Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)га илк бор қарши чиққанлардан бири, мелодий 1261-1336 йилларда яшаб ўтган, 300 дан ортиқ асарлар битган, тасаввуфнинг машҳур вакили Рукниддин Алоуддавла ас-Симноний (р.ҳ.) бўлиб, унинг Ибн ал-Арабий асарига ёзган ҳошия-изоҳларида уни қаттиқ қоралаган ва куфрда айблаган (Абдурраҳмон ал-Жомий. Нафаҳот ал-унс. – Тошкент, 1913. – Б. 536).
Шофиъий мазҳабининг буюк олимлари Тақийуддин ас-Субкий (р.ҳ.) Ибн Дақиқ ал-Ийд (р.ҳ.)дан ривоят келтиради. Ибн Дақиқ ал-Ийд (р.ҳ.) бундай деган экан: “Мен қирқ йилдан бери нима савол бўлса, барчасига Аллоҳ олдида жавоб беришга ҳам тайёр бўлган жавоблар бериб келганман! Уламолар султони дейилган устозим Иззуддин Ибн Абдуссалом (р.ҳ.)дан Ибн ал-Арабий ҳақида сўрадим. Ул зот: “Ибн ал-Арабий каззоб ва ёмон шайх. У оламнинг қадимийлиги – азалий эканини айтган одамлардан бири”, деганди.
Қироат илмининг буюк олимларидан бири бўлмиш Имом ал-Жазарий (р.ҳ.) эса Ибн ал-Арабийни агар гапларини ўзи айтганлиги рост бўлса, у насроний ва яҳудийлардан кўра ҳам ифлосроқ, деган ва унинг китобларини ўқишни ҳаром санаган.
Таниқли шофиъий олими, “ал-Иршод” асари муаллифи Ибн ал-Муқиррий (р.ҳ.): “Кимки насроний ва яҳудийларнинг куфрига, шунингдек, Ибн ал-Арабийнинг тоифасидагилар куфрига шак қилса, у ҳам кофир!”, деган.
Таниқли олим Ҳофиз аз-Заҳабий (р.ҳ.) “Сияр аълом ан-нубало” асарида Ибн ал-Арабийнинг “Фусус ал-ҳикам” асари борасида: “Агар бу китобда куфр бўлмайдиган бўлса, дунёда умуман куфр қолмаган бўлади”, деган (Шамсиддин Муҳаммад аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. 23-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1985. – Б. 48).
“Саҳиҳ ал-Бухорий”га “Фатҳ ал-Борий” номли кўп жилдли шарҳ битган машҳур ҳадисшунос олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) ўзининг “Лисон ал-мезон” асарида ўз устози таниқли шофиъий олими Сирожиддин ал-Булқиний (р.ҳ.)дан Ибн ал-Арабий ҳақида сўраганини у эса дарҳол уни кофир деганини нақл қилган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Лисон ал-мезон. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-башоир ал-исломия, 2002. –Б. 125).
Калом илмининг буюк олимларидан бири Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (р.ҳ.) ҳам барча мутакаллимлар сингари Ибн ал-Арабий ва “ваҳдат ал-вужуд” таълимотини қоралаган ва инкор қилган. Саъдуддин ат-Тафтазоний (р.ҳ.)нинг “Шарҳ ал-мақосид” асарининг “вужуд”, “ваҳдат”, “иттиҳод”, “ҳулул” сингари атамаларга бағишланган қисмларида бу нарса яққол кўринади. Жумладан, Имом ал-Ғаззолий (р.ҳ.) мақтаган соликларнинг “тавҳиддаги фано” тушунчаси танқид остига олинади (Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-мақосид. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 43-44).
Саъдуддин ат-Тафтазоний (р.ҳ.) “ваҳдат ал-вужуд” таълимотига бағишланган алоҳида раддиясида рисоланинг бошиданоқ Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)нинг “ал-Фусус ал-ҳикам” асарига: “умматни залолатга бошловчи китоб”, дея ҳукм ўқийди ва рисола давомида “ваҳдат ал-вужуд” таълимотига эргашганларни “кофирларнинг энг кофири” дея қайд қилиб кетади.
Ҳанафий олимларидан Ибн Камол Пошшо (р.ҳ.)нинг шогирдларидан дейилган Ибн Турхон (р.ҳ.) “ваҳдат ал-вужуд” таълимотига оид раддиясида эса Ибн ал-Арабий тутган йўлини исломдаги энг катта мусибат, деб баҳолаган (Мажмуату фи ваҳдат ал-вужуд. – Миср, 1916. – Б. 48).
XVI асрда яшаган Истанбулда қози ва муфтий бўлган, ҳанафий олими, “Тафсири Қози Байзовий”га ҳамда “ал-Иноя шарҳ ал-Ҳидоя”га ҳошиялар боғлаган, Аллома Саъдий Чалабий (р.ҳ.) ўзининг “Фусус ал-ҳикам” бўйича чиқарган фатвосида уни куфрда айблаган. Ўша даврда яшаган, Мисрда қози, Истанбулда муфтий, Онадўлида қозиаскар бўлган, ҳанафий олимларидан бири Жўйзода Муҳаммад ал-Ҳанафий (р.ҳ.) ҳам Ибн ал-Арабийни айблаб, қоралаган.
Таниқли ҳанафий олими Мулла Али ал-қори (р.ҳ.) ҳам Ибн ал-Арабийга қарши чиққан олимлардан бири бўлиб, унинг 164 бетлик махсус раддияси “ар-Радд ъала-л-қоилина би-ваҳдат ал-вужуд” (“Ваҳдат ал-вужудни айтувчиларга раддия”) 1995 йилда Дамашқда нашр қилинган. Унда Али ал-қори (р.ҳ.) Ибн ал-Арабийни жуда қоралайди, унинг куфрига фатво беради.
Ҳ. Беруний мақоласидан (с)