close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Постмодерн даврдаги Ислом

Мусулмонлар ўзлари туғилган, яшаётган ва ҳаётий вазифаларини амалга ошириш учун тақдир қилинган бу дунёни яхши билишмайди. Улар атрофларидаги ҳозирги жамият қиёфасини шакллантираётган куч ва тенденцияларни яхши танишмайди. Шунга кўра, уларни ўраб турган инсонлар, уларнинг қадриятлари ва мақсадлари мантиғини тушунишмайди.

Мусулмонлар ўзлари туғилган, яшаётган ва ҳаётий вазифаларини амалга ошириш учун тақдир қилинган бу дунёни яхши билишмайди. Улар атрофларидаги ҳозирги жамият қиёфасини шакллантираётган куч ва тенденцияларни яхши танишмайди. Шунга кўра, уларни ўраб турган инсонлар, уларнинг қадриятлари ва мақсадлари мантиғини тушунишмайди. Аммо, ҳозирги замон мусулмонларида атроф-муҳит ва жамиятшунослик тўғрисидаги билимлари етишмаса ҳам, улар ижтимоий ва сиёсий таҳлил қилиш қобилиятига эга бўлмасалар ҳам, уларда Қуръон ва Суннат каби ишончли билим манбалари мавжуд бўлиб, яқин келажакда уларни нима кутаётганини аниқ биладилар. Ҳозирги кунда атрофимизда содир бўлаётган кўпгина воқеа-ходисаларни биз оят ва ҳадислардан топа оламиз.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳадисларида ахборотлашган жамият

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом дедилар: «Замон (бир-бирига) яқинлашмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. (Замон шунчалик бир-бирига яқинлашадики), ҳатто йил ойдек, ой жумъа (ҳафта)дек, жумъа (бир) кундек, кун эса бир парча чўғдек (ёки ялт этиб ўчадиган ёлқиндек) бўлиб қолади». (Термизий, Аҳмад)
Бу ҳадиснинг бир нечта шарҳлари бор. Ибн Ҳожар, Ҳаттабий ва ибн Асирларнинг ёзишича, вақтдан аста-секин барака кетади, натижада олдинги одамлар бир кунда қилган ишларини бир кунда қилишга вақтлари етмайди.
Иккинчи шарҳга кўра, Маҳдий даврида одамларга вақт тез ўтаётгандек бўлиб туюлади. Бутун дунёда фаровонлик, барқарорлик ва адолат ҳукмрон бўлади. Яхши маълумки, фаровонлик кунлари узоқ муддат давом этадиган оғир ва азобли кунларга қараганда жуда тез ўтади.
Замонамизнинг баъзи уламолари, хусусан Сайид Сабиқ ва Ҳамуд Тувайжрийнинг айтишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг ҳадисларида ҳозирги кунда ахборот ва тезкор транспорт воситаларининг пайдо бўлишига ишора бор, яъни булар орқали одамлар узоқ масофаларга маълумотларни узатиш ва қисқа муддат ичида масофаларни босиб ўтишлари мумкин.
Яна бир таъвил бор, яъни арабча “тақоруб” сўзи “яқинлик, ўхшашлик” маъноларида ҳам келади. Баъзи уламолар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом шундай вақтлар келадики, Аллоҳ таолога бўйинсинмаслик ва жаҳолат тарқалади, натижада одамларнинг ҳолати бирдек расво бўлишини назарда тутган дейишади.
Лекин бу рўёбга чиқмайди, агар одамлар орасида уламолар ва солиҳлар бўлса... (буни бошқа мақолада ўрганамиз, инша Аллоҳ) Юқорида зикр қилинган талқинлар кўчма маънодадир, лекин Қиёмат қойим бўлишидан олдин башоратларнинг барчаси сўзма-сўз, айнан рўёбга чиқади ва вақт ҳақиқатдан ҳам тезлашади.

Исломдан қайтиш ва фирқаларга бўлиниш

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом дедилар: «Албатта, мен ўз умматимни залолатга кетказувчи имомлардан хавфсирайман. Қачон умматим устига қилич солинса, у ундан то Қиёмат кунигача кўтарилмас. Токи менинг умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунича ва токи менинг умматимдан баъзи қабилалар бутларга ибодат қилмагунича Қиёмат қойим бўлмас» (Абу Довуд, Термизий).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом айтадилар: «Токи Давс аёлларининг думбалари Зул Хасла атрофида ликилламагунча Қиёмат қойим бўлмас. У Табаладаги Давсликлар ибодат қиладиган санам эди». (Бухорий, Муслим)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом башоратлари тасдиқланди. Бир неча аср илгари мусулмонларнинг жоҳиллиги шу даражаги етдики, улар ҳудди жоҳилия даврида мушриклар сиғингани каби булар ҳам бутларга сиғина бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий бошчилигида бир юз эллик саҳобадан ташкил топган қўшин юбориб, у ибодатхонани буздириб ташлаган эдилар. Бироқ орадан бир нечта аср ўтиб, ўзларини мусулмон санайдиган бадбахтлар Зул Хасла бутини тикладилар ва унга сиғина бошладилар.
Табалада жойлашган Зул Хаслага сиғиниш 1745 йилгача давом этди, сўнг мусулмонларнинг бошқа бир гуруҳи уни иккинчи марта бузиб ташлади. Бироқ 1840 йилдан сўнг жоҳил араблар ўша бутни учинчи марта қайтадан тикладилар. XX аср бошларидагина мусулмонлар мазкур бутни батамом бузиб ташлашга мувоффақ бўлишди.
Ҳозирги кунларда мушрикона амаллар ва кўпхудолик аломатлари илмсиз мусулмонларнинг ҳатти-ҳаракатларида бот-бот учраб туради. Марказий Африка, Ҳиндистон ва яна бир нечта мамлакатларда шундай тоифа кишилар борки, улар ўзларини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам умматидан эканликларини айтишса-да, лекин қабрлар ва ўтиб кетган салафи солиҳларга сиғинишади.
Бироқ, энг асосий таҳдид – мусулмонларнинг кўринадиган ёки кўринмайдиган бут-санамларга сиғиниши эмас. Буни бугунги кунда жиддий чорлов, даъватлар воситасида кузатса бўлади. Исломга бўлган энг асосий таҳдид – пул, ҳокимият, бойлик ва шоҳона ҳаёт тарзига бўлган ўчлик каби очиқ ва яширин бутлар орқали мусулмонларни ягона Илоҳ ва Шариат қонунларидан буриб юборишдир. Бундай таҳдидлар орасида ҳеч қандай аҳлоқий қадрият ёки чекловга эга бўлмаган ҳамда кўплаб мусулмонларни ҳақ йўлдан чалғитувчи ва адаштирувчи, маънан бузуқ ва фаҳшга тўла Ғарб жамиятининг замонавий ҳаёт тарзи ҳам бор.

Постмодерн Исломга қарши

Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом тасвирлаб берган давр ва унинг қавми. У Зот башоратларининг кўпи аллақачон амалга ошиб, одиллик, гўзал ахлоқ, комилликка интилиш, тафаккур қилиш, тиришқоқлик ва ижодкорлик хусусиятлари бир пул бўлган замонимизда бизни ўраб турибди.
Бу ялқов ва ўз умрини совурувчи катта ёшли бекорчилар қавмидир. Уларни жасоратга, руҳий камолотга, ўзгаларга наф беришга чақириш бефойда. Бу қавм барча нарсадан, ўзининг текинхўр, кўнгилхушликка бағишлаган умридан чарчаган қавмдир. Улар қалбида на бир идеал, на бирор табаррук бирор нарса бор, бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ушбу жамият бугунги фан тилида постмодерн жамияти деган ном олган. Бошқача қилиб айтганда, мазкур жамият саноатда инқилобий ўзгаришлар рўй бергандан кейинги даврда, европача Маърифат ва Тикланиш давридан сўнг пайдо бўлган жамиятдир. «Постмодернизм» сўзининг ўзи французларнинг «postmodernisme» сўзидан олинган бўлиб, «модернизмдан кейинги» деган маънони англатади. Бу ибора XX асрнинг иккинчи ярмида Ғарбда кечган ҳаёт тарзи ва Ғарб маданиятини ифодалаб беради.
Бу маънавий ва диний вакуумда (бўшлиқда) яшайдиган одамларнинг турмуш тарзи бўлиб, унда нафақат барча диний илмлар қўлдан бой берилган, балки маънавий поклик ва тақводорлик ҳам йўқотилган, барча идеаллар, буюк мақсадлар ва умуман олганда ҳар бир азиз саналган қадриятлар бекор қилинган.
Бу барча маънавий қадриятлардан мутлақо кўнгли қолган ҳамда ўз ҳаётидаги бўшлиқни қандайдир – банг моддалари, тунги айш-ишратлар, ўзгаларни масхара қилиш, дўстларининг ҳиссиётлари ва ҳаёти билан шавқатсиз ўйинлари воситасида тўлдирмоқчи бўлган одамларнинг турмуш тарзидир.
Улар камтарлик ва ҳаё устидан кулишади,  фаҳш ва жинсий ахлоқсизликни олқишлашади. Уларда ҳеч қандай муқаддас ва қандайдир қадрга эга бирон нарса йўқ, шунинг учун ҳам улар анъанавий, диний жамоаларнинг қадриятларини инкор қилишади, мазаҳ ва истеҳзо қилишади.
Анас ибн Маликдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: ««Илмнинг кўтарилиши, жаҳолатнинг ёйилиши, хамр (маст қилувчи ичимликлар) ичилиши, зинонинг кенг тарқалиши ва эркакларнинг камайиб аёлларнинг кўпайиб кетиши Қиёмат қойим шартларидандир (аёллар шу қадар кўп, эркаклар шунчалик оз эканлигидан) ҳатто 50 та аёлга битта қаровчи (эркак) бўлади», дедилар. (Бухорий, Муслим).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан: «Аллоҳ таоло одамлардан илмни (бирдан) олиб қўймайди. Илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто биронта ҳам олим қолмайди. (Сўнг) одамлар ўзларига жоҳил (яъни олимлик даъвосини қилувчи нодон) кимсаларни бошлиқ қиладилар-да, улардан фатво сўрайдилар. Улар ўзлари билмасдан туриб фатво берадилар. Натижада ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар».  (Бухорий, Муслим)

Постмодерн қадриятларга қарши

Улар бу дунёнинг барча қадриятларини бемаънилик даражасига тушириш учун бирон бир нарсани қолдирмасдан барча нарса устидан мазах қилиш, кулиш, инсон ҳаётидаги муқаддас нарсаларни қизиқ қилиб кўрсатиш, қадриятлар устидан кулишади. Минглаб латифалар (анекдотлар), юмористик дастурлар, комик сериаллар, пародиячи ва масхарабозлар армияси инсонларни улар аввал азиз санаган ёки қўрққан ва ҳурмат қилган нарсалар устидан кулиб ташлашга мажбур қилади.
Замонавий Европа файласуфи Жан Бодриярнинг ёзишича, постмодернизм моҳияти – “барча-барча нарсаларни инкор қилиш, ҳақдан воз кечтириш ва ўйинга қайтариш, зоҳирий кўриниши тоза ўйинга”. Постмодерн маданияти ва ҳаёт тарзи атрофдаги жамиятни ўрганишга ва уни инкор қилишга ўргатади, бутун жамиятнинг қадриятларига тупиришга чақиради. Одамлар олдин яшаган барча тамойил ва ғояларни рад қилишни ўргатади.
Постмодерн даврининг инсони “Жангари клуб” деб номланган беъмани фильмдаги  Брэд Пит қаҳрамони ёрқин мисол бўла олади. Бу Тайлер исмли персонаж, безори анархист ўзининг янги ўртоғига постмодерннинг содда фалсафасини ўргатади – агар атрофдаги жамият сенга мақул бўлмаса, бу жамият қонунларини отиб юборгинда, ўзингга ёққан тарзда яшайвер  ва мазкур жамиятга қўлингдан келган барча имкониятларинг билан қарши тур.
Аниқ бўлишича, Тайлер аллақачон ўзининг хаёлий шахсиятини жамият шартларидан озод қилиб юборган экан: ушбу шахсият жамият қонунларидан ташқари ҳолда ташландиқ уйда яшовчи, ҳаёлига келган бадхулқликни қилувчи, ўз норозиликларини - официантлигида мижоз шўрвасига бавл қилиш, киномеханиклигида оилавий фильмлар орасига шаҳвоний лавҳаларни қўйиб қўйиш каби турли майда маразлик билан билан изҳор қилувчи шахсият эди.
Постмодерн “ишончлилик ва воқеълилик имкониятларини инкор қилади..., “адолат” ёки “тўғрилик” каби тушунчалар ўз аҳамиятини йўқотади...” ва шу билан бирга янги бир мафкура пайдо қилганини баён қилади. Постмодерн устунларининг айтишича, “қадриятга боғланган ориентирларни йўқотиш – ижобий жараёндир”. Улар “абадий қадриятларни” тоталитар ва параноидал деб айтади ҳамда уларни ижодга тўсиқ деб билишади.
Постмодернни қиммат баҳо спиртли ичимлик шишасига қиёслаш мумкин. Ушбу шиша ичига ёрқин ишланган рангдор ёрлиққа мазали, таъми ёқимли ичимлик эмас, аксинча, тахир афъюн ва кўнгил айнитадиган бош оғриқ воситаси қўйилган.
Постмодернистчиларнинг олий мақсади - тартибсизлик, чалкашлик, алғов-далғовлик ва аралаш-қуралашликдир, яъни жинсларнинг, қадриятларнинг ва умуман барча нарсаларнинг аралаш-қуралаш бўлиб кетишидир. «Унисекс» услуби, йигит ва қизларнинг ярим яланғоч ўтириш кечалари, гей-маданият, хочдаги яланғоч Мадонна, Тео Ван Гог фильмидаги устига Қуръон оятлари ёзилган яланғоч қиз – буларнинг барчаси постмодерн жамияти чириб бораётганининг аломатларидир. Шунга ўхшаш бузуқ қадриятларга бугун қайсидир маънода ўзларини мусулмон ҳисоблаб юрганлар ҳам эргашиб ётибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг ўзидан олдингиларга эргашиб кетишидан огоҳлантирган эдилар: Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар. Ҳаттоки, улар зоббнинг уясига кирсалар, уларга эргашиб сиз ҳам кирасизлар»-дедилар. Биз:
«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?» дедик. У зот:
«Бўлмаса кимга?!» дедилар.
Бошқа бир ривоятда:
«Эй Аллоҳнинг Расули. Форс ва Румга ўхшабми?» дейилди. У зот:
«Ўшалардан бошқа, қайси одамлар бўларди?»-дедилар. (Бухорий, Муслим)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини фирқаларга бўлиниб кетиши ҳақида ҳадисларида башорат қилганлар: «Яҳудлар етмиш бир фирқага бўлинди, барчалари ўт – Дўзаҳда, магар биттаси (нажот топади). Насоролар етмиш икки фирқага бўлинди, барчалари ўт – Дўзаҳда, магар биттаси (нажот топади). Шунингдек, бу Уммат (ҳам) етмиш уч фирқага бўлинади, барчалари ўт – Дўзаҳда, магар биттаси (нажот топади). (Саҳобалар) айтдилар: Эй Аллоҳнинг элчиси! Ўша нажот топгувчи фирқа ким? (У киши алайҳиссалом) айтдилар: Бугун мен ва саҳобаларим ниманинг устида бўлсак, шу (йўл)да бўлганлар». Бошқа ривоятда: «У жамоатдир,» дедилар. (Аҳмад, Абу Довуд)

Исломнинг ғолиблиги

Бироқ биз мусулмон ўлароқ, инсониятга зарар келтирадиган замонавий Ғарбнинг постмодерн давридаги маданияти ва бу қадар Худога қарши яшаш тарзи жамиятни таназзулга олиб келиши тўғрисида қатъий эътиқодда бўлишимиз керак. Ғарблик мутаффаккир Арнольд Тойнби ўзининг “Тарихни англаш” деб номланган китобида ёзишича, постмодерн ғарбликларнинг дин ва маданиятдаги интиҳосининг рамзи ҳамдир.
Бугунги кун залолати устидан Ислом дини ғолиб бўлишининг аломати, мусулмонлар бутунлай залолат ботқоғига ғарқ бўлмаслигидадир. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида бардавом бўлурлар. То Аллоҳнинг амри келгунча уларга уларни хорлаганлар зарар етказа олмаслар», дедилар. (Термизий, Абу Довуд ва Муслим) Бу дунё ёлғонларига, куфрига ва постмодернига алданиб қолганларга эса Қуръони кариймнинг қуйидаги оятлари кифоядир: «Қалбларида касаллик борларнинг, замон айланиб бизга мусибат етишидан қўрқамиз, деб улар томон шошилганини кўрасан. Шоядки, Аллоҳ фатҳу нусрат берса ёки Ўз томонидан бирон иш ато қилсаю ўзларича сирлашган нарсаларига надомат қилсалар». (Моида сураси, 52 оят)
Мазкур оятни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қуйидагича изоҳлаганлар: “Яъни, мазкур кофирлар замон айланиб мусулмонлар енгилиб қолса, ғолибларнинг зарбаси остида қолмайин, деб қўрқади. Демак, Исломга у ихлос билан кирган эмас. Мусулмонлар устун келиб турганда, улардан қўрқиб, тили билан мусулмонлигини изҳор қилган, баъзи ибодатларга ва диний кўрсатмаларга ҳам амал қилиб турган. Мусулмонларга қарши бўлган кофирлар билан ҳам дўстлашиб, ҳамкорлик қилиб, мабодо замон айланиб улар мусулмонлардан устун келиб қолса, менга зарар беришмасин, деб туради. Лекин иш тамоман бошқача бўлиб чиқиши ҳам мумкин”.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase