Одатда янги президентлар матбуот билан алоқани мустаҳкамлашга шошади. Байден бу ишга матбуот хизматини сафарбар этиб, ўзи мухбирлар билан алоҳида тадбир ўтказишга икки ойдан ошиқ вақт ўтгач азм этди.
Байден аввало коронавирусга қарши кураш кучайганини даъво қолди. Эмлаш жараёни авжида, дея мақтанди у. Конгресс ажратган 1,9 триллион долларлик ёрдам пакетидан миллионлаб америкаликларнинг ҳар бирига 1400 доллардан ёрдам пули берилмоқда. Ишсизларга ҳафтасида қўшимча 300 доллардан.
Президент, шунингдек, инфраструктурани яхшилаш учун Конгрессдан 3 триллион доллар сўрамоқчи. Америка йўллари, кўрпиклари ва бошқа стратегик иншоотлари таъмирга муҳтож, дейди у.
Байден Гватемала, Гондурас, Салвадор ва Мексикадан келаётган мигрантлардан орқага қайтишни сўрамоқда. АҚШнинг жанубий чегараларида вазият танг. Давлат ёпирилиб келаётган чет элликларни қабул қилишга тайёр эмас. Чегарачилар сони оширилади ва ҳудуд инқироздан олиб чиқилади, дейди Байден. У олдинги президент Доналд Трампни мигрантларга шафқатсиз муносабатда бўлганликда айблайди. АҚШ бу йўлдан бормайди, дейди Байден, аммо ажнабийларга шартсиз эшик оча олмайди ҳам. Бу масалага ҳозир Витсе-президент Камала Ҳаррис масъул.
Ўтган ҳафта Жоржия ва Колорадо штатларида содир этилган қуролли ҳужумларда жами 18 киши ўлган. Байден қурол назоратини кучайтиришга сўз берган. Отишмалар кетидан Оқ уй жамоатчилик босими остида. Президент бу борада жадал ҳаракат қилишини айтди. Конгрессда мухолифат, республикачилар, қуролга эгалик тарафдори ва Байден режаларига тўсиқ қўйишга шай.
Глобал майдонда Америка раҳбари авторитар тузумларни қоралаб, демократия тарғиботига зўр беришини баён қилди.
"Автократлар қанчалик ҳаракат қилмасин, келажак барибир демократик лидерлар қўлида, - дейди Байден. - Жаҳоннинг демократик давлатлари бир ёқадан бош чиқариб, ўз қадриятларини ёйиши ва ҳимоя қилиши лозим".
АҚШ президенти Россия ва Хитойни яккаҳокимликни қудрат сифатида кўрсатиб, шундай тизим асосида ривожланиш мумкин, дея "намуна" бўлишга уринаётганликда айблаб келади. Бугунги анжуманда ҳам шунга ишора қилди.
Байден Шимолий Кореянинг ядровий синовларини, Мянмада ҳарбий раҳбарият "ҳаддидан ошаётганини" ҳам қоралади.
Президент дейдики, Америка ташқи сиёсати бирор давлатга қарши қаратилмаган, лекин у давлат манфаатларини қўриқлаш, иттифоқчилар билан яқиндан ишлаб ўзаро ҳурмат ва ишончни тиклаш, ислоҳотлар йўлидан кетаётган мамлакатларга ёрдам, иқтисодий тараққиёт, саломатлик, фаровонлик, глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминлашни мақсад қилади.
Манба: Amerika Ovozi