close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мирзиёев Самарқандда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) музейидагидек музей очишни таклиф қилди

  • Чоршанба, Авг 24 2022
  • Муаллиф 

Бугун, 24 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

“Бу зиёратгоҳ буюк муҳаддис бобомизнинг мусулмон оламидаги юксак ҳурматига муносиб тарзда қайта қурилмоқда. Мақбара, улкан масжид, миноралар, айвонлар барпо этилмоқда”, дейилади хабарда.
Президент бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган.
“Бу лойиҳани кўп муҳокама қилдик, қайта-қайта келиб кўрдик. Энди қурилишда ҳам шошмаслик керак. Ҳам зиёрат, ҳам ибодат нуқтаи назаридан бу ерда ҳамма шароит бўлиши зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирган.
“Яқинда Мадина шаҳрида бўлганимизда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейини кўрдик. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Булар ёшлар, чет эллик сайёҳларнинг яққол тасаввурида қолади. Музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади”, дейди давлатимиз раҳбари.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига бу борада лойиҳа тайёрлаш топширилган.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Янгиликлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase