Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Афғонистон барқаролиги ва фаровони учун янги кун тартибини ишлаб чиқиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ШТҲнинг Самарқанд саммити арафасида чоп қилинган мақоласида ёзган.
“Ўзаро позицияларимизни яқинлаштириб, тинч, барқарор ва фаровон Афғонистон учун ШҲТнинг янги кун тартибини биргаликда ишлаб чиқа олишимизга аминман. Шундагина том маънода барқарор ва изчил ривожланаётган, яхлит хавфсизликка эга бўлган ШҲТ маконини барпо эта оламиз”, - дея ёзади Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ШҲТ доирасида шаклланган ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарб эканини таъкидлаган.
“Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир”, - деб ҳисоблайди президент.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим.
Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин.
“Шуни ҳам англаш муҳимки, “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, биз ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин”, - дея таъкидлаган давлат раҳбари.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ШҲТга раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратган.
“Бизнинг асосий шиоримиз – “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади”. Уни амалда рўёбга чиқариш йўлида Ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорларимиз учун янада жозибадор бўлишига эришиш учун жиддий ҳаракат қилдик”, - дея ёзади Мирзиёев.
“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Бу сиёсат, энг аввало, ШҲТнинг географик ўзаги бўлмиш, бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ва ортга қайтмас жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда”, - дейди Ўзбекистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига мезбонлик қилади.
Самарқанд шаҳрида ШҲТга аъзо мамлакат раҳбарлари 2019 йилдан буён илк марта юзма-юз кўришади. Шунингдек, саммитда биринчи марта 15 мамлакат раҳбари иштирок этади.
ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилот. Унга Ҳиндистон, Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи мамлакат мақомига эга. Самарқанд саммитида Эронни ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишига оид ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.
ШҲТ Афғонистон ривожланиши учун янги кун тартибини ишлаб чиқиши мумкин – Мирзиёев
Ўзбекистон президенти Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми экани ва бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтожлигини таъкидлаган.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|
Калит сўзлар
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди
- Инсон ҳуқуқлари умумий Ислом декларацияси