8 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари БМТ Хавфсизлик кенгашида Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияга вето қўйди. Қўшма Штатлар Бирлашган Араб Амирликлари делегацияси томонидан овозга қўйилган резолюцияга қарши овоз берган Хавфсизлик Кенгашининг ягона аъзоси бўлди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
Яна 13 давлат, жумладан, Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари Россия, Хитой ва Франция ҳам резолюцияни ёқлаб овоз берди. Буюк Британия эса бетараф қолди.
Овоз бериш БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг БМТ Низомининг 99-моддасига мувофиқ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилганидан сўнг бўлиб ўтди.
Гутерриш қарийб етти йиллик бошқарувида биринчи марта 99-моддага мурожаат қилди. Бу модда унга халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммони Хавфсизлик Кенгаши эътиборига етказиш ваколатини беради. Охирги марта БМТ низомининг бу бандига 1971 йилда Бангладеш қонли фуқаролар уруши оқибатида Покистондан ажралиб чиққанида мурожаат қилинган.
БМТ Бош котиби Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, Ғазо секторида гуманитар ўт очишни тўхтатишга чақирди ва анклавнинг гуманитар тизими “жиддий хавф” остида эканидан огоҳлантирди.
“Биз ишонамизки, бу жамоат тартибининг тўлиқ бузилишига ва Мисрга оммавий кўчиш хавфи туғилишига олиб келади”, деган Гутерриш.
Шунингдек, у Ғазодаги БМТ ходимларига нисбатан хавфсизлик таҳдидларининг мисли кўрилмаган хусусиятига эътибор қаратди.
"130 дан ортиқ ҳамкасбларим ҳалок бўлди, уларнинг кўплари оилалари билан. Бу ташкилотимиз тарихидаги энг катта йўқотишдир", дейди БМТ Бош котиби.
Исроил ва унинг асосий иттифоқчиси Қўшма Штатлар зудлик билан ўт очишни тўхтатишга қарши, чунки улар бу фақат ҲАМАС қўлига ўйнаши ва ҳар икки давлат террорчи деб ҳисоблаган ташкилотга қайта тўпланиб, кейин Исроилга қарши ҳужумларни давом эттириш имкониятини беришига ишонади.
АҚШнинг БМТдаги элчиси ўринбосари Роберт Вуд Хавфсизлик Кенгашига БААнинг резолюциясига қарши овоз берганини айтди.
"Хавфсизлик Кенгашининг 7 октябрдаги ҲАМАС террорчилик хуружларини, жумладан жинсий зўравонлик ва бошқа тушуниб бўлмайдиган жиноятларни қораламаганлиги жиддий маънавий муваффақиятсизликдир ва бу палатадаги муҳокамалар билан ердаги воқелик ўртасидаги туб фарқни кўрсатади. Вазиятнинг инкор этиб бўлмайдиган томони шундаки, агар Исроил бугун бир томонлама қуролларини ташласа, ҲАМАС асирлар, аёллар, болалар ва қарияларни гаровда ушлаб туришда давом этади", деган Роберт Вуд.
Америка вакилига кўра, ҲАМАС Исроил учун хавф туғдиришда давом этмоқда ва Ғазо устидан назоратни давом эттирмоқда. Ҳеч бир ҳукумат ўз чегараларида бундай хавфга йўл қўймайди. Қўшма Штатларга кўра, ҳозирда ўт очишни тўхтатиш, келажакда фақат янги урушларга олиб келади.
Исроилнинг БМТдаги элчиси Гилад Эрдан ҳам Гутерришнинг гуманитар оташкесимга янги чақируви ва 99-моддани қўллашини қоралади.
Унинг фикрича, бу “Бош котибнинг маънавий бузилишлари ва Исроилга нисбатан тарафкашлиги”нинг яна бир далили бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россиянинг можаро бўйича резолюция лойиҳасини кўриб чиққан ва уни рад этганди. 18 октябрда эса Бразилиянинг Яқин Шарқ резолюцияси лойиҳаси ҳам рад этилди, чунки Қўшма Штатлар вето ҳуқуқидан фойдаланди. 26 октябрда эса АҚШнинг ўзи резолюция таклиф қилди ва унга Россия ва Хитой вето қўйди.
АҚШ яна Ғазода ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
8 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари БМТ Хавфсизлик кенгашида Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияга вето қўйди. Қўшма Штатлар Бирлашган Араб Амирликлари делегацияси томонидан овозга қўйилган резолюцияга қарши овоз берган Хавфсизлик Кенгашининг ягона аъзоси бўлди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|