close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Усмонийлар султони, халифа Иккинчи Абдулҳамид

Абду́л-Хами́д II (Abd ül-Hamîd-i sânî, тур. İkinci Abdülhamit; 1842 йил 22 сентябр - 1918 йил 10 феврал, Константинопол) – Усмонийлар салтанати султони ва 99- халифа, 1876-1909 йилларда ҳукмронлик қилган. Усмонийлар халифалигининг сўнгги кучли халифаларидан. Панисломизм ғоясига таянган ҳолда империянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ва якка ҳокимиятчилик режими ўрнатишга ҳаракат қилган.

Шунингдек, у Ислом оламида халифалик обрўсини сақлаб қолишни мақсад қилган. Шиддат билан заифлашиб ва парчаланиб бораётган Усмонлилар салтанати унинг даврида Европадаги қудратли давлатларнинг ярим мустамлакасига айланди. Султон ҳукмронлигининг сўнгги кунлари Ёш турклар инқилоби билан ёдда қолган бўлиб, оқибатда у тахтдан ағдарилади.

Насл-насаби

Султон Абдулмажид I нинг иккинчи ўғли бўлган. Онаси Тиримужғон Хотин-афандининг келиб чиқиши ҳақида ишончли маълумотлар йўқ. Абдулҳамиднинг қизи Ойша-султоннинг хотирлашича, саройдаги бир қари черкес аёл Тиримужғон туғилиб-ўсган жойлардан эди ва ўзини черкесиялик шапсиғлар субэтносига мансуб деб ҳисобларди; шунингдек, Ойшанинг эслашича, унинг отаси шапсиғлик қизларни «онамнинг уруғларидан» деб атарди. Бундан ташқари, Ойша бобоси Абдулмажид I нинг унга маълум бўлган канизаклари орасида фақат черкеслар бўлгани, гарчи, улар ҳақида ҳарамда миш-мишлар кўп бўлсада, биронта арман ёки юнон қизини учратмаганини айтади. Тиримужғон Трабзон ёки Ереванлик Чандир исмли арман савдогарнинг қизи бўлганлиги ҳақидаги гап-сўзларни Ойша асоссиз ва султон саройи ҳаёти ҳақида ҳеч нарсани билмайдиган кишилар тарқатган миш-мишлар ёки отасининг душманлари тарқатган бўҳтонлар деб атаган.
Абдулҳамид яхши таълим олади, хусусан, ҳарбий билимлар орттиради, Европа бўйлаб саёҳат қилади. У Йилдиз (Юлдуз) саройини ўзи учун қароргоҳ сифатида танлаб олади.

Тахтга чиқиши

Абдулҳамид 1876 йил 31 август куни, атиги уч ой ҳукмронлик қилган акаси Мурод V «Янги усмонлилар» етакчилари ва Мидхат-пошонинг саъй-ҳаракатлари эвазига тахтдан ағдарилган – ақлдан озган деб эълон қилинган ва қалъада зиндонбанд қилингандан кейин тахтга ўтирган. Тахтга ўтириш пайтида Абдулҳамид II конституция эълон қилиш ва парламентга сайлов ўтказишга ваъда берди. Илк ҳукмронлик кунларидан Абдулҳамид ҳамманинг меҳрини қозонди ва шуҳрат топди: у тез-тез казармаларга ташриф буюрарди, илгари умуман кузатилмаган нарса рўй берган – зобитларнинг ўртоқлик кечаларида иштирок этарди, ҳамма билан мулоқот қилиш учун очиқ ва хушмуомала бўларди. Бироқ унинг ҳукмронлик қилиши оғир шароитларда бошланган. Бутун мамлакат бўйлаб кузатилаётган ғалаён ва қўзғолонлар кўпинча мусулмонлар ва насронийлар ўртасида даҳшатли хунрезликка айланиб кетарди; Сербия ва Черногория билан уруш кетаётганди; молия тизими издан чиққан; Туркияни ислоҳотлар ўтказиш ва сулҳ тузишга мажбур қилиш мақсадида чет элликлар аралашуви хавф соларди. Бундай шароитларда кучли давлатларнинг қатъий талабларига қаршилик қилишнинг умуман имкони йўқлигини тушуниб етган, лекин шу билан бирга, унга қўйилаётган шартларга бўйсунишни истамаган ҳолда султон бажонидил бериладиган, доимо ўзгариб турадиган ва ҳеч қачон бажарилмайдиган «ваъдалар сиёсати» ёрдамида кучли давлатларга қарши курашишга қарор қилади. Унинг ҳукмронлик даврида ўзига хос жиҳатга айланган бу сиёсат чексиз дипломатик ёзишмаларга олиб келган ва масалаларни ҳал қилишни ноаниқ вақтга чўзарди.
Бундай сиёсат султон томонидан ички ишларга нисбатан ҳам қўллана бошлади: ваъда қилинган конституция узоқ вақт жорий қилинмади ва султон уни ҳали етарли даражада тўлиқ эмас деб топган конституция лойиҳаси асосан жаҳолатпарастлардан иборат бўлган махсус «ислоҳотлар кенгаши»га топширилди. Ниҳоят, 1876 йилнинг декабрида вакиллар анжумани Константинополда ўз мажлисларини очиқ деб эълон қилгач, Абдулҳамид ишни чўзишни давом эттириш навбатдаги сарой тўнтаришига олиб келиши мумкинлигини сезиб қолди, Мидхат-пошонинг ўз фикрини ҳимоя қилишига таслим бўлди ва 1876 йилнинг 23 декабрида конституция имзоланди ва эълон қилинди. Султоннинг ўзи катта тантана билан омма олдида конституцияга содиқлик ҳақида қасамёд қилди. Бу билан анжуман ишини тўхтатиб қўйди, бироқ Туркияга ташқаридан ва ичкаридан бевосита таҳдид солган хавф ўтиб кетиши билан Абдулҳамид мутлақ ҳокимият учун кураш бошлади. Бу курашда Россияга қарши уруш катта роль ўйнади.
1876 йил сентябрь ойининг охирида «Московские ведомости» газетаси янги султон характери ҳақида Константинополдан келган маълумотни чоп этди: «<…> Гарчи султон Абдулҳамид қалбини Исломга бағишлаган бўлсада, лекин ўтакетган мутаассиблик унга ёт эди. У бир насронийни сартарош этиб тайинлади, бундай воқеа илгари мисли кўрилмаган эди. Кўплаб сарой аёнлари қандай қилиб кофир қўли халифанинг муқаддас соқолига тегишига йўл қўйиш мумкин эканлигига асло тушунмасдан, бу тайинловни ҳайрат билан қабул қилдилар».

Рус-турк уруши ва Берлин конгресси

Турк султонининг славянларга нисбатан зўравонликларни тўхтатиш ҳақидаги талабини (Лондон баённомаси) бажаришдан кескин бош тортганлиги сабабли Россия Усмонлилар империясига уруш эълон қилди (1877 йил 24 апрель). Абдулҳамидни пул ва ўқ-дорилар билан таъминлаб турган Англиянинг катта ёрдам кўрсатишига (турк армияси магазинли милтиқлар билан қуролланган эди) қарамай, турклар учун олдиндан тайёрлаб қўйилган қалъа ва дала истеҳкомларидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлсада – уруш Туркия учун мағлубият билан тугади. 1877 йил охирида рус армияси Болқон орқали ўтди ва Адрианополга яқинлашиб, ҳеч қандай қийинчиликсиз Константинополни ишғол қилиш имконига эга бўлади. Плевна ва Шипкининг бой берилиши, Усмон-пошо армиясининг таслим бўлиши, Сулаймон ва Мухтор қўшинларининг тор-мор бўлиши ва русларнинг пойтахтга яқинлашиши Константинополда кучли хавтотирга олиб келади. Парламент ҳукуматни алмаштириш ва Россия билан урушни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди; султон Осиёга қочишга тайёрланди, армия қолдиқлари жанговар руҳини йўқотган, ҳамма жойда талон-тарож бошланганди. 6 январь куни Абдулҳамид рус армияси бош қўмондони ҳузурига сулҳ тузишни сўраб ўз вакилларини жўнатди. Рус армияси бош қўмондони фақат умумий тинчлик шартлари белгилаб олинган тақдирдагина сулҳ тузиш мумкинлигини айтди. 1878 йил 3 март куни Сан-Стефанода имзоланган дастлабки шартномага кўра Руминия ва Сербия мустақил деб тан олинди, Болгария провинцияларига ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқи берилди; Россия, Сербия ва Черногория катта ҳажмдаги ҳудудлар берилди; уруш харажатлари учун контрибуция белгиланди.
1878 йил 13 июлда Берлин конгрессида шартномани ўзгартириш мақсадида хорижий давлатлар аралашуви оқибатида султон Боснияни австрияликларга, Кипрни инглизларга,  Эпир ва Фессалиянинг бир қисмини юнонларга топширишига тўғри келди. Доимий молиявий муаммоларга албанлар итоатсизлиги ҳам қўшилди. Черногорияга ўтган ерлар аҳолиси давлатларнинг улар қарорига кўра султон итоатсиз халқларни бўйсундириши ҳақидаги қарорини тан олишдан бош тортарди. Гарчи ғанимга ёрдам беришни истамаган ҳолда узоқ ўйланишлардан кейин бўлса ҳам, султон 1880 йил ноябрда Дульцино қалъасида итоатсизларни бўйсундирди.
Сан-Стефано шартномаси имзолангандан кейин озгина вақт ўтгач, турк газеталарида рўй берган воқеаларга Абдулҳамид шахсияти учун хос бўлган қуйидаги расмий изоҳ чоп этилди:
««Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг Расулидир. Худонинг амри билан русларга тинчлик ато этилди. Мўминларга маълумки, лаънати санамларга сиғинувчилар исён кўтариб, ўлпон тўлашдан бош тортдилар, қўлларига қурол олиб, энг янги даврнинг иблисона ҳийла-найранглари билан қуролланган ҳолда мўминлар ҳукмдорига қарши чиқдилар. Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Ҳақиқат қарор топди. Муҳтарам ва музаффар ҳукмдоримиз ғайридин итларга қарши курашга бу сафар ёлғиз ўзлари чиқдилар. Чексиз марҳамати ила ғайридин итларга улар тиз чўкиб сўраган тинчликни ҳадя этига қарор қилдилар. Эндиликда, мусулмонлар, дунё яна Истанбулдан туриб бошқарилади. Руслар ҳукмдорининг биродари зудлик Истанбулга кўп сонли мулзимлари билан ташриф буюрди, бошидан кул сочиб, гуноҳидан ўтишни сўради ва тавба қилди. Бунда у тўлаши лозим бўлган оддий ўлпон тўланиши талаб қилинади ва шундан кейин мўминлар ҳукмдори чексиз марҳамати ва сабр-бардоши билан руслар ҳукмдорини унунг мамлакатида вассал ноиб этиб тайинлаш ҳақидаги қарорни тасдиқлайди. Лекин янги ғалаёнлар ва қаршиликлар эҳтимолининг олдини олиш учун султон, ернинг олий ҳукмдори сифатида, 450 минг нафар рус Болгарияда гаров сифатида қолишига буйруқ берди. Қолган ғайридин итлар эса ўз ватанига қайтиб кетиши мумкин, лекин фақат Истанбул ёки унинг яқинида чуқур иззат-икром кўрсатилгандан сўнг».
(Газета Гатцука, 1878 г. № 12, из смирнской газ. «Ахбарь»)
1878 йилнинг июлида Сулаймон-пошо жараёни бўлиб ўтди. Плевна қулашидан бир ой олдин Болгария саҳнасида қуруқликдаги барча қўшинлар қўмондони этиб тайинланган Сулаймон-пошо, олий ҳарбий кенгаш (дари-хура) аралашуви оқибатида танг аҳволга тушиб қолгач, барча ҳарбий соҳадаги муваффақиятсизликлар учун айбдор бўлиши лозим эди. Судда ўзини эҳтирос билан ҳимоя қилиб, у берган жавобларида гоҳида Абдулҳамидни ҳам аяб ўтирмади. Оқибатда, айбловларнинг беқарорлигига қарамай, 1878 йил 15 ноябрда Сулаймон-пошо ҳуқуқлар, мансаблар ва орденлардан маҳрум этилган ҳолда абадий сургунга ҳукм қилинди. Бироқ Абдулҳамид бу ҳукмни юмшатиб, Бағдодга 6 йил сургун билан алмаштирди. Шу йилнинг ёзида эса ўтган уруш ҳақида усталик билан танлаб олинган расмий ҳужжатлар тўплами (Зубдатул-Хақаин) нашр этилди, унга кўра турк стратегиясидаги барча энг яхши юришлар (масалан, Плевна) шахсан Абдулҳамид ташаббуси билан юзага келгани ва ривож топгани ҳақида тасаввур уйғониши лозим эди.

Кейинги бошқарув

Берлин конгресси мажлислари давом этар экан, Абдулҳамид, халқнинг диққат-эътибори ички сиёсатдан чалғиганидан фойдаланиб, парламент сессиясини тарқатиб юборди ва шундан кейин то 1908 йил инқилобигача парламент бошқа чақирилмади. Расман бекор қилинмаган бўлсада, конституция Туркияда амалда риоя қилинмай қўйди. Аста-секинлик билан султон бутун бошқарувни ўз қўлига олди ва мамлакат аввалги истибдодга асосланган тузумга қайтди. Давлат тўнтаришидан қўрққан Абдулҳамид ўзини сон-саноқсиз қўриқчилар билан қуршаб олди, бутун мамлакат айғоқчилар ва махфий полиция ходимларига тўлиб кетди. Султонга унинг тахтга ўтиришида катта хизмат кўрсатган ва ёрдам берган «Турк конституциясининг отаси» Мидхат-паша фитнада иштирок этишда айбланди ва ўлимга ҳукм қилинди. Қудратли давлатлар талаби билан авф этилгач, у Арабистонга сургун қилинди ва кўп ўтмасдан ўша ерда вафот этди.
Савдо ва саноатнинг таназзули, молиявий ҳолатнинг абгорлиги, солиқларнинг бадал тариқасида тўланиши шунга олиб келдики, 1882 йил Туркия ўзини банкрот деб эълон қилди ва заёмлар бўйича фоизлар тўламай қўйди. «Усмонлилар давлат қарзи Директорлар Кенгаши» фр. Conseil d’administration de la dette publique Ottoman номи остида хорижий кредиторлар комиссияси ташкил этилиб (5 йил муддатга тайинланадиган 5 нафар аъзодан иборат: Лондонда хорижий облигациялар эгалари синдикати (ингл. Foreign bondholders), Римда савдо палатаси, Вена, Париж ва Берлинда Усмонлилар империяси кредиторлари синдикатлари), давлатнинг айрим даромадлари устидан назоратни қўлга киритган.
Ўтмишдошлари сарой тўнтаришлари оқибатида тахтдан қандай ағдарилганини яхши билган Абдулҳамид империя тахти ва ўз ҳаёти учун қаттиқ хавотирлана бошлади. Ҳамма жойда фитна ва хиёнат унинг кўзига ташланарди. Ҳеч кимга ишонмасдан, ўзини сон-саноқсиз қўриқчилар билан қуршаб олган, бутун мамлакатни айғоқчилар ва махфий полиция ходимларига тўлдирган ҳолда Абдулҳамид саройдан ҳеч қаерга чиқмасдан яшай бошлади, ўз халқига эса бир йилда бир марта, анъанавий «саломлик»да кўриниш берарди. Султон ваъда қилган ислоҳотларнинг биронтаси амалга оширилмади. Мамлакатда жаҳолатпарастлик қарор топиб, «турк конституциясининг отаси» Митхад-пошо унинг қурбонига айланди. Полиция террори шу қадар кучли эдики, қўққисдан ҳибсга олиниш ва сирли равишда ўлдирилишдан, энг яхши ҳолатда эса дом-дараксиз ғойиб бўлиш, қамоққа олиниш ёки сургун қилинишдан ҳеч ким кафолатланмаганди. Барча ислоҳот тарафдорлари ҳаракатсиз туришга ёки хорижга чиқиб кетшига мажбур эди. Матбуот умуман йўқ бўлиб кетди, чунки цензура мисли кўрилмаган даражага етганди. Мамлакатда фуқаролик бошқаруви чексиз-чегарасиз ўзбошимчалик ва сотқинлик уларнинг асосий жиҳатига айланган нодон амалдорлар қўлида эди. Савдо ва саноат таназзулга юз тутди, алоқа йўллари ўта қониқарсиз эди, деҳқончилик абгор ҳолатга тушиб қолганди. Молия тизими тартибсиз ҳолатда: ундирилган солиқлар бадал эвазига тўланарди, бунинг оқибатида аҳоли тўлаган пулнинг ярмигина давлат хазинасига келиб тушарди. Хазинага тушган пуллар ҳеч қандай назоратсиз, султоннинг хоҳишига кўра, асосан сарой ва полиция эҳтиёжларига сарфланарди. Энг муҳим ва жиддий эҳтиёжлар хазинада пул йўқлиги сабабли қондирилмай қолиб кетарди. Вазият шунга қадар етиб бордики, зобитлар ва амалдорлар ярим йиллаб маош олмасди. Бундан ташқари, маош доимо тенг ярмида бериларди, чунки ҳисоб-китоб олтин ўрнига қоғоз пулларда амалга ошириларди. Турк амалдорлари орасида порахўрлик шу қадар тарқалгандики, пора эвазига исталган қонунни айланиб ўтиш мумкин эди, белгиланган фоиз тўламасдан эса давлат хазинасидан ҳеч қандай йирик нарса олишнинг имкони йўқ эди.
Вазият туркларнинг ўзи учун шунчалик мушкул бўлгандан кейин Турк империясида истиқомат қилаётган насронийлар шу қадар оғир аҳволга тушиб қолгандики, турли қўзғолон, ғалаён ва исёнлар Абдулҳамид ҳукмронлик қилан даврда асло тинмаган. Насронийлар орасидаги ғалаёнлар султон томонидан ўта шафқатсизлик билан бостириларди. Айниқса, 1984 йил арманларни қирғин қилиш эътиборли бўлиб, бунда 50 мингдан ортиқ уй таланди ва ёқиб юборилди, юз мингдан ортиқ киши – эркаклар, аёллар, болалар азобга солинди, майи-мажруҳ этилди, хонавайрон қилинди. Шу воқеа туфайли султон Буюк қотил номини олган. Туркияда мусулмонлар ва насронийлар ўртасида азалдан мавжуд бўлиб келган миллий ва диний адоват Абдулҳамид даврида энг кескин кўринишга келди.
Оммавий парокандалик ва тушкунлик шароитларида турк армияси яхши томонга ўзгариши яққол кўзга ташланиб турарди. Абдулҳамид армияни Ғарбий Европа мамлакатларининг армиялари билан бир қаторга қўя олиш учун қўлидан келган барча чораларни қўлларди. Армияда қўшинларни ташкил қилиш, қуроллантириш, бошқариш, зобитлар ва аскарлар тайёргарлигини яхшилаш бўйича бир қатор йирик ислоҳотлар амалга оширилди. Мусулмонлар учун умумий мажбурий ҳарбий хизмат жорий қилинди. Германиядан таклиф қилинган генерал Кольмар фон дер Гольц қўмондонлик таркиби умумий ва махсус тайёргарлигини ошириш учун кўп ишлар қилди. Зобитлар тайёрлаш учун 4 синфдан иборат ҳарбий мактаблар ташкил қилиниб, уларда таълим дастури замонавий ҳарбий иш талабларига жавоб берарди. Бу мактабларда чет эллик мутахассислар, асосан немислар дарс берарди. Кенг йўлга қўйилган умумтаълим дастурларидан ташқари, ҳарбий мактабда ўқувчилар чет тилини (инглиз, француз, немис, итальян ёки рус тили) ўрганишга мажбур эди. Таълим тизимига мактабдан ташқари илмий ва адабий ўқишлар ва ижтимоий мавзуларга суҳбатлар, турли таълим тўгаракларини ташкил қилиш киритилганди. Ҳарбий қисмларда сафда юриш машғулотлари ва жанговар тайёргарликка чет эллик инструкторлар – немис зобитлари раҳбарлик қиларди.
Буларнинг натижасида ҳарбий тайёргарлик ўтаган зобитлар Туркияда энг маърифатли ва европача таълим олган кишиларга айланди. Уларнинг атрофида рўй бераётган нарсаларни тушуниб етган ҳолда, ушбу зобитлар маъмурият ўзбошимчалиги ва ўғриликларини, халқнинг хонавайрон қилинишини, талон-тарож ва қирғинларни кўриб, миллий нафсониятнинг хўрланиши ва таҳқирланиши ҳақида қайғурмасдан қараб тура олмасди. Европа давлатларининг Туркия ички ҳаётига мунтазам ва сурункали аралашуви уларнинг кўз ўнгида рўй берарди; мамлакат ўзининг энг яхши ҳудудларини қўлдан бой бераётганди. Берлин ер трактатига кўра йўқотилган ерларан ташқари, Туркия 1885-1886 йилларда Шарқий Румелияни ҳам бой берди ва амалда Крит устидан ҳукмронликни қўлдан чиқарди. Ҳаттоки турк армияси ўзининг жанг қилиш маҳоратини намойиш эта олган, муваффақият билан тугаган юнон-турк уруши (1897 й.) ҳам Туркияга қозонилган ғалаба ҳиссидан бошқа ҳеч нарса келтирмади. Бир нечта инқилобчи партия шаклланиб, уларнинг энг йириги «Бирлашув ва тараққиёт» ёш турклар партияси хисобланарди. 1907 йил Парижда барча турк инқилобчи жамиятлари вакилларининг қурултойи бўлиб ўтди, унда Туркияда конституцион бошқарув тизимини йўлга қўйиш учун барча партияларни бирлаштириш ва умуий саъй-ҳаракатлар билан Абдулҳамидни тахтдан ағдаришга эришишга қарор қилинди. 1908 йилнинг ўрталарига келиб, Македониядаги қўзғолон авж олиб, чет элликларнинг навбатдаги аралашуви масаласи кўтарилган бир пайтда турк армияси ёш турклар қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган давлат тўнтариши режасини амалга ошириш анча тайёргарлик кўриб бўлган эди. Бу пайтга келиб, унинг таркибига армияда олий мансаб эгаси бўлган бир нечта зобитлар ҳам кирган марказий қўмита бош идорасида Македонияга кўчирди.
Қўшинлар исён кўтаргани ҳақида илк хабарлар 1908 йил июнида тарқалган бўлиб, ўшанда Македониядаги қўшинлар ўзларини ёш турклар тарафдорлари деб ошкора эълон қилган ва султон томонидан ҳарбий исённи бостириш учун барча ваколатлар билан Салоникига юборилган Усмон-пошо ёш турклар томонидан асир олинган. Абдулҳамид унинг тахти ягона таянчи бўлган армия очиқчасига унга қарши чиққанига, Константинополдан инқилоб қўмитасининг буйруғи билан унинг гвардияси чиқариб ташланганига ишонч ҳосил қилгач, қаршилик кўрсатиш бефойда эканлигини тушуниб етди. Шунда, 1908 йилнинг 10 июлида Усмонлилар ҳукумати «Султон Жаноби олийлари 1876 йилги конституция унинг энг шавкатли маҳсули эканлигини эсга олди ва уни жорий қилиш ҳақида буйруқ берди» деб баёнот берди. 4 декабрда Туркия янги парламенти очилиши белгиланди. Шу куни Абдулҳамид 1878 йилдан бери бирини марта ўз саройини тарк этди ва усти очиқ файтонда бутун шаҳар бўйлаб парламент жойлашган бинога борди ва бу ерда яна бир бор империянинг асосий қонунларига қатъий риоя қилишга ваъда берди. Гарчи Абдулҳамид дастлабки паллада ёш туркларнинг барча талабларини бажарган бўлсада, марказий қўмита ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ ва Туркияда иккита ҳукумат: пойтахтда – вазирлик ва Салоникида – қўмита вужудга келди.
Вақт ўтиши билан бундай эҳтиёткорлик бежиз бўлмаганлиги кўзга ташланди. Парламентда мамлакатдаги ислоҳотлар ҳақида қизғин мунозаралар давом этаётган бир пайтда Абдулҳамид конституцияга қарши фитна тайёрлади. 1909 йил апрель тунларининг бирида барча ёш турклар зобитлари қўққисдан ҳибсга олинди ва бир қисми қириб ташланди. Оддий фельдфебель бошчилиги остида фитначлар парламент биноси томон ҳаракатландилар ва уни ёш турклардан иборат бўлган вазирликни тарқатиб юборишга мажбур қилдилар. Ғафлатда қолган парламент исёнчилар кўрсатган шахслардан иборат бўлган янги ҳукумат тузди. Гарчи бу бир нечта зобитлар ҳалок бўлган ҳақиқий ҳарбий исён бўлган бўлсада, лекин шунга қарамай, Абдулҳамид барча фитначиларга тўлиқ амнистия эълон қилишга шошилди. Султоннинг исёнга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканлиги ҳақида қатъий ишонтириш оҳангида айтилган фикрларга қарамай, эртаси куни, исёнчилар томонидан ўлдирилган 83 нафар аскар ва зобитни дафн этиш маросимида Константинопол кўчаларида намойишчиларнинг қонли тарзда бостирилиши билан якун топган Абдулҳамидга қарши намойиш бўлиб ўтди.
Бу воқеалардан улкан таассуротлар олинди. «Бирлашув ва тараққиёт» қўмитаси контрреволюцияга тезда жавоб қайтарди: «Туркиянинг Европа қисмида жойлашган барча ҳарбий қисмларга зудлик билан Константинополь томон ҳаракатланишга буйруқ берилди». Мамлакат тақдири қўшинларнинг ушбу буйруқни бажариши ёки бажармаслигига боғлиқ эди. Генералиссимус этиб тайинланган Махмуд Шавкат-пошо қўмондонлиги остида қўшинлар пойтахт томон йўл олдилар ва бир неча кун ичида шаҳарни ишғол қилдилар. Тўлалигича ёш турклар тарафдорлари бўлган халқнинг қувончи чексиз эди. Пошолар бор мулкини қўшинлар эҳтиёжига топширди, армия таъминотчилари аскарлар учун зарур бўлган ҳамма нарсани бепул, кредитга берди, турк ҳукуматига қарши қўзғолон байроғини кўтарган Санданскийнинг македон-адрианопол инқилобчилари халққа қарши эмас, балки султонга қарши курашганини маълум қилиб, ёш турклар ихтиёрига ўтганлигини билдирди. Константинопол қўлга олингач, Махмуд Шавкат-пошо Абдулҳамид яшайдиган Йилдиз саройини қўшинлар билан қуршаб олди ва унинг ташқи дунё билан алоқаларини узиб қўйди. Озиқ-овқат ва сувдан, ёруғлик манбаидан маҳрум қилинган, таъна ва маломатлар ёғдираётган маъшуқалар ва тансоқчилар қуршовида қолган Абдулҳамид, ҳамма уни тарк этиганини кўриб, 2 кундан кейин музокараларга киришиш истагини билдирди.
1908 йил қон тўкмасдан амалга оширилган давлат тўнтаришидан кейин тез орада Болгария, номинал равишда Туркиянинг вассали ҳисобланган князлик, ўзини мустақил давлат деб эълон қилди ва Болгария князи шоҳ деб эълон қилинди. Шу билан бир пайтда, Туркия империясининг Берлин трактати шартларига кўра Австрия-Венгрия протекторати остида бўлган Босния ва Герцеговина номли иккита провинцияси унга қўшиб олинди.
Бу вақтда Константинополда тўпланган миллий мажлисда Абдулҳамиднинг тақдири ҳал этилаётганди. Узоқ давом этган тортишувлардан сўнг қарор қилинди: «Султон Абдулҳамид II тахтдан туширилсин, султон ва халифа тахтига сўнгги шаҳзода Мехмед Решад Эффенди (Абдулҳамиднинг акаси) Мехмед V номи билан тахтга ўтказилсин». Эртаси куни Абдулҳамид, еттита хотини ва фарзанди билан конвой қўриқчилиги остида автомобилда Салоники яқинида жойлашган Аллатини вилласига келтирилди. Расулуллоҳнинг ноиби сифатида бутун ер юзидаги мусулмонларнинг ягона ва олий ҳукмдори ҳисобланишига ишончи комил бўлган, замон талаблари билан ҳисоблашишни ўжарлик билан истамаган «қонхўр султон»нинг 33 йиллик ҳумкронлиги шу тариқа поёнига етди. Бу тенгсиз курашда ғалаба Абдулҳамидга насиб қилмади, лекин ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида бундай улкан салтанатни идора қилиш учун жуда катта ақл соҳиби бўлиш, улкан ирода кучига ва фавқулодда қобилиятларга эга бўлиш талаб қилинарди.

Суиқасд

Абдулҳамид II арманларнинг «Дашнакцутюн» партияси асосчиларидан бири саналган Христофор Микаэлян томонидан уюштирилган суиқасдни бошидан кечирди. Суиқасд 1905 йил 21 июль куни Константинополдаги Йилдиз масжидида амалга оширилди. Болгарияда тайёргарлик кўрилган суиқасдда Абдулҳамидни Софияда портлатиб юбориш режалаштирилган. Бироқ Микаэлянга ўз режасини шахсан амалга ошириш насиб қилмаган экан – у шериги В.Кендирян билан бирга Болгария тоғларида навбатдаги синов тариқасидаги портлатишлардан бирида ҳалок бўлди.
Шунга қарамасдан, Микаэляннинг ишини давом эттирадиган одамлар топилди. 1896 йил сентябрь ойида Усмонлилар банкига уюштирилган босқинда иштирок этган Зарех исмли шахс суиқасдни ижро этишга қарор қилди. Энди портлатиш учун жой сифатида Йилдиз масжиди танланди – жума намозини ўқиш учун Абдулҳамид ҳар жума фақат битта масжидга борарди. Бомба Абдулҳамид масжиддан чиқиб кетаётганда портлаши учун уни чиқиш эшиги олдида қолдириш режалаштирилди.
Бомба Зарех масжид олдига ҳайдаб келган каретада эди (бошқа маълумотларга кўра, бу мақсадда автомобиль миналаштирилган). Бомбани портлатиш учун 42 сония вақт белгиланади, лекин Абдулҳамид (шайхулислом билан суҳбатлашиб) ушланиб қолади. Портлаш оқибатида кўплаб одамлар, жумладан, Зарехнинг ўзи ҳам ҳалок бўлди.

Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Шахслар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase