close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абдулмалик ибн Марвон бошқаруви

Марвон вафотидан сўнг Миср ва Шомда Абдулмалик ибн Марвонга байъат қилинди. Абдулмалик отаси каби халифаликнинг барча ҳудудларини умавий-лар тасарруфига киритиш режасини давом эттирди. У 688 йили Қарқисиёга юриш бошлашга қарор қилди. У ерда Муржу роҳит жангида Даҳҳок ибн Қайс билан умавийларга қарши курашган Зуфар ибн Ҳорис амирлик қилар эди.

Марвон вафотидан сўнг Миср ва Шомда Абдулмалик ибн Марвонга байъат қилинди. Абдулмалик отаси каби халифаликнинг барча ҳудудларини умавий-лар тасарруфига киритиш режасини давом эттирди. У 688 йили Қарқисиёга юриш бошлашга қарор қилди. У ерда Муржу роҳит жангида Даҳҳок ибн Қайс билан умавийларга қарши курашган Зуфар ибн Ҳорис амирлик қилар эди.
Абдулмалик Дамашқдан чиқиб кетганидан сўнг унинг қўшинидаги Амр ибн Саид бошчилигидаги гуруҳ шаҳарга қайтиб келди. У Жобия сулҳига кўра, халифа бўлиши керак эди. Бироқ Марвон ибн Ҳакам ўғилларини валиаҳд этиб тайинлагач, қаршилик кўрсата олмади.
Абдулмалик Қарқисиёга юриш қилганида Амр ибн Саид ҳам у билан бирга чиқди. Лекин халифа бўлиш истаги уни Дамашққа олиб келди. Асосий қўшин шаҳарда йўқлигидан фойдаланган Амр ибн Саид шаҳарни эгаллади.Уларнингҳаракатидан воқиф бўлган Абдулмалик ортга қайтишга мажбур бўлди. Икки тараф ўртасидаги кураш 16 кун давом этди. Ниҳоят, улар ўртасида сулҳ тузилди. Сулҳга кўра, Амр ибн Саид Абдулмаликдан кейин халифа бўлиши, ҳар бир катта ва кичик масалада Абдулмалик Амрдан маслаҳат ўраши, девон ва байтулмол назорати Амрга берилиши белгилаб қўйилди. Сулҳ тузилиб, Абдулмалик ибн Марвон шаҳарга кирганидан сўнг бир неча кун ўтиб, Амр ибн Саид қатл этилди.
Мусулмонларнинг ўзаро ички низолар сабабли заифлашганидан хабар топган Византия империяси Шом ерларига хавф сола бошлади. 689 йили Абдулмалик уларга ҳар жума куни минг динор бериш шарти билан сулҳтузди.
Амр ибн Саид ҳаракати бостирилганидан сўнг Абдулмалик яна Қарқисиёга қўшин тортди. У ерга бориб Зуфар ибн Хорисга мактуб йўллади. Мактубда тинч йўл билан таслим бўлишга чақириб, таслим бўлмаса ҳужум бошланиши билан таҳдид солди. Бир неча музокаралардан сўнг Зуфар сулҳга рози бўлди. Сулҳга кўра, Зуфар ибн Ҳорис ва унинг барча яқинларига омонлик берилди. Улар эса Абдулмаликка бўйсуниши, Зуфарнинг ўғли Ҳузайл умавийларнинг ҳарбий юришларида қатнашиши керак эди. Шунингдек, Абдулмалик Зуфарнинг қизи Рубобни ўғли Масламага уйлантирди. Албатта, у Қарқисиё масаласини оқиллик билан ҳал этди. Унинг бу ишлари Ироқ ва Ҳижозга юриш бошлаганида Шомда вазият қарор топишини таъминлади.
Абдулмалик ибн Марвон 690 йили Мусъаб ибн Зубайр амирлик қиладиган Ироққа юриш бошлади. Қўшиннинг ўнг қанотига Абдуллоҳ ибн Язид, чап томонига Холид ибн Язид, марказга эса, Муҳаммад ибн Марвон қўмондонлик қилди. Абдулмалик Ироққа етиб боришдан олдин Мусъаб ибн Зубайрнинг амирларига мактуб ёзиб, умавийлар томонига ўтса, уларга вилоятлар ва совға-саломлар берилишини айтди.
Шундай мактублардан бири Мусъаб ибн Зубайрнинг содиқ амирларидан бўлган Иброҳим ибн Аштарга ҳам келди. Унга Ироқ вилояти ваъда қилинган эди. Иброҳим бу ҳақида Мусъабга хабар берди. Бироқ Мусъаб ибн Зубайр унга аҳамият бермади. Иброҳим бошқа амирларга ҳам шу каби мактублар келганини, улар умавийлар томонига ўтганлигини эслатиб, уларга жазо бериш зарурлигини уқтирди. Мусъаб ироқликлар шу вақтгача аҳдларида турмаганини айтиб, ҳеч қандай чора кўрмади.
Мусъаб ибн Зубайр довюрак жангчи бўлса-да, ҳарбий билимга эга эмас эди. Бундан ташқари унинг амирлари садоқат кўрсатмади. Фақат Иброҳим ибн Аштар бошчилигидаги қўшин Абдулмаликка қарши чиқди. Бироқ у ҳам кўп ўтмай ўлдирилди. Ибн Аштардан кейин Ироқ қўшини раҳбарсиз қолди. Абдулмалик Мусъабга омонлик берди. Лекин у Абдулмаликка бўйсунишни истамай қарши курашни давом эттириб, Шом аскарлари томонидан ўлдирилди. Мусъабнинг ўлдирилиши билан ироқликлар таслим бўлди. Абдулмалик Нахила номли ерга бориб, ўша ерда Ироқ аҳолисидан байъат олди. Шундай қилиб, Абдулмалик ибн Марвон Миср, Шом ва Ироқни бирлаштирди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қўлида фақат Ҳижоз қолди холос.

Ҳажжож ибн Юсуфнинг амирликка тайинланиши

Ироқ масаласи ҳал бўлганидан кейин Абдулмалик Шомга қайтишни хоҳлади ва одамларни Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга қарши Маккага юриш қилишга ундади. Бироқ ҳеч ким унинг раьйига юрмади. Фақат сақиф қабиласидан бўлган Ҳажжож ибн Юсуф сақафий бу юришга тайёрлигини маьлум қилди. Абдулмалик шомликлардан тузилган кўп сонли қўшинга Ҳажжожни амир этиб, Маккага юборди. Унга маккаликлардан умавийларга итоат қилганларга омонлик бериш ҳақида кўрсатма берди.
Ҳажжож қўшини 691 йили октябрда Ироқдан чи-қиб Тоифга борди. У шу ердан туриб ҳарбий қисмларни Маккага юборди. Абдуллоҳибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳам унга қўшин жўнатди. Икки томон ўртасида бир неча марта қонли тўқнашувлар юз берди. Сўнг Ҳажжож Абдулмаликка мактуб ёзиб, Абдуллоҳ ибн Зубайрни қамал қилиш учун Ҳарамга киришга рухсат беришини ва қўшимча кучлар юборишини сўради(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. — Б. 151.). Абдулмалик ибн Марвон Водил-қуро амири Ториқ ибн Амрга ўз қўшинлари билан Ҳажжожга ёрдам беришини буюрди. Шундан кейин Ториқ беш минг кишилик қўшин билан Ҳажжожнинг олдига келди(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 608.).
Етарлича ҳарбий салоҳиятга эга бўлган умавийлар қўшини Маккани қамал қилишни бошлади. Бу орада ҳаж мавсуми бошланди. Бироқ ҳожилар қамал давом этиб тургани учун ҳаж амалларини тўла адо эта олма-дилар. Қамал 692 йил апрель ойида бошланиб, октябрь ойигача, яъни Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўлдирилган вақтгача давом этди. Қамал натижасида шаҳарга озиқ-овқат маҳсулотлари киритилиши тўхтаб қолди. Бу эса аҳолининг очликдан қийналишига сабаб бўлди. Ҳажжож умавийлар тарафига ўтганлар    га омонлик берилишини эълон қилди. Натижада аҳо-лининг аксар қисми Ҳажжож тарафига ўтиб кетди(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 608.).
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг яккаланиб қолганини кўрган Ҳажжож ибн Юсуф унинг ишини тўлиқ тугатишни истади ва Абдулмалик ибн Марвондан унга қарши ҳужум қилишга рухсат сўради. Абдулмаликдан “нимани истасанг шуни қил” мазмунида мактуб олганидан сўнг барча қўшинни Маккага йўналтирди ва тоғларга манжаниқ ўрнатиб, у билан шаҳарни ўққа тутди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу оз сонли қўшин билан курашни давом эттирди. Шаҳарнинг таниқли кишилари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бошчилигида Ҳажжожнинг олдига бориб, манжаниқдан ўққа тутишни тўхтатишни сўрадилар. Ҳажжож уларга: “Мен ҳам бу қуролни ишлатишни ёқтирмайман, бироқ у (Абдуллоҳ ибн Зубайр) шу уйнинг ичига яшириниб олган” деган жавоб билан ўққа тутишни тўхтатмади. Турли ислом диёрларидан келган ҳожилар тавоф қила олмай қолдилар. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Ҳажжожга қуйидагча мактуб ёзди: “Аллоҳга тақво қил, ахир сен ҳаром ой(Бу ўриндаги ҳаром ойдан мурод зулҳижжа ойи бўлиб, бу ойда уруш қилиш таъқиқланган.)да ва ҳаром шаҳар (Макка)да турибсан. Бу ерга турли ерлардан мусулмонлар Аллоҳ фарз қилган ибодатни адо этиш учун келган”, деди. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг хатини ўқиганидан сўнг Ҳажжож қўшин қўмондони Ториқ ибн Амрга одам юбориб, ҳаж мавсуми тугагунича манжаниқ(Манжаниқ—тошотар ҳарбий қурилма. Эшилган пай, тола ёки жуннин)дан фойдаланмай туришни буюрди.
Ҳаж мавсуми тугаганидан сўнг Ҳажжож нидо қилиб, ҳамма ўз юртига қайтиб кетиши кераклигини ва Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши кураш яна давом эти-шини эълон қилди. Балазурийдан ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу билан бирга бўлганларнинг аксарияти Ҳажжож ибн Юсуфдан омонлик олишга интилдилар. Бироқ Абдуллоҳ ибн Зубайр унга бўйсунишни истамади. Ҳажжож яна Каъбани манжаниқдан ўққа тута бошлади. Шундан сўнг кўпчилик Ҳажжожга таслим бўлди. Ҳаттоки Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ўғиллари Ҳабиб ва Ҳамза ҳам умавийларга бўйсунди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу ҳолатдан хафа бўлиб, онасидан нима қилиш тўғрисида маслаҳат сўради. Онаси Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо ўғлини ўз йўлида собит туришга ундаб, ҳеч қачон умавийлар ва Ҳажжож ибн Юсуфга таслим бўлмасликни буюрди. Шундан сўнг у яна қаршилик ҳаракатини давом эттирди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаворийси Зубайр ибн Аввомнинг ўғли ва Абу Бакр Сиддиқнинг набираси бўлган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу 692 йил 7 октябрда манжаниқдан отилган тошлар зарбидан ҳалок бўлди. Унинг вафотидан сўнг барча ислом ўлкалари умавийлар сулоласининг марвонийлар уруғи вакили Абдулмалик ибн Марвон қўлига ўтди. Ҳижоз аҳолиси ҳам унга байъат берди.

С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase