Ғазо шимолига кирган Исроил армияси бир гуруҳ мухбирларга ҳудудга киришга рухсат берди. Журналистлар бирорта жойда соғ иморат қолмаганига ишора қилишади.
"Икки ҳафта жанг қилдик. Бу амалиёт эмас, ҳақиқий уруш. Яна анча давом этади, ХАМАС йўқ бўлиб кетмагунча”, - дейди Исроил мудофаа кучлари подполковниги Идо.
ХАМАС жангчилари қурол-яроғ ва ҳарбий техника бобида Исроил армиясидан анча қолоқ, ракеталари қўлбола, Исроил ракеталаридек бузғунчи кучга эга эмас.
Охирги 12 кунда минглаб аскарлар Ғазо шаҳрини қуршаб олиб, хамасчиларни овламоқда. Тунелларга яширинган жангарилар Исроил армиясига ер остидан чиқиб кутилмаганда ҳужумлар қилмоқда. Шу давр ичида 31 та исроиллик ҳарбийнинг ўлгани маълум.
Аҳолига жанубга эвакуатсия қилиш буюрилган. Бугундан бошлаб ҳар куни бунинг учун тўрт соатлик гуманитар танаффус кучга киради.
Исроил шаҳарни ҳаводан ҳам ҳужумга олмоқда. Ярадорлар ал-Шифо касалхонасига етказилмоқда.
“Жанубга кетаётганимизда бизга танк ҳужум қилди”, - дейди бир ғазолик.
Бир аёл ҳужумда ўғлини йўқотди. Исроил аскарлари уйидан туриб уларни видеога олаётган бир қизга ўқ узгани тасвирланган видео тарқалди. Фаластинлик расмийларга кўра, 7-октабрдан бери Ғазода 10569 одам ўлган, 4324 нафари болалар.
ХАМАС назоратида бўлмаган Ғарбий Соҳилдаги Исроил рейдларида эса бугун етти фаластинлик ўлдирилган, 13 нафари яраланган. Воқеа Женинда рўй берган.
80 мамлакатдан расмийлар ва халқаро ташкилотлар бугун Парижда тўпланиб, гуманитар танаффус пайтида Ғазога гуманитар ёрдам кўрсатиш, ярадорларни даволаш масаласини муҳокама қилди.
Анжуманда Фаластин Мухториятининг бош вазири ҳам қатнашмоқда. Исроилдан ҳеч ким таклиф этилмади. Россия вакили ҳам анжуманда йўқ.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фавқулодда эҳтиёжлар учун 1,1 миллиард доллар кераклигини билдирган.
Ғазога сув, электр қуввати, ёқилғи таъминотини тиклаш, денгизда гуманитар коридор ва дала госпиталларини ташкил этиш хусусида ҳам гап кетади. Миср госпиталларнинг ўз ҳудудида қурилишига қарши.
Норвегия қочқинлар кенгаши бош котиби Ян Эгеланд Ғазода зудлик билан оташкесин жорий этиш муҳимлигини айтди.
“Чегара билмас шифокорлар” раҳбари Изабел Дефурни Исроил Ғазо жанубида хавфсиз деб атаган зоналарни “сохта зоналар” деб атади.
“Дунё шифокорлари” ташкилотининг витсе-президенти Жан-Франсуа Корти эса Ғазо Секторини “очиқ осмон тагидаги улкан мозор” деб атади.
Унга кўра, дунё раҳбарлари гуманитар танаффус эмас, оташкесин ҳақида гапириши керак.
"Ғазода одамлар ҳамма нарсадан ўляпти. Оғир яраларидан, танаси куйишидан, қулаётган иморатлар уларнинг устига тушишидан ўляпти. Ўткир ва сурункали касали бор одамлар ҳам ўляпти, чунки қамал сабаб тиббий ёрдам олишга имкони йўқ. Туғаётганда ўлаётган аёллар ҳам бор. Аналгетикларнинг йўқлиги сабаб, анестезиясиз ҳам оғриқдан ўлишяпти. Ғазо очиқ осмон тагидаги улкан мозорга айланган”, - деди Корти.
Саудия Арабистонида эса бугун Яқин Шарқ давлатлари ташқи ишлар вазирлари мажлис қилди. Бир неча кундан сўнг мамлакатда Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг фавқулодда мажлислари ҳам бўлиб ўтади.
Қироллик Африка давлатларини ҳам йиғинга тўпламоқчи, тадбир қачон ўтказилиши ҳозирча номаълум.
Ислом ҳамкорлиги ташкилоти мажлисида Эрон ва Туркия раҳбарлари қатнашади. Бугун улар Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг саммити четида кўришиб, Ғазодаги вазиятни муҳокама қилган.
Ражаб Тойиб Эрдоған Иброҳим Раисийга ислом дунёси Исроилга босимни ошириши кераклигини, Туркия Исроил ва фаластинликлар ўртасида воситачи ва кафолатчи бўлишга тайёр эканини айтди.
Ғазо - очиқ осмон остидаги улкан мозор
Ғазо шимолига кирган Исроил армияси бир гуруҳ мухбирларга ҳудудга киришга рухсат берди. Журналистлар бирорта жойда соғ иморат қолмаганига ишора қилишади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Долзарб мавзу
|