Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати ила бандаларга чексиз неъматларни инъом этган. Инсон қанча ҳаракат қилмасин, уларнинг шукрини адо қилолмайди. Ушбу неъматлардан бири тил. Дилдаги фикрлар тил орқали ифода қилинади. Уни ёмон сўзлашдан сақлаб, фойдали сўзларга одатлантириш ҳар бир мўминга лозимдир. Тил тана аъзоларининг жисман кичиги, лекин масъулияти каттасидир.
Шундай экан, бу неъматни фақат яхши сўзларга ишлатиб, ёмон сўзлардан тиймоқ зарур. Аллоҳ таоло тилни тўғри, фойдали ишларга ишлатишни буюриб, бундай марҳамат қилган:
“Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинг ва тўғри сўзланг!” (Аҳзоб, 70). Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам ўз умматла-рини тилни фойдасиз сўзлардан сақлашга чақириб: “Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, деганлар.
Тил - қалб таржимони, қалб эса имоннинг маскани ҳисобланади. Демак, инсоннинг қалби покиза, мусаффо бўлса, унинг тилидан фақат ҳикматли, маъноли сўзлар чиқади. Ак-синча, тил ёмон, фаҳш сўзларни сўзласа, инсоннинг қалби қорайиб, имони сусайиб боради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банданинг тили тўғри бўлмагунича имони тўғри бўлмайди”, дея марҳамат қилганлар.
Динимизда барча ёмон иллатлардан қайтарилган ва уларни қилиш гуноҳ ҳисобланади. Ғийбат, туҳмат, асоссиз миш-миш тарқатиш, ёлғон сўзлаш, ҳақорат қилиш, чақимчилик, иғво, бўҳтон ва сохта гувоҳлик бериш ҳаммаси тил орқали содир бўладиган гуноҳлардир.
Ҳақорат, камситиш, сўкиш мусулмонга хос бўлмаган ишдир. Чунки инсон зотининг барчасини Аллоҳ таоло азиз ва мукаррам қилиб яратган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) бундай деганлар: “Мўмин мўминни сўкиши фосиқликдир, мўмин мўминни ўлдириши куфрдир”.
Азизлар, тил неъматини ноўрин ишлатиб қўйишдан сақланиб, ундан фақат Аллоҳ рози бўладиган ўринларда фойдаланишимиз лозим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир банда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни айтиб, нати-жасини ўйламай юраверади, аммо Аллоҳ таоло Ўзи билиб, унинг мартабасини улуғ қилади ва жаннатга киргизади, яна бир банда Аллоҳ таолони норози қиладиган бир сўзни айтиб, оқибатини ўйламай юраверади, бироқ Аллоҳ таоло уни ҳам Ўзи билиб жаҳаннам қаърига ташлайди”, дедилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, уни ўлдириш эса куфрдир”, деганлар. Фосиқлик - Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиш. Аллоҳ таоло:
“...Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва (бир-бирларингизни) лақаблар билан атаманглар! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир!...” (Ҳужурот, 11) дея, мўминларни ҳақоратлаш, мазах қилиш, улар ёқтирмайдиган лақаблар билан аташ фосиқлик эканини билдирмоқда.
Бошқаларни ҳақоратлаш ахлоқий разолат бўлиши билан бирга жамиятда ўзаро нафрат ва адоват уйғотади. Ислом дини жамият иттифоқига путур етказадиган ҳар қандай ишни қоралайди, одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган, ўзаро дўст бўлишга ёрдам берадиган ҳар қандай ишга тарғиб қилади. Бировни ҳақорат қилиш нафрат уйғотганидек, кишини у ёқтирган исм билан чақириш меҳр-муҳаббат пайдо қилади.
Халқимизда бир нақл бор: “Аввал ўйла, кейин сўйла”. Бу муборак пандларни ҳаётга татбиқ этиб, иложи борича яхши ишлар устида бўлиш, тил ва қалбимизни бирдай ислоҳ қилиш ва ўзимиздан яхши ном қолдириш насиб этишини ва зурриётларимизнинг ҳам одобли ва тарбияли бўлишларини Яратгандан сўраб қоламиз.
Усмонхон Алимовнинг
"Росулуллоҳнинг муборак васиятлари"китобидан