close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом сиёсати тарихи: қози ва ҳукмдорлар

"Ислом тарихи ва исломий сиёсий фикрга ихтисослашган олимлар ҳукмдор ва фуқаролар ўртасидаги муносабатни, масалан, шарқшунослар томонидан тасвирланганидек, оммага жабр-зулм қилган ҳолда мустабид ҳукмронлик ёки бошқа ҳар қандай кўринишларга эътибор қаратмасдан ўта олмасди.

Ушбу мақола исломий жамиятларда фуқароларнинг ҳукмдорлар олдида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга имкон берган ҳолда ривожланган тизимни кўриб чиқади. Гап суд тизими, яъни шахсларга қарамасдан мамлакат аҳолисини ҳимоя қилиш вазифаси юкланган институт ҳақида боради.
Қуръон ва суннатни яхши биладиганлар, бу муқаддас манбаларда ҳакамликнинг юксак мақсади белгилаб қўйилганлигини билишади:
«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир …» (Нисо сураси, 58);
«Улар орасида Аллоҳ нозил этган нарса ила ҳукм юрит. Уларнинг хоҳишларига эргашма ва улар сени Аллоҳ сенга нозил қилган нарсада фитнага солишларидан ҳазир бўл» (Моида сураси, 49);
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир…» (Моида сураси, 8).
Абу Бурайдадан у ўз отасидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган: «Пайғамбар саллоллоҳу  алайҳи васаллам: «Қозилар учтадир. Биттаси жаннатда. Иккитаси дўзахда Жаннатдагиси ҳақни таниб туриб у ила ҳукм қилганидир. Ҳақни таниб туриб ҳукмда жавр қиладигани дўзахдадир» де-дилар.
Шундай қилиб, Қуръон ва Пайғамбарнинг суннатлари исломий суд ишларининг асосини белгилайди. Бу ҳар қандай шароитда ва барча одамларга, ҳатто душманларга нисбатан қўлланиладиган мутлақ адолатдир - бу бошқа ҳеч қандай омилларга, ҳатто кучга қарамасдан, судя раҳбарлик қилиши керак бўлган ягона ўзгармас қонундир. Шунингдек, муқаддас китобларда унинг нариги дунёдаги тақдири ҳаётида бевосита судянинг адолатига боғлиқ эканлигига алоҳида эътибор қаратилади.

Қозилар тарихи: тарихдан мисоллар

Сиёсий нуқтаи назардан, мусулмон суд тизими тарихи судялар томонидан ҳам, ҳукмдорлар томонидан ҳам мустақиллик тамойилларининг намоён бўлишидир. Ислом судялар томонидан қарор қабул қилишда мустақиллик тамойилини ҳурмат қилишга чақиради.
Илк мустақил қозилар (судялар) иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб даврида тайинланган ва мусулмон давлати вилоятларида ишлаган. Маҳаллий ҳукмдорлар судяларга таъсир ўтказа олмаган, аксинча, уларнинг ўзи судялар назорати остида бўлган.
Умаййилар худди шундай сиёсатга риоя қилишган, улар даврида судялар ижроия ҳукумати ва ҳатто халифа томонидан ҳам чекловларни билишмаган.
Аббосийлар халифаси Ҳарун ар-Рашид (876 й.) даврида қози ал-қудат (судялар судяси) лавозими жорий қилинган бўлиб, унга Абу Юсуф тайинланган. Унинг ихтиёрига нафақат бутун суд тизими, балки маҳаллий ҳукмдорларни тайинлаш ва ишдан бўшатиш, суд қарорлари бажарилишини назорат қилиш ва халифа ёки унинг ёрдамчиларининг аралашувисиз ҳукмдорларнинг иши билан боғлиқ барча ҳуқуқий масалалар билан шуғулланиш ҳам тақдим этилган.
Ижроия ҳокимиятидан мустақиллик тамойили кейинчалик ҳам кузатилди. Бу ҳолатнинг энг ёрқин далилларидан бири қози Сувар ибн Абдуллоҳнинг ва мусулмонлар тарихидаги энг қудратли ҳукмдорлардан бири, халифа Абу Жафар Ал-Мансурнинг (712-775 йй.) ёзишмалари ҳисобланади.
Ал-Мансур Суварга Басраша шундай деб ёзган эди: "Савдогар ва ҳарбий қўмондон ўртасидаги ер ҳақидаги баҳсни кўриб чиқинг ва уни ҳарбий қўмондонга беринг". Сувар жавоб беради: "Мен назаримда, бу ер савдогарга берилиши керак ва токи нима учун шундай қилиш кераклиги ҳақида далилларни кўрмагунимча, уни ҳеч кимга бермайман". Мансур шундай деб туриб олди: "Аллоҳ номи билан қасам ичаман-ки, уни ҳарбий қўмондонга берасан". Аммо Сувар бунга қуйидагича жавоб беради: "Мен эса Аллоҳ номи билан қасам ичаман-ки, уни савдогардан олиб қўймайман, агар фақат адолат юзасидан шудай бўлса". Ушбу мактубни Мансурга топширилганида, у шундай деди: "Бу ерларда адолат шунчалик кўп-ки, ўз судяларим мени адолатга қайтаришади".
Судялар ижроия ҳокимиятидан мустақиллигига қатъий ишонарди, чунончи, Бағдод қозиси Абу Ҳамид Ал-Исфараиний (406 ҳижрий йили) аббосийлар халифасига мурожаат қилиб, агар суд қарорларини бажармаса, уни лавозимидан четлатиш билан таҳдид қилди. Ҳукмдор амалдорга қуйидаги мазмунда кескин хат юборди: "Билингки, мени Аллоҳ томонидан берилган лавозимдан олиб ташлаш учун кучингиз йўқ, мен эса сизни билан бу ишни қила оламан – Хуросонга бир оғиз сўз ёзишим кифоя".

Қонун устуворлиги

Қонун устуворлиги – суд тизими қудрати ва адолатнинг иккинчи устунидир. Бу нафақат судялар, балки ҳукмдорлар ҳам риоя қиладиган тамойил бўлиб, буни ислом тарихидан кўплаб мисоллар ҳам тасдиқлайди. Бу тамойил асрлар давомида мусулмонлар унга риля қилиб келган ва ижтимоий ёки сиёсий мавқеидан ва динидан қатъи назар, қонун олдида умумий тенгликни белгилайдиган Исломий шариатга чуқур кириб бораётганини эслатиш шартми?
Кунлардан бир кун қози Абу Юсуфнинг олдига халифа Харун Ал-Рашид унинг боғини эгаллаб олгани устидан даъво қилган киши келди. Абу Юсуф ҳукмдорни чақирди ва шикоятчидан ўз сўзларининг далилларини тақдим этишни сўради. "Менда ҳеч қандай далил йўқ, халифа қасам ичсин", - деди у, халифа эса бунга жавоб берди: "Боғ меники, уни мен учун халифа ал-Маҳдий сотиб олган, лекин менда ҳеч қандай ҳужжат йўқ". Абу Юсуф халифага уч марта қасам ичишни буюрди, лекин халифа рад этди, кейин судя боғни даъвогарга олиб боришга қарор қилди.
Ҳажни тугатгандан сўнг, Халифа Ал-Мансур, улар рад этишган бўлса-да, Левантга ҳаммолларни олиб кетмоқчи бўлди. Улар Мадина қозиси Муҳаммад ибн Умрон Ал-Талхига шикоят қилдилар. Қози халифани суд мажлисига чақирди, унинг номини "халифа" унвонини қўшмасдан айтди, уни тик турган ҳолда қарши олмади ва ҳаммоллар фойдасига қарор қабул қилди. Бундай маомалага қарамасдан, халифа Ал-Мансур ҳар доим ҳакамнинг барча қарорларига рози бўларди ва ҳеч қачон эътироз билдирмасди.
Ҳукмдорлар ўзларининг хоҳишларига қарши бўлса ҳам, қонун устуворлигига риоя қилишдан манфаатдор бўлгани ҳақида кўплаб мисоллар мавжуд. Мисол учун, Қуртуба ҳукмдорининг амакиси Ҳакам ибн Ҳишам Саид Ҳайр бир киши билан баҳслашиб қолди, бироқ унинг амирдан бошқа ҳеч қандай гувоҳи йўқ эди. Ҳукмдор ҳакамга ўз гувоҳномасини ёзма равишда юборди, лекин у номани қабул қилмади. "Бу кўрсатмалар мен учун ҳеч нарсага арзимайди", - деди қози. Амирнинг амакиси ғазабланди, лекин у унга: "Қози - ҳалол инсон, у ишларни адолатли кўриши билан танилган, мен унга қарши чиқа олмайман ва унинг йўлида туриб, мусулмонларга хиёнат қила олмайман. Шунинг учун мен унинг қарорини қабул қилишингиз керак деб ўйлайман". Натижада, Амир ҳакамга ҳурматсизлик барча мусулмонларга хиёнат қилиш ва халқни ҳақорат қилиш бўлади деб ҳисоблади.
Ҳукмдорнинг судяга нисбатан ҳурмат билан муносабатларининг яна бир мисоли, Айюбийлар сулоласининг асосчиси Салоҳиддин Айюбий томонидан унинг яқинларидан бири уни алдаган одамга шикоят қилганида кўрсатилди. Салоҳиддин шундай деб жавоб берди: «Агар мусулмонларда адолатга ва Аллоҳнинг қонунига асосланган ҳолда ҳукм чиқарадиган қози бўлса, нима ҳам қилишим мумкин, мен шариатнинг оддий бандасиман. Эҳтимол, одил суд сиз тарафда бўлади, эҳтимол бўндай бўлмайди».

Адолатсиз ҳукмдорлар

Ҳукмдорлар қонунга қарши чиқишни хоҳлаган тақдирда ҳам, улар нафақат судялар институтига, балки судяларнинг мустақиллигидан манфаатдор бўлган бутун жамиятга қарши туришини ва суд қарорига итоатсизликни ўзига ташланган даъват сифатида қабул қилишини биларди.
Мисол учун, ал-Малик ал-Комил ал-Аюбий (1180-1237) гувоҳ сифатида судга чақирилганда, судя Ибн Айн ал-Даул унинг гувоҳлигини қабул қилишдан бош тортди. Султон сўзларини яна такрорлади, лекин қози уларни қабул қилиш мумкин эмас деб туриб олди. Кейин Султон ғазабланиб: "Менинг гувоҳлигимни рад қилишга қандай журъат этдингиз", деди. Бунга судя истеъфога чиқишини айтади. Жамоатчиликнинг ғазабидан қўрқиб, султоннинг маслаҳатчилари унга халқ орасида тартибсизликларни келтириб чиқармаслик учун судяга бўйсунишни тавсия қилишди.
Бу ҳолат жамиятнинг ҳукуматга таъсир ўтказиш воситаларини сақлаб қолишдаги катта қизиқишини кўрсатади. Судялар, биринчи навбатда, жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилиш орқали буни тушунишди ва қўллаб-қувватлашди.
VI асрда яшаган ҳанафий мазҳаб вакили, таниқли ҳуқуқшунос ал-Касаний «Бадаи ас-санаий» асарида исломий ҳуқуқшунослар судяларнинг ҳукумат томонидан тўхтатилишига йўл қўймаслик ва судяларнинг мустақиллигини кафолатлаш учун юридик ва ҳуқуқий чоралар кўрганлигини таъкидлайди. Бунга мисол бўлиб мисрлик қози Тауба ибн Намр ал-Ҳадрамий (115-120 ҳижрий йиллар) илгари уларнинг эгаларига тегишли бўлган вақфларни судларининг юрисдикциясига бўйсунтирганлиги химат қила олади. У шундай деб таъкидлаган: «Бу мулк фақат камбағалларга ва муҳтожларга сарфланади, шу сабабли уни йўқотмаслик учун уни ўз қарамоғимга оламан».
Яна бир муҳим институт ижтимоий ёки сиёсий жиҳатдан устун бўлган одамлардан зарар кўрганларнинг ишларини кўриб чиқадиган суд эди. Ушбу суд ҳеч ким қонунни бузиш ва бировнинг ҳуқуқларини бузиш орқали ўз мавқеини суиистеъмол қила олмаслигини таъминлаган. Бир куни бундай судда жавобгар сифатида унинг устидан бир жангчи шикоят қилган Султон Байбарс қатнашиши керак эди. Гап амир ҳамма фойдаланиши учун қазишни буюрган қудуқ ҳақида эди, лекин амир вафот этгач, бу жангчи қудуқнинг қурилишини тугатишга имкон берадиган харажатларни тўлаган, шунинг учун агар сарфланган харажатлар қопланмаса, у қудуқни жамоат мулкига ўтказишдан бош тортганди. Натижада, суд султонга қарши қарор чиқарди ва унга жангчининг харажатларини қоплашни буюрди. Бу иш одамларнинг адолат ва қонун устуворлигига бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Кўриб турганимиздек, мусулмон жамиятлари ўз мустақиллигини ҳукуматдан ҳимоя қилиш воситаларини топишга интилиб, Қуръон ва Суннатга мурожаат қилишган. Улар суд ҳокимиятини ва уни амалга ошириш институтларини яратдилар, бунда одил суднинг амалга оширилишига судялар ҳам, ҳукмдорлар ҳам ҳисса қўшганлар.

Манба: OnIslam
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase