close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жаҳон уйғурлари конгресси Нобел мукофотига тавсия қилинди

Германияда жойлашган Жаҳон уйғурлари конгресси 2023-йилги Нобел Тинчлик мукофотига номзод сифатида кўрсатилмоқда.

Германияда жойлашган Жаҳон уйғурлари конгресси 2023-йилги Нобел Тинчлик мукофотига номзод сифатида кўрсатилмоқда.
Канадалик қонунчилар ва Норвегиядаги "Ёш либераллар" гуруҳи раҳбари ҳамда Норвегиянинг "Венстре" сиёсий партияси ёшлар қаноти ташкилот номзодини илгари сурган. Ҳуқуқ ташкилоти тинчлик, демократия ва "Хитойдаги репрессив режим" остида яшаётган уйғур ва бошқа туркий халқлар ҳимояси учун олиб борган фаолияти учун тавсия этилган.
“Жаҳон уйғурлари конгрессининг асосий мақсади уйғур халқи учун демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликни тарғиб қилиш ҳамда уйғурларнинг ўз тақдирини ўзи белгилашига ёрдам бериш учун тинч, зўравонликсиз ва демократик воситалардан фойдаланишни қўллаб-қувватлашдан иборат”, дейилади номзодлик эълон қилинган қўшма мактубда.
Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндорини танлайдиган қўмита номзодларнинг исмларини ахборот воситаларига ёки номзодларга ошкор қилмайди. Унинг қоидаларига кўра, бундай маълумотлар 50 йил давомида сир қолиши керак. Тақдирлаш маросими декабр ойида Ослода бўлиб ўтади.
Номзодлик мактубида айтилишича, Жаҳон уйғурлари конгресси Хитой ҳукумати уйғурларга нисбатан қўллаган “улкан жисмоний, диний, тилга оид ва маданий репрессия кампанияси” ҳақида дунёни хабардор қилган.
Пекин уйғурларга нисбатан зўравон муносабатда бўлганини рад этади. Хитойнинг Синхуа давлат ахборот агентлиги бу айбловларни "Ғарбдаги Хитойга қарши кучлар" томонидан уйдирилган "ёлғон" деб атаган.
"Шинжон билан боғлиқ муаммолар умуман инсон ҳуқуқлари, этник келиб чиқиши ёки дин билан боғлиқ эмас, балки зўравон терроризм ва айирмачиликка қарши кураш билан боғлиқ", дейилади Синхуа эълон қилган 2021-йилги мақолада.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси уйғур ташкилотининг тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод сифатида тақдим этилганини танқид қилди.
Элчихона матбуот котиби Лю Пенгюнинг “Америка Овози”га электрон мактуб орқали “мукофот бир нечта сиёсатчи ихтиёридаги сиёсий қуролга айланиб қолмасдан, глобал тинчлик ва тараққиётга ҳисса қўшади, деган умидда” эканини айтди.
"Жаҳон уйғурлари конгресси деб аталмиш ташкилот террор ташкилотлари билан яқин алоқага эга. Бундай ташкилотни Нобел Тинчлик мукофотига кўрсатиш дунё тинчлигига ўта зиён келтиради ва Нобел Тинчлик мукофоти учун кулгилидир", - дейилади мактубда.
Ўтган йили август ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари идораси Шинжон бўйича ҳисобот эълон қилиб, Хитой ҳукуматининг уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларга касбий таълим ва ўқув марказлари деб аталган лагерларда қилган муносабати инсониятга қарши жиноят бўлиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Қўшма Штатлар ва бошқа бир қанча давлатлар минтақадаги инсон ҳуқуқларининг бузилишини геноцид деб таснифлаган.
“Хитой ҳукумати бир неча ўн йиллар давомида худди шундай ёлғон гапириб келади”, - дейди “Америка Овози” билан суҳбатда Жаҳон уйғурлари ташкилоти вакили Зумретай Аркин.
"Жаҳон уйғурлари конгрессининг Тинчлик учун Нобел мукофотига номзоди кўрсатилгани эркин ва демократик дунё ташкилот фаолиятини қимматли ва муҳим деб эътироф этганидан далолатдир. Хитой ҳукумати бундай ташкилотларга туҳмат қилиш ўрнига, демократик дунёга қулоқ тутиши керак", - деди Аркин.
Ташкилот вебсайтига кўра, Жаҳон уйғурлари ташкилоти 2004-йилда Германиянинг Мюнхен шаҳрида Шарқий Туркистон Миллий Конгресси ва Жаҳон Уйғур Ёшлари Конгресси бир ташкилотга бирлашиши ортидан ташкил этилган эди.
Миссия баёнотида айтилишича, "Жаҳон уйғурлари конгрессининг асосий мақсади демократия, инсон ҳуқуқлари ва уйғур халқи учун эркинликни тарғиб қилиш ва уларнинг сиёсий келажагини аниқлаш учун тинч, зўравонликсиз ва демократик воситалардан фойдаланишдир".
"Уйғур халқининг ягона қонуний ташкилоти Шарқий Туркистонда ва унинг ташқарисида Шарқий Туркистон масаласини мулоқот ва музокаралар ҳамда тинч ёъл билан ҳал қилиш ёълини белгилашга ҳаракат қилмоқда", дейилади баёнотда.
Шарқий Туркистон - баъзи уйғурлар Шинжон ўрнига фойдаланишни афзал кўрган ном бўлиб, унинг хитойча номи "янги ҳудуд" деган маънони англатади.
“Дунё уйғурлари конгрессининг уйғур геноцидига барҳам бериш йўлидаги машаққатли меҳнати эътибордан четда қолмаганини кўриш менда ғурур уйғотади”, деди ташкилот президенти Долкун Иса матбуот баёнотида.
Номзодлик “уйғур халқини қўллаб-қувватлаш намойиши” бўлгани учун ҳам аҳамиятли, дея қўшимча қилди Иса.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase