close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Азон учун берилган ҳаёт. Туркия бош вазири нима учун қатл этилган?

1960 йил 27 май куни Туркияда ҳарбий тўнтариш амалга оширилиб, унинг натижасида мамлакат президенти, бош вазири, бошқа вазирлар ва парламент аъзолари ҳибсга олинди ва суд қилинди.Бу кун Туркия тарихида «қора кун» деб аталади, унинг қизиқарли тарихи бор.

Гап шундаки, Туркия республика деб эълон қилинганидан кейин унда бир партияли тизим ўрнатилиб, фақат битта партия – замонавий таркибий қисм давлати асосчиси Мустафо Камол Отатурк томонидан асос солинган Республика халқ партияси монополияга эгалик қилган.
Бироқ 1945 йил мамлакатда янги партиялар ташкил қилишга рухсат этилгач, вазият ўзгарди.
Бундан РХП собиқ аъзолари Аднан Мендерес, Жалол Байяр, Меҳмед Фуад Кўпрулу ва Рафиқ Қоралтан фойдаланиб қолди.
Улар 1946 йил Туркия жамият ҳаётини демократлаштириш ва иқтисодий ислоҳотларни бошлашга даъват билан демократик партияга асос солдилар.
Туркия аҳолиси асосан бир партиянинг сиёсий монополиясидан чарчаган. Бунинг устига, мамлакат иқтисодий ҳолатига Иккинчи жаҳон уруши асоратлари ҳам акс этди: гарчи Туркия жанг қилмаган бўлса-да, унинг иқтисодиёти Европа билан йўлга қўйилган савдо алоқалари узилишидан кучли зиён кўрганди.
Демократик партия одамларга иқтисодий кўтарилишни ва демократик эркинликларни ваъда қилди.
1950 йил Демократик партия Парламент сайловларида ғолиб чиқди ва янги ҳукумат шакллантирди. Спикер лавозимини Рафиқ Қоралтан, президент лавозимини – Жалол Байяр, бош вазир лавозимини эса – Аднан Мендерес эгаллади.
Янги бош вазирнинг илк фармойишларидан бири араб тилида азон айтилишига қўйилган тақиқнинг бекор қилиниши бўлди. Бунгача 18 йил давомида Отатуркнинг буйруғи бўйича азон турк тилида айтиларди.
Таъкидлаш жоизки, Туркияда республика эълон қилинганидан сўнг камолчилар жамият ҳаётидан динни тўлиқ сиқиб чиқариш учун шафқатсиз кураш эълон қилдилар.
Дин давлатдан ажратилганди. Усмонлилар тарихи билан ҳар қандай алоқани узиш мақсадида араб алифбоси лотин алифбосига алмаштирилди. Диний таълим муассасалари ҳукумат назорати остига олинди. Ҳатто дам олиш куни ҳам жумадан якшанбага кўчирилди.
Ҳаттоки исломий либослар тақиқланди, анъанавий фескалар ўрнига қонунчилик тартибида европача русумдаги шляпалар жорий қилинди.
Европа либосларининг мажбурий равишда жорий қилинишига қарши чиққан, бундай амалиётни тўлиқ қоралайдиган китоб чиқарган ислом уламоси Атиф Хўжа суд томонидан осиб ўлдиришга ҳукм қилинади. Уни қўллаб-қувватлаган уламолар турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Бу Мендереснинг динга нисбатан секуляр ҳужумни заифлаштиришга бўлган интилишини янада мазмунли қилади. Унинг ҳукмронлиги даврида радио орқали диний эшиттиришларга рухсат берилди, у Отатурк партияси вакиллари даврида ақл бовар қилмайдиган мусулмон ҳокимиятлари билан тез-тез мулоқот қилишдан тортинмади.
Шариат қонунларини қайта тиклаш истагида эканликдаги айбловларга жавобан Мендерес давлатнинг дунёвий томони динни тан олишни тақиқлашдан кўра, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни англатади,  деб жавоб берди.
Иқтисодий соҳада Мендерес Туркия иқтисодиётининг йиллик 12% ўсишини таъминлаган ислоҳотлар ўтказди.
Унинг ҳукумати мамлакат иқтисодиётининг асоси бўлган қишлоқ хўжалигига йирик инвестициялар киритди. Кўплаб инфратузилма объектлари, жумладан, йўллар, суғориш тизимлари, йирик электр станциялари қурилди. Қурғоқчиликдан азият чеккан Анатолиянинг кўплаб қишлоқлари ичимлик суви билан таъминланди. Мендерес ўз фаолиятида АҚШ ва СССР ўртасида моҳирлик билан ҳаракат қилиб, иккала томондан ҳам ёрдам олди.
Бир томондан, у НАТО билан фаол ҳамкорлик қилди, бошқа томондан  эса – ижтимоий адолат ғояларига қизиқиш билдирарди ва Совет Иттифоқидан иқтисодий ёрдам оларди.
Муваффақиятли иқтисодий сиёсат Демократик партияга яна икки марта парламент сайловларида ғолиб чиқиш ва 10 йил давомида ҳукумат тепасида қолишга имкон берди. Буларнинг барчаси ҳукуматга монополияни қўлдан чиқаришни истамаган ва 1960 йил ҳарбий тўнтариш уюштиришга қарор қилган камолчиларнинг жаҳлини чиқармаслиги мумкин эмасди.
Туркия демократик партияси тарқатиб юборилди, Мендерес ва унинг яқин сафдошлари ҳибсга олинди ва суд қилинди. Уч киши – Мендереснинг ўзи, молия вазири Ҳасан Полаткан ва ташқи ишлар вазири Фатин Зорлу ўлим жазосига ҳукм қилинди ва осиб ўлдирилди. Юзлаб собиқ парламент аъзолари ва ҳукумат вазирлари турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Бироқ турк халқи Мендерес ва унинг мамлакатни демократлаштиришга қўшган ҳиссасини унутмади.
1990 йил Мендерес, Полаткан ва Зорлу реабилитация қилинди. Мамлакатда аэропорт ва университет Мендерес шарафига номланди. Ўтган ҳафта эса Туркиянинг ҳозирги президенти Ражаб Эрдўған Мендерес ва унинг сафдошлари қатл этилгунга қадар ушлаб турилган камоқ жойлашган Яссиада оролида Озодлик ва Демократия ёдгорлик комплекси ташкил қилиниши ва унинг экспозицияларида 1960 йил 27 май ҳарбий тўнтариши қурбонлари ҳақида хотира акс этишини маълум қилди.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase