Бу ҳақда " Foreign Affairs" нашридаги ўз мақоласида OPEN очиқлик муаммолари бўйича халқаро таҳлил марказининг асосчиси ва Лондондаги Иқтисодиёт мактабининг Европа институтида таклиф қилинган катта илмий ходим бўлиб ишлайдиган Филипп Легрен ёзди. Биз унинг мақоласини сизга етказмоқчимиз.
Сўнгги пайтгача сиёсатчилар ва инвесторларнинг аксарияти коронавирус инқирозининг потенциал иқтисодий таъсири масаласида хотиржам бўлишди. Феврал ойи охирида бу қисқагина, Хитой учун чекланган характерга эга бўлади, деб нотўғри тахмин қилинган. Энди ҳамма пандемия глобал шокни келтириб чиқараётганини тушунади, бу кескин бўлиши мумкин, аммо ҳамма унинг қисқа муддатли бўлишини кутяпти. Аммо иқтисодий таназзул давомли таъсирга эга бўлса-чи? Коронавирус пандемияси ҳозирги глобаллашув даврининг «тобутига қоқилган мих» бўлиши мумкинми?
Коронавирус инқирози кенг миқёсдаги халқаро интегратсиянинг камчиликларини ёритиб берди, шу билан бирга чет элликлар олдида ваҳима солиб, глобал савдо ва одамлар оқимига нисбатан миллий чекловларнинг қонунийлигини таъминлади.
Барча турдаги корхоналар тўсатдан глобал таъминот занжирларидан фойдаланиш билан боғлиқ рискларни тушуниб етишди, бу нафақат Хитой учун, балки пандемиянинг ўчоғи бўлган Ухан каби муайян жойлар учун ҳам хосдир. Хитойликлар ва энди италияликлар, эронликлар, карислар ва бошқалар касалликнинг ташувчиси сифатида машҳур бўлишди. Қўшма Штатлардаги республикачиларнинг юқори мансабдаги амалдорлари бу касалликни "хитой коронавируси" деб ҳам аташди.
Шу билан бирга, барча давлатларнинг ҳукуматлари саёҳатга, қўшимча виза талабларига ва экспортга чекловлар қўйишга шошилишди. АҚШ президенти Дональд Трамп 11 март куни эълон қилган Европадан келганларнинг кўпчилигига саёҳат тақиқлари айниқса кенг тарқалган, аммо ноёб эмасдир. Буларнинг барчаси иқтисодиётни миллий, сиёсатни эса миллатчи қилиб қўяди.
Ушбу чекловларнинг аксарияти вақтинчалик бўлиши мумкин. Аммо коронавирус инқирози, айниқса глобаллашувни сусайтираётган бошқа тенденцияларни кучайтирганда, узоқ давом этадиган оқибатларга олиб келиши мумкин. У бўлиниб кетган халқаро таъминот занжирларига зарба бериши, глобал бизнес саёҳатчиларининг гипермобиллигини пасайтириши, протекционизм ва иммиграция назорати кучайтирилган миллатчилар учун сиёсий озуқа билан таъминлаши мумкин.
Кўплаб ғарб компаниялари умид қилаётган мураккаб, Хитойга йўналтирилган глобал таъминот занжирлари рискка анча мойилдир.
Охирги йилларда Хитойда ишлаб чиқариш иқтисодий устунлиги пасайди, чунки мамлакат бойиди, иш ҳақи эса ўсди. Бу билан боғлиқ рисклар президент Трамп томонидан 2018 ва 2019 йилларда Хитойдан импортга жарима тарифлари жорий қилинишида таъкидланди, бу эса корхоналарни муқобил вариантлар излашга мажбур қилди.
Январ ойидаги битим АҚШ-Хитой савдо урушида мўътадил сулҳга эришган бўлса-да, Хитойда ишлаб чиқариш хавфи сақланиб қолмоқда; демократлар ҳам, республикачилар ҳам Хитойни тобора тўхтатиш керак бўлган узоқ муддатли стратегик рақиб сифатида кўришмоқда. Ва савдо уруши тугаши билан… коронавирус аралашди. Кўпгина Хитой фабрикаларида узоқ вақт бўшашиш, йилнинг дастлабки икки ойида экспортнинг 17 фоизга пасайишига олиб келди, бу Европа автомобиллари, iPhone ва бошқа истеъмол товарларини ишлаб чиқаришни тўхтатди.
Инертия - бу кучли нарса. Ва Хитойда ишлаб чиқариш учун кўлами ва самарали логистика каби кўплаб афзалликлари мавжуд. Аммо коронавирус инқирози кўплаб корхоналарни таъминот занжирларини қайта тузишга ва янада барқарор ва кўпинча кўпроқ маҳаллий ишлаб чиқариш тузилмаларига сармоя киритишга ундовчи бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.
Вариантлардан бири Вьетнам ёки Индонезия каби Осиёнинг бошқа мамлакатларида операцияларни диверсификация қилиш ҳисобланади. Бошқа бир усул таъминот занжирини қисқартиришдан иборат: америка компаниялари ишлаб чиқаришни Мексикага, Европа компаниялари – Шарқий Европага ёки Туркияга кўчиради. Учинчи вариант – иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқаришни истеъмолчига яқинлаштириб, роботлар ва 3D-босмага инвестиция киритилади.
Хизмат сафарларининг қисқариши коронавирус инқирозининг яна бир оқибати бўлиши мумкин. Технологиялар бўйича мутахассисларнинг айтишича, видеоконференциялар учун дастурлар (иловалар) ва чатлар кўплаб хизмат сафарларига заруратни йўққа чиқаради ва кўплаб одамларга уйидан туриб ишлаш имконини беради. Бироқ коронавирус билан боғлиқ инқирозгача хизмат сафарлари тўхтовсиз ўсиб борган.
Энди ҳукумат тақиқлари, бизнес қарорлари ёки шахсий эҳтиёткорлик туфайли бўладими, энг муҳим халқаро саёҳатлар бекор қилинди ва уй шароитида ишлаш мумкин бўлганлар тобора ўз жойларида қолмоқдалар.
Бундай мажбурий ўтроқлик туфайли, компаниялар баъзан юзма-юз учрашувлар зарур бўлса-да, технологик муқобил вариантлар одатда шу қадар яхши ва арзонроқки, вақтни кам сарфлайди ва оилавий ҳаётга зарар келтирмайди. Авиация чиқиндиларининг иқлимга таъсири ҳақида хавотир кучайиб бораётган, кўплаб компаниялар экологияни англаш ва барқарорликка содиқлигини таъкидлашга интилаётган бир пайтда, хизмат сафарларини қисқартириш учун экологик ва иқтисодий сабаблар мавжуд.
Эҳтимол, коронавирус инқирози протекционизм ва миграция назоратини кучайтириш тарафдори бўлган миллатчиларга кўпроқ хизмат қилади.
Вируснинг ер шари бўйлаб тарқалиш тезлиги ва кўлами одамларнинг хавфли ташқи таҳдидлар олдида заифлигини кўрсатиб берди. Коронавирус Лондон ва Нью-Йорк каби глобал марказларда шунчаки тарқалгани йўқ. У, шунингдек, Жанубий Кореянинг катталиги бўйича тўртинчи ўринда турадиган Тэгу каби провинциал шаҳарларга; Сиэтл яқинидаги қариялар уйига; ҳаттоки Италия ҳукумати томонидан биринчи марта карантин жорий қилинган Ломбардиядаги 10 та шаҳардан бири саналган Кастильоне-д'Адда (аҳолиси 4600 киши) каби кичик шаҳарларга ҳам ҳужум қилди.
Дунё етакчилари мисли кўрилмаган умумий таҳдид олдида трансчегаравий ҳамкорлик зарурлиги тўғрисида яхши сўзларни айтишган бўлса-да, уларнинг ҳаракатлари кўпинча буни рад этади. Гўёки либерал деб аталмиш ҳукуматлар саёҳатларга ва савдо-сотиққа нисбатан ҳаттоки Трамп ўтган йили Хитой билан тўқнашуви авжига чиққанида қўйган чекловлардан ҳам кескинроқ чекловлар қўйди.
Янги Зеландиянинг «сўл қанот» бош вазири Жасинда Ардерн Янги Зеландия фуқаролари бўлмаган саёҳатчиларнинг Хитойдан мамлакатга киришини тезда тақиқлаб қўйди. Гарчи бундай умумий тақиқлар соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан оқланиши мумкин ёки мумкин бўлмаса-да, улар чегараларни беркитишни ҳар бир бемор учун ечим сифатида кўрадиганлар учун кўпроқ қонунийликни таъминлайди.
Ҳатто гўёки тўсиқсиз деб аталадиган Европа Иттифоқи бозорида ҳам Франция ва Германия тиббий ниқоблар экспортини тақиқлаб қўйди - президент Эммануил Макрон ва канцлер Ангела Меркелнинг либерал интернационализми ва ЕИ га содиқлиги ҳозир шундай кўринишга эга. Европа Иттифоқига аъзо бошқа 26 мамлакат ҳукуматидан биронтаси Италиянинг тиббий ёрдам ҳақида қаттиқ илтимосига парво ҳам қилмагани янада ҳайратда қолдиради, ваҳоланки ҳатто Хитой бу даъватга лаббай деб жавоб берган.
Умуман олганда, Foreign Policy муаллифларидан бири Стивен Уолт ёзганидек, ҳозирги фавқулодда вазият глобал сиёсатда давлатлар аввалгидек асосий иштирокчилар ҳисобланишини ёдга солиб турибди. Бир неча йилда бир марта олимлар ва экспертлар жаҳон ишларида давлатлар тобора аҳамиятсиз бўлиб бораётгани ва бошқа субъектлар ёки ижтимоий кучлар (масалан, ноҳукумат ташкилотлари, кўпмиллатли корпорациялар, халқаро террорчилар, глобал бозорлар ва ҳ.к.) суверенитетга путур етказиб, давлатларни тарихнинг ахлат қутисига итараётганини таъкидлайдилар. Бироқ, янги хавф пайдо бўлганда, одамлар ҳимоя учун биринчи навбатда миллий ҳукуматларга мурожаат қилишади. 11 сентябрдан кейин америкаликлар уларни ал-Қоидадан ҳимоя қилишлари учун БМТ, Microsoft Corp. ёки Amnesty International ташкилотларига мурожаат қилмадилар; улар Вашингтонга ва федерал ҳукуматга қарашди. Бугунги кунда бу шундай: бутун дунё фуқаролари ишончли маълумот бериш ва самарали чораларни ишлаб чиқиш учун ҳукумат амалдорларига мурожаат қилишади. Ўтган ҳафта журналист Дерек Томпсон ёзганидек: "Пандемия даврида озодлик тарафдорлари йўқ". Бу кенгроқ глобал ҳаракат энди керак эмас деган маънони англатмайди; бу шунчаки, глобаллашувга қарамай, давлатлар замонавий дунёда марказий сиёсий иштирокчилар бўлиб қолаётганини эслатиб туради. Реалистлар бу фикрни ўнлаб йиллар давомида таъкидлаб келмоқдалар ва коронавирус бизга яна бир ёрқин эслатма беради.
Албатта, коронавирус инқирози, шунингдек, миллатчиларнинг иммиграцияга қарши ва протекционизм сиёсати одамларни янада хавфсизроқ қилади деган даъволарининг асоссизлигини ҳам очиб берди. гарчи Ломбардия провинция ҳукуматини бошқарадиган миллатчи коалицияни Маттео Салвини ўнг қанот партияси бошқараётган бўлса ҳам, минтақани коронавирусдан ҳимоя қила олмади. Хитойдан ажралиш истаги билан Трамп коронавируснинг АҚШга киришига тўсқинлик қила олмади.
Трампнинг ўзи ҳамон ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларда унинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқирозга бепарволиги ва аралашмаганлиги учун бадал тўлаши мумкин. Аммо умуман олганда, коронавирус инқирози миллатчилар ва протекционистлар учун сиёсий совғадир.
Асосан у чет элликлар ҳақида таҳдид сифатида тасаввурларни кучайтиргани учун. Унинг таъкидлашича, инқирозга учраган давлатлар ҳар доим ҳам қўшнилари ва яқин иттифоқчиларининг ёрдамига умид қилишмайди. Ҳиндистон ўзининг улкан фармацевтика секторидан ҳаётий муҳим дори-дармонларни экспорт қилишни чеклаб қўйганида, бу миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан барча турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни истаганларга кўрсатма беради. Кенг маънода, бу кучли ҳукуматга, ижтимоий эҳтиёжлар устуворлигига, индивидуал эркинлик ва миллий ҳамкорликка нисбатан миллий ҳаракатга ишонадиганларни кучайтириши мумкин.
Натижада, коронавирус инқирози камроқ глобаллашган дунёни очиш билан таҳдид қилмоқда. Пандемия ва ваҳима пасайгандан сўнг, дунёнинг турли мамлакатларидаги одамлар ва маҳсулотлар учун очиқлик яхши деб ҳисоблайдиганлар буни энг янги ва ишончли усулда яна бир бор исботлашлари керак бўлади.
Абу Муслим таржимаси