"Туркия Россия гази туфайли Европа учун газ хабига айланмоқда" - Швейцариянинг Neue Zuercher Zeitung шундай сарлавҳа билан чиқди.
Руслар Қора денгиз туби орқали газ қувурини режалаштирилгандан ҳам тезроқ ўтказдилар. "Турк оқими" бу оддийгина газ қувури эмас, балки Анқара ва Москва ўртасида умумий манфаатлар сиёсатининг рамзи ҳамдир, деб ҳисоблайди мақола муаллифи Андреас Эрнст.
"Янги лойиҳа – Брюссель томонидан тақиқлаб қўйилган «Жанубий оқим» газ қувурининг ўрнини эгаллайди, - қайд этади журналист. "Турк оқими" бўйлаб Россия гази Европа иттифоқи ташқи чегараларигача етиб боради, европаликлар у ердан газни қандай олиб кетиш ҳақида ўзлари бош қотиришларига тўғри келади. "Бунинг қандай рўй бериши ҳозирча аниқ эмас. Айрим маълумотларга кўра, "Газпром" Европалик ҳамкорлар билан Греция ва Италия ўртасида газ тармоғи ўтказиш ҳақида музокаралар олиб бормоқда", - хабар беради муаллиф.
"Туркия учун янги газ қувури жон деб кутилган мақсад ҳисобланади. Мамлакатнинг энергетика ресурсларига эҳтиёжи, иқтисодий инқирозга қарамай, ўсиб бормоқда. (...) Бироқ турклар газни истеъмол қилиш билангина чекланиб қолмоқчи эмас (...). Президент Эрдўғон унинг мамлакати Европа учун муҳим газ хабига айланиши ҳақида орзу қилади", - дейилади мақолада.
"Россия «Турк оқими» қурилиш лойиҳасини амалга оширар экан, нафақат иқтисодий, балки стратегик мақсадларни ҳам кўзламоқда: янги газ қувури Россия газини транзит қилувчи сифатида Киевнинг позициясини заифлаштирмоқчи", - қайд қилади нашр.
"Турк оқими" Анқара ва Москва ўртасида умумий манфаатлар сиёсатининг рамзига айланмоқда, дейилади мақолада. Ўрта ер денгизининг турк соҳилларида руслар "Аккую" АЭС қурмоқда, турк армияси эса Россиянинг С-400 комплексларини сотиб олмоқчи. Бундан ташқари, икки мамлакат Сурияда прагматик ҳамкорликдан катта умид қилмоқда.
"Путин-Эрдўғон диагонали" ҳақида французларнинг L'Express газетаси ҳам ёзмоқда
Ўзаро қалин алоқалардан манфаатдор бўлган Туркия ва Россия катта қадамлар билан бир-бирига яқинлашиб, бу Яқин Шарқ стратегик харитасига чуқур ўзгаришлар киритмоқда. «Турк оқими» газ қувурининг денгиз туби орқали ўтадиган қисми сўнгги секциясини тантанали равишда очар экан, Путин ва Эрдўғон анчайин ғалати ҳамкорлигида янги босқичдан ўтди, айтиб ўтади мақола муаллифи Кристиан Макарян.
Энергетикадан ташқари, Анқара НАТОга алоқадор эканлигига қарамай, Путин туркларнинг Россияда ишлаб чиқариладиган С-400 комплексларини харид қилишига эришиб, ўзининг муҳим стратегик зарбаларидан бирини амалга оширди. Европа, АҚШ ва Туркия ўртасидаги муносабатлар совуқлашуви шароитларида Россия етакчиси Эрдўғон билан «мушкул аҳволдан чиқарувчи» қартасини ўйнамоқда, қайд қилади журналист.
Лекин Эрдўғон НАТОга аъзолик ёки Европа билан муносабатлари туфайли мамлакати учун мажбуриятларни ҳис қилмоқдами? – савол беради мақола муаллифи.
Иллиберал руҳдаги режимларнинг асосия таянчи сифатида авторитаризм зўрайиши Эрдўғон ва Путинни яқинлаштирмоқда. Туркия ва Россияни чуқур ажратиб турадиган жиҳатлар мавжуд эканлигига қарамай, бу икки етакчи XXI асрнинг энг сурбет иттифоқларидан бирини мустаҳкамламоқда, хулоса қилади Макарян.
"Россия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими – АҚШнинг Туркия билан муносабатларни йўлга қўйиш йўлидаги жиддий тўғаноқ" – дейилади Bloomberg чоп этган мақоланинг саҳифасида.
"Президент Эрдўғоннинг С-400 "Триумф" комплексини харид қилиш ҳақидаги 2017 йилда эълон қилинган қарори дастлаб АҚШ ва НАТОга босим кўрсатиш воситасига эга бўлишга қаратилган ҳаракат сифатида талқин қилинган. Лекин кейинроқ Трамп маъмурияти шундай хулосага келдики, Эрдўғоннинг ниятлари жиддий ва эндиликда АҚШ муносабатларнинг бундан ҳам баттар узилишининг олдини олиiга уринмоқда", - деб ёзади журналист Ник Уэдхемс.
Нашрнинг шарҳлашича: "С-400 харид қилиш ва жойлаштиришни амалга ошириш бир пайтлар АҚШ нинг Яқин Шарқдаги стратегик мақсадларига эришишнинг асосий калити саналган ўзаро муносабатлар учун зиён келтирадиган ва узоққа борадиган оқибатларга эга. Бу алоқалар Эрдўғон Россия билан яқинлашиб, авторитар тенденциялар кучайиши билан сусая бошлаган".
Нашр оқибатларни санаб ўтади: С-400 харид қилиш Туркияни АҚШнинг янги санкциялар пакети объектига айлантиради, АҚШнинг ўзида эса F-35 қирувчи самолетлари билан боғлиқ режалар барбод бўлиши мумкин. "Туркия ўнлаб F-35 харид қилишни режалаштирмоқда ва ушбу қирувчи самолет учун бир нечта таркибий қисмлар асосий ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Лекин С-400 ва F-35 битта мамлакатда жойлаштирилиши Россияга ушбу самолет ҳақида қимматли разведка маълумотлар олишга имкон бериши мумкин. С-400 нинг Туркия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимига интеграцияси ҳам Россияни НАТО тактикаси билан таништириши мумкин, ҳисоблайди экспертлар", - деб ёзади муаллиф.
Агар Туркия F-35 учун таркибий қисмлар ишлаб чиқаришдан четлаштириладиган бўлса, АҚШ да ушбу самолетлар ишлаб чиқариш жадвали, Пентагон баҳоларига кўра, икки йилга кечикиши мумкин.
Муаллиф АҚШ маъмуриятининг номи айтилмаган ходими сўзларини келтириб ўтади: Вашингтон "бир вақтнинг ўзида F-35 таркибий қисмлари ишлаб чиқарувчи сифатида унинг ролини ва қирувчи самолетлар етказиб бериш ҳақида келишувни сақлаб қолган ҳолда Туркия билан муносабатларни эҳтиёт қилишга имкон берадиган қатор жавоб чораларини кўриб".
Истанбуллик эксперт Чан Касапўғлунинг айтишича: "Агар С-400 харид қилиш ҳақида шартнома F-35ни ҳалок қиладиган бўлса, бундан фақат Москва ютуқда бўлади, Вашингтон ва Анқара эмас".
Хориж матбуотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади