Бу тизимда кичик бир зарра каби бўлган Сайёрамизнинг ўзи шунчалик мўъжизакорки, унга ҳар гал боққанда завқу шууримиз тўлқинланади. Қуёш ва тупроқ орасидаги оптимал масофа, сув ва ҳаво хусусиятларининг нозик мувозанати олимларни ҳамон ҳайратга солмоқда.
Бунчалик мукаммал тизим қандай пайдо бўлгани инсониятни ҳамиша қизиқтириб келган. Ҳаёт ибтидоси ҳақида турфа хил қарашлар, турли эътиқодлар мавжуд бўлган. ўн тўққизинчи асрда илгари сурилган Чарлз Дарвиннинг «эволюция назарияси» эса барча халқлар қадимги даврлардан буён ишониб келган ҳақиқатни инкор этди. Унга кўра, ердаги ҳаёт содда организмларнинг босқичма-босқич такомиллашиши натижасида тасодифан пайдо бўлган, деб ҳисобланди. Гарчи бу фикр инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибасига ёт бўлса-да, кутилмаганда оммавийлашиб кетди. Хўш, бунга сабаб нима эди?
Айримлар буни омманинг сенсацияга ўчлиги билан изоҳласа, бошқалар табиат қонунларининг чуқур ўрганилганини сабаб қилиб кўрсатишади. Бу борада турли фикрлар, бир-бирига зид қарашлар бугунги кунгача ҳам давом этмоқда. Аслида эса ўша давр воқеаларига назар ташланса, ҳаммаси ойдинлашади.
Тарихдан маълумки, ўша пайтларда ғарблик сиёсатдонлар томонидан ҳокимиятни халққа эмас, халқни ҳокимиятга тобе қилиш йўлида ислоҳотлар бошланганди. Бунинг учун, аввало, одамларни мустақил фикри ва эътиқодидан маҳрум этишга киришилди. Ёшларни атеистик руҳда тарбиялаш, барча соҳаларда материализмга асосланиш шу мақсадда жорий қилинди.
Бу ташаббусга фақатгина табиий-илмий асос етишмаётган эди. Дарвин назарияси ана шу мақсадга жуда мос бўлганлиги боис сунъий равишда оммалаштирила бошланди. Бир миллатни бошқалардан устун қўйиш ёки кўпчиликнинг манфаати олдида камчиликни ҳисобга олмаслик ғояларини илгари сурган бир қанча «изм»лар уни рағбатлантирди. «Капитал» асарининг Дарвинга совға қилинган нусхасида муаллифнинг «Ашаддий мухлисингиздан» деган сўзлари битилгани ҳам бежиз эмас.
Энг қизиғи, бу воқеадан атиги беш йил кейин франциялик биолог олим Луи Пастер кўплаб илмий тадқиқотлар ўтказади ва жонсиз нарсалардан ҳаёт пайдо бўлмайди, деган хулосага келади. Аммо унинг кашфиётлари на ўрганилади ва на эсланади. Лоақал фикрлар хилма-хиллиги юзасидан ҳам эътиборга олинмайди.
Дарвин назарияси эса гуркирашда давом этди. Унинг айрим асосли фикрлари соясида аксар мавҳум ғоялари фанда кенг қулоч ёйди. Бу фикрнинг хатолигини илғаган олимлар ўша пайтда ҳам бўлгандир. Аммо халқнинг эътиқодсизлигидан манфаатдор бўлган ҳокимиятга қарши боролмай, «тасодифан туғилиш» фикрига ҳамма қўшилди.
Барча жонзотларни жонсиз нарсалардан пайдо қилиш, масалан, қурбақани кирдан, ҳашаротларни овқат қолдиғидан яратиш мумкин, деб ҳисобланди. Хатто бир бўлак ифлос латтага дон сепилиб, ушбу қоришмадан сичқонлар пайдо қилиш устида тажрибалар ўтказилди.
Бугунги замон кишиси учун бу ғоят кулгили туюлади, албатта. Лекин ўша даврда лабораторияларнинг моддий-техник базаси мукаммал бўлмагани боис олимлар фақат «қўл билан тутган ва кўз билан кўрган»ларигагина асосланардилар. Масалан, хом гўштдан пайдо бўлган қуртлар жонсиз нарсадан жонли мавжудотнинг туғилиши мумкинлигига исбот тариқасида кўрсатилгани ҳам тарихдан маълум. Аслида бу қуртлар ўз-ўзидан эмас, кўзга кўринмас даражада кичик тухумчалардан пайдо бўлаётгани кейинчалик исботланди.
Дарвиннинг ўзи ҳам таълимотини барбод қилувчи бир қанча фактлар борлигини «Назариянинг мураккабликлари» номи остида тан олади. Лекин у материалистик фаннинг ривожи билан бу жумбоқлар ўз-ўзидан ечилади, деб умид қилган эди. Аммо аксинча бўлди — фан ривожи эволюция назариясининг асоссиз жиҳатларини кашф эта бошлади.
Хусусан, Дарвин «Турларнинг келиб чиқиши» китобида мавжудодларнинг турфа хиллигини «босқичма-босқич ривожланиш» механизми ёрдамида изоҳлайди. Яъни, барча жонли организмлар аста-секин ўзгариб боради. Агар бу тасодифий ўзгаришлар жонзотлардан бирортасига афзаллик келтирса, у мазкур афзал жиҳатни сақлаб қолади. Шу тариқа, янги тур пайдо бўлади.
Эволюция назарияси пайдо бўлган вақтларда генетика фани ҳали шаклланмагани учун Дарвин бу ҳодисага батафсил тушунтириш бера олмагандир. Кейинчалик геннинг ғаройиб хусусиятлари очилгач, эволюция назарияси тарафдорлари мутациялар (мавжудотлар генида юзага келадиган тасодифий ўзгаришлар) тушунчасини таклиф қилишди.
Бироқ ҳозирги кунимизгача жонзотларни ривожлантирадиган ёки яхшилайдиган бирорта мутация кузатилмаган. Унинг деярли барча мисоллари мавжудотларда ё умуман намоён бўлмайди, ё номукаммаллик туғдиради. Демак, жонзотлар мутациялар йўли билан ўзгаради, деб ўйлаш, гўё одамларга тўсатдан олов пуркалса, янги мукаммалроқ индивид пайдо бўлади, дея умид қилиш билан баробар.
Қолаверса, бу фикр «тизимларнинг бўлинмаслиги» тушунчасига мос келмайди. Унга кўра, аъзолардан бирортаси шикастланса ёхуд етишмаса, асосий орган ўз функциясини бажара олмай қолиши таъкидланган.
Масалан, инсон қулоғининг овозларни қабул қилиш жараёни бир нечта кичик органларнинг уйғунлиги ёрдамида юз беради. Агар бу занжирдан биттаси, масалан, ўрта қулоқ юзасидаги болғача чиқариб ташланса ёки шунчаки қулоқ тузилиши ўзгартирилса, умуман эшитмай қоламиз. Эшита олишимиз учун қулоқ девори, болғача, бурма юза, шовқин ўтувчи йўлакча, эшитиш суяклари, бошқа тегишли органларнинг мавжуд бўлиши ва ўта тартибли равишда ишлаши талаб этилади.
Эволюция назарияси қонунларига шубҳа уйғотувчи яна бир мисол — денгиз қисқичбақасининг кўзларидир. Фан тилида лангуст деб аталувчи бу жонзотнинг кўриш системаси бошқа ҳайвонларникидан кескин фарқ қилади. Яъни, аксар мавжудотлар нурнинг синиши асосида кўрсалар, унинг кўзлари ёруғликнинг аксланишига мувофиқ ишлайди. Лангустларни тадқиқ қилган Англиянинг Сассекс университети олими Майкл Лэнд унинг кўзларини асалари уясидек ёнма-ён жойлашган кўп сонли квадратчалардан иборатлигини исботлади.
Дарвиннинг фикрига кўра, барча кўзлар бир турдан келиб чиққан бўлиши лозим эди. Аммо кўзларнинг ҳар иккала конструкцияси ўз тизими доирасида мукаммал ишлаяпти ва ҳеч қандай «оралиқ поғона» уларни яхшилай олмайди. Бу тизим босқичма-босқич ўзгариши ва ривожланиши мумкин эмас. Демак, айнан «тизимларнинг бўлинмаслиги» тушунчаси Дарвин назариясини бутун ўзаги билан вайрон қилади.
Ҳайвонот ва наботот дунёсининг қайси бир қисмига мурожаат қилмайлик, ана шундай мўъжизаларга дуч келаверамиз. Юқорида уларнинг айримларигина саналган бўлса-да, «эволюция назарияси»ни фош қилиш учун шунинг ўзи етарли, деб ўйлаймиз.
Бугун бу ҳақиқатни бутун дунё олимлари тушуниб етган. Илмий тадқиқотлар, табиат ҳақидаги қарашлар аллақачон эски қобиғидан илгарилаб кетган. Ҳатто, «Миллий жўғрофия», «Дисковери», «Анимал планет» каби жаҳоний телеканаллар табиатнинг мўъжизакорлиги ва муқаддаслигини тарғиб ҳам қилишмоқда. Юзлаб илмий-оммабоп журналлар, махсус Интернет сайтларида Дарвин таълимотининг янгидан-янги хатолари эълон қилиняпти...
Дарвиннинг қабри қошида
Олимларнинг тахминича, бутун коинот икки юз эллик миллиард галлактикадан иборат. Ҳар бир галлактикада эса уч юз миллиард атрофида юлдузлар мавжуд. Фаннинг бугунги юксак тараққиёти-да уни тўлалигича тавсифлаб бера олмаяпти. Лекин шуниси аниқки, бу улкан ва мураккаб тизим ҳам табиат қонунларига қатъий амал қилади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Тахлил
|