ҳали ўрганиб чиқилмаган ушбу минтақа ҳақида жуда кўп маълумот тўплади. Ўшанда ҳамма «фан учун» ўз умрини таҳликага қўйган Вамберининг «илмий қаҳрамонликлари»га тасанно айтади. Бироқ саёҳатнинг асл мақсади бир асрдан ортиқ вақт ўтгандан сўнг маълум бўлди. 2005 йил Британия миллий архиви ошкор қилган маълумотларга кўра, Вамбери ўз саёҳати давомида Британия разведкаси томонидан Россиянинг Марказий Осиёдаги ва Ҳиндистон субқитъасидаги таъсир доирасини кенгайтириш ҳаракатларига қаршилик кўрсатиш учун жалб қилинган.
Россиянинг Туркистонни босиб олишга тайёргарликлари Буюк Британияни жуда хавотирга соларди ва Лондонда Россия бу билан чекланиб қолмайди деб жиддий ўйлашарди. Россия қўшинларининг Афғонистон орқали Британия Ҳиндистони чегараларига чиқиши инглиз ҳарбийлари ва дипломатларининг ваҳимали туши эди. Айнан Марказий Осиё минтақасида Россияга қарши ҳаракат қилиш бобида замин ҳозирлаш «олим»нинг вазифаси эди.
Узоқ муддатли ва оғир саёҳат якун топганидан кейин Вамбери дарҳол – расман Лондон география жамиятининг таклифи билан, амалда эса – Британия махфий хизматларини минтақадаги вазият билан таништириш учун дарҳол йўл олади.
1900 йил Англияга ташриф буюриши давомида у қиролича Викторияга Буюк Британиянинг «самимий ва содиқ дўсти» сифатида таништирилади. Қашшоқ яҳудийлар оиласида туғилиб-ўсган Вамбери мисли кўрилмаган эҳтиромларга сазовор бўлди: кечки овқат пайти унга қироличанинг набираси – Уэльс шаҳзодаси Георг хизмат қилди.
Сўнгги хусусият сифатида шуни айтишни истардикки, Вамбери жаҳон сионизмининг тарқатувчиси бўлган. 1902 йил у воситачи сифатида иштирок этиб, янги ташкил қилинган сионистлар ҳаракати етакчиси Теодор Грецл ва Усмонийлар султони Абдулҳамид II ўртасида учрашув ташкил қилди. Маълумки, Герцл Франция ва Англия давлатларига улкан давлат қарзи остида бўлган султонга амалда Фаластинни сионистларга сотишни таклиф қилди. Табиийки, у рад этди.
Вамбери ва бошқа шарқшунос олимларнинг мисоли шуни кўрсатадики, улар ўз тадқиқотларида жуда узоқ боришлари мумкин бўлган ва шарқшунослик азалдан ҳеч кимга зиёни етмайдиган илмий фан бўлмаган. У ғолиб чиқиш ва ўз ихтиёрига бўйсундириш учун эҳтимолий ёки ҳақиқий рақибни, унинг кучли ва кучсиз томонларини ўрганишнинг амалий характерига эга бўлган.
Муаллиф: Хасан Насретдинов
Абу Муслим таржимаси