close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Полякларга бўлган зулм

1937 йил 11 август - Ежов НКВДнинг 00485-сон «Польша» буйруғига имзо қўйди, 143810 киши ҳибсга олинди, шундан 139835 киши қамалди ва 111091 отиб ташланди - бу СССР да яшаган этник полякларнинг ҳар олтинчисидир.

Гарчи совет террор аппарати ташкилотчиси поляк Феликс Дзержинский бўлиб, "органлар" - ВЧК, ОГПУ ёки НКВД бўлишидан қатъи назар - раҳбарлар таркибида уларнинг кўплаб юртдошлари бўлса-да, поляклар совет ҳукумати томонидан энг кўп қатағонга учраган халқлардан бири ҳисобланади. Совет репрессив тизимининг одатий механизмларидан ташқари, бу ерда икки мамлакат ўртасидаги анъанавий душманлик ҳам муҳим рол ўйнади. Совет раҳбарларининг Польшага ва полякларга ишонмаслиги, хусусан, Сталиннинг бу мамлакатга нисбатан шубҳа билан муносабатда бўлиши кўп асрлик тарихий низолар асосида шаклланган. 1772 ва 1795 ўртасидаги даврда уч марта бўлиб ташланган, унда чор империяси ҳар сафар Польша ҳудудининг катта қисмини қўлга киритган. 1830 ва 1863 йилларда рус золимларига қарши полякларнинг иккита миллий озодлик қўзғолони шафқатсиз бостирилган.
1920 йилнинг ёзида Ленин Қизил Армия қўшинларини Варшава томон йўналтирди. Бу дадил маневр деярли муваффақият билан якун топди, лекин кутилмаганда миллий ўзликни англаш тўлқини полякларга ғалабани таъминлади ва Совет Россияси 1921 йил Польша учун жуда қулай шартларда тинчлик шартномаси имзолашга мажбур бўлди. Ўша узоқ ўтмиш кунларида Қизил Армия учун мағлубиятга сабабчи бўлган ҳарбий нопрофессионализм намойиш этган Сталин бу шармандаликни ҳар доим эслаб юрарди, кейинчалик уни танқид қилган, ўша пайтлар эса Қизил Армияга раҳбарлик қилган Троцкий ва маршал Тухачевский (ўша пайтда Ғарбий фронт қўмондони бўлган) бунинг жазо олган. Шундай қилиб, совет раҳбарларининг, айниқса Сталиннинг Польшага, полякларга ва мустақилликни тиклашга ҳисса қўшган барча ижтимоий кучларга: дворянлар, армия ва руҳонийларга муносабати тушунарли бўлади.
Полякларни ҳатто совет фуқаролиги ҳам сақлаб қола олмади - қаерда яшаган бўлмасин, улар Сталин террорининг барча босқичларидан ўтишига тўғри келди: шпиономания, қулоқ қилиш, диний ва миллий озчиликларга қарши кураш, Катта террор, чегара зоналарини ва Қизил Армия ортини "тозалаш", ҳокимиятни Польша коммунистлари қўлига куч билан ўтказиш бўйича кўп сонли "тинчлантириш" ва унинг барча оқибатлари: меҳнат лагерларида мажбурий ишлар, ҳарбий асирлар устидан қатағонлар, "ижтимоий хавфли" элементларнинг оммавий депортация қилиниши...
1921 йил Рига тинчлик шартномаси қоидаларига мувофиқ амалга оширилган оммавий репатриация жараёни якунига яқинлашган 1924 йилга келиб, СССР ҳудудида тахминан 1100000-1200000 поляклар яшаган. Уларнинг аксарияти (900 000-950 000) Украина ва Белоруссия аҳолиси бўлган; тахминан 80%и XVII-XVIII асрларда Польша мустамлакачилик даврида кўчиб келган деҳқонларнинг авлодлари эди. Бир неча поляк жамоалари Киев ва Минск каби йирик шаҳарларда жойлашганди. Россиянинг ўзида 200 минг поляклар, асосан, Москва, Ленинград, Сибир ва Кавказда яшаган, улардан бир неча минг нафари коммунист-муҳожирлар эди, тахминан шунчаси – «қизиллар» томонида инқилобий ҳаракатлар иштирок этган ва ватанига қайтиб кетишни истамаган Польша фуқаролари эди. Қолганлари иқтисодий эмиграция натижасида Россияга келиб қолганди.
Икки мамлакат ўртасидаги душманлик Рига тинчлик шартномаси тузилгандан ва дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан сўнг ҳам давом этди. 1920 йил рўй берган Совет-Польша урушининг сўнгги воқеалари фонида коммунистлар ҳамма жойда империалистлар томонидан қамал қилинган "пролетар қалъаси" ғоясини тарқатарди. Бундай халқаро шароитда кўплаб поляклар қулай «нишон»га айлангани ва «айғоқчи овлаш» қурбонлари рўйхатини тўлдирганлиги ажабланарли эмас. Гарчи ҳақиқий жосуслар бармоқ билан санарли бўлса-да, 1924-1929 йиллар мобайнида юзлаб бундай гумонланувчилар отиб ташланган. Шу билан бирга, совет режими кенг диний компанияни амалга оширди - юзлаб католиклар қувғин қилинди, ўнлаб католиклар отиб ташланди ёки йўқолди.
Бу деҳқонлар коллективлаштириш қурбонлари орасида ҳам пайдо бўлди. Кейинчалик қабул қилинган расмий таснифга кўра, деҳқонларнинг 20%и "қулоқ" деб тан олинган, «подкулачник»лар сони улардан бироз каттароқ  бўлган. Украина ҳудудида яшовчи поляклар ҳукуматга қаршилик кўрсатдилар, лекин бу энг шафқатсиз тарзда бостирилди: тўлиқ аниқланмаган маълумотларга кўра, бу ҳудудларда яшовчи поляклар сони фақат 1933 йилнинг ўзида 25% га камайди. Беларус ҳудудида поляк деҳқон хўжаликларини қулоқлаштириш жараёни нисбатан қонсиз эди.
Юзеф Пилсудский томонидан 1915 йил Австрия-Венгрия ва Германияга қарши махфий фаолият учун ташкил этилган Польска Организация Войскова (ПОВ) 1918-1920 йилларда фуқаролик уруши қамраб олган ҳудудларда, хусусан, Украинада разведка мақсадларида фойдаланилган. Ташкилот фаолияти 1921 йилда якунланган. Кўп йиллар давомида «ПОВ иши» Польша Коммунистик партиясида ички кураш учун манбаи бўлиб хизмат қилди: "ПОВ иғвогари" тамғаси "троцкийчи" тамғаси каби ҳаёт учун хавфли эди. ОГПУ (кейинчалик ГУГБ НКВД) томонидан тузилган, ўша пайтлар совет маъмурий органлари, Коминтерн ва давлат хавфсизлиги хизматида ишлаган поляклар рўйхати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу рўйхатларга Украина ва Белоруссияда, иккита поляк автоном ҳудудларда яшовчи поляклар рўйхати ҳам қўшилган. Уларнинг биринчиси, Украина ҳудудида Юлиан Мархлевский (ПКП асосчиларидан бири, 1925 йилда вафот этган) номи билан аталган бўлиб, 1925 йилда ташкил этилган; иккинчиси эса 1932 йилда пайдо бўлган ва Феликс Дзержинский номи билан аталган. Ҳар бир ҳудудда маҳаллий маъмурият, матбуот, театрлар, мактаблар, поляк тилидаги нашрлар бор эди, улар биргаликда СССРга киритилган "совет Польшаси"ни ташкил этарди.
1935 йил сентябр ойида Киев, Минск ва Москвада расмий маълумотларга кўра, ПОВ агентлар тармоғини тугатиш учун мўлжалланган ҳибсга олишлар тўлқини бўлиб ўтди. Ушбу ҳаракат билан бир вақтда Польша минтақавий автономиясини йўқ қилиш бошланди. НКВДнинг поляк ходимларини ҳибсга олиш 1936-1937 йилларда бошланган ва катта террорнинг бир қисми бўлган. Дастлаб, давлат хавфсизлиги органларининг олий поғонадаги мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилди, кейин оддий аъзолар ҳам сўроқ қилина бошлади. 1937 йил июн ойида КПСС(б) Марказий қўмитасининг пленумида Н.Ежов иштирокчиларга ПОВ "совет разведка органларига кириб олгани" ва НКВД "поляк махфий жосуслик ташкилотларининг энг катта қисмини очиш ва йўқ қилиш"га муваффақ бўлганини маълум қилди. Юзлаб поляклар, шу жумладан, ПКП кўплаб раҳбарлари интерн қилинди, қўйилган айбловлар кейинчалик сўроқларда зўрлик билан мажбурлаб олинган ўз айбини тан олишлар билан таъминланди.
1939 йилгача СССР фуқаролари бўлган полякларга таъсир қилган икки оммавий қатағон компанияси амалга оширилди. Биринчиси -  1936 йил Украина ССР чегара ҳудудларидан (асосан Каменец-Подолск, Винница ва Житомир) 36 минг поляк Қозоғистонга депортация қилинди. Бу қатағонни қўллаш мезонлари сифатида расмий равишда поляк миллатига мансублик кўрсатилган ягона операция эди (шунингдек, СССР Халқ Комиссарлигининг 15 минг нафар поляк ва немис оилаларини кўчириш буюрилган қарори ҳам бор эди). Шарҳда тақдим этилган барча бошқа компанияларга тааллуқли директива ҳужжатларида расмий равишда миллий эмас, балки ижтимоий белгилар фойдаланилган бўлса-да, аслида қатағонлар биринчи навбатда полякларга қарши қаратилганди.
Иккинчи компания бу – 1937-1938 йилги «поляклар операция», Катта террорнинг таркибий қисмларидан бири бўлиб, расман «ёт унсурларга» (собиқ қулоқлар, аксилинқилобчилар, руҳонийлар, турли сиёсий партияларнинг собиқ аъзоларига) қарши йўналтирилган 00447-сон НКВД тезкор буйруғига, шунингдек, «миллий» операциялар ўтказиш ҳақида қатор буйруқларга асосланган. 1937 йил 11 августдаги 00485-сон буйруққа мувофиқ, қуйидагилар ҳибсга олиниши лозим бўлган: Польска Организация Войскова (ПОВ) аъзолари, СССР да 1922 йилдан кейин қолиб кетган поляклар – собиқ ҳарбий асирлар, барча қочоқлар, сиёсий муҳожирлар ва Польша билан сиёсий масалалар бўйича алмашинган шахслар, Польша социалистик партияси ва бошка партияларнинг собиқ аъзолари, СССР ҳудудидаги поляк туманлари фаоллари, уларнинг оила аъзолари. Н.В.Петров ва А.Б.Рогинскийнинг маълумотларига кўра, 1,6 миллион киши Катта террор қурбонига айланди, шундан 9%и ёки 144 минг киши 00485-сон «поляк» буйруғи бўйича ҳибсга олинди, улардан қарийб 140 минг киши суд қилиниб, 111 минг киши (79%) отиб ташланди. 00485-сон буйруқ асосида қатағон қилинганларнинг ҳаммаси ҳам поляклар эмас эди, лекин поляклар 1937-1938 йилларда бошқа операциялар бўйича ҳибсга олинганлар орасида ҳам кўп эди. Катта террорнинг 2 йили давомида қатағон қилинган поляклар сони 118–123 минг киши атрофида деб баҳоланади (СССРда яшаган поякларнинг деярли бешдан бир қисми).
1939 йил 17 сентябрдан кейин совет қатағонлари биринчи марта оммавий равишда бошқа давлат фуқароларини ҳам қамраб олди. Уруш эълон қилинмагани ва Польша армияси Қизил Армия қисмлари билан урушга киришмаганига қарамай, асир олинган ва СССР НКВД томонидан ҳарбий асирлар лагерларида ноҳақ ушлаб турилган поляк ҳарбий хизматчилари биринчи бўлиб қатағон қилинди. Жами 240-250 минг киши асир олинганди. Дастлабки 2 ой давомида уларнинг кўпчилиги уйига қўйиб юборилди, бир қисми – Германияга топширилди. 1939 йил декабрь ҳолатига ҳарбий асирлар  лагерларида 39 минг киши, жумладан, офицерлар, полициячилар, жандармлар, қамоқ соқчилари, чегарачилар колганди. Яна 5 минг киши Болтиқбўйи босиб олинганидан кейин, 1940 йил ёзида ҳарбий асирлар лагерига келиб тушди. Бу 1939 йил сентябрда Литва ва Латвияга ўтган ва у ерда интерн қилинган поляк ҳарбий хизматчилари эди. Шундай қилиб, узоқ вақт давомида советлар асирида бўлган поляк ҳарбий хизматчилари умумий сони 44 минг кишини ташкил қилди, жумладан, 15 минг киши учта офицерлар лагерларида ушлаб турилди ва 1940 йил апрель-май ойларида судсиз отиб ташланди.
1939 йил 17 сентябрдан кейин Белоруссия ва Украинанинг ғарбий вилоятларида ҳибсга олиш компанияси бошланди. НКВД давлат хавфсизлик Бош бошқармасининг статистика маълумотларига кўра, 1939 йил сентябрдан 1941 йил июнгача бу ерларда аксилинқилобий жиноятларда айблов бўйича 108 минг киши ҳибсга олинди, бу ерга шунингдек, Литва ССРда ҳибсга олинган, 1939 йилгача Польша фуқароси бўлган шахсларни ҳам қўшиш керак. Натижада 110 мингга яқин ҳибсга олинганлар ҳақида маълумотга эга бўламиз. Бу рақамлар ВКП (б) Сиёий бюросининг 1940 йил 5 мартдаги қарори бўйича судсиз отиб таланган 7305 нафар, эҳтимол, 11 минг кишини ҳам қўшиш мумкин бўлиб, бу қарорга кўра 1940 йилнинг баҳорида учта офицерлар лагерида ҳарбий асирлар отиб ташланди, шунингдек, Германия СССРга ҳужум қилганидан сўнг қамоқларни эвакуация қилишда 10 мингдан ортиқ маҳбус отиб ташланди.
1939–1941 йилларда энг оммавий қатағон тури бу – аҳолини СССРнинг ичкари ҳудудларига депортация қилишдир. Урушдан олдинги Польша давлатининг шарқий ҳудудларида бу пайтга келиб жами тўртта акция ўтказилган бўлиб, шундан учта кўчириш 1940 йилга тўғри келади:

1) февралда 140 мингга яқин поляк қамалчилари ва ўрмончилари ўз оилалари билан СССРнинг шимолий ва шарқий ҳудудларида НКВД махсус пунктларига олиб чиқилди;
2) апрель ойида кимдир қатағон қилинган, хусусан, ҳарбий асирлар лагерларида сақланувчиларнинг 61 минг оила аъзолари Қозоғистонга маъмурий равишда қувғин қилинди;
3) июнь ойининг охирида 78 мингга яқин махсус кўчирилган- қочқинлар депортация қилинди, улар махсус кўчирилган-камалчилар билан бир хил махсус аҳоли пунктларига ва ўша минтақаларга жойлаштирилди.

Тўртинчи операция - 1941 йил май-июнь ойларида депортация давомида, Германия билан уруш арафасида, 34-44 минг Польша фуқароси сургун қилинган, шунингдек Украина ССР ва БССРнинг ғарбий ҳудудларидан ташқари, қувғин Болтиқбўйи ва Бессарабияни Шимолий Буковина билан қамраб олган. Ҳаммаси бўлиб, 1940-1941 йиллар 320 мингга яқин Польша фуқаролари депортация қилинди.
СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1941 йил 12 августдаги фармони билан Польша фуқаролари амнистия қилинганидан кўп ўтмай, янги ҳибслар бошланди, хусусан Польшанинг СССРдаги элчихонаси ҳудудий ваколатхоналари ("делегатура") ходимлари ва 1943 йил "собиқ Полша фуқаролари"ни паспортлаштириш давомида Совет фуқаролигини қабул қилишдан бош тортганлар ҳибсга олинди. Ҳаммаси бўлиб, 1941 йилдаги амнистиядан сўнг ва 1944 йилгача 3 мингга яқин поляклар, уларнинг 1583 нафари Совет паспортидан воз кечгани учун ҳибсга олинган ва судланган.
1944-1945 йилларда Қизил Армия томонидан немис истилосидан озод қилинган Польша ҳудудларида ҳибсга олишларнинг янги тўлқини бошланди. Натижада 39-48 минг поляклар (шу жумладан, 15-20 мингта Армия Крайова - Польша оммавий коммунистик бўлмаган, германияга қарши яширин қуролли кучлари аъзолари) СССР ичкарисидаги ҳарбий асирлар лагерларига ва НКВДнинг филтрлаш лагерларига (ПФЛ) юборилган, бу ерда бир неча ойдан бир неча йилгача қамоқ интерн қилинганлар сифатида қамоқда бўлганлр.
1944-1945 йилларда ҳибсга олинган поляклар "интерн қилинганлар" сифатида ушлаб турилган, чунки ҳатто совет ҳарбий трибуналларида ҳам уларнинг ҳибсга олиниш сабаблари ҳукм қилиниш учун етарлича бўлмаган. Ўша пайтда ҳибсга олинган мингга яқин Польша фуқаролари турли муддатларга ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерларига қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди.
Собиқ Польша ҳудудларида полякларнинг ҳибсга олиниши ва СССРнинг ичкарисига депортация қилиниши урушдан кейин ҳам давом этди, аммо ҳали архив ҳужжатларидан уларнинг кўламини баҳолаш имкони йўқ эди, лекин тахмин қилиш мумкинки, бу қатағонлар 1939-1941 йилдагига қараганда анча кам бўлган. Кўринишидан, бундай ҳаракатларнинг энг сўнггиларидан бири Андерс армиясининг 4,5 мингта собиқ хизматчилари ва уларнинг оилаларини Иркутск вилоятига қувғин қилиш бўлган.
Кўриб турганингиздек, жами 1930-1950-йилларда Совет ҳукумати томонидан 670-720 мингга яқин поляклар ва Польша фуқаролари, шу жумладан 1939 йил 17 сентябрдан кейин 510-540 минг киши оммавий сиёсий қатағонларга дучор бўлган.

Ян Чеславич Макареевич (Абу Муслим) таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase