close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Закариё ва Яҳё алайҳиссалом

Закариё алайҳиссалом Сулаймон алайҳиссаломнинг набиралари бўлиб, Байтул-Мақдисда ибодат билан машғул бўлган ва Мусо алайҳиссаломнинг шариатларидаги бир пайғамбар эдилар.

Закариё алайҳиссалом Сулаймон алайҳиссаломнинг набиралари бўлиб, Байтул-Мақдисда ибодат билан машғул бўлган ва Мусо алайҳиссаломнинг шариатларидаги бир пайғамбар эдилар.
Закариё алайҳиссаломнинг насаблари Ибн Ладн ибн Муслим ибн Саддуқ ибн Ҳашбон ибн Довуд ибн Сулаймон ибн Муслим ибн Сиддийқа ибн Бархиё ибн Балъата ибн Ноҳур ибн Шалум ибн Баҳфошот ибн Ийномин ибн Раҳийъом ибн Сулаймон ибн Довуд алайҳиссал омдирлар.
Аллоҳ таоло Куръони каримнинг «Марям» сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Закариё алайҳиссалом қиссасини умматларига айтиб беришни амр этди.
Закариё алайҳиссаломнинг ёшлари жуда кексайиб, аёллари ҳам бутунлай фарзанд туғишдан ноумид бўлган бир пайт эди. Шундай пайтда Аллоҳ таоло у кишини ўзининг мўъжизасига дуч қилди ва Закариёнинг дилларига умид чироғини ёқди.
«Бас, Парвардигори уни (Марямни назарликка) ҳусни қабул этиб, яхши парвариш қилди ва Закариё қарамоғига топширди. Ҳар гал Закариё (Марямнинг) олдига—меҳробга кирганида, олдида ризқ (муҳайё) турганини кўрар эди. У: «Эй, Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» деб сўраса (Марям): «Булар Аллоҳ ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», деб жавоб берар эди». (Оли Имрон, 37)
Закариё алайҳиссалом ўз укалари Имроннинг туғмас хотинига фарзанд ато этган, чақалоқ Марямга эса ғойибдан ризқ бериб турган Аллоҳ йўқ ердан фарзанд беришга ҳам қодирку, деб, Унинг ҳузурига илтижо билан дуога қўл очдилар:
«Закариёнинг: «Эй, Раббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма (меросхўр фарзанд ато эт), Сен (Ўзинг) ворисларнинг яхшироғидирсан», деб нидо қилган пайтини (эсланг)».    (Анбиё, 89)
«Қачонки, у Парвардигорига хуфёна дуо қилиб, деган эди: «Эй, Раббим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди. Эй, Раббим, мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман. Мен ортимда қоладиган қариндошларим (динни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним эса туғмас бўлиб қолган. Энди сен Ўз даргоҳингдан менга бир дўст (фарзанд) бер. У менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўлсин ва ундан барчани рози қилгин». (Марям, 3-6)
Закариё алайҳиссаломнинг «меросхўр бўладиган бир дўст» деганлари мол-дунёлари учун меросхўр эмас, балки илм ва пайғамбарликда меросхўр бўладиган, дин ва шариат ишларини давом этдирадиган меросхўр фарзанд эди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизлар мерос қолдирмаймиз. Биздан қолган нарса садақадир», деганлар.
Имом Термизий ривоятларида «Биз, пайғамбарлар жамоаси, мерос қолдирмаймиз», дейишлари гап ҳамма пайғамбарлар ҳақида бораётганини кўрсатади. Пайғамбарлар учун дунё молининг қадри ҳам, аҳамияти ҳам йўқ. Улар мол тўпламайдилар ва қолиб кетаётган молнинг ташвишини ҳам қилмайдилар. Бунинг устига Довуд алайҳиссалом темирчи бўлгандек, Закариё алайҳиссалом ҳам дурадгор уста бўлиб, кундалик маошлари қўл кучи билан ўтар, ортиқча дунё тўплашга имкон ҳам йўқ эди. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарининг илтижоли дуоларини ижобат қилди ва деди:
«(Аллоҳ айтди): Эй, Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмизки, унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирор (кимсани) ҳамном қилган эмасмиз». (Марям,7)
«Сўнгра, меҳробда туриб намоз ўқиётганда, фаришталар унга нидо қилдилар: «Аллоҳ сенга Яҳё (исмли фарзанд) хушхабарини берур ва у Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) пешво бўлиб, (шаҳватлардан) ўзини тиядиган солиҳ пайғамбарлардан (бўлур)». (Оли Имрон, 39)
Закариё алайҳиссалом Аллоҳнинг қудратига шак келтирмасаларда, бирданига бўлган хитобдан гангиб қолдилар ва хурсандчиликларини яширолмадилар:
«(Закариё) деди: «Эй, Раббим! Хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликни нотавон ҳолатига етиб қолган бўлсам, менга фарзанд қаёқдан бўлсин?». (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Раббинг айтурки, бу (иш) Менга осондур. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда (ҳам) яратган эдим-ку!».    (Марям, 8-9)
Закариё алайҳиссаломнинг хотинлари туғмас аёл бўлиб, умуман ҳайз кўрмаган эди, бунинг устига кексалик уни ҳолдан тойдирган, ҳомиладор бўлиш унинг тушига ҳам кирмаган эди. Аммо ҳамма нарсага қодир Аллоҳ Закариё алайҳиссаломнинг дуоларини ижобатидан, кекса кампирга ҳомиладор бўлиш салоҳиятини ато этди ва у ҳомиладор бўлди:
«Бас, Биз уни (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ато этдик ҳамда жуфти (ҳалоли)ни ўнглаб (туғадиган қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат, улар (мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилар эдилар ҳамда Бизга итоат этувчи эдилар».(Анбиё,90)
Одатда ёш аёллар ҳомиладор бўлса, ҳайз кўришнинг тўхташи ва «боши қоронғу» бўлиши аломатлари зоҳир бўлади. Закариё алайҳис-саломнинг аёлларида бундай аломатлар бўлмас эди. Шунинг учун Закариё алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб:
«Эй Раббим! Мен учун (кампирим ҳомиладор бўлганига) бирор белги қилсанг», деди у (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соғ бўла туриб, уч кеча (ва кундуз)гача одамларга гапирмайсан». Бас, (Закариё) меҳробдан қавмининг олдига чиқиб, уларга эртаю кеч (Аллоҳга) тасбеҳ айтишни ишора қилди».    (Марям, 10-11)
Шундай қилиб Яҳё алайҳиссалом дунёга келдилар. Яҳё алайҳис-салом ҳам Таврот билан машғул бўлдилар ва Бани Исроилга Мусо алайҳиссалом шариатлари бўйича даъват ва насиҳатлар қилар эдилар. Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломни ҳам пайғамбарлик мақоми билан сийлади. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга Инжил нозил қилганда, Яҳё алайҳиссалом Инжилни қабул этдилар, Исо алайҳиссаломни тасдиқ қилиб, Инжилга амал қила бошладилар.
(Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни Тавротни) маҳкам тутгин!» (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик. Яна унга Ўз даргоҳимиздан меҳр ҳамда поклик (ато этдик) ва у тақволи бўлди. У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабр қилувчи, қулоқсиз бўлмади. Унга туғилган кунцда ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (қиёмат) кунида ҳам салом (омонлик) бўлур». (Марям, 12-15)
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Яҳё алайҳиссалом билан Исо алайҳиссалом холавачча эдилар, аниқроғи Марямнинг онаси Ҳанна билан Закарийё алайҳиссаломнинг хотинлари опа-сингил эдилар. Яҳёнинг онаси Марямни кўрганда шундай деган эди: «Қорнимдаги бола сенинг қорнингдаги болага сажда қилаётганини сезяпман». Демак, она қорнида Яҳё Исога сажда қилиб, унинг ўзидан улуғроқ эканлигини биринчи тасдиқ қилган эди. Икковлари ҳам бир-бирларини ҳурмат қилардилар. «Исо алайҳиссалом билан Яҳё алайҳиссалом учрашганларида, Исо алайҳиссалом: «Менинг ҳақимга истиғфор айтиб, дуо қилинг, сиз мендан улуғсиз», дедилар. Яҳё алайҳиссалом эса: «Йўқ сиз менинг ҳақимга дуо қилинг, чунки сиз мендан улуғроқсиз», дедилар. Шунда Исо алайҳиссалом: «Мен ўзимга салом айтганман, сизга эса Аллоҳ салом айтган», деб жавоб бердилар».
Ибн Асокирнинг келтиришича, Абу Саид айтади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳасан ва Хусайн жаннатий йигитларнинг улуғларидир. Аммо холавачча Исо алайҳиссалом ва Яҳё алайҳиссаломнинг мартабалари бошқачадир»
«Ўшанда Исо Яҳёнинг ҳузурида чўмилиш учун Жалиладан Иордан дарёси бўйига келди. Лекин Яҳё унга рўйхушлик бермай: «Мен сенинг ҳузурингда чўмилиб, имон келтиришим керак эди, сен бўлсанг, менинг олдимга келяпсанми?», деди. Исо унгажавоб бериб: «Энди рози бўл, чунки биз шу йўсинда илоҳий амрни тўла бажаришимиз ўринлидир», деди.
Закариё алайҳиссаломнинг вафотлари тўғрисида Ваҳб ибн Мунаб-баҳдан турлича ривоятлар келган. Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Закариё алайҳиссалом қавмларидан қочиб бир дарахт ковагига яширинганлар. Қавм арра билан дарахтни ҳам, Закариёни ҳам тилиб ташлаганлар. Арранинг тиғи Закариёнинг умуртқасига етганда, Аллоҳ таоло ваҳий юбориб деди: «Агар сенинг инграшинг тўхтамаганда, ерни ҳам, ундаги одамларни ҳам тескари ағдариб ташлардим».
Ваҳб ибн Мунаббаҳцан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: «Қавмидан қочганда яшириниш учун дарахт ёрилиб, ичига олган ва қавми арра билан бўлиб ташлаган пайғамбар Шаъё алайҳиссалом эдилар. Закариё алайҳиссалом ўз ажаллари билан вафот этганлар», дейилади.
Имом Аҳмад ривоятида, Ал-Ҳорис ал-Ашъарий айтади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Аллоҳ таоло Яҳё ибн Закариё алайҳиссаломга беш вазифани бажаришни ва уларга амал қилишга Бани Исроилни даъват этишни ҳам буюрган эди. Яҳё алайҳиссалом бу вазифани бажаришда сусткашлик килдилар. Исо алайҳиссалом Яҳё алайҳиссаломга вазифа-ни эслатиб: «Сен Аллоҳ томонидан беш амални бажаришга ва уни Бани Исроилга даъват этишга буюрилгансан. Уларни сен етказасанми ёки мен етказайинми?» дедилар. Яҳё алайҳиссалом: «Эй биродарим, мендан сен ўзиб кетсанг, мен азобланишдан ёки пайғамбарликдан ўчиб кетишдан қўрқаман». дедилар.
Байтул-Мақдисга Бани Исроилни йиғдилар ва тепалик устига чиқиб, уларга мавъиза қилдилар: Аллоҳга ҳамд-сано айтганларидан сўнг, дедилар: «Аллоҳ менга беш вазифани топширди. Уларга ўзим амал қилиб, сизларни ҳам амал қилишга чақираман:
Энг биринчиси, Аллоҳга ибодат қилиш, унга ҳеч бир нарсани шерик қилмасликдир. Бунинг мисоли шундайки, бир одам ўз пулига қул сотиб олса, қули ишлаб топган ҳақини хўжайинига эмас, бировга берса, бундай қулни қайси бирингиз яхши кўрасиз. Аллоҳ сизларни яратган ва ризқингизни бериб турган экан, ёлғиз унга ибодат қилинг, унга бошқа нарсани шерик қилманг.
Иккинчиси шуки, Аллоҳ таоло сизларни намоз ўқишга буюрди. Аллоҳ таоло бандадан юз ўгирмайди, агар банда юз ўгирмаса. Шунинг учун, намоз ўқиганларингизда атрофга алангламанглар!
Учинчиси рўзадир. Рўзадор киши мушк-анбар сепиб олган одамга ўхшайди. Чунки, Аллоҳнинг ҳузурида рўзадорнинг оғзидан келган ҳид мушк-анбардан ҳам хушбўйроқдир.
Тўртинчиси садақадир. Банда асир тушиб қўли боғланган одам мисолидир. Асир бадал тўлаб, ўзини озод қилганидек, банда садақа эвазига ўзини Аллоҳдан сотиб олади.
Бешинчиси, Аллоҳ зикрини кўп қилишдир. Душмандан қўрғон билан ҳимояланган кишидек, Аллоҳни кўп зикр қилиш билан Шайтондан нажот топилади.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мен ҳам сизларга Аллоҳ буюрган беш амални тавсия қиламан. Улар: жамоат, даъватга қулоқ тутиш, итоат, ҳижрат ва Аллоҳ йўлида жиҳоддир. Кимки, шуларни бажармаса, агарчи намоз ўқиб, рўза тутса ҳам жаҳаннамга ўтин бўлади. Мусулмонни ўз номи билан чақиринглар!»
Яҳё алайҳиссалом кўпинча одамлардан узлатда юрар эдилар. Табиий мевалар, дарахтларнинг барглари билан овқатланар, анҳор сувидан ичар, баъзида чигирткани истеъмол қилар, шунда ҳам: «Эй Яҳё, сендан кўра бахтлироқ инсон борми, дунёда!» деб Аллоҳнинг берган неъматига шукрона айтардилар. Шундай қилиб, Яҳё алайҳиссалом Куддусда Таврот ва Инжилга мувофиқ таълим ва тартиб қилиб турар эканлар, Исроил раиси Ҳиродос укасининг қизига, яъни ўз жиянига уйланмоқчи бўлди. Яҳё алайҳиссалом бундай никоҳ Исо алайҳиссаломнинг шариатларида мумкин эмаслигини айтиб, уларнинг никоҳини ўқимадилар. Бундан ғазабланган қиз ва унинг онаси Яҳё алайҳиссаломни ўлдиришни талаб қилишди. Раис Ҳиродос ўттиз икки ёшли Яҳё алайҳиссаломни ўлдиртирди.
Яҳё алайҳиссаломнинг ўлдирилган жойлари ҳақида Имом Ас-Саврий айтади: «Байтул-Мақдис ёнидаги қоятош олдида етмиш пайғамбар ўлдирилган. Улардан бири Яҳё ибн Закариё алайҳиссалом эдилар».

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг
"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase