close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муҳаммад бин Салмон

Саудиялик журналист ва мухолифатчи Жамол Хашукджини – у, дастлабки маълумотларга кўра, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонасида ўлдирилиб, танаси майда бўлакларга бўлинган ва кислотада эритиб юборилган – ўлдириш ҳақида буйруқни шахсан тахт вориси Муҳаммад бин Салмон, Саудия Арабистони валиаҳди, келажакда икки ҳаром ҳимоячиси берган.

Гарчи расмий маълумотларга кўра, журналист консулхонада учрашиб қолган саудиялик бошқа фуқаролар билан муштлашув пайтида ҳалок бўлгани айтилган бўлсада, кузатувчиларнинг кўпчилиги, жумладан, америкалик сиёсатчилар айнан шундай ҳисобламоқда. Шуниси қизиқки, илгари Муҳаммад қаҳри қаттиқ ва шафқатсиз диктатор деб саналмаган – аксинча, у ўрта консерватив мамлакатни ислоҳ қилиш ва янгилашга қодир бўлган ислоҳотчи деб аталарди.
Порахўрликда айбланган бир неча юзлаб амалдорлар ва ишбилармонлар – қирол оиласининг аъзолари ҳибсга олингач, дунёда Форс кўрвазидаги ваҳобийлар монархиясини инқилобий ўзгаришлар кутмоқда деб гапира бошлашди. Кўплаб имомлар ўрганиб қолган иссиқ ўрнини йўқотди, аёлларга машина ҳайдашга, стадион ва кинотеатрларга боришга рухсат этилди. Ғарб мамлакатлари нигоҳида Муҳаммад яқин вақтларгача Яқин Шарқ давлатининг идеал замонавий ҳукмдорини ифодаларди: у ёш, дадил, тараққийпарвар ва нафсониятли, бунинг устига, бир хотинли шаҳзода эди. У бир неча марта қироллик бутун дунё учун очиқ бўлган мўътадил исломга қайтади ва ғарб намунаси бўйича модернизация қилинади деб баёнот берганди. Хусусан, янги тўлқин вакили бўлган сиёсатчи ўзига ортиқ даражада ишониб юборган ҳолда 2020 йилга келиб нефтсиз яшай олишини айтганди.
2015 йилнинг январь ойи. Яқинда тахтга ўтирган Саудия Арабистони қироли Салмоннинг саройига барча кўзга кўринган шаҳзодалар, вазирлар ва уламолар ташриф буюрди. Улар навбатма-навбат қўлига Қуръон олиб, қиролни ўзининг содиқлиги ва вафодорлигини ишонтириб айтди. Тож кийдириш маросимини бурчакдан сарой фитналари устаси – унинг ўғли шаҳзода Муҳаммад бин Салмон, тез кунларда қиролнинг бу қариндошлари чин муҳаббат ва дўстликка ишонтирган ҳолда уни қутлашларини орзу қилган ҳолда кузатиб ўтирарди. Нафсонияти юқори бўлган сиёсатчи адашмаганди: орадан маълум вақт ўтгач, у дарҳақиқат саудлар оиласида энг нуфузли шахсга айланди ва амалда ваҳобийлар қироллигидаги бутун ҳукуматни ўз қўлига олди.

Болалиги, ўсмирлиги, ёшлиги

Муҳаммад бин Салмон, ёки, Саудия Арабистонида айтишларича, «МБС» или «Жаноб ҳамма нарса ва бирданига» (Mr. Everything) болалиги ҳақида кўп нарса маълум эмас, қиролликда энг нуфузли шахснинг ҳаёти ҳақида барча ахборотларни унинг расмий биографиясидан олиш мумкин бўлиб, бу ерда маълумотлар силлиқланган бўлиб кўринади. Маълумки, бўлғуси тахт вориси саудиялик кўп сонли шаҳзодалардан бири – қирол Абдулазизнинг ўғли Салмон оиласида туғилган. Бу очеркларда у илғор ва тараққийпарвар ғоялар тарафдори сифатида гавдаланади.
12 ёшидан бошлаб у отаси иштирок этадиган турли мажлисларда қатнашиб келган. Кўплаб қариндошлари каби хорижга ўқишга бориш ўрнига у ватанида қолишга қарор қилади. 2007 йил қирол Сауд университетини тамомлаб, ҳуқуқ бакалаври даражасини олди. Муҳаммаднинг эслашича, бунгача у уйланишни, хорижга сафар уюштиришни, сўнгра қиролликка қайтиб келиш ва бизнес билан шуғулланишни режалаштирганди. Бироқ отаси бошқача қарор қилди.
Шаҳзода барча режалардан фақат биттасини амалга оширди – уйлнишга улгурди. Яхши таълим олган қирол оиласи вакили давлат хизматига тайинланди. Икки йил давомида у Вазирлар кенгаши маслаҳатчиси бўлиб ишлади. Собиқ ҳамкасбларининг сўзларига қараганда у жуда нафсониятли ва бесабр бўлган: илгари икки ой вақт сарфланган ишни у бир неча кун ичида бажаришни талаб қилган. Шаҳзоданинг таъкидлашича, у тахт ҳақида орзу ҳам қилмаган: кўп сонли қариндошлар тахтга эгалик қилишга даъвогарлик ҳуқуқига эга эди.
Шундан сўнг у отасининг маслаҳатчиси – ар-Риёд губернатори этиб тайинланди. Айнан шу пайт, Муҳаммаднинг сўзларига кўра, у сарой фитналарига боши билан шўнғийди. Асосан унга қарши фитналар уюштириларди: ашаддий сиёсатбозларга бу тирранча маҳмадона ёқмасди. Бу раундни Муҳаммад бин Салмон бой берди: унга бойкот эълон қилинди, амалда отасидан ажратиб қўйилди ва қирол Абдуллоҳга унинг устидан шикоят қилишди.

Сарой тўнтариши

Орадан маълум вақт ўтгач, унинг отаси мудофаа вазирига айланди, амалдор бўлишдан ҳафсаласи пир бўлган Муҳаммад эса бор кучини ўзи ҳақида қаттиқ интизомга риоя қилувчи шахс образи яратиш ва ғарб мамлакатларида ўзига ихлос оширишга сарфлади. Бунинг учун у атрофига хорижий пиарчилар ва имиджмейкерлар билан қуршаб олган, ғарб қадриятларини мақтаб, ўнгга ва чапга хорижий нашрларга интервью бера бошлади. Бундан ташқари, тахтни мўлжаллаган ҳолда муҳтож ёшларга ёрдам бериш учун жамғармага асос солди: қироллик аҳолисининг 70 фоизини 30 ёшгача бўлганлар, шундан 20-25 фоизини ишсизлар ташкил қилади.
Кейинроқ унинг отаси валиаҳд шаҳзодага айланди. Орадан вақт ўтгач Муҳаммад бин Салмоннинг кўчасида ҳам байрам бошланди: қирол Абдуллоҳ шахсан ўзи уни давлат аппаратига қайтиш ва мудофаа вазирлигида тозалаш ишларини амалга оширишни сўради. Маҳкамага келгач, у жўшқин фаолият бошлаб юборди: кўплаб амалдорларни порахўрлик ва ўғрилик учун иссиққина жойларидан ҳайдаб юборди. Замона зайили билан Муҳаммад бин Салмоннинг ҳукумат сари йўлдаги душманлари ва эҳтимолий рақиблари давлат бойлигини таловчи ва ғазна ўғрилари бўлиб чиқди.
Қирол Абдуллоҳнинг ўлимидан сўнг, 2015 йил январида Муҳаммаднинг отаси Салмон қироллик тахтига ўтирди. Муҳаммад 29 ёшида қироллик тарихида энг ёш мудофаа вазири бўлди.
Бироқ қирол ўғлини бирданига валиаҳд лавозимига қўя олмасди. Салмоннинг расмий вориси этиб унинг жияни, 56 ёшли Муҳаммад бин Наиф Сауд – қиролликдаги энг нуфузли шахслардан бири тайинланди. У 13 йил давомида исёнчилар ва террорчиларга қарши кураш бўйича дастурни бошқариб, «аксилтерроризм қироли» лақабига эга бўлди. Бин Наифни АҚШ маъмурияти ва Европа пойтахтларида ҳам ҳурмат қилишади.
Унинг ёнида қиролнинг ўғли Муҳаммад бин Салмон тажрибасиз бир ўспирин бўлиб  кўринарди. Бироқ Наиф кўп вақтини хизмат сафарларида ўтказарди, валиаҳдни қадамма-қадам сиқиб чиқирашни кўзлаган қиролнинг ўғли вазиятдан фойдаланиб қолишга қарор қилди.
Аста-секинлик билан ҳукуматда мустаҳкам ўрин эгаллаб олгач, қирол Салмон инқилобий қадам қўйди – дастлаб жияни Муҳаммад бин Наифни валиаҳд мақомидан маҳрум қилиб, суюклиси Муҳаммад бин Салмонни тахт вориси этиб тайинлади. Янги тахт вориси эскириб қотиб қолган ҳукумат тизимини катта иштиёқ билан ислоҳ қилишга киришди.

Қалбларимиз ўзгаришлар талаб қилади

Қиролликда ўзгаришлар зарурати аллақачон пишиб етилганди. Ар-Риёд томонидан ўн йилликлар давомида амалга ошириб келинган иқтисодий сиёсат янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмасди. Нефть қазиб олиш ва уни экспорт қилиш билан шуғулланувчи бу давлатда ишсизлик 12%ни ташкил қиларди. Кўплаб саудияликлар Муҳаммад бин Салмоннинг қарашларини АҚШ президенти Дональд Трамп дастури билан таққосларди. «Саудия Арабистони биринчи навбатда!» ва «Қиролликни яна буюк қиламиз!» сериясидаги шиорлар оғиздан-оғизга кўчарди.
Муҳаммад бин Салмон асосий мақсади ишсизликка қарши кураш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва қиролликнинг минтақадаги етакчилигини кучайтириш, мамлакатни ташқи дунёга очишдан иборат бўлган «Нуқтаи назар-2030» туб ўзгаришлар дастурини эълон қилди.
Ушбу концепция доирасида «Жаноб ҳамма нарса» Саудия Арабистонини «мўътадил ислом таянчи» га айлантириш истагида эканини маълум қилди, бу мамлакатда ва бутун Яқин Шарқ минтақасида кучли реакцияга сабабчи бўлди. Ахир ваҳобийлик тарихан давлат микёсида ҳам, ундан ташқарида ҳам қироллик мафкурасида муҳим роль ўйнайди. Валиаҳд шаҳзоданинг тараққийпарвар янгиликлар киритиши дин уламоларининг норозилигига сабаб бўларди, холос. Уламолар ноошкор мухолифатга ўтиб кетмаслиги ва валиаҳднинг тахтга чиқишига халал бермаслиги учун Саудия Арабистонида маҳаллий масжидларда минглаб имомларни ишдан бўшатиш ва ҳибсга олиш бошланди. Келгусида у сиёсий ва ижтимоий аҳамиятини пасайтириш учун Уламолар кенгашини ислоҳ қилишни режалаштирган.
Ўзгаришлар шамоли аллақачон эса бошлади: аёлларга стадионларга келиш ва машина ҳайдашга, шунингдек, жанговар клубларда шуғулланишга рухсат берилди. Бундан ташқари, қироллик фуқароларига кинотеатрларга ташриф буюришга рухсат этилди. Қиролликда, шунингдек, ғарб маданиятини тарғиб қилиш учун ташкил қилинган кўнгилочарликлар департаменти пайдо бўлди.
Ислоҳотлар режасига мувофиқ, энергетика сектори, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасини, қисман ҳарбий саноатни, фойдаланилмаётган давлат ерларини хусусийлаштириш кўзда тутилган. Қиролликнинг нефть қазиб олишга қарамлигини пасайтириш учун эса Муҳаммад бин Салмон иқтисодиётнинг янги тармоқлари – қайта ишлаш ва тоғ-кон қазиб олиш саноати, банк соҳаси ва туризмни ривожлантиришга қарор қилди.
Валиаҳд шаҳзода қоқ чўлнинг ўртасида майдони 25 минг квадрат километр бўлган, турли соҳаларда фаолият кўрсатадиган минглаб мутахассислар яшайдиган ва ишлайдиган ўта замонавий Неом шаҳри барпо этиш ниятида.

«Қулоқ қилинган» шаҳзодалар

Бироқ энг катта ўзгаришлар давлат аппарати билан боғлиқ бўлди. ўтган йилнинг 5 ноябрга ўтар кечаси Саудия Арабистонида бутун дунёни лол қолдирган воқеа рўй берди. Бу пайтгача дахсиз ҳисобланиб келган ўнлаб юқори мансабдаги амалдорлар ва ишбилармонлар коррупция, порахўрлик ва давлат бюджетини талон-тарож қилишда шубҳаланган ҳолда ҳисбга олинди. Уларнинг орасида 11 нафар шаҳзода ва 4 нафар амалдаги вазир ҳам бор эди. Уларни Муҳаммад бошчилигидаги Миллий коррупцияга қарши қўмита айблади.
Ғарб ОАВ ёзишича, валиаҳднинг ўзи бюджет маблағларидан имкон борича фойдаланишдан уялмайди. The New York Times ёзишича, дунёдаги энг қимматбаҳо бино саналган Людовик XIV нинг Франциядаги қасрини айнан у сотиб олган. Бундан ташқари, у 550 миллион долларга яхта ва 450 миллион долларга Леонардо да Винчи суратларини сотиб олди.
«Коррупцияга қарши курашда янги давр бошланди», - шарҳ берди қиролликнинг Бош прокурори Сауд Мужаб. Бу жиддий ўрнак бўла оладиган ҳодисага айланди. Саудиялик нуфузли шахсларнинг кетма-кет ҳибсга олиниши яққол кланларга асосланганди – уларнинг аксарияти марҳум қирол Абдуллоҳнинг шажарасига мансуб эди.
Ҳибсга олинганлар рўйхатида биринчи ўринларни қиролнинг жияни ва Саудия Арабистонининг энг бадавлат одамларидан бири, йирик ишбилармон Citigroup эгаларидан бири, ўзининг ғайриодатий либерал қарашлари билан машҳур бўлган шаҳзода Волид бин Талал эгаллаганди. У қолганлар билан биргаликда ҳокимликни суиистеъмол қилиш ва жиноий йўллар билан топилган пулларни «ювиш»да айбланди.
Жами 350 киши ҳибсга олинган бўлиб, уларнинг аксарияти бирданига гувоҳлар тоифасига ўтказилди, лекин 200 га яқин киши «маҳбус»га айланди. Тўғри, «қамоқ» сўзи порахўрликда айбланган шахслар ушлаб турилган шароитларни тавсифлаш учун тўғри келмайди. Улар пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган беш юлдузли Ritz Carlton меҳмонхонасига жойлаштирилди. «Маҳбуслар» қимматбаҳо ресторан, фитнес-клуб, спа ва боулингдан бемалол фойдаланиши мумкин эди.
Хусусан, шаҳзода Волид бин Талалнинг ҳикоя қилишича, унинг маҳбуслиги люкс синфга оид меҳмонхона номерида давом этган. Унинг номери неча хонадан иборат бўлганлиги аниқлаштирилмаган. Фақат иш кабинети, ошхона ва емакхона ҳақида айтиб ўтилган. «Мен ўзимни жуда қулай ҳис қилдим, чунки ўз мамлакатимда, ўз шаҳримда эдим, бу ерда ўзимни худди уйдагидай ҳис қиларди. Бу менга ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмади», - изоҳ берди у.
Унинг сўзларига қараганда, «қамоқ»да у ўзи учун одатий бўлган ҳаёт кечирган: ишлаган, қариндошлари билан телефон орқали мулоқот қилган, спорт билан шуғулланган, бассейнда чўмилган ва сайр килган. Вақти-вақти у билан унинг ёнига ҳамкасблари ва шахсий сартароши ташриф буюрарди. Унинг овқатланиш тартиби ҳам ўзгармади – у веганлик парҳезига амал қиларди.
Шубҳа остидагиларни беш юлдузли меҳмонхонага жойлаштирган МБС уларга эҳтиром кўрсатди ва барча айбловларни содиқлик эвазига олиб ташлашга тайёрлигини айтди. 30 январь куни барча ҳибсга олинганлар қўйиб юборилди. Бироқ улар бундан олдин 100 миллиард долларга «қулоқ қилинди». Ҳозирги пайтда қироллик бюджети 190 миллиард доллардан сал ортиқ эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак – бу яхшигина сумма эди. бу пулларнинг ҳаммаси ғазнага ўтказилди.

Ғарб қарши эмас

Америка президенти Дональд Трамп қиролликда авж ола бошлаган коррупцияга қарши кампанияга дунё етакичлари орасида биринчилардан бўлиб муносабат билдирди. Ар-Риёд АҚШ томонидан қўллаб-қувватланди: Трамп, унинг фикрига кўра, «нима қилаётганини аниқ биладиган» Салмон ва унинг ўғлига «катта ишонч» билдирди. Бундан ташқари, у «мамлакатни йиллар давомида соғиб ётганлар»ни қоралади.
Қироллик фуқаролари бу янгиликни катта завқ билан кутиб олди: коррупцияга ботган ва ортиқча ҳашаматда яшайдиган режим аллақачон жамиятнинг ғазабланишига сабабчи бўлиб келарди. «Ёшлар Муҳаммадни жон-дилидан яхши кўриб қолган. У тиним билмай ишлайди, иқтисодий ўзгаришларни режалаштиради, улар учун очиқ, уларни тушунади (...) Шаҳзоданинг тўсатдан вазирликларга текширув билан бостириб кириши эса ҳамма ёқда дув-дув гап бўлди, у ар-Риёдни доимий ишлашга мажбур қилмоқда», - ёзади BBC World.
Муҳаммад мамлакатда жуда оммавий сиёсатчига айланди: унинг портретлари давлат муассасалари деворларини безаб турибди, унинг фотосуратлари автомобилларнинг ойналарига ёпиштириб қўйилган, қиролликнинг турли бурчакларида валиаҳд тасвири туширилган билбордларни учратиш мумкин.
Муҳаммад бин Салмон ўзининг коррупцияга қарши кампанияси билан бирданига бир нечта мақсадга эришди: у бўлғуси рақибларидан халос бўлди, коррупциячиларга қарши «нолга тенг бўлган сабр-тоқат» сиёсатини юритган ҳолда ислоҳотчи нуфузини ошириб олди, мусодара қилинган пуллар ҳисобига ғазнани тўлдириб олди, шунингдек, мамлакат ичида ҳам, ундан ташқарида ҳам қиролликдаги бутун ҳукумат унинг қўлида мужассам топганлигини намойиш этди.

Шаҳзоданинг хатолари

Ички сиёсий авантюраларга келадиган бўлсак, Муҳаммад бин Салмонда ҳаммаси кўнгилдагидек, бироқ унинг ташқи сиёсий ташаббуслари муваффақиятсиликка учрамоқда. Дастлаб 2015 йил февралда мамлакат Яман билан уруш бошлади ва бу урушнинг охири кўринмаяпти. Араб дунёсининг энг бой мамлакати низога ботиб қолиб, бир неча йилдан беи минтақадаги энг қашшоқ мамлакат исёнчилари устидан ғолиб чиқа олмаяпти: хусийлар Яман пойтахти Санани назорат қилишда давом этмоқда ва ар-Риёд ғалабга эриша олмаслиги эҳтимоли йўқ эмас.
Ливанда Эрон тарафдори бўлган «Ҳизбуллаҳ» шиалар гуруҳи ўз таъсирини кенгайтирган бўлиб, натижада Саудия Арабистони рақиби ўз мавқеини кучайтириб олди ва шу тариқа ар-Риёднинг халқаро нуфузига зарба берди.
Бундан ташқари, тахт вориси Сурия етакчиси Башар Асадни ағдариш учун жиддий коалиция ташкил қилди, шунингдек, Қатар билан дипломатик урушда амалда муваффақиятсизликка учради. Муҳаммад бин Салмон коалиция тўплади ва амирликка бойкот эълон қилди, бироқ қатарликлар бардош бердилар ва ар-Риёдга қарши туришда давом этиб, унинг амалга ошмайдиган талаблардан воз кечишини кутмоқда. Шу тариқа қироллик минтақада нуфузли иттифоқчисини йўқотди ва ўзининг заифликларини кўрсатиб қўйди.
Ҳукумат сари йўлни тозалаб олган Муҳаммад учун фақат кутиш ва қирол бўлишга тайёргарлик кўриш қолди. Бу ҳодиса тез орада рўй берса керак. Унинг 82 ёшга кирган отаси жиддий касал – инсультни бошидан кечирган, умуртқа поғонасида жиддий операция қилдирган. Миш-мишларга кўра, Салмонда Альцгеймер касаллиги ва деменция ҳам мавжуд.
Ҳоизрча ҳаммаси режа асосида кетмоқда. Бироқ ёшлар кўмаги ваъдасини олиб қўйган жасур ислоҳотчи Саудия Арабистонида консерватив руҳдаги элита вакилларига ёқмайди. Хавфсизлик кучлари уни масъулиятсиз тирранча деб ҳисоблайди, салафийлар раҳнамоларига эса давлатнинг мўътадил ислом мамлакатига айлантирилиши ёқмайди, шу сабабли шаҳзодани ҳарбийлар ёки уламолар тахтдан ағдариши мумкин бўлган сценарийни истисно қилиб бўлмайди.
Хашукджининг ўлдирилиши оқибатида авж олган охирги норозиликларни ҳисобга олган ҳолда, шаҳзоданинг эгаллаб турган ўрни лиқиллаб қолган – бу воқеа сиёсий рақиблар томонидан унга қарши қўлланиши эҳтимоли йўқ эмас. Шу билан бир вақтда у бошқа бир тўлқинга ҳам сабабчи бўлиши мумкин: шаҳзода битта «одамхўрлик» ҳаракати билан Ғарбнинг меҳрини йўқотиши мумкинлигини тушунади ва Яқин Шарқнинг энг сара диктаторлари каби танобни тортиб қўйишни бошлайди.
Шаҳзода бир нечта жангни ютди, лекин урушнинг нима билан якун топишини олдиндан айтиш қийин: ҳозирча Муҳаммад бин Салмон ҳимояланишга мажбур бўлмоқда.

Манба: Лента.Ру
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase