close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ал-Восиқ Биллоҳ Ҳорун

Восиқ биллоҳ Ҳорун, Абу Жаъфар баъзиларнинг айтишича, Абулқосим ибн ал-Мўътасим ибн ар-Рашид, онаси жория (канизак) Румлик, исми Қаротис. 196 (812-811) йили шаъбондан ўн кун қолганда туғилган.

Восиқ биллоҳ Ҳорун, Абу Жаъфар баъзиларнинг айтишича, Абулқосим ибн ал-Мўътасим ибн ар-Рашид, онаси жория (канизак) Румлик, исми Қаротис. 196 (812-811) йили шаъбондан ўн кун қолганда туғилган. Тахтга отасининг васиятига биноан ўтирди. 227 (842-841) йили рабиул аввалнинг 9 ида байъат олди, 228 йили турк Ашносни салтанатга ўринбосар этиб қўйди. Унга гавҳар билан безатилган камар ва тож кийдирди. Ўйлашимча, у султонни ўринбосар этиб тайинлаган биринчи халифа бўлса керак. Чунки турклар унинг отаси даврида кўпайиб кетган эдилар. 231(846-845) йили Басра ҳокимига Қуръон бўйича имомлар ва муаззинларни имтиҳон қилиш ҳақида фармон юборади. Восиқ ҳам бу масалада отаси йўлидан боради. Ҳукмдорлигининг сўнгги йилларида у бу фикрдан қайтади. Шу йили аҳли ҳадислардан бўлган, амри маъруф, наҳи мункардан қайтмаган Аҳмад ибн Наср ал-Хузоийни қатл қилади. Уни боғлаб Бағдоддан Самуррага келтириб Қуръон тўғрисида савол беради.
- Махлуқ эмас, - дейди у.
Қиёматдаги рўят (Аллоҳни кўриш бор-йўқлиги) ҳақида сўрайди.
- Бу ҳакда ривоят келган, - дейди ва унга ҳадисни айтиб беради.
- Ёлғон гапиряпсан, - дейди Восиқ.
- Сен ёлғон гапиряпсан!
Эй аблаҳ, чегараси, шакли бор нарса каби кўринадими? У маконга сиғадими ва Уни кўз билан кўриб қамраб олиш мумкинми? Бўлди, сен менинг Роббим ва унинг сифатларига куфр келтирдинг, сизлар бу кимса ҳақида нима дейсизлар? Атрофида турган бир тўп мўътазила фақихдар: “Унинг қони ҳалол” дейишди. У қилич келтиришни буюради ва шундай дейди: менга ҳеч ким ёрдам бермасин. Чунки мен ўз гуноҳларимни биз ибодат қиладиган тангрига ибодат қилмайдиган ва биз уларни тан олмайдиган сифатлар билан Уни сифатлайдиган бу кофирга ўтказишни истайман, дейди-да, кунда келтиришга буюради. Аҳмадни боғлаб кундага ўтказишгач, калласини унинг ўзи олади. Калласини Бағдодга, танасини Сурра ман раага жўнатади ва михлаб остириб қўяди. Шу йили Румдан 1600 мусулмон асир озод қилинадиган бўлди. Шу орада Ибн Абу Довуд - Аллоҳ расво қилгур - деб қолдики: “Асирлардан Қуръон махлуқ деганларини озод қилиб икки динордан беринглар, унамаганлари асирликда қолаверсин”.
Хатиб деди: Аҳмад ибн Абу Довуд Восиқни ўз қўлига олволган эди. Уни имтиҳонда қаттиққўл бўлишгаундар эди. Одамларни эса Қуръон яратилган дейишга даъват этарди. Аммо айтишларича, ўлимидан илгари у бу фикридан қайтган. Бошқаларнинг айтишича, Восиқнинг ҳузурига занжирбанд ҳолда бир кишини олиб кирадилар. Ҳалиги одам Ибн Абу Довудга: “Менга айт-чи, сизлар одамларни даъват этаётган ўша ғоя (фикр)ни Расулуллоҳ билиб туриб унга даъват этмаганмилар ёки Расулуллоҳ бу нарсани билмаганмилар? - деди. Абу Довуд йўқ билганлар” деди. - Ундай бўлса, Расулуллоҳ унга даъват этмасалар ҳам бўлади-ю, сизлар даъват этмасангиз бўлмайди-да? Шундайми? Ривоятчи: улар жавоб беролмай қолдилар. Восиқ эса кулиб юборди ва қўли билан ўғзини ёпганича бошқа хонага чиқиб кетди, ётиб олиб шундай дерди: пайғамбар айтмаса ҳам бўладиган нарсани биз айтмасак бўлмасмиш?! Кейин ҳалиги занжирбанд одамга 300 динор бериб, ўз шаҳрига қайтариб юборишга амр этди. Шундан кейин ҳеч кимни имтиҳонга тутмади. Ўша кундан Ибн Абу Довудни ёмон кўриб қолди.
Мазкур киши Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Азрамий эди. Абу Довуд ва Насоийнинг устози (шайхи) бўлган.
Ибн Абуддунё деди: Восиқ оқсариқ тусли, кўркам соқолли ва кўзлари доғли киши эди. Яҳё ибн Аксам: ҳеч ким Абу Толиб оиласига Восиқчалик яхшилик (эҳсон) қилмаган. У ўлганда уларнинг ичида бирорта камбағали қолмаган эди. Бошқа бировнинг айтишича, Восиқ жуда адабли, чиройли шеърлар ёзоладиган киши бўлган. У Мисрдан ҳадя қилинган бир ходимини яхши кўрар эди. Бир куни Восиқуни хафа қилиб қўйди. Кейин Восиқ уни хизматкорлардан бирига шундай деяётганини эшитиб қолди: у кечадан бери мен билан гаплашишни истаяпти, мен гапирмаяпман. Шунда Восиқ шундай дейди: (шеър)

Эй бизга азоб бериб мақтанаётган одам,
сен имконият топди зулм қиладиган подшонинг ўзи бўлибсан...

(Бу ерда ўз хизматкори ҳақида ёзган яна байтлари бор. Қолдирилди.)
Ас-Сувлий деди: адаб ва фазилатлари учун Восиқни кичик Маъмун дейишарди, Маъмун ҳам уни жуда мақтар ва фарзанд идан ҳам ортиқ кўрар эди. Восиқ жуда билимли ва шоир киши бўлган. Куй ва қўшиқ бобида халифаларнинг энг билимдони эди. Унинг ўзи ишлаган товуш ва юзга яқин оҳанглари бор эди. Уд чалишга, шеър ва ривоятлар айтишга жуда моҳир бўлган.
Фазл ал-Язидий: Бани Аббос халифаларидан Восиқчалик кўп шеър ривоят қилгани бўлмаган. Маъмундан ҳам кўпми, сўрашди ундан. Маъмундан ҳам кўп. Маъмун араблар илмига юлдузлар илми, тиб, мантиқ илмларини қўшиб ўрганган бўлса, Восиқ араб илмига (шеърияти, тили) ҳеч нарсани қўшмаган.
Язид ибн Мухаллабий: Восиқ жуда хўрранда бўлган.
Ибн Фаҳм: Восиқда тўрт қисмга бўлинадиган, ҳар бўлаги 20 кишини кўтарадиган (ёки атрофига сиғдирадиган?) тилла хонтахтаси бўлган, ундаги идиш-товоқлар ҳам бари тилладан бўлган. Кейинроқ Ибн Абу Довуд тақиқланганлигини айтиб, унда таом емасликни сўрайди. Шундан кейин уларни майдалаб танга қилиб эритишни ва хазинага топширишни буюради.
Ҳусайн ибн Яҳё деди: Восиқ тушида Аллоҳцан жаннатни сўраётганини кўради. Шунда бир овоз: Аллоҳ фақат қалби март (тақир)ларни ҳалок қилади дейди. Эртаси эрталаб буни (март) маъносини сўрайди. Билишолмайдилар. Аби Муҳаллимни чақиртириб ундан туши ва март сўзи ҳақида сўрайди. У “март”ни ҳеч нарса битмайдиган, тақир ер маъносида эканлигини, шунга биноан ўт ўсмайдиган тақир ер каби имондан мутлақо маҳрум қалб маъносида эканлигини айтади. Шунда шеърдан далил келтиришингни истайман дейди, ҳузуридагилардан бири шошилиб Бани Асаднинг шу байтини келтиради: (бу ерда “март” сўзи ишлатилган байт келтирилган.)
Абу Муҳаллим кулди ва Аллоҳ ҳаққи шеър айтмай кетмайман деди-да, март сўзи қўлланган 100 та араб шоирининг 100 та қофиясини айтиб беради. Восиқ унга 100000 динор беришга буюради.
Хамдун ибн Исмоил:халифалардан бирортаси Восиқчалик юмшоқ табиатли, азият (танқид) ва ихтилофга сабрли бўлмаган.
Аҳмад бин Ҳамдун деди: Восиқнинг ҳузурига устози Ҳорун ибн Зиёд киради. Унга жуда катта иззат- ҳурмат кўрсатади. Шунда ҳайрон қолиб бу одам ким ўзи деб сўрашганда, бу одам тилимни илк бор Аллоҳни зикрига келтирган, уни раҳматига йўл кўрсатган одам бўлади деб жавоб беради. (Бу ерда Али ибн Жаҳм тарафидан Восиқни мадҳ этиб ёзган байтлари келтирилган.)
Восиқ 232 (847-846) йили зулҳижжадан олти кун қолганда чоршанба куни Сурра ман раада вафот этди. Жон бериш олдидан ушбу икки байтни такрорлай бошлади:

ўлим - барча жонзотлар муштарак унда,
гадо ҳам кетар шоҳ ҳам қололмас
камбағал ажраб зарар кўрмас
подшоҳларга давлатлари фойда бермас

Айтишларича, у ўлаётганида ёлғиз қолиб кетган, одамлар Мутаваккилга байъат бериш билан овора бўлиб қолганлар. Шунда бир каламуш келиб унинг кўзини еб кетган.
Унинг даврида вафот этган машҳур одамлар: Мусаддид, қори Халаф ибн Ҳишом ал-Баззоз, Табаристонликлар шайхи Исмоил ибн Саид аш-Шолихий, Воқидийнинг котиби Муҳаммад ибн Саъд, шоир Абу Таммом ат-Тоий, тилшунос Муҳаммад ибн Зиёд ибн ал-Аъробий, қамоқда, занжирбанд ҳолда имтиҳон вақтида ўлган Шофеъийнинг шогирди Бувайтий, тилшунос Али ибн ал-Муғира ал-Асрам ва бошқалар.
Жаъфар деди: бундай байтлар бошқа халифаларда йўқлигини барча эътироф этади.
(Бу ерда Восиқнинг ўз ходимлари ҳақида айтган бошқа байтлари бор.)
Ас-Сувлий: Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Ҳишомдан: бир куни Ҳусайн ибн Даҳҳок (шоир, 864-865 в. э. Басра, Ироқ) ва Махориқ (машҳур кўшиқчи, Мадинада туғилган, 845 й. да в. э.) икковлари Абу Нувос ва Абулъатоҳиядан қайси бирлари кучлироқ шоирлиги борасида тортишиб қолишди. Шунда Восиқ: ундай бўлса, икковингиз мукофот тикинг! - деди. Улар ўзаро 200 динор тиқцилар. Восиқ: Олимлар борми, деди. Бир одам: “Абу Муҳаллим бор, деди. Восиқ уни чақиртириб бу хақда сўради. Абу Нувос шоирроқдур, у араб сўз санъатини кўпроқ билади ва шеър турларида маҳорати ортиқдур”, деди Абу Мухаллим. Шундан сўнг, Восиқ тикилган пулни Ҳусайнга беришни буюрди.

Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase