Шолс ва Мудофаа вазири Борис Писториус Германия можарога бевосита аралашмайди дейишига қарамай, Ташқи ишлар вазираси Анналена Бербокнинг ҳафта бошида “Германия Россия билан уруш қиляпти” деган гапларини Кремл кескин танқидга олди. Россияликлар Германия Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубиятидан сабоқ олмаганини айтмоқда.
Берлин Бербок бир оз қизишганига ишора қилади. Шундай бўлса-да, Германия Украинага қурол узатишда ва украин ҳарбийларини немис техникаси билан муомала қилишга ўргатишда давом этмоқда.
“Украиналиклар Ғарб ҳарбий ёрдамини ўзлаштиришда қобилиятли эканини кўрсатмоқда. Ўрганишга вақт керак, аммо ҳозир вақт Украина томонида эмас. Баҳор яқинлашаркан, Россия йирик ҳужум бошлаши кутилмоқда”, - дейди Лондондаги “Чатхем уйи” таҳлил марказидан Жон Лоф.
НАТО Украинага танклар юбориш қарорини “бурилиш нуқтаси” деб атади.
“Сўнгги ойларда Владимир Путин дўқ-пўписалар, европаликларнинг чарчаши ва айниқса Ғарб санксияларининг ўз иқйисодиётларига салбий таъсири трансатлантик иттифоқининг парчаланишига олиб келади дея умид қилган эди. Аммо бундай бўлмади. Бунинг аксини кўряпмиз”, - дейди Жоржтаун университети эксперти Анжела Стент.
Украина Россия кучларини ҳайдаш учун унга 300 та танк ва самолётлар кераклигини таъкидлайди. Ғарб самолёт беришга ҳозирча тайёр эмаслигини билдиради.
“Назаримда, Ғарб мамлакатлари аввал Украина танклардан қандай фойдаланишини кўриб, шунга қараб ҳаракат қилмоқчи”, - дейди лондонлик таҳлилчи Эд Арнолд.
Украинага бу урушда ёрдам бераётган Ғарб Россияни мағлуб этиш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда.
“Можаро узоққа чўзилиши мумкин. Руслар буни тушуняпти. Президент Путиннинг баёнотларидан ҳам билса бўлади буни. У халқни узоқ урушга тайёрлаяпти. Аммо Ғарб ҳукуматлари ва уларнинг аҳолиси бунга тайёрми? Мана шуни билиш муҳим”, - дейди Жон Лоф.
Россия Украинага юбориладиган танклар бошқа ҳарбий техника каби ёнишини билдираркан, баъзиларини жанг майдонига етмасидан йўқ қилмоқчи.
Хусусан, бугун Россия Мудофаа вазирлиги ҳаводан ва ҳарбий кемадан отилган ракеталар ва дронлар ҳужумида Украина мудофаа ва транспорт саноатларига алоқадор корхоналарга зарба берилганини, натижада НАТО мамлакатларининг жанг майдонига қурол ва ўқ-дори етказиши қийинлашганини, ҳарбий техникани таъмирловчи заводлар фаолияти издан чиқарилганини билдирди.
НАТО Украинага танк бериш қарорини “бурилиш нуқтаси” деб атади
Германияда аҳолининг салкам ярми Украинага танклар юборилишига қарши бўлишига қарамай, кўпдан бери улар билан ҳамфикр бўлган Канслер Олаф Шолс яқин бир неча ҳафтада Киевни 80 тагача “Леопард” танклари билан таъминлашга ваъда берди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|