Нажоший Асҳама ибн Абжар
«Келинг, ўзга юртда вафот топган биродарингиз ҳақига дуо қилинг».(Ибн Можа, 1257.)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
Мазкур асарда Ислом умматининг юз нафар буюк зотига доир тарихий маълумотлар келтирилган бўлиб, тегишли шахснинг ҳаёти баён этилган ҳар бир алоҳида боб хотимасида «Бу ҳакда кейин ҳикоя қиламиз...» иборасини қўллаганман ва аминманки, қадрли китобхон бунга эътибор қилган. Ушбу усулни айримлар китоб муаллифининг ўз асарида мароқлилик ва китобхонни ҳаяжонга соладиган адабий завқ муҳитини шакллантиришга бўлган интилиши сифатида изоҳлаши мумкин. Ва бу, чиндан ҳам, тўғридир. Аммо буюк бир шахс ҳақидаги ҳикояни бошқа бир улуғ зот тўғрисидаги ҳикояга шу тарзда мантиқан боғлаб боришдан кўзлаган асосий мақсадим - Ислом умматининг муҳим бир жиҳатини, у ҳам бўлса, жумлаи жаҳонга умматимиз ҳайратомуз даражада ҳамжиҳат, яхлит ва ўзаро боғлиқ жамоат эканлигини эслатиб ўтиш бўлган. Келинг, ушбу фикримнинг туб моҳиятини англаш мақсадида ажойиб бир тарихий воқеа билан танишиб чиқайлик.
Бир замонлар Африкадаги подшоҳлардан бири Исломни қабул қилиб, ҳаётда бирор марта бўлсин кўрмаган араб пайғамбарига иймон келтирибди. Вақт ўтиб, унинг ҳузурига ўша пайғамбарнинг мушрик ҳамшаҳари ташриф буюрибди ва дабдурустдан меҳмон ҳам Исломга кирибди. Қизиғи шундаки, бу эркак Исломни қадрдон шаҳрида, деярли ҳар куни кўчада учратган Пайғамбарнинг гувоҳлигида эмас, балки араб Пайғамбарини ҳаётда кўрмай ўтган африкалик подшоҳнинг шоҳидлигида қабул қилган. Ул пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, пайғамбарнинг мушрик ҳамшаҳари - Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу, африкалик подшоҳ эса - Нажоший Асҳама ибн Абжар розияллоҳу анҳу бўлган.
Агар ушбу илоҳий тақдирни эшитиб ажабланган бўлсангиз, мен сизга янада қизиқ бир ҳодиса ҳақида ҳикоя қилиб бераман. Унда сиз Аллоҳ Уз расулининг даъвати, элчиси ҳали пайғамбарлик рисолатини бажаришга йўл олмай туриб, кенг оммалашишига қулай замин яратганига гувоҳ бўласиз. Бир замонлар ўз ичига бугунги Эфиопия, Эритрея ва Сомалининг шимолини қамраб олган, Эфиопиянинг Ўрта Шаркдаги иккинчи номи бўлмиш Ҳабашистон подшоҳлигининг қалин ўрмонида, тун зулматида фитначилар томонидан нажоший Абжар ўлдирилибди (нажоший - Ҳабашистон ҳукмдорининг унвони). Қотил фитначилар Ҳабашистон тахтига бошқа кишини ўтқазиб, ўлдирилган нажоший-нинг ўғлини қулфурушлардан бирига сотиб юборишибди. Ҳукумат абзалини қўлга олган янги подшоҳ рутубатли тунлардан бирида қўриқчи-жангчилар ҳамроҳлигида қасрдан ташқарига чиққан экан, ғалати бир ҳодиса рўй берибди. Қарангки, шунча одам туриб фалакда чаққан чақмоқ айнан янги подшоҳга тегибди, атрофидаги одамларнинг бирортасига заррадай зарар етмай, фақат подшоҳнинг ўзигина жонсиз йиқилибди. Бу ҳодиса Ҳабашистон ҳудудида ҳақиқий алғов-далғовлик қарор топишига сабаб бўлди. «Қилмишимизга яраша Аллоҳнинг лаънатига йўлиқдик» деган хулосага борган сарой аҳли салтанат тахтини қайтариб бериш учун ўлдирилган подшоҳнинг ўғлини қидиришга тушибди. Қулликка сотилган шаҳзода араблар юртига йўл олишга тараддуд кўраётган кемадан топилибди. Одамлар вақтида улгуриб қолиб шаҳзодани қасрга қайтаришибдида, отасининг тахтига ўтқизишибди.
Ушбу ҳодисанинг ажиблиги шундаки, Асҳама ибн Абжар исмли ўша шаҳзода кейинчалик мусулмон оламида Нажоший номи ила танилган Ҳабашистон подшоҳи бўлган. Болалигида бошдан ўтган машъум ҳодисалар ҳукмдорни умрининг охиригача ҳар қандай адолатсизликка нафратла қарашига, одамлар орасида энг адолатли подшоҳ деган ном чиқаришига хизмат қилган бўлса, ажаб эмас. Макка мушрикларининг мусулмонларга ўтказаётган зулми кучайгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Ҳабашистонга кўчиб ўтишни буюрди. Қурайш раислари эса ўз навбатида, саҳобалар ортидан Нажошийнинг қадрдон дўсти бўлмиш Амр ибн Осни йўллаб, зиммасига мусулмонларни изига қайтариш вазифасини юклашди. Араблар юртида кечаётган ҳодисалар баёнини охиригача тинглаб, фикр тарозисидан ўтказган Нажоший Ҳабашистонда паноҳ топган мусулмонларни ортга қайтариб, мушриклар ихтиёрига топширишдан бош тортди. Бундай қарорни у нафақат адолатли ҳукмдор бўлгани, балки насроний бўла туриб, Исонинг илоҳийлигини тан олмагани учун қабул қилди. Саҳобаларнинг сўзларини, хусусан, Исо алайҳиссалом ҳеч қандай Худо эмас, фақатгина пайғамбар эканлигини эшитгач, Нажоший ушбу масалада мусулмонлар билан ҳамфикр эканлигига, яъни Исонинг Худолигини рад этиб, уни фақат Аллоҳнинг Расули деб билганига ишора қиладиган қуйидагича фикр билдирди: «Аллоҳга қасамки, Исо ўзи ҳақида сиз айтган нарсалардан хурмо данагининг буришиғичалик ортиқ гапирмаган».(«Мухтасар Сийратур-Расул».) Шунингдек, Қуръонни ёд олган ҳуффозул Қуръонлар тиловат қилган сураларни эшитган Нажошийнинг ушбу саҳобаларга айтган сўзлари ҳадислар тўпламида қуйидагича келтирилган: «Дарҳақиқат, Исонинг пайғамбарлик рисолати билан сиз ўқиган нарсалар, шубҳа йўқки, бир манбадан чиққан».(«Мажмауз-завоид», 6 - 27; Аҳмад, 3-180.) Келтирилган тарихий маълумотлардан кўриниб турибдики, Исонинг илоҳийлигини рад этган саҳобаларга эътироз билдирмаган Нажоший Исо алайҳиссаломнинг ҳақ динига эътиқод қилган мусулмон бўлган. Балким айнан мана шу ҳолат нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажошийга йўллаган мактубининг бошида «Ислом динини қабул қил, саломат қолурсан»(Бухорий, 4553.) иборасини қўлламаганига сабаб бўлгандир. Зеро, бундай ибора Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа насроний ҳукмдорларга, хусусан, Рум подшоҳи Қайсар ва Эрон шоҳи Хисравга юборилган номаларида учрайди. Эҳтимол, Нажошийнинг мусулмон сифатида эътироф этилгани, юқорида тилга олинган ҳукмдорларга юборилган мактублардан, хусусан, нома орқали «ҳақ йўл топганларга салом» дея саломлашишдан фарқли ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саломини бевосита Нажошийнинг шахсан ўзига йўллаганига ҳам сабаб бўлгандир(Бухорий, 6220.), валлоҳу аълам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз номаларида Нажошийни Аллоҳ билан бир қаторда бошқа бировга ҳам эътиқод қилишдан воз кечишга, Исонинг пайғамбарлик рисолатига иймон келтиришга даъват этаётганини тилга олиб ўтмадилар. Аксинча, ўзлари ҳам Исо алайҳиссаломга иймон келтирганла-рини маълум қилдилар. Афтидан, бу билан Расули акрам Ҳабашистон подшоҳига янги пайғамбарнинг таълимоти - Нажоший ва унинг халқи орасидаги бошқа тақводорлар эътиқод қилиб келган яккахудолик (му-ваҳҳидлик) таълимотининг ўзгинаси эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган кўринади. Мактуб сўнгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Аллоҳга ундаш, Ҳақ йўлига эргашган кишиларга салом йўллаш ва шу тариқа ўзининг охирзамон пайғамбарлик рисолатини тан олишни таклиф қилиш билангина чекландилар. Насронийларнинг Ҳабашистонда оммалашган арийчилар оқими бўйича ихтиёримда мавжуд маълумотларга асосланган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Нажошийга йўллаган номаларига доир бера олган тушунтиришларим шу бўлди. Мана ўша номанинг матни:
«Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Ҳабаш подшоҳи Нажошийга! Саломатмисан? Мен Аллоҳга ҳамд айтурман. Аллоҳдан ўзга яратган йўқ-дир, ҳақиқий подшоҳ Улдир. Ҳар бир камчиликдан, айб бўлғудек нарсалардан покдир. Бандаларни барча офатлардан асрагувчи Аллохдир. Яна гувохдик бераман, Исо алайҳиссалом Марям ўғли Руҳуллохдир. «Кун» («Бўл!» демак) калимасини покдомон, обида, зоҳида, ибодатлик Марямга ташлаган сўнгида Исога ҳомила бўлмишдир. Исо Аллоҳнинг руҳи, Аллоҳнинг калимасидир. Одам алайҳиссаломни Аллоҳ қудрати билан яратганидек, Исони ҳам Аллоҳ қудрати билан яратмишдир. Энди мен сени шериги йўқ, ўхшаши йўқ ягона Аллоҳга иймон келтирмакка, доим унинг итоатида бўлмакка чақираман. Мен Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбаридурман. Сени ва сенинг аскарларингни Аллоҳга ундайман. Аллоҳ амрини сизларга етказдим. Борлиқ насиҳатимни қилдим. Ҳақ Иўлига эргашган кишиларга салом».(«Далоилун-Нубувва», 630) Ҳудайбия сулҳномаси(Макка яқинидаги Ҳудайбия қишлоғида 628 йил март ойида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Макка мушриклари ўртасида имзоланган битим.) тузилгач, ўша даврда мушрик бўлган Амр ибн Ос Ҳабашистонга, дўсти Нажошийнинг ҳузурига йўл олди. Под-шоҳ билан ўтган қисқа суҳбатдан сўнг, Амр ибн Ос дўсти Нажоший Исломга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пай-ғамбарлик рисолатига иймон келтирганини фаҳмлади. Нажоший Асҳама ибн Абжарнинг даъвати ила Амр ибн Ос ҳам Ҳабашистонда Исломга кириб, Мадинадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламга бориб қўшилиш учун Арабистон яриморолига қайтди. Ҳаба-шистонда қолган Нажоший эса умрининг охиригача ўз юртини ҳеч қачон тарк этмади. Балким Нажоший Ҳабашистонни ўша даврда курраи заминдаги мўминларнинг ярмини ташкил қилган қочоқ мусулмонлар учун бошпана бўлиб қолишини истагандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Ҳабашистонга атайин юборган эди ва ўзи Мадинага ҳижрат қилгандан сўнг ҳам юртга қайтишни буюрмади, Ҳабашистонга юборилган мусулмонлар 15 йил мусофирликда умргузаронлик қилишди. Бунга сабаб Расули акрамнинг стратегик мулоҳаза юрита билганлари бўлди, хусусан, агар мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва унинг улуғсифат сахобаларини Мадинада ҳалок қилишга эришса, Ислом байроғини Ер юзида баланд кўтариб юрадиган мўминлар қаердадир қолиши керак эди, валлоҳу аълам. Бундан ташқари, Ҳабашистон, агар Мадина кофирлар томонидан забт этилса, мусулмонлар паноҳ топадиган, Нажоший эса зарурат юзага келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз қасрида қабул қиладиган муқобил бошпана бўлганча қолди. Бинобарин, пайғамбаримизни ҳарчанд суйиб, унга иймон келтирган бўлмасин, Нажошийга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юртига кўчмай, Ҳабашистонда қолишга тўғри келиб, у зот билан дийдор кўришиши қиёматга қолди. Айнан шу ҳолат менга Нажошийни «Ислом умматининг номаълум жангчиси» деб аташга туртки берди. Исломга кирганига қарамай, ушбу ҳукмдор ўз ҳиссиётларини жиловлаб, Исломни ҳимоя қилишни афзал кўрганча, Ҳабашистонда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан йироқда қолишга мажбур бўлди.
Кунлардан бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни Нажоший Асҳама ибн Абжар розияллоҳу анҳунинг жанозасини ўқиш учун ҳузурига чорлади. Аниқланишича, курраи заминдаги подшоҳлардан биринчи бўлиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динига мадад бўлган буюк инсон вафот топгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келган экан. Аллоҳ раҳмат қилсин сени, эй қаҳрамон! Биз сенга қолган аҳли Ислом билан бирга Аллохдан кўп ажрлар сўраб қоламиз. Зеро, сенинг шарофатингла, ё адолатли подшоҳ, Ислом байроғи бугун ҳам улуғвор ҳилпираб келмокда!..
Нажоший мансуб бўлган ўша насронийлик оқими қандай оқим бўлган экан ўзи? Нима учун черков ўша оқим тарихини бекитишга уринмоқда? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша оқимни ҳеч тилга олганларми? Ким экан ўша оқимга асос солган барбар? Қандай қилиб ўша муваҳҳид-кашиш банибашар тарихини ўзгартириб юбора олди?
Ат-Туробийнинг
"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан