close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ийсо алайҳиссалом ҳақида ҳақ сўз

Юқорида Аллоҳнинг ягоналигини, ибодатга ундан ўзга сазовор зот йўқлигини, унинг шериги ҳам йўқлигини умумий равишда ақлий ва нақлий далиллар билан исбот қилганимиздан кейин, Ийсо алайҳиссалом ҳақида ҳам ҳақ сўзни айтмоғимиз лозим.

Шоядки, ўқувчиларда бу ҳақда ҳеч қандай тушунмовчилик ва савол қолмасин. Ийсо алайҳиссалом ва у кишининг оналари биби Марям ҳақларида насроний тоифалар қиладиган эътиқод хато бўлиб, соғлом ақл ва тўғри фикрга мос келмайди. Бу эътиқод Қуръони каримда Аллоҳ таоло томонидан туширилган очиқ-ойдин оятлар маъносига тамоман зиддир.
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссалом ҳақида шундай марҳамат қилади:
«Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди, шунда у бўлди. (Бу) Парвардигорингиз томонидан ҳақ сўздир, бас, шубҳа қилувчилардан бўлманг! Энди сизга келган шу ҳақдан кейин кимда-ким сиз билан тортишмоқчи бўлса, айтинг: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлайлик-да, сўнгра Аллоҳга тазарру билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик». (Оли Имрон, 59-61).
Барча тафсирчилар ва тарихчилар ушбу оятлар Нажрондан келган ҳайъат мунозараси ҳақида нозил бўлганини бир овоздан тасдиқлашган. Саҳобий муфассирлардан Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига Нажрон аҳлидан бир гуруҳ келди ва: «Сен бизнинг соҳибимизни зикр қилар экансан», дейишди. У зот «У кимдир?», деб сўрадилар. Улар: «Ийсо», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ҳа, у Аллоҳнинг бандасидир», дедилар. Улар: «Унга ўхшаш зотни кўрганмисан ва ёки бундан хабар топганмисан?», дея у зотнинг ҳузуридан чиқдилар. Шунда Жаброил алайҳисалом келиб пайғамбаримизга: «Агар улар қайтиб келишса: «Албатта Аллоҳнинг ҳузурида Ийсонинг мисоли Одамга ўхшайди. Уни тупроқдан яратди... дегин», дея, мазкур оятларни ўқиб бердилар.
Баъзи тафсирчилар бундай дейишади: «Пайғамбар алайҳиссалом уларга Ийсо Аллоҳнинг бандаси ва расули ва покиза, бокира Марямга илқо қилган калимасидир", деганлар. Улар эса ғазабланиб: «Эй Муҳаммад! Сен ҳеч қачон отасиз одамни кўрганмисан?», дейишган. Шунда Аллоҳ таоло «Албатта Ийсонинг мисоли...", деб бошланувчи оятларни тушириб, унинг отасиз дунёга келиши Одам Атонинг яратилишига ўхшашлигини, Аллоҳ таоло Одам Атони ҳам отасиз ва онасиз тупроқдан яратганини баён қилган.
Аллоҳ таоло Одам Атони қуруқ тупроқдан яратганига иқрор бўлган шахс нима учун ҳар нарсага қодир Аллоҳнинг Ийсо ибн Марямни отасиз яратганига иқрор бўлмайди? Аслида Одам Атонинг яратилиши ажойиброқ ва ғаройиброқ эмасми? Уни ҳам Аллоҳ таоло отасиз ва онасиз яратган-ку!
Бизнингча, инсоф билан фикр юритувчи одамга ояти кариманинг қаноатлантирувчи ва мантиққа ундовчи хислати бордир. Оятнинг баёнидан сўнг саволга ёки шак-шубҳага ўрин қолмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Бу Роббингдан келган ҳақдир, асло мушриклардан бўлманг," деган. Бу хитоб мазкур ўхшатишни ва воқеъий далилни тинглаган ҳар бир шахсга қаратилгандир. Бу эса ўз ўрнида инсоний ҳаяжонни ва идрокни қўзғатишнинг бир усулидир. Бу Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги ҳақ сўзни, яъни ақидани яна ҳам саботли ва кучли қилиш учун қилинган. Бу ҳақда яна бир бор тафаккур қилиб кўрадиган бўлсак, Аллоҳ таоло инсонни турли сувратда, турли йўл билан яратиш қилиш қудратига эга эканини кўрамиз. Одамни эркаксиз, аёлсиз қуруқ тупроқдан яратди. Момо Ҳаво онамизни эркакдан аёлсиз яратди. Ийсони аёлдан эркаксиз яратди. Бошқа инсонларни эса эркак ва аёлдан яратди.
Демак, осмонлару Ерни йўқдан бор қилган Аллоҳнинг Ийсони отасиз дунёга келтиришида ҳеч ғаройиблик йўқдир.
Ҳа, Ийсонинг эркаксиз яратилишида ҳеч бир ғаройиблик йўқ. Шунингдек, Одам Атонинг эркаксиз, аёлсиз тупроқдан яратилишида ҳам ҳеч қандай ғаройиблик йўқ.
Айтмоқчиманки, Ийсонинг отасиз яратилишида ғаройиблик йўқки, уни баъзилар Аллоҳнинг ўғли десалар ҳам, бу қудратли ва улуғ, бир нарсани ирода қилиб «Бўл», деса бўлаверадиган Аллоҳнинг ишидан бошқа нарса эмас.
Насронийлар Ийсонинг мартабасини кўтаришда ҳаддан ошиб, муболаға қилиб «У Аллоҳнинг ўғилдир", деганларида, Аллоҳ таоло уларга илоҳий хитоб қилиб: «Эй аҳли китоблар, динингизда ғулувга кетманг", яъни ҳаддингиздан ошманг, «Аллоҳ тўғрисида ҳақдан бошқани айтманг", яъни унинг шериги бор, боласи бор, деган гаплардан покланинг, «Ийсо Марямнинг ўғлидан бошқа кимса эмас», яъни у Аллоҳнинг ўғли эмас. У «Аллоҳнинг расули ва илқо қилган калимасидир». Мазкур калима Аллоҳ таолонинг Ийсога хитоб қилиб «Бўл!» деганидир, шунда у отасиз инсон бўлиб туғилди. «Ундан бўлган руҳдир», яъни Ийсо яратилишда ва пайдо бўлишда бир руҳ эди, уни Жаброил Марямнинг ёқасидан пуфлаган ва у ҳомиладор бўлган. Бу Аллоҳнинг қудратини изҳор қилиш учун қилинди, деди.
Шунингдек, «Бас, Аллоҳга иймон келтиринглар», унга ширк келтирманглар. «Ва расулларига ҳам», яъни Аллоҳнинг пайғамбарларига ҳам (уларнинг ичида Ийсо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар ҳам бор) иймон келтиринглар; «Ва Уни учта деманглар», яъни Ийсо ва Марямни Аллоҳга шерик қилиб, Аллоҳни учта деманглар; Бу гапларни «тугатинг, ўзингизга яхши бўлади», яъни Аллоҳни учта дейишни тугатсангиз ўзингизга яхши бўлади, дейилди.
Яна «Албатта Аллоҳ ягона илоҳдир", яъни унинг шериги йўқ; «У боласи бўлишдан покдир», «Осмонлару Ердаги нарсалар Уникидир», яъни осмонлару ерда нима бўлса, жумладан Ийсо ва Марям ҳам унинг мулки ва маҳлуқидир; «Ва вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилади», яъни осмонлару ердаги нарсаларни муҳофаза ва тадбир қилишда Аллоҳнинг ўзи кифоя қилади, унинг кўмак берадиган болага ёки ёрдам берадиган шерикка ҳожати йўқдир», дейилди.
«Эй аҳли китоблар, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга илқо қилган (етказган) Сўзи ҳамда Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз» «Уни учта (яъни, Аллоҳ, Марям ва Ийсо - уч тангридир)", демангиз! Тўхтанг, шунда ўзингизга яхши бўлади. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ ягона илоҳдир, бундан ўзгаси эмас. У фарзандли бўлишдан пок Зотдир. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир» (Нисо, 171).
Оятнинг мазмуни ҳақида фикр юритган одам унинг ақл ва мантиқа мувофиқ эканини англаб етади. Бу эса ўз навбатида ушбу ҳақиқатни тортишувсиз қабул этишни ва унга шубҳасиз иймон келтиришни тақозо этади.
Насронийлардан баъзилари Ийсо одамларни ҳал қилади (яратади), тирилтиради ва ўлдиради, деб эътироф қилганлари учун ҳам «Ийсо ибн Марям – Аллоҳдир», дейишади. Уларнинг бу эътиқоди хато ақидадир. Чунки Ийсо алайҳиссалом томонидан содир бўлган ҳал қилиш, тирилтириш ва ўлдириш фақат Аллоҳнинг изни билан бўлгандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ айтган эди: «Эй Ийсо ибни Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни – сени Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қувватлантирганимда одамларга бешикда (гўдаклигида) ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сенга китоб – хат ва ҳикмат – илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изн-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда Менинг изн-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, Менинг изн-ихтиёрим билан кўр ва песларни тузатганингни ва Менинг изн-ихтиёрим билан ўликларни (тирилтириб, қабрларидан) чиқарганингни эсла! Яъни, Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда улар сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эсла! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимсалар: “Бу очиқдан-очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас”, дейишган эди» (Моида, 110)
Ҳа, бу бошқа пайғамбарларга берилганидек, Ийсо пайғамбарга берилган мўъжиза эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бузуқ ақидаларнинг ботиллигини мантиқий ва ҳикматли усул билан эслатиб ўтади. Ийсо Аллоҳ эмас, балки Аллоҳнинг бандаларидан бири ва Унинг пайғамбари эканлигини тушунтиради». Аллоҳ -Масиҳ ибн Марям, дегувчилар кофир бўлдилар". Агар Аллоҳ таоло Масиҳ ибн Марям ва ердаги бошқа кишиларни ҳалок этишни ҳоҳласа, ким Унга (унинг қудрати ва иродасини ман қилишда) бирон нарса, дея олар эди. Чунки Масиҳ ҳам, унинг онаси ҳам бошқалар каби Аллоҳнинг маҳлуқ ва бандасидир. Улар билан ер юзидаги бошқа бандалар орасида ҳеч қандай тафовут йўқ. Уларни ҳал қилишни ирода қилганида ҳал қилганидек, ҳалок қилишни ирода қилганида ҳалок ҳам қила олади.
Агар Ийсо Аллоҳнинг махлуқ ва бандаси бўладиган бўлса, У Тангри бўла олмайди. Чунки Аллоҳ бандаларидан бирортасининг тангри бўлиши ақлга тўғри келмайди. Аллоҳга нисбатан пайғамбарларнинг ҳаммалари тенгдирлар. Ийсонинг отасиз яратилиши у ҳақдаги гап-сўзга сабаб бўлгани учун Аллоҳ таоло шундай буюрди: «Аллоҳ – Масиҳ ибни Марямдир", деган кимсаларнинг кофир бўлганлари аниқдир. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Агар Аллоҳ Масиҳ бинни Марямни, унинг онасини ва ердаги барча кишиларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳ тарафидан бўлган нарсани (балони) қайтаришга эга бўла олади?!" Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Фақат Унинг Ўзига қайтилур» (Моида сураси, 17)
Ушбу оят соғлом ақл ва мантиққа мувофиқдир. Аллоҳ таоло бу ҳукмини бошқа оятда ҳам таъкидлаган: «Масиҳ ибни Марям – Аллоҳ, деганлар кофир бўлишди. Ҳолбуки, эй Бани Исроил, менинг ва сизнинг Роббингиз бўлган Аллоҳга ибодат қилишимиз лозим».
Яъни, Масиҳ ибн Марям – Аллоҳдир, деган гап ботил бўлиб, ҳақиқатга ва воқеъликка мутлақо тўғри келмайди. Чунки, Масиҳ бинни Марямнинг ўзи ҳам Бани Исроилга пайғамбар қилиб юборилганида: «Эй Бани Исроил, менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз бўлган Аллоҳга ибодат қилинг», деб ўз пайғамбарлигини адо этган эди. Бу билан у ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилишга даъват этди ва Ийсони худо дейишдан қайтарди. Аллоҳга бандалигида ва Ундан тарбия олишда ўзи билан Бани Исроил орасида фарқ йўқлигини билдирди. Балки, Аллоҳ унинг ҳам, Бани Исроилнинг ҳам Робби эканини таъкидлади.
Ҳа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти орқали тарбияга – бировнинг иноятига муҳтож шахс тангри бўла олмаслигини ақлларга жойлади.
Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзи қайтарган нарсани қилганлари учун, яъни Ийсони тангри қилиб, Унга шерик қўшганлари учун Бани Исроилга таҳдид қилди ва: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирор ёрдамчи бўлмас", дея буюрди.  (Моида, 72).
Баъзи насроний қавмлар Аллоҳ – уч тангрининг биридир, деб эълон қилгани учун Аллоҳ таоло уларни куфрга ҳукм қилди ва «Аллоҳ учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир", деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Чунки ягона илоҳдан бошқа бирор илоҳ йўқдир», дея буюрди. (Моида, 73).
Сўнгра Аллоҳ таоло учлик ақидасидан қайтмаганларга таҳдид қилиб: «Агар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди", дея огоҳлантирди. (Моида, 73).
Кейин эса уларни учлик ақидасидан тавба қилишга ундади ва: «Ахир, Аллоҳга тавба қилиб, мағфиратини сўрашмайдими?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон-ку!", дея марҳамат қилди (Моида, 74).
Аллоҳ таоло насронийлардан бўлган ўша қавмни ишонарли йўл, мантиқий услуб билан қаноатлантириш учун «Масиҳ ибн Марям Аллоҳнинг пайғамбари холос, ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган", деб таъкидламоқда.
Яъни, Масиҳ тангри эмас, у ўтган пайғамбарлар каби бир пайғамбардир. Масиҳнинг қуш яратиши, туғма кўрни ва песни тузатиши, ўликни тирилтириши – буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан, ўтган пайғамбарларга мўъжиза берилганидек, унга ҳам берилган мўъжиза орқали рўй берди. Масиҳнинг мазкур нарсаларни амалга ошириши унинг тангрилигига эмас, пайғамбарлигига далилдир.
«Унинг онаси эса сиддиқа - Аллоҳга ҳақ-рост иймон келтирган аёлдир» (Моида, 75), яъни Масиҳнинг онаси ҳам бошқа аёллар қатори бир аёлдир. У ўз Парвардигорининг калималарини, китобларини тасдиқлаган ва ибодат қилувчилардан бўлган.
«Иккалалари ҳам таом ер эдилар» (Моида, 75), яъни Масиҳ ва унинг онаси Марям таом ейишар эди. Улар овқатланишга муҳтож эди. Бу ҳам уларнинг бошқа инсонларга ўхшаш эканига далилдир.
Соғлом ақл билан фикр юритилса, овқат еган, уни ҳазм қилиб, чиқиндисини чиқаришга муҳтож бўлган шахс тангри бўла олмаслиги маълум бўлади. Бу хусусиятлар эгаси бошқа инсонлар каби гўшт, суяк, томир, пай, қорин ва шунга ўхшаш нарсаларга эга бўлган бир инсондир, холос.
Кейинги оятда Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ва бошқаларга хитоб қилиб: «(Эй Муҳаммад), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларини кўринг", дейди (Моида, 75). Яъни, ўша насроний қавмларга Ийсо ва унинг онаси ҳақидаги ақидалари ботли эканига қандай очиқ-ойдин далилларни келтиришимизни кўринг, дейди.
Сўнгра Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга амр қилиб, уларнинг ботил ақидасига қарши ҳужжат ва ҳикмат сифатида: “Айтинг: "Аллоҳни қўйиб, сизлар зарар ҳам, фойда ҳам беришга имкони бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитгувчи, билувчидир”, дейди (Моида, 76).
Яъни, Аллоҳни қўйиб, Масиҳни тангри қилиб олиб, унга ибодат қиласизларми? У сизларга Аллоҳ каби вужуд соғлигини, ризқ кенглигини ва турли неъматларни бера олмайди-ку!
Шунингдек, Масиҳ Аллоҳ каби молу жонга бало-мусибат етказиб, зарар ҳам бера олмайди.
Маълумки, бани Одам, шу жумладан Масиҳ ҳам бирон зарар ёки манфаат етказишса, бу фақат Аллоҳнинг изни ва имкон бериши орқали бўлади, холос. Демак, Масиҳ ҳам ҳеч нарсага қодир эмас. Бу эса Ийсо Масиҳ тангри бўла олмаслигига қатъий далилдир. Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири ҳар нарсага қодирликдир. Осмонлару ердаги бирор нарса Унинг қудратидан чиқа олмайди.
«Аллоҳ эшитувчи, билувчидир", яъни Масиҳни тангри қилиб олиб, унга ибодат қилишларингизни ва айтаётган ботил сўзларингизни Аллоҳ эшитади ва билади. Аллоҳдан қўрқмайсизларми?
Шундан сўнг, Аллоҳ таоло насронийларни Ийсо ҳақидаги ботил сўз ва ақидаларидан батамом қайтаришни ирода қилди ва пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга: «Айтинг: "Эй аҳли китоб, динингизга нотўғри томонга тажовуз қилманг ва (Ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳавосига эргашманг!» дея марҳамат қилди (Моида, 77).
Яъни, Масиҳни тангри қилиб олиб, уни Аллоҳга шерик қилманг, Динда ҳаддан ошманг ва ноҳақ гапларни айтманг. Ийсо Масиҳ Аллоҳнинг махлуқи, бандаси ва расулидир. У қиладиган одатдан ташқари ишлар Аллоҳнинг изни ва имкон бериши билан, унинг пайғамбарлигини исбот қилиш учунгина содир бўлган. Бошқа пайғамбарларга ҳам шундай хусусиятлар берилган эди.
«Тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳавосига эргашманг", яъни ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келишларидан олдин Масиҳ ҳақида ботил сўзлар айтиб, ботил ақидада бўлган бошлиқларингиз ва аждодларингизнинг нафси ҳавосига эргашманг.
Айтмоқчиманки, биз зикр ва тафсир қилган Қуръони каримнинг етти ояти Ийсо Масиҳ ва унинг онаси – бокира Марям ҳақларида нозил бўлган. Мазкур оятлар масиҳийларнинг Ийсо ва Марям ҳақидаги ақидасини ёлғонга чиқаради. Мазкур оятларнинг ҳар бири насронийларни мантиқ ва ақл жиҳатдан қаноатлантириш учун етарли ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам мазкур ақидани табиийликка, соғлом ақлга ва мантиқа тўғри келмаслигини исбот қилиш учун далил ва ҳужжат ахтаришга ҳожат олмайди.

ЯНАДА КЎПРОҚ БИЛИШ ВА ИШОНИШ УЧУН

Энди янада кўпроқ билиш ва ишониш учун нозил бўлган бошқа оятларни ҳам ушбу бобда зикр ва тафсир қиламиз.
Аллоҳ таоло Ўз китоби Қуръони каримда: «(Эй Муҳаммад), ушбу китобда Марямни зикр қилинг. У ўз аҳлидан четга, кунчиқар томонга бориб, улардан беркиниб олганида, Биз унга Ўз руҳимизни (яъни Жаброилни) юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун одам бўлиб кўринди. (Марям унга): "Мен Раҳмонга сиғиниб, сендан паноҳ беришини илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён етказма), деди». (Жаброил) айтди: «(Қўрма), сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигоринг элчисидирман, холос". (Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, қаёқдан фарзанд бўлсин?" (Жаброил) айтди: «Шундай, Парвардигоринг айтурки: бу Менга осондир. Биз уни одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўзимиздан  раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу ҳукми чиқиб бўлган ишдир". Шунда (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, сўнгра у билан бирга йироқ бир жойга кетди. Кейин тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахти танасига олиб борди. У: «Кошки мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсаму, бутунлай унутилиб кетсам эди», деди»  (Марям, 16-23).
«Шунда (хурмо дарахти) ортидан (Жаброил) нидо қилди: "Ғамгин бўлма. Парвардигоринг (оёқ) остингдан оқар сув оқизиб қўйди. (Мана шу қуриган) хурмо шохини силкит, у сенга янги мева туширади. Энди  еб-ич, кўзинг қувонсин. Агар бирор одамни кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса):«Мен Раҳмонга рўза тутишни назр  қилганман, бугун бирон инсонга гапирмайман», дегин»  (Марям, 24-26)
«Сўнг (Марям боласини) кўтариб қавмига келганида, улар: «Эй Марям, сен ажойиб нарса келтирдинг-ку! Эй Ҳоруннинг синглиси,  отанг ёмон одаммас, онанг ҳам бузуқ бўлмаган эди-ку!» дейишди. Шунда (Марям оғиз очмай боласига) ишора қилди. Улар: «Бешикдаги гўдак билан қандай гаплашамиз?!» дейишди. (Шу пайт чақалоқ, яъни Ийсо тилга кириб): «Мен Аллоҳнинг бандасиман. У Зот менга Китоб берди ва мени пайғамбар қилди» (Марям, 27-30). Яъни, Ийсо ўз қавми ҳузурида биринчи бор сўзлашидаёқ, Аллоҳнинг бандаси эканига иқрор бўлди. Шунинг ўзидаёқ уни Тангри қилиб олиш, “Тангрининг ўғли” ёки “Учтанинг учинчиси” дейишдан қайтариш бор.
Сўнгра Ийсо бундай деди: «Яна қаерда бўлсам ҳам, У мени баракотли қилди ва модомики ҳаёт эканман, намозни (адо) ва закотни (ато) этишга буюрди. Аллоҳ мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор, бадбахт қилмади» (Марям, 31-32). Шу билан Ийсо ўз қавмига Лавҳул маҳфузда ёзилган нарсаларни, Аллоҳ таоло унга китобни, яъни Инжилни берганини, пайғамбар қилиб яратилганини англатди. У қаерда бўлса ҳам, баракотли қилинганини, ҳаёти давомида намоз ўқиб, закот бериши ва онасига яхшилик қилиши лозимлигини айтди. Буларнинг ҳаммасини ўз қавми орасида кечирадиган ҳаётида бажо қилишини уқтиради. Сўнгра Ийсо: «Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам омонлик бўлур», деди» (Марям, 33). Шундан кейин Аллоҳу таоло ҳақ гапни собит қилиб ва Ўзини фарзанд тутишдан, шериги бўлишдан поклаб бундай деди: «Аллоҳга бола тутиш асло тўғри келмас - У зот бундан покдир. У бирон ишни қилишни истаса, унга фақат "Бўл», дейди, шунда бўлади» (Марям, 35).
Ийсо пайғамбар ҳақида шубҳага боришнинг асло зарурати йўқ. Аслида бу башар оламига Аллоҳнинг қудратини исбот қилувчи белгилардан биридир. Уни Аллоҳ отасиз яратди, худди Момо Ҳавони онасиз ва Одам Атони ота-онасиз яратгани каби. «(Ийсо айтди): "Албатта, Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу ҳақ йўлдир»  (Марям, 36).
Тафсирчилар Ийсонинг бу гаплари билан Аллоҳ уни яратган Зот эканини, шунингдек ўзининг қавмини ҳам яратганини ва уларнинг ҳам Робби эканини иқрор қилмоқда, дейишади. У ўз қавмини ёлғиз илоҳга ибодат қилишга, унга ширк келтирмасликка даъват қилди. Сўнгра «Шу йўл», яъни тавҳид йўли тўғри йўлдир, башарият олами унга эргашиши лозим, деди. Масиҳ, яъни Ийсо алайҳиссалом: «Ҳеч қачон Аллоҳга банда бўлишдан бош тортмайди». У ҳам ўзини ягона Аллоҳга ибодат қиладиган бандалардан бири, деб билади. «Ва муқарраб фаришталар ҳам» ҳеч қачон Аллоҳга банда бўлишдан бош тортмайдилар. Уларнинг ҳаммаси, Арш атрофида турувчи “муқарраблар” деб номланувчилари ҳам, Жаброил, Микоил, Исрофил ва Азроилга ўхшаш катта фаришталар ҳам Аллоҳ таолога банда бўлиш ва ёлғиз Унга ибодат қилишдан бош тортишмайди.
Бу ерда бошқа яширин маънога ишора ҳам бор. Насронийларнинг Масиҳни Аллоҳга шерик қилишларига унинг одатдан ташқари қудрати, ғаройиб ҳолда дунёга келиши каби бандаликдан устун турадиган ҳолатлар сабаб бўлган. Улар Ийсонинг отасиз туғилганини, туғма кўр ва песни тузатишини, ўликни тирилтиришини ва ўзлари сақлаб қўядиган ҳамда тановул қиладиган нарсалари ҳақида хабар беришини кўрганларидан сўнг: «У Аллоҳ бандаларидан бири бўлишдан юқори мартабададир», дея эътироф қилишди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «ва муқарраб фаришталар ҳам» ҳеч қачон Аллоҳга банда бўлишдан бош тортишмайди, деди. Яъни, мазкур фаришталар башар қудратига эга бўлсалар ҳам, борлиқдаги илмларни билиб турсалар ҳам, оилавий турмушдан туғилмасалар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан бош тортишмайди. Шундай бўлгач, қандай қилиб Марямдан туғилган, улар қодир бўлган нарсаларга қодир бўлмаган, улар билган нарсани билмайдиган Ийсо Аллоҳнинг ибодати ва бандалигидан бош тортиши мумкин. Демак, Ийсо Аллоҳнинг ибодатини қилувчи бандалардан биридир. У Аллоҳ таолога банда бўлишдан бош тортмайди.
«Ким Аллоҳнинг ибодатидан бош тортса, бас, уларни Ўзига жамлайди». Яъни, қиёмат кунида уларни ҳеч нарсага гап ўтмайдиган, ҳеч кимга ҳомий бўлмайдиган кунда исёнкорликлари ва мутакаббирликлари учун тўлиқ жазо беришга тўплайди. Сўнгра Аллоҳ таоло: «...иймон келтирганларга ва яхши амал қилганларга мукофотларини тўлиқ беради", иймон ва яхши амалларнинг мукофотини беради ва хоҳласа Ўз фазлидан бундан-да зиёдасини ҳам беради. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, одамнинг хаёллга ҳам келмаган нарсаларни беради. Шундан кейин Аллоҳ таоло ибодатидан бош тортганларга огоҳлантириш эълон қилади: “Аммо бош тортганлар ва мутакаббирлик қилганларни аламли азоблар ила азоблайди”. Улар Аллоҳдан ўзга дўст ва ёрдамчи топмайдилар. «Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» деганида, у айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш менга дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани билурсан, аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларини энг яхши билувчи Зотсан.  Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапни айтдим, «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!»дан бошқасини айтганим йўқ. Ва ораларида бўлган вақтимда уларга гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга олганингдан кейин эса, Сен Ўзинг уларга  кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан». Аллоҳ айтди: «Бу кун ҳақ-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир». Уларга остидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлишди. Бу эса улуғ бахтдир. Осмонлару Ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У ҳамма нарсага қодирдир». (Моида, 116-120).
Қиёмат куни Аллоҳ билан бандаси ва пайғамбари Ийсо орасида бўлиб ўтадиган савол-жавоб шундан иборат. Бу сўзлар Ийсо ва унинг онаси ҳақида ноҳақ сўз айтган ва эътиқод қилганларга таҳдид ўрнида келтирилади. Бу иш «Аллоҳ пайғамбарларни тўплаб, «Сизга нима жавоб қилинди, дейдиган кунда» бўлади. Яъни, Аллоҳ пайғамбарлардан сизлар мен юборган пайғамбарликни дунёдаги умматларингизга етказганингизда, уларни Мени ягона худо, деб эътиқод қилишга даъват этганингизда, нима деб жавоб бердилар, деб сўрайди.

"ИСЛОМГА МАРҲАБО!" китобидан. Саййид Мубашшир ТАРОЗИЙ
Арабчадан шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Калит сўзлар

Ўхшаш мақолалар (калит сўз бўйича)

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase