close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

АҚШ “Демократия учун саммит” чақирмоқда

Бу саммитга 110 давлат таклиф этилибди. Таклиф қилинган давлатлар рўйхати билан танишиб чиқдим. Имкон қадар холис танлашга ҳаракат қилинган. Демократик бўлмаган, мўътадил/юмшоқ авторитар бўлган АҚШнинг иттифоқчилари ҳам, бу рўйхатга киритилмаган. Собиқ СССР қулагандан бери, АҚШ ўзи учун универсал мафкура қидириш билан овора. Либерал-демократия, АҚШ учун у қадар универсал бўлмаган мафкура эканлигин, кўп марта кузатилди.

Яъни, либерал-демократик жараёнлар кучайган барча жамиятлар ҳам, АҚШ ва унинг манфаатлари учун қулай бўлавермаслиги, кўп марта кузатилди. Аксинча, баъзи бир жамиятларда, агарки уларда, кўп ўн йилликлар давомида АҚШ ва унинг доимий иттифоқчиларига нисбатан салбий муносабат шаклланган бўлса, либерал-демократик жараёнлар, ҳокимиятларга АҚШга ва уни сиёсатига қарши бўлган, ишончсиз қараган ҳукуматларни олиб келиши ҳам кузатилди.
Бугун АҚШ яна бир бор глобал даражада “Демократия” масаласини кўтаришдан мақсад, аслида геосиёсий ва геомафкуравий. Вашингтон, узоқ муддатли ғоявий, мафкуравий, иқтисодий – гибрид курашга тайёрланмоқда. Нишонда: Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси... Қолаверса, Туркия каби кечаги “америка назоратидан қочиб кетган авторитар” давлатлар. Кейинги икки ўн йилликдаги Туркиянинг “ўзбошимчалиги”, расмий Вашингтонни кўп асабига тегаяпди. Олдинлари, Анқара ҳар куни Вашингтонда тонг отишини кутиб туриб, соат 9 бўлиши билан Оқ уйга телефон қилиб, “бугун нима қилай?!” деб турарди. Бу эса, Вашингтонга ёқарди. Лекин, ҳозир ҳам Анқара алоқаларни узиб кетган давлат эмас, бир оёғи ғарб томонда, иккинчи оёғи – шарқда.
“Демократия учун саммит”нинг мақсади, авторитар бўлган Пекинга коллектив ҳужум учун, мафкуравий мувофиқлаштиришни амалга ошириш ҳисобланади. Бу кураш бир неча ўн йилликларни қамраб олиши аниқ. Лекин, асосий масала – “Вашингтонни ўзи қанчалик бу курсда собитқадам бўлар олади?”. Чунки, Вашингтон учун, демократия ва геосиёсий манфаатлар, ҳар доим ўта қаттиқ зиддиятларга киришган. Вашингтонни ўта қаттиқ авторитар (қип-қизил диктатура) иттифоқчилари бор. Лекин, АҚШ бу иттифоқчиларини енгилгина танқид қилиб ўтиб кетади. Нисбатан анча демократик бўлган, еки юмшоқ авторитар бўлган давлатларни эса, геосиёсий мустақиллиги еки ўзбошимчалиги учун, доим танқиди қилиб боради. Натижада, “инсон ҳуқуқлари, демократия” қадриятлари борасида, кучли зиддият пайдо бўлади. Глобаллашган дунёда, АҚШнинг геосиёсий манфаатлари ва декларатив қадриятлари орасидаги зиддиятлар, янада кучайди.
Пекин билан курашишга отланаётган Вашингтон, янгитдан “демократия ва инсон ҳуқуқлари”га мурожаат қилар экан, бу мафкуравий, геосиёсий ва гибрид курашнинг Ўзбекистон учун ҳам таъсири бўлиши аниқ. Ўтган беш йил ичида, Ўзбекистон ўзининг геосиёсий оринтирини танламади. На Москвани, на Пекинни, на Вашингтон/Брюссельни мутлақ асосий вектор сифатида танламади. Ҳақиқий кўпвекторлик, еки “барча билан тенг масофавий яқинлик” курси кузатилди.
Энди, коллектив ғарб ва авторитар шарқ ўртасидаги стратегик тўқнашув, курашув кучайиб борар экан, бу Ўзбекистон ташқи сиёсатига ҳам жиддийгина босимни, зиддиятни ҳосил қилади. Асосий масала – Ўзбекистон қанчалик бетараф кўпвекторлик курсини сақлаб қола олади? Агар томонлардан бирига ўтса, бу танловнинг оқибатлари қандай бўлади: мустақиллик учун, геосиёсий мустақиллик учун, иқтисодий ўсиш учун, мамлакатнинг мустаҳкамлиги учун?!

Камолиддин Раббимов

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase