Ғазо Сектори расмийлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига алоқадор гуруҳлар 7-октабрдан бери Исроил ҳужумларида Ғазода 7000 дан ортиқ одам ўлгани ҳақида маълумот тарқатганига қарамай, АҚШ Президенти Жо Байден фаластинликлар узатган рақамларга ишонмаслигини айтди.
"Фаластинликлар қанча одам ўлгани ҳақида рост сўзлаётганига ишонч йўқ менда. Бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлиши табиий, уруш бошлашнинг жазоси шу. Ўта эҳтиёт бўлишимиз керак деб ўйлайман. Яъни биз эмас, исроилликлар. Исроил унга қарши уруш олиб бораётганларни нишонга олишга урғу бериши керак. Фаластинликлар бераётган рақамларга ишонч йўқ менда”, - деди Байден.
Ғазоликлар вайроналар остида кўп одам қолиб кетганини, Исроил ҳужумларида ўлган болалар сони 3000 дан ошганини билдирмоқда.
Касалхоналарда сув, ёқилғи, дорилар, электр қуввати тугаб бораётгани, ҳужумларда яраланган айрим одамлар касалхоналардаги етишмовчиликлардан жон бераётгани, беморлар наркозсиз операция қилинаётгани, айрим касалхоналарда шифокорлар қўл ювиш учун сув йўқлигидан шикоят қилишаётгани айтилмоқда.
Исроилнинг Ғазода навбатдаги ҳужумлари
Бугун Исроил Хон-Юнус шаҳридаги қочқинлар лагерига зарба берган. Исроил ХАМАС инфратузилмаси, оператив қўмондонлик марказлари, туннел шахталари, ракета учиргичлар, ХАМАСга тегишли жами 250 дан ортиқ нишон урилганини маълум қилди.
Ҳаракат шунингдек 7-октабрдан бери Исроил ҳужумларида гаровдагиларнинг камида 50 нафари нобуд бўлганини билдирмоқда.
Исроилнинг чоршанба кунги ҳужумида нобуд бўлган 25 одам орасида ал-Жазира телеканали журналистининг рафиқаси, ўғли ва қизининг борлиги айтилмоқда.
“Улар Исроилнинг ғазо шаҳридан чиқиб кетиш буйруғидан сўнг уй-жойини ташлаб Нусейрат лагерига чиқган эди”, дейилади ал-Жазира баёнотида.
Канал ҳужумни кескин қоралади.
Исроил ХАМАСНИ қандай енгмоқчи?
Исроилнинг ғазога қўшин киритиш режаси чўзилиб бормоқда. Айрим кузатувчиларга кўра, Бенямин Нетаняху ҳукумати АҚШ минтақага зарур ҳарбий кучлари ва қуролларини етказишини кутяпти.
Таҳлилчилар ХАМАСнинг бир неча километрлик ер ости тунеллари ва тузоқлари Исроилга катта талафот етказиши ҳақида огоҳлантираркан, америкалик таниқли журналист Сеймур Херш ўз манбаларидан олинган маълумотга ишора қилиб, Исроил тунелларни сув билан бостирмоқчи эканини айтди.
Фаластинлик манбалар эса Исроил АҚШ ёрдамида тунелларни асаб гази билан захарламоқчи эканига ишора қилади. Исроил расмийлари ҳеч бир маълумотни тасдиқлагани йўқ.
Исроилда тузилган уруш кабинетига кирган собиқ мудофаа вазири Бенни Ганз ғазо ичидаги ҳарбий амалиёт узоқ вақт олишини айтди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолютсия матнига келиша олмаяпти
Бу ўртада БМТ Хавфсизлик Кенгашида АҚШ ва Россия алоҳида таклиф этган иккита резолютсия лойиҳасининг биронтаси қарши тараф эътирози туфайли қабул қилинмади. АҚШ таклиф этган резолютсия лойиҳаси тинч аҳолига қарши барча зўравонликларни қоралаб, барча давлатларнинг ўзини мустақил ёки коллектив равишда ҳимоя қилиш ҳуқуқини урғулайди.
Бироқ ҳужжатда сулҳга даъват йўқ. Хитой ва Россия унга вето қўйди.
Россия эса давомий гуманитар сулҳга чақирувчи, Исроилни ғазо шимолидаги аҳолига ҳудудни тарк этиш буйруғини бекор қилишга даъват этувчи резолюция лойиҳасини таклиф этди. АҚШ ва Британия қаршилиги сабаб ушбу ҳужжат ҳам қабул қилинмади.
Бу ўртада Москвага ХАМАС ҳаракати сиёсий бюросининг аъзоси Абу Марзук ва Эрон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Али Багири Каний боргани ҳақида Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Байден: Фаластинликлар ўлганлар сони бўйича берган маълумотга ишонч йўқ
Ғазо Сектори расмийлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига алоқадор гуруҳлар 7-октабрдан бери Исроил ҳужумларида Ғазода 7000 дан ортиқ одам ўлгани ҳақида маълумот тарқатганига қарамай, АҚШ Президенти Жо Байден фаластинликлар узатган рақамларга ишонмаслигини айтди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Долзарб мавзу
|
Калит сўзлар