close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абдуллоҳ Майоркий (Ансельмо Турмеда)

«Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», - дейдиганларга вайл бўлсин! Қўллари билан ёзган нарсалари туфайли уларга вайл бўлсин! Касб қилган нарсалари туфайли уларга вайл бўлсин!»
(«Бақара» сураси, 79-оят.)

«Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», - дейдиганларга вайл бўлсин! Қўллари билан ёзган нарсалари туфайли уларга вайл бўлсин! Касб қилган нарсалари туфайли уларга вайл бўлсин!»
(«Бақара» сураси, 79-оят.)

Тарихга тажовуз қиладиган каслар тарихий ҳақиқатни одамлардан бекитиш мақсадида асрлар оша айнан бир хил тарзда иш тутишади Ундай усул дастлаб қадимий фиръавнлар томонидан қўлланилган бўлиб, улардан олдин ким фойдаланган бўлиши мумкинлигини шахсан мен билмайман. Археолог олимлар милоддан аввалги ўн олтинчи асрдан ўн биринчи асргача ҳукм сурган фиръавнлар давлатида фаолият юритган тарихчилар томонидан муайян тарихий фактлар ниҳоятда дағал равишда сохталаштирилганини фош этишди. Гап шундаки, подшоҳлар томонидан олиб борилган фаолият тарихи, уларнинг эришган ғалабаларию мағлубиятларини ибодатхона деворларига ёзиб, турли расмлар орқали тасвирлаш фиръавнларда одат бўлган. Бироқ археологлар томонидан аниқланишича, фиръавнларга тегишли баъзи бир ибодатхоналарнинг деворларидан айрим тасвирлар атайин бартараф этилган бўлиб, янги манзара тасвирлаш йўли билан эски манзара ўрнида ҳосил бўлган деформацияни бекитишга ниҳоятда қўпол уриниш бўлгани кузатилган. Қалбакилаштириш амали бажарилганига ишонч ҳосил қилиш учун ушбу археолог олимларга радиоуглерод таҳлилини кўллашга эҳтиёж бўлмади. Янги манзара эски тасвир устидан солингани шундоққина кўриниб, қадимий ёдгорликнинг қолган деталларига на тарихий даври, на қўлланилган тилию материаллари ва на тузилиши билан мос келади. Расмлар тартибини диққат билан кўздан кечириб чиккан археологлар, ушбу тасвирлар фиръавнларнинг талабларига мувофик муайян шахс ҳақида ҳикоя қилган манзарани бекитиш мақсадида солинганини фаҳмлашди. Тарихга тажовуз қилган фиръавнлар тарих саҳифаларидан нафақат тегишли шахснинг ўзини, балки уни эсга соладиган ҳар қандай ҳолатни ўчириб ташлашга жон-жахд ила ҳаракат қилишгандай, гўё. У шахснинг исми қадимий Миср тилида «Сувнинг ўғли» маносига эга бўлиб, «Мў» - сув, «Со» - ўғил маъносини англатган. Бу исм фиръавнларга Нил суви олиб келган чақалоққа берилган. Ўша чақалоқ эса шахсан Мусо алайҳиссаломнинг ўзи бўлган!
Бундай тарихий дебочани мен Аллоҳнинг элчиси Мусо калимуллоҳ ҳакида батафсил ҳикоя қилиб бериш мақсадида келтирганим йўқ. Ушбу мукаддима билан мен одамлардан тарихий ҳақиқатни бекитмоқчи бўлган каслар томонидан қўлланиладиган сохталаштириш усулини тушунтириб ўтишга уриндим, холос. «Фиръавннинг ўғли Мусо» ҳақида ҳикоя килган барча тасвирлар кейинги фиръавнларнинг амрига биноан йўқ қилиниб, ўрнига «Фиръавннинг душмани Мусо» ғояси сунъий равишда юзага келтирилган. Вазиятнинг яна бир кулгили томони шундаки, тарихни бузиб кўрсатадиган анави каслар барча замонларда фақат бир хил усулдан фойдаланган. Биз мусулмонларга кўпдан буён бир нарса маълум, у ҳам бўлса, тарихга тажовуз қиладиган каслар Инжил билан Таврот таҳририга ўзгартиришлар киритиб, ушбу муқаддас китобларнинг мазмуни батамом бузиб юборишган. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда - «Бақара» сураси, 79-оятда қуйидагича марҳамат қилади:
«Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга вайл бўлсин! Кўллари билан ёзган нарсалари туфайли уларга вайл бўлсин! Касб қилган нарсалари туфайли уларга вайл бўлсин!»
Инжил билан Таврот таҳририга ўзгартиришлар киритилиб, мазмуни бузилгани нафақат Қуръони каримда, балки тарихшунос олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларида ҳам ўз тасдиғини топган. Маълумки, яҳудийлар «Таврот» ёки «Тора»ни Мусо алайҳиссалом вафотидан 900 йил ўтгачгина қоғозга битишган. Нозил қилинган вақтдан қоғозга ёзилган вақтга қадар ўтган шунча йил ичида ушбу китоб мазмуни онгли ёки ғайриихтиёрий равишда неча марта бузилган бўлиши мумкинлигини энди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг!
Инжилга келсак, унинг асл нусхаси йўқ. Курраи заминда Аллоҳ Ўз элчиси Исо алайҳиссаломга нозил қилган Инжилнинг бирорта нусхаси топилмади. Маълумки, Исо алайҳиссалом бани Исроилнинг уруғидан чиққан бўлиб, қадимий яҳудий тилида сўзлашган. Инжил Аллоҳ томонидан қайси қавмга нозил қилинган бўлса, унинг матни ўша миллат тилида, яъни қадимий яҳудий тили ёки лоақал Фаластиннинг тегишли даврдаги аҳолиси мулоқот қилган арамей тилида битилган бўлиши шарт эди. Ахир мисрлик ёзувчи Миср аҳолиси учун мўлжалланган китобни дейлик санскрит тилида ёзмайди-ю!
Аниқланишича, Инжилнинг энг кўҳна нусхалари Исо Масиҳ ҳеч қачон сўзлашмаган қадимий юнон тилида битилган экан. Боз устига, Инжилнинг ўша нусхалари Исо алайҳиссалом ўз омонатини Аллоҳга топширган кундан ўнлаб йиллар ўтгач топилган. Бошқача қилиб айтганда бугунги нусхаларининг таҳририда бузилишлар борлигини қиёслаб аниклаш учун Инжилнинг асл нусхаси йўқ. Бироқ китобнинг юнон тилидаги талқинини (қоғозга битилган даврига кўра) шартли равишда йўқотилган асл нусхасига нисбатан мазмунан яқинроқ дея ҳисоблаш мумкин.
Аллоҳ Инжилда борлиги ҳақида хабар бергани боис, Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аҳмад» исмини топиш мақсадида китобнинг юнон тилида битилган талқинни ўрганиб чиқар эканман. «Иоандан келган Инжил»да қуйидаги жумлага (16:7) дуч келдим:
«Аммо мен сизларга ҳақ, гапни айтадурман: менинг кетишим сизлар учун яхшидир; зеро, мен кетмасам Юпатувчи келмайди...»
«Юпатувчи» сўзи «ҳамду санога сазовор, шуҳрати оламга ёйилган, олийҳиммат, машҳур» маъноларига эга сўзининг бузилган шаклидир. Бу сўз эса араб тилига «Аҳмад» дея таржима қилинади.
Бундай муҳим янгиликнинг тафсилотларини ўрганиб чиқиш учун биз Майорка деб номланадиган испан ороли томон йўл оламиз. Албатта, биз у ерга машҳур «Майорка» ва «Барселона» испан футбол жамоаларининг ўйинини томоша қилиш учун эмас, Ислом уммати қаҳрамонларидан бири - Абдуллоҳ Таржимон номи ила танилган Абдуллоҳ Майоркий ҳаётининг тарихи билан танишгани борамиз.
Туғилганида Ансельмо Турмеда исми берилган Абдуллоҳ Майоркий Исломга кирмасидан олдин кашишлик фаолияти билан шуғулланиб, Европа христианлари орасида катта мавқега эга бўлган. Насронийлар босиб олган Андалусия ҳудудида кастилиялик салиб юришчилар мазмунан бузилган христианликни оммалаштириш билан овора бўлган бир вақтда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўша даврнинг катта христиан олимларидан бири бўлмиш Ансельмо Турмеданинг қалбини Ислом учун очиб юборди. Ўзига Абдуллоҳ Майоркий исмини олган ул зоти шариф Аллоҳга иймон келтириб, қўли, тили ва қалами ила Аллоҳ йўлида кураш бошлади.
Келинг, энди ҳикоямиз қаҳрамонининг бошидан ўтган ва ўзининг «Хочни қадрлайдиганларнинг далилларига рад қилиб бўлмайдиган жавоблар», деб номланган адабий асарида баён этилган ажойиб тарихи билан танишиб чиқамиз:
«Ота-онам пойтахт шаҳар Майоркада яшашган. Мен уларнинг ёлғиз фарзанди бўлганман. Ёшим олтига тўлгач улар мени бир кашишга шогирд қилиб топширишди. Икки йил давомида Инжилни ўрганиб, ярмидан кўпини ўзлаштирдим. Кейинги олти йил ичида Инжил тили ва мантиқ фанини ўргандим. Шундан сўнг, қадрдон шаҳрим Майоркани тарк этиб, Кастельон шаҳрига кўчиб ўтдим.
Бу ерга юртимиз насронийлари илм қидириб келишар эди. Толибларнинг умумий сони бир ярим минг кишигача етган. Тўққиз йил ичида табиий фанлар ва астрономияни ўрганиш билан банд бўлдим. Кейинги тўрт йил давомида эса Инжил ва унинг тилини ўрганишни давом этдим.
Шундан кейин Андалусиянинг йирик шаҳарларидан бири Жилонья шаҳрига кўчиб ўтдим. Бу ерга ҳар йили христиан оламининг мингга яқин вакили илм қидириб келган. Мен христианлар орасида катта мавқега эга бўлган Николо Мартиль исмли кекса кашишнинг черковига жойлашдим. Унга насроний ҳукмдорлардан тортиб оддий одамларгача динга оид саволлар билан мурожаат қилишар ва ўз номаларига қўшиб катта-катта совға-саломлар юборишар эди. Савол муаллифлари ўз туҳфалари эвазига ушбу донгдор кашишнинг оқ фотиҳасини олишга умид қилишар эди. Мен мана шу кашишнинг қўлида христианлик асослари ва қонун-қоидаларини ўргандим.
Николо Мартилнинг хизматида бўлиб, турли топшириқларини бажарар эканман, унга яқин одамларидан бирига айландим. У мени ўзига шунчалик яқин олдики, ўз турар жойи, ҳар хил мулки ва егулик захираси сақланадиган омборларининг калитларини менга ишониб топширадиган бўлди. Ҳамма нарсасини менга ишониб топширди-ю, лекин уйидаги кичик бир ҳужра калитини ҳеч кимга бермади. Кашиш Николо Мартиль гоҳ-гоҳида ўша ҳужрага ёлғиз ўзи кириб, анча вақтгача қолиб кетар эди. Афтидан, у ҳужра ҳар хил совға-саломлар сақланадиган хона бўлган, валлоҳу аълам.
Шундай қилиб, унинг даргоҳида ўн йил яшадим. Кунлардан бир кун кашишнинг тоби қочиб, шогирдлари билан ўтадиган дарсга кела олмади. Устозини кутаётган толиблар ҳар хил мавзуларда баҳслашиб ўтиришар экан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Инжилдаги Исо алайҳиссалом талаффуз этган каломи, хусусан, Исо алайҳиссаломдан кейин келадиган Пароклет исмли пайғамбар ҳақида гап очилиб қолди. Толиблар эгаллаган билими ва ҳосил қилган тушунчаларига яраша энди ким пайғамбар бўлиб келиши мумкинлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Баҳс узоқ чўзилганига қарамай, Пароклет сўзининг маъносини англаб етишмагани боис толиблар умумий фикрга кела олишмади. Машғулот вақти ўтгач мен Николонинг ҳузурига қайтдим.
- Мен йўқлигимда нима билан шулландиларинг бугун? - сўради мендан кекса кашиш.
Толиблар орасида Пароклет исмининг маъноси билан боғлиқ ихтилоф туғилгани ва бу борада ким қандай фикр-мулоҳаза билдирилганини айтиб бердим.
- Сен-чи, сен ўзинг қандай фикр билдирдинг? - сўраб қолдиу мендан.
- Инжилни муқаддам талқин қилиб ўтган фалон олимнинг фикрини эслатиб ўтдим, - жавоб бердим мен.
- Ҳаммангиз чуқур янглишгансиз, - хулоса қилди у, бироз ўйланиб ўтиргач. - Чунки ушбу мўътабар исм талқинини фақат пухта билимга эга кишиларгина билишади. Буни тушуниб етишингиз учун сизларнинг билимингиз анча саёзлик қилади.
Мен шу заҳоти унинг пойига бош қўйдим.
- Соҳиб! Хузурингизга узоқ юртдан келганимни, ўн йилдан буён хизматингизни қилиб юрганимни яхши биласиз, - дедим унга мен.
- Сиздан кўп нарсаларни ўргандим. Ўтинаман, ўша исм сирини билиш шарафига муяссар қилинг мени.
Ёлворишимни кўрган кекса кашиш кўзига ёш олди.
- Ўғлим! - деди у менга. - Худо ҳаққи, хизматинг ва садоқатинг ила сен мен учун жуда қадрли кишисан. Ул муқаддас исм маъносини билиш сен учун улуг фойдали, албатта. Бироқ мен бир нарсадан қўрқаман: агар бу сирни бировга очиб қўядиган бўлсанг, христианлар шу заҳоти ўлдиришади сени.
- Соҳиб! Чин Инжил ва уни олиб келган пайғамбар номи ила онт ичаман. Худога қасамки, менга очган сирингизни, ўзингиз ижозат бермагунизча бировга айтмайман.
- Ўғлим! Она юртингни тарк этиб ҳузуримга эндигина келганингда, Исломга бўлган муносабатингни ўзим учун аниқлаб олиш мақсадида, эсингда бўлса, юртинг мусулмонлар юртига қанчалик яқинлигини, мусулмонлар сизларга ёки сизлар мусулмонларга ҳужум қилаётганингиз ҳақида сўраган эдим. Билиб қўй ўғлим, Пароклет - мусулмонларнинг пайғамбари Муҳаммадга берилган самовий исмлардан бири бўлиб, унга пайғамбар Даниил алайҳиссалом ўз вақтида айтиб ўтгандек, муқаддас китобларнинг тўртинчиси нозил бўлган. Муҳаммад олиб келган дин Аллоҳнинг ҳақ дини бўлиб, унинг уммати - Инжилда тилга олинган оқ халқ бўлади.
- Соҳибим, ундай бўлса, христианлар дини ҳақида қандай фикрдасиз?
- Эҳ ўғлим! Агар христианлар Исо олиб келган асл динга эътиқод қилишганда Аллоҳнинг динига эргашган бўлишар эди. Зеро, Исонинг ва барча бошқа пайғамбарларнинг дини - Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг динидир. Бироқ насронийлар буни сир тутиб, Аллоҳнинг динини сохта динга алмаштириб юборишди.
- Соҳибим, у ҳолда Аллоҳнинг қаҳридан қандай қилиб нажот топишим мумкин?
- Ислом динига кириб, ўғлим!
- Наҳотки киши Исломга кириб нажот топса?
- Фоний дунёда ҳам, боҳий дунёда ҳам нажот топажак!
— Эй соҳиб, оқил инсон ўзи учун фойдали, ўзи биладиган нарсани танлайди. Модомики, мусулмонлар динининг афзалликларини билар экансиз, нега шу ваҳтгача Исломга кирмадингиз?!
- Аллоҳ таоло Исломнинг афзалликларию мусулмонлар пайғамбарининг авлиёлиги ҳақидаги ҳақиқатни ёшим ўтиб, вужудим заифлашиб қолгунича очмади менга, ўғлим. Агар Аллоҳ мени ҳақ йўлга сенинг ёшингда етаклаганда, ҳамма нарсани ташлаб ҳақ динга эргашиб кетган бўлар эдим. Бироқ жамики гуноҳларимнинг асосий сабаби - нафсга, ўткинчи дунёнинг молу давлатига қўйган ҳирсимдир. Христианлар орасида қандай юксак мавқега эгалигимни, кандай ҳашаматда яшаётганимни умрим давомида йиғган дунёвий неъматларимни ўзинг кўриб турибсан. Агар насронийлар Исломга бўлган майлимдан хабар топишса борми, шу заҳоти жонимни суғуриб олишади. Хўп, айтайлик, дарғазаб христианлардан қочиб қутулиб, мусулмонлар яшайдиган ўлкага етиб бордим ва уларга мен: «Ҳузурингизга мусулмон бўлиб келдим», - дедим. Мусулмонлар эса менга: «Ҳақ динни қабул қилиб сен ёлғиз ўзингга фойда келтирибсан, бироқ Аллоҳнинг қаҳридан халос қилган динга кирибсан-у бизга ҳеч қандай мурувват кўрсатмабсан», - дея жавоб қайтаришлари мумкин. Оқибатда мен мусулмонлар ичида тўқсонга кирган, уларнинг тилини тушунмайдиган бир қашшоққа айланиб қоламан. Мусулмонлар менга ҳеч нарса бермайди ва мен уларнинг кўз ўнгида оч-наҳор ўлиб кетаман (дабдабали ҳаётга одатланган кашишнинг мусулмонлар ҳақидаги тасаввури мана шундай бўлган) Ҳозир эса мен, Худога шукрким, Исонинг динига эътиқод қилиб, у олиб келган нарсаларга амал қилмоқдаман. Худо эса буни кўриб турибди (қария совға-саломлар сақланадиган хонага яқин қолиш учун ўзини ўзи шу тариқа алдаган)
- Соҳибим, демак, мусулмонлар юртига йўл олиб, уларнинг динига киришни маслаҳат берасизми менга?
- Агар ўзингни оҳил киши деб билиб, чиндан ҳам нажот излаётган бўлсанг, Исломга киришга шошил. Шундай қилсанг, икки дунё саодатига эришган бўласан. Бироқ кўриб турганингдай, ўғлим, ҳозир суҳбатимизга ҳеч ким шоҳид эмас. Унинг мазмунини ҳаммадан сир тут. Агар оғзингдан гуллаб қўядиган бўлсанг, тилинг бошингни ейди. Христианлар сени ўлдираётганда ёки даҳшатли қийноққа солишаётганда сенга ёрдам қўлини узата олмайман. Агар бу гапларнинг барини сенга фалончи кашиш айтганини маълум қилсанг, табиийки, мен ундай туҳматни инкор этаман. Насронийлар кўпроқ сенга эмас, менга ишонишади.
- Бундай тахминлардан Худо асрасин, соҳиб.
Ушбу суҳбатдан сўнг бор бисотимни йиғиштириб, Николо Мартилнинг уйини тарк этдим. Хайр-маъзур қилаётган кекса кашиш менга оқ фотиҳа билан бирга эллик динор тилла танга ҳам берди. Кемага ўтириб, ўз юртим Майоркага қайтдим. Ота-онам билан олти ой яшагач, Сицилия оролига ўтиб, мусулмонлар юртига элтадиган кема келишини беш ой кутдим. Ниҳоят орол бандаргоҳига Тунис томон йўл оладиган кема кириб келди. Кема шом маҳал йўлга чиқиб, пешин вақтида Тунисга етиб борди. Ташрифимни эшитган тунислик христиан кашишлари мени ўз уйларига олиб кетишди. Тўрт ой уларнинг меҳмондўстликларидан фойдаландим.
- Султоннинг саройида христианларнинг тилини биладиганлар борми? - сўрадим улардан мен кунлардан бир кун.
У замон султонининг исми Абул Аббос Аҳмад розияллоҳу анҳу эди. Христианлар менга султон саройида Юсуф исмли ҳурматга сазовор киши бўлиб, ул зот ҳукмдорнинг табиби ва яқин кишиси саналишини айтишди. Бундай маълумотдан севиниб, табибнинг манзилини сўрадим. У билан учрашиб, Исломга кириш ниятимни маълум қилдим. Табиб бундай ниятни рўёбга чиқаришга воситачи бўла олишидан бағоят хурсанд бўлди. Отини эгарлаб, мени султон саройига элтди. Султоннинг ҳузурига кириб кетган табиб ҳукмдорга мен ҳақимда билганларини айтиб бериб, қабулига киришимга изн сўради. Ижозат олгач, султоннинг ҳузурига кирдим. Ҳукмдор даставвал менинг ёшим билан қизиқди.
- Ўттиз беш ёшдан ўтдим, - дедим мен унга.
Шундан сўнг у қандай фанларни ўзлаштирганимни сўради. Айтдим.
- Эзгу ниятла келибсан, - деди султон. - Аллоҳнинг розилиги учун Исломни қабул қил, майли, - деди у менга.
- Хукмдоримиз султон ҳазратларига айтинг, - дедим мен таржимонлик қилаётган Юсуф табибга. - «Ҳеч ким ўз динини, тегишли динга эргашувчиларнинг нафратига мубтало бўлмай туриб тарк этмайди». Султон ҳазратлари, сизнинг марҳаматингизга умид қилиб, юртингизда яшайдиган насроний савдогарлару кашишларни ҳузурингизга чорлашингизни илтимос қиламан. Улардан мен ҳақимда сўраб, жавобларини эшитишингизни истайман. Шундан сўнг мен, Аллоҳнинг иродаси ила, Исломни қабул қиламан.
- Абдуллоҳ ибн Салом Исломга киришдан олдин Пайгамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган нарсани сўрадинг сен мендан, - деди султон».
Шонли саҳоба Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг раҳномаси бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик рисолати ҳақида хабар топган Абдуллоҳ ибн Салом дарҳол Исломга кирган, бироқ даставвал у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, яҳудийлардан Абдуллоҳ ибн Салом ҳақида сўраб билишни илтимос қилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг илтимосини бажарганлар. Ҳузурларига келган яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тегишли саволларига жавобан Абдуллоҳ ибн Саломни оғиз кўпиртириб мақташган. Аммо Абдуллоҳнинг Исломни қабул қилганини эшитгач, уни нафратла ёмонлашган.
Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн ат-Таржимон куйидагича марҳамат қилади
«Султон ҳазратлари насроний савдогарлар ва кашишларнинг ҳузррига чорлашни буюрди. Мени эса суҳбат ўтадиган жой яқинидаги уйга киритишди.
- Юртимизга фалон кемада келган кашиш ҳакида нима дея оласиз?- сўради султон.
- Султон ҳазратлари! У киши динимизнинг катта олимларидан бири бўлади. Мўйсафидларимизнинг айтишича, бу юртда диний билим даражасига кўра ҳам, худотарслик бобида ҳам ундан ўтадигани йўқ экан.
- Агар шундай бир зот Исломни қабул қилса, нима деган бўлар эдингиз? - қизиқди султон.
- Худо асрасин! У ҳеч қачон бундай ишга қўл урмайди.
Христианларнинг жавобини эшитган султон мени чақиртирди. Султоннинг ҳузурига келгач, христианлар гувоҳлигида ҳақ дин каломлари - калимаи тоййиба билан калимаи шаҳодатни талаффуз этиб, Исломга кирдим. Насронийлар эса қўл ҳаракати ила юзларига хоч тортишди.
- Бу ишни у уйланиш ниятида қилди, - хитоб қилди улар. - Ахир бизнинг кашишларимизга уйланиш мумкин эмас-у.
Шундай қилиб, дили сиёҳ бўлган насроний меҳмонлар султон қабилидан маҳзун кайфиятла чиқиб кетишди.
Султон ҳазратлари менга кунига чорак динор маош тайинлаб, бошпана ажратди, ҳожи Муҳаммад Сафарнинг қизини мен учун сўраб берди. Уйланишга рози бўлганимни эшитган султон ҳазратлари менга юз динор тилла танга туҳфа қилиб, янги сарпо кийдирди. Уйландим. Хотиним менга ўғил туғиб берди. Ўғлимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафига Муҳаммад дея исм қўйдим».
Шундан сўнг ҳикоямиз қаҳрамони Абдуллоҳ Майоркий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилини ўзлаштириб, араб тилида шундай бир улуғ китоб битдики, ушбу асар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик рисолати Инжилда келтирилгани ва муқаддас китоб саналган Инжилнинг таҳрири насронийлар томонидан мазмунан бузилганини ҳужжатли исботлайдиган биринчи китоб бўлди. Абдуллоҳ Майоркийнинг «Хочни қадрлайдиганларнинг далилларига рад қилиб бўлмайдиган жавоблар» асари кўп асрлардан буён икита динни қиёслаб келаётганлар учун асос саналади.
Абдуллоҳ Майоркий 1423 йили Тунисда вафот топди. Унинг қабри хозиргача сақланиб келмоқда. Аллоҳ Абдуллоҳ Майоркийдан рози бўлсин ва чексиз жаннат боғларидан жой ажратиб берсин.
Кўм-кўк Тунис. Мусулмонларнинг буюк ўлкаси. Унинг ҳудуди тарих тонгида муваҳҳид вандаллар қўшини учун лашкаргоҳ вазифасини ўтаган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дини келгач, буюк Ислом маданияти марказларидан бирига айланди. Ислом тарихининг жамики даврларида ушбу ўлка ўзининг буюк мужоҳид қаҳрамонларини дунёга намоён этди. Исломнинг буюк бургути ҳам айнан мана шу заминдан учиб чикди. Ушбу бургут Атлас тоғининг чўққисига қўниб, ўз каноти билан Ислом байроғини кўтарганча, фалак булутларини қучди!

Ат-Туробийнинг
"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase