Аввало, Тўқаевнинг Россияга ташрифини чуқурроқ тушуниш муҳим. Кейинги уч йил давомида, Тўқаев ва Путиннинг муносабатлари совуқ, улар ўзаро бир-бирига мутлақ ишонмайди. Лекин, дипломатик мулозамат қилишга мажбур. Путин Украина билан банд. Қозоғистонга иккинчи фронтни оча олмайди. Ресурс етмайди. Тўқаев ҳам сайловдан кейинги ўзининг биринчи ташрифини Россиядан бошлади.
Бу «тинчлантириш ташрифи» дейилади: тинчлан, мен сенга душман эмасман, мен сенга қарши бормайман. Агар ўзинг мени худудим ва мустақиллигимни ҳурмат қилсанг, душман бўлмаймиз. Қозоғистон элитаси яхши тушунадики, Путиннинг сиёсий умри катта тезликда қисқариб бораяпти. У саросимага тушган пайт, уни қаҳр-ғазабини Қозоғистонга йўналишига имкон бермаслик керак. Шунинг учун, Москвага бориб, Путинни тинчлантириш муҳим эди. Энди, Москва томонидан «келинг, учлик иттифоқи тузайлик!» деган таклифга, Тўқаев «йўқ» деб жавоб берса, меҳмонга бориб мезбонни яна сазойи қилган бўлади.
Ўтган сафар Питерда Путиннинг ёнида ўтириб «мен сени ДНР ва ЛНРларингни тан олмайман!» дегани ҳалига қадар Путинни асабига тегади. Шунинг учун, бу сафар ҳам Путинни асабийлаштирмаслик учун «ҳа, майли, бўлса бўла қолсин шу иттифоқ!» деб қутилди. Лекин, бу иттифоқ Қозоғистонга оғир юк бўлади, буни Тўқаев яхши тушунади.
Ўзбекистончи? Ишончим комил, Ўзбекистон бу иттифоққа қўшилмайди. Сабаблари кўп. Биринчидан, Ўзбекистон ўзининг энергетик олди-соттисини Россия билан мувофиқлаштирса, ўзининг энергетик ва геосиёсий мустақиллигини теп-текис жойда қисқартирган, торайтирган еки йўқотган бўлади. Иккинчидан, иҳоталанган Россияга энергетик ва савдо-иқтисодий ҳамда геосиёсий муносабатлар устидан монополияни сақлаб қолишда, ўзининг манфаатларини қурбон қилиб бўлсада, ёрдам берса, шимолий империялизмнинг яшовчанлигини узайтирган бўлади. Қолаверса, иккиламчи санкцияларга ўзини атайлаб дучор қилган бўлади.
Ўзбекистон, Марказий Осиёдаги геосиёсий энг мустақил давлат. Ҳоҳлаганда КХШТга кириб, хохлаганда чиқади. Евросиё Иттифоқида ҳам кузатувчи бўлиб, бу ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро алоқаларини ичқаридан ва бепул томоша қилишни яхши кўради. Лекин, бу ишларга аралашиб, ўзига катта масъулият еки оғир гуноҳ олмайди. Шу пайтгача Евросиё Иттифоқига тўлиқ кирмаган Ўзбекистон, энди, санкциялар босими остида турган Россиянинг янги «иттифоқи»га қўшиладими? Менимча, ҳали ҳам баъзилар Ўзбекистонни яхши тушунмаган кўринади…
Путиннинг: «келинг, учлик иттифоқи тузайлик!», деган таклифи ҳақида
Қўшни Қозоғистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг, янги ва охирги етти йиллик ваколатга сайланган Президент Тўқаев, ўзининг биринчи давлат ташрифини Россиядан бошлаган. Шу ташриф чоғида, Россия томони Тўқаевга «келинг, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида, энергетик иттифоқ тузайлик!» деган таклифни билдирган. Бунга жавобан, Тўқаев «нима учун йўқ?! Мен розиман» деган қутилган.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Долзарб мавзу
|
Камолиддин Раббимов
Сиёсатшунос