close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аллоҳ бегуноҳ одамларни ўлдиришни таъқиқлайди

Қуръони каримда бир одамни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) саналади: «Кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди (Моида, 32).

«Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса, уқубатга дучор бўлур» (Фурқон, 68).

Аллоҳ таоло кишиларни ноҳақ ўлдирганларга Парвардигорнинг улкан жазоси тайёрлаб қўйилгани ҳақида огоҳлантиради. Аллоҳ барча кишиларни огоҳлантирадики, бир кишини ўлдириш ер юзидаги ҳамма одамни ўлдирилганига тенг келадиган оғир гуноҳдир. Улуғ Парвардигор томонидан белгилаб қўйилган ҳад-чегаралардан чиқмайдиган тақволи одам ҳатто бир кишига зарар етказишдан ҳам қўрқади. Бу дунёда адолат ва жазодан қутулиб қоламан, деб гўлларча ўйлайдиганлар, нариги абадий дунёда қилмишлари учун Парвардигор ҳузурида жавоб беришдан, аччиқ интиқом ва даҳшатли азоблардан қочиб бўптилар! Ҳудди шунинг учун ҳам ҳаётларининг ҳар лаҳзасида ўлимнинг ҳақлигини, Парвардигор ҳузурида ҳисоб-китоб борлигини эслаб турувчи мўминлар Аллоҳ таоло ўрнатган ҳадларга риоя қилишда катта саъй-ҳаракат кўрсатадилар.

Аллоҳ мўминларга раҳм-шафқатли ва меҳр-мурувватли бўлишни буюради

Қуръон оятларидан бирида чинакам мусулмоннинг маънавий қиёфаси шундай тавсифланади: «Сўнгра у (мақтанчоқ кимса) иймон келтирган ва бир-бирларига сабр-қаноат қилишни тавсия этган, бир-бирларига меҳр-мурувват кўргизишни тавсия этган зотлардан бўлмади. Ана ўша (яъни, мақтанчоқ кимсага ёт юқоридаги фазилатларга эга бўлган) зотлар ўнг томон эгаларидир» (Балад, 17-18)
Аллоҳ таолонинг марҳаматидан умидвор бўлган, қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан нажот топишга интилган ва жаннатдаги абадий ҳаётни истаган мўминларнинг ўзларида тарбиялашлари зарур бўлган муҳим ахлоқий хислатлардан бири ояти карима буюрганидай «меҳр-мурувват кўргизиш»дир.

Чинакам меҳр-мурувватнинг манбаи – Аллоҳни севиш. Инсоннинг Парвардигорига муҳаббати унинг қалбида самимийлик ва Аллоҳ таоло яратган барча мавжудотларга нисбатан ғамхўрлик туйғуларини уйғотади. Парвардигорини севган инсон Унинг барча махлуқларига руҳий яқинлик ва муҳаббат билан муносабатда бўлади. Аллоҳ таолога содиқлик ва муҳаббат мўминни, Қуръони карим буюрганидай, ер юзидаги барча одамларга нисбатан эзгулик ва омонликда муносабатда бўлишга даъват этади ва бу унинг қалбида чинакам меҳр-мурувват туйғуларини уйғотади. Муҳаббат, меҳр-мурувват ва фидойилик билан йўғрилган мусулмоннинг маънавий қиёфаси Қуръони каримда шундай тавсифланади: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари (нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суярлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлсада, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир» (Ҳашр, 9). «Албатта, садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошно қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба, 60).
Оятда тилга олинган мўминларнинг яхши фазилатлари Аллоҳга бўлган чуқур севги шарофатидандир. Улар Парвардигорлари Қуръони карим орқали амр этган ахлоқий фазилатларга эришмоққа чин дилдан ҳаракат қиладилар. Иймон эгалари бировга раҳм-шафқат ёки ёрдам кўрсатсалар, бунга миннатдорчилик сўзлари айтилишини ҳам исташмайди. Уларнинг мақсади - ўзларининг солиҳ амаллари, эзгу ҳаракатлари билан Аллоҳ розилигини топиш. Чунки мўминлар қиёмат куни фақат дунё ҳаётидаги қилган ишлари учун ҳисоб бериш учун Парвардигорлари ҳузурига чақирилишларини яхши билишади.
Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримда баён этиб берилган мусулмоннинг маънавий қиёфаси раҳм-шафқат ва эзгулик билан фарқланади. Ана шундай тарбияланган киши кимдир зулм ва бузғунчилик қилса ёки тинч, бегуноҳ одамларга нисбатан шафқатсизлик кўрсатса бир четда томошабин бўлиб туролмайди. Ҳақиқатда террор ва Қуръон даъвати мутлақо бир-бирига қарама-қарши тушунчалардир. Террорчи - дунёга нафрат ва хусумат уруғларини сепиб юрувчи бераҳм ва шафқатсиз одам, унинг мақсади - ўлдириш, йўқ қилиш, қон тўкиш.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Муносабат
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase