"Ўзбекистон қардош давлат, Қозоғистоннинг ишончли иттифоқчиси ва стратегик ҳамкори.
Шунинг учун Қозоғистонда қўшни дўстона мамлакатдаги воқеалар ташвиш билан қабул қилинди.
Биз Ўзбекистон юқори раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича қарорларини қабул қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Энг муҳим сиёсий воқеа – Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича реферундум арафасида қардош Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм суришига ишончимиз комил", - деди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги.
Вазирлик, шунингдек, Қозоғистон Ўзбекистон билан 1998 йил 31 октябрдаги Абадий дўстлик ва 2013 йил 14 июндаги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар ҳамда 2021 йил 6 декабрдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация руҳида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш жараёнига қатъий амал қилишини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда 1 июль куни ноқонуний намойишлар бошланган эди. Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистоннинг бош шаҳри - Нукус шаҳрида ўтказилган митингларга "Республикада амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиш" сабаб бўлганини таъкидлади.
Қайд этиш керакки, бугун Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Нукусдаги воқеалар юзасидан расмий баёнот эълон қилиб, "бир гуруҳ жиноий шахслар ноқонуний ҳаракатлар уюштириб, давлат органларини қўлга олишга уринаётгани ифодаланган".