close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Усмонийларнинг Марж Добиқда мамлуклар билан қонли тўқнашуви

Ҳижрий 922 йил ражаб ойининг 25-санасида (1516 йил 3 сентябрь) султон Салим I бошчилигидаги усмонийлар қўшини ва султон Қонсуҳ Ғаурий томонидан бошқарилган мамлуклар қўшини ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди.  Усмонийлар империяси ва Миср ўртасидаги муносабатлар Чодирон жангида сафавийлар сулолоаси тор-мор келтирилгандан кейин кескинлаша бошлаган.

Иккала мамлакат ҳал қилувчи жангга тайёрлана бошлади. Миср султони фаоллик билан қўшин тўплай бошлади, бу эса шундай вазиятга олиб келдики, далада ишлайдиган одам қолмади, чунки султон ҳаттоки деҳқонлар – феллахларни ҳам сафарбар қилишга буйруқ берганди. Бу амирларда норозилик туйғуси уйғотди ва Қонсуҳ Ғаурий ўз қарорини бекор қилишга мажбур бўлди. Султон ўзининг бор нарсасини тикканди, чунки у нима қилиб бўлса ҳам, усмонийлар империяси сиёсий таъсиридан чиқиш учун унинг қўшини устидан ғалаба қозонишни истарди.
10 июль куни, юриш бошланганидан икки ой ўтгач, султон Суриянинг Ҳалаб шаҳрига кириб келди. Усмонийлар армияси бир неча ҳафтадан кейин Салим I қўмондонлиги остида Сурияга бостириб кирди ва Ҳалаб томон йўл олди. Ҳал қилувчи жанг учун жой сифатида Марж Добиқ водийси танлаб олинди.
Тасарруфида ўша пайтдаги энг кучли кавалерияга эга бўлган Миср султони ғалаба қозонишига ишончи комил эди. Биринчи босқичда устунлик асосан мисрликлар томонида бўлди. Бироқ турклар шиддатли кавалерия ҳужум қилишига тайёргарлик кўриб, 300 та аравадан иборат кўчма фортификация иншоати қурган эди. Усмонийлар қўшинининг асосий устунлиги бўлган тўплар ҳисобланиб, улар туфайли мисрликлар отлиқ қўшини катта талофат кўрди.
Кавалерия энг янги қуроллар ва туркларнинг мудофаани моҳирона ташкил қилиши олдида кучсиз эди. Мисрликлар ҳужумлари тўхталиб қолди ва улар орқага чекинишди. Мағлубият муқаррар эканини тушунган Султон Қонсуҳ Ғаурий, айрим кишиларнинг гувоҳлик беришича, жанг майдонида узугига яшириб олган заҳарини ичиб ўлади.
Миср султонининг тасарруфида 80 мингта аскар бўлгани, усмонийлар қўшини эса 65 минг аскаридан иборат бўлишига қарамасдан, аниқ стратегия, илғор қурол ва қатъий интизом турк армияси ўша пайтда энг яхши Миср отлиқларини мағлуб этишга имкон берди. Миср қўшинлари бутунлай йўқ қилинди, чунки ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони 72 минг кишини ташкил қилди, усмонийлар армияси деярли беш баробар камроқ зарар кўрган - 13 минг киши ҳалок бўлган ва яраланган. Бу уруш кейинчалик қисқа вақт ичида Шом, Миср ва Ҳижозни тўлиқ қўшиб олган усмонийлар империясининг зафарли йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Марж Добиқ водийсидаги жанг ғалабанинг асосий таркибий қисмлари энг янги қуроллар ва ҳарбий интизом саналишининг ёрқин намунасидир. Усмонийлар европаликлардан мукаммал қуролларни ишлаб чиқариш учун янги технологияларни ўзлаштириб олганди, шунингдек, ўз технологияларини ҳам ривожлантирганди. Бу икки асосий омил XVII аср охирига қадар турк армияси узоқ вақт давомида катта афзалликларга эга бўлишига хизмат қилди.

Абу Муслим таржимаси

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase