Қуёш тизимидаги барча сайёралар ва жисмларнинг массаси Қуёш массасининг 0,1 фоизини ташкил этади. Шунинг учун Қуёш ўзаро таъсир кучи билан тизимнинг ҳамма аъзолари ҳаракатини бошқаради.
Қуёш сариқ юлдузлар синфига мансубдир. Унинг массаси ~ 2-1030 кг, радиуси 696 000 км, маркази атрофида ~ 15 миллион, устки қисмида ~ 6 минг градус ҳароратга эга. Унинг ўртача зичлиги ~ 1,4 г/см3, маркази атрофида эса 130 г/ см3 га яқин. Қуёшда ~ 71 фоиз водород, ~ 27 фоиз гелий ва ~ 2 фоиз бошқа кимёвий элементлар бор. Юлдузлар ва Қуёшнинг кимёвий таркибини ўрганиш шуни кўрсатадики, уларнинг ҳаммасидаги асосий элемент водород бўлиб, зичлиги 130 г/см3 га яқин бўлган марказ атрофидаги термоядро реакциясида иштирок этади. Унинг натижасида 4 та водород ядросидан битта гелий ядроси ва 2 та позитрон ҳамда маълум масса ортиб қолади. Бу масса Қуёш нурига айланади ва бир сонияда 300 минг км тезлик билан коинотга тарқалади.
Қуёш “Сомон йўли” галактикасидаги юлдузлардан ўлчами жиҳатидан анча кичикдир. Юлдузлар тўплами Геркулеснинг“Альфа” номли энг катта юлдузининг диаметри Қуёш диаметридан 800 марта катта. Бундан ташқари, шундай юлдузлар борки, уларнинг ёритувчанлик даражаси Қуёшнинг ёритувчанлик даражасидан 10 минг марта катта. Қуёшни кузатиш натижасида унинг сирти мураккаб тузилишга эга эканлиги ва бир неча қатламлардан иборатлиги аниқланган. Қуёшнинг фаоллиги унинг сиртида кузатиладиган кўп ҳодисаларга боғлиқ. Қуёшдаги доғлар зарядланган зарралар манбаидир, улар узоқ масофаларга отилиб чиқади ва Қуёш шамолини ҳосил қилади.
Қуёш тизимининг келиб чиқиши ҳақида бир неча назариялар мавжуд. Бу назарияларнинг ҳаммаси илмга маълум бўлган қуйидаги асосий хусусиятларни назарда тутади: тизимнинг асосий массаси Қуёшда тўпланган; сайёралар ва йўлдошларининг айланиш орбиталари эллипсга яқин ва деярли бир текисликда ётади; улар орасидаги масофа маълум қонуният асосида ортиб боради. Венера ва Урандан ташқари деярли ҳамма сайёралар фақат Қуёш атрофидагина эмас, балки ўз ўқлари атрофида ҳам бир хил йўналишда айланади. Қуёш тизимидаги барча сайёралар ва уларнинг йўлдошларини ташкил қилган моддалар таркиби бир-бирига яқин.
Ҳозирги даврда Қуёш тизимининг келиб чиқиши ҳақида 1960 йилда яратилган қуйидаги назария энг тўғри ҳисобланади. Сайёралар - бундан ~ 5 миллиард йил аввал шаклланган Қуёш атрофида зарралари турли-туман орбиталар бўйлаб бир томонга айланиб юрган жуда катта ва совуқ газ-чанг булути моддаларидан пайдо бўлган. Вақт ўтиши билан бу булутнинг шакли ўзгариб борган, зарраларнинг тўқнашишлари ва ўзаро энергия алмашиши шунга олиб келганки, бунда булут аста-секин яссилана борган, зарраларнинг орбиталари эса эллипсга яқинлашган. Йирик, асосан, оғир элементларнинг бирикишидан ҳосил бўлган зарралар ўзларига майдаларини қўшиб олган. Бир томонга йўналган ҳаракат кўпайиб борган. Модданинг қуюқланган бўлаклари ҳосил бўлиб, улар қалинлиги диаметрига қараганда минглаб марта кичик бўлган диск шаклида тақсимланган. Энг йирик қуюқланган бўлакларнинг массаси тез ортиб борган. Сўнг модданинг ҳар хил катталикда ҳосил бўлган дастлабки бўлакларининг кўпчилигидан йирик осмон жисмлари - сайёралар пайдо бўлган. Бўлажак сайёраларни ўраб олган зарралар тўпламидан уларнинг йўлдошлари вужудга келган.
Сайёралар асосан (1-расм) ички (Меркурий, Венера, Ер ва Марс) ва ташқи (Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептун) гуруҳларга бўлинади ҳамда улар ўз хусусиятлари билан бир-бирларидан тубдан фарқ қилади. Ички сайёраларнинг ўртача зичликлари 4,0 5,6 г/см3, ташқи гигант сайёраларнинг зичлиги 0,7-1,6 г/см3 бўлиши уларнинг бошқа-бошқа моддалардан ташкил топганлигини билдиради.
Қуёш яқинидаги булутнинг кучли қизиши гелий ва водороднинг марказдан чет соҳалар-га тарқалиб кетишини тезлаштирган ва Ер гуруҳидаги сайёраларда улар деярли сақланиб қолмаган. Газ-чанг булутининг Қуёшдан узоқда жойлашган қисмларида паст ҳарорат ҳукм сурганлиги туфайли, у ердаги газлар музлаб қаттиқ зарраларга айланган. Таркибида водород ва гелий кўп бўлган бу зарралардан гигант ташқи сайёралар вужудга келган. Булутнинг Қуёшдан узоқдаги қисмининг ҳажми ва массаси Ер туридаги сайёраларни вужудга келтирган бўлиб, газ-чанг ҳажмидан ва массасидан анча катта ва кўп бўлган. Шунинг учун ҳам гигант сайёралар катта массага эга. Майда жисмлар - астероид, комета ва метеоритларнинг пайдо бўлиши - ҳамма бошланган куртаклар ҳам сайёраларга ва уларнинг йўлдошларига айлана олмаганидан далолат беради.
Қуёшга энг яқин сайёра Меркурийдир. У кичик тоғли дунё. Унда бир қанча қорамтир жойлар ва кўплаб кратерлар мавжуд, аммо унда на атмосфера, на сув бор. Зичлиги Ерникига жуда яқин. Унинг йўлдоши йўқ.
Венера - туманли доғлардан иборат оқ шар. У деярли бутунлай оқ булутлар қатлами билан қопланган. У ердаги оқ булутлар сув буғларидан эмас, туз кислотаси буғларидан иборат. Булутлар остида эса таркиби нафас олиш учун яроқсиз карбонат ангидрид газларидан иборат атмосфера мавжуд. Бу атмосфера кўрпа сингари Қуёш нурини ютади, натижада сайёра юзасидаги ҳарорат 500 градусгача кўтарилади. Шунинг учун ҳам унда сув йўқ. Унинг ҳам йўлдоши йўқ.
Марс - ундаги саҳролар рангига қараб, уни қизил сайёра деб аталади. У Ердан икки марта кичик, унинг юпқа атмосфераси карбонат ангидрид газидан таркиб топган. Унда бирор ҳаёт нишонаси йўқ. Бунинг сабаби ундаги ҳароратнинг жуда совуқлиги билан боғлиқ бўлса керак. Унинг иккита йўлдоши бор.
Юпитер - асосан 80 фоиз суюқ водороддан иборат, атмосфераси жуда қалин ва зич бўлиб, метан, аммиак, водород ва гелийдан ташкил топган. Унинг юзга яқин йўлдоши бор.
Сатурн - асосан суюқ водород ва гелийдан таркиб топган. Унинг атрофида 20 га яқин йўлдошларидан ташқари, жуда майда жисмлардан иборат бир қанча ёрқин ҳалқалари бор. Бу майда жисмлар сайёра атрофида ўз орбиталари бўйича ҳаракат қилади.
Уран - Сатурнга ўхшаб, асосан, суюқ водород ва гелийдан таркиб топган. Унинг ҳам нисбатан қорамтир ҳалқалари бор.
Нептун - хира яшил сайёра. У ҳам суюқ водород ва гелийдан ташкил топган.
Ер гуруҳидаги сайёралар Ер каби металлар ва металмасларнинг оксидларидан, гигант сайёралар, асосан, суюқ водород ва гелийдан ташкил топган. Гигант сайёралар ички сайёраларга қараганда ўз ўқлари атрофида жуда катта тезлик билан айланади.
Астероидларнинг кўпчилиги Марс ва Юпитер оралиғида жойлашган, шунинг учун уларда газларнинг музлаган парчалари йўқ ва улар, асосан, енгил элементлар ва уларнинг қотишмалариданташкил топган.
Кометалар эса Қуёш тизимининг четида ва ташқи сайёралар атрофида, қаттиқ ва газлардан тузилган катта муз парчалари аралашмаси шаклида мавжуд.
Метеоритлар эса Қуёш тизимининг ҳамма ерида мавжуд бўлган кичик осмон жисмларидир, улар астероидларнинг бир-бири билан тўқнашиши натижасида вужудга келган.
Ер ҳамда Қуёш тизимининг келиб чиқиши ҳақидаги масалани ҳал қилишда қийинчиликлар шундан иборатки, бунга ўхшаш тизимларни ҳозирча бевосита кузата олмаймиз. Лекин охирги йилларда техника жадал ривожланиб, коинотни кузатиш юз фоиз автоматлаштирилиши туфайли, бир кунда минглаб галактикалардаги милли-ардлаб юлдузларни кузатиш натижаларига кўра, галактикалардаги юлдузларнинг ҳар ўнтасидан биттасида сайёралар борлиги аниқланган. Қуёш тизимига ўхшаш тизимларнинг коинотда кенг тарқалганлиги ва уларнинг пайдо бўлиши тасодифий эмас, балки қонуний ҳодиса эканлигига қарамай, ҳозирча олимларда уни таққослайдиган далиллар йўқ.
Ҳозирда компьютерлар ёрдамида олиб борилган ва магнит майдони ҳамда бошқа бир қатор далилларни ўз ичига олган ҳисоблашлар сайёралар тизимининг бундан тахминан 4,6 миллиард йил аввал ёш Қуёшни қуршаб олган газ-чанг булутидан пайдо бўлганини тушунтириш имконини берди. Ҳозирда бундан 5 миллиард йил аввал ёш Қуёшни қуршаб олган газ-чанг булутларининг кимёвий таркиби тўғрисида жуда қизиқарли аниқ маълумотлар тўпланган. Бу маълумотлар сўнаётган юлдузлардан ва коинотда тўпланган газ-чанг булутларидан чиқаётган нурларнинг спектрларини ўрганиш орқали олинган.
Умарбек Абдурахмановнинг
"Қуръон оятлари мазмуни..." китобидан