Асаднинг оиласи Москвага қочиб кетди: Сурияда нима бўлмоқда?
Сурияда Башар Асад режими кундан-кунга ёпирилаётгандай туюлмоқда. Сурия мухолифати Дамашқ томон ишонч билан илгарилаяпти.
Шундай қилиб, атиги бир ҳафта давомида исёнчилар Алеппо, Ҳама, Идлиб, Телль-Рифат, Дайр-эз-Зорни ўз назоратига олишга муваффақ бўлди. Ҳозирда Хўмс учун жанглар кетмоқда – бу Дамашққа йўлдаги охирги тўсиқ. Шунингдек, Асад қўшинлари Хўмс вилоятида жойлашган қадимий Пальмирани (ҳозирги номи – Тадмор) тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида хабар берилмоқда, деб ёзади 24 Канал The Wall Street Journal нашрига таяниб.
Мухолифат ҳужуми кучаймоқда
Пальмира стратегик жиҳатдан жуда муҳим аҳамиятга эга. Шаҳар чўл ҳудудида жойлашган бўлиб, Дамашқ ва Суриянинг бошқа ҳудудларига олиб борувчи асосий йўлларни назорат қилади. Россиялик ҳарбий мухбирлар исёнчилар Пальмирани эгаллаганида ҳаво ҳимоя тизимлари ва кўчма зенит ракетаси мажмуаларини қўлга киритганини хабар қилишмоқда. Шунингдек, Сурия армияси Хомснинг шарқидаги Т4 (Тифор) ҳарбий базасидан қўшинларни олиб чиқишни бошлаган.
CNN маълумотларига кўра, Сурия мухолифати Дараа шаҳрини назоратга олганини маълум қилди. Бу шаҳарда 2011 йилда қўзғолон бошланган эди. Исёнчилар Дамашққа жанубдан ҳам, шимолдан ҳам яқинлашмоқда.
Асаднинг оиласи Москвага қочиб кетди.
The Wall Street Journal нашри сириялик ва араб манбаларига таяниб ёзишича, Асаднинг аёли ва болалари ўтган ҳафтадаёқ Россияга жўнаб кетган. Унинг қайноғаси эса Бирлашган Араб Амирликларига қочган. Асаднинг ўзи 6 декабрь ҳолатига кўра Сурияда бўлган.
Пальмира россияликлар учун нега муҳим?
Пальмира – Суриянинг қадимий шаҳри бўлиб, у Сурия чўлининг шимолий қисмидаги оазисда, Жабал-Абу-Ружмайн тоғ тизмалари этигида жойлашган. Шаҳар Дамашқдан 215 километр шимоли-шарқда жойлашган бўлиб, ҳозирда Тадмор деган номи билан машҳур.
Россия учун Пальмира рамзий аҳамиятга эга. 2015 йил май ойида «Ислом Давлати» террорчилик гуруҳи ушбу шаҳарни эгаллаб, қадимий ибодатхоналар ва ҳайкалларни вайрон қилган эди. Шундан сўнг, Россия авиацияси 2016 йил март ойида Пальмирани бомбардимон қилишни бошлади, ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлланма қўшинлари шаҳарга киритилди. Шаҳар бир неча марта қўлдан-қўлга ўтган.
2017 йилда Россия махсус хизматлари ва авиацияси Пальмирани қайта назоратга олди. Бу воқеа Россия пропагандасида Путин режими учун катта символик аҳамият касб этган эди. Ҳатто 2016 йилда шаҳар вайроналарида Россия томонидан концерт ташкил қилинган.
Ҳозирда Пальмиранинг мухолифат томонидан эгаллаб олиниши Кремл учун жиддий зарба экани ҳақида россиялик пропагандистлар ва Z-блогерларнинг изтиробли изоҳлари гувоҳлик бермоқда. Z-блогер Борис Рожин шундай деб ёзган: «Пальмира – тамом. Учинчи марта уни қайтаришга қодир бўладиларми, номаълум».
Россияликлар Пальмирани миллий афсоналарининг муҳим қисми деб билишган. Ушбу шаҳар уларга ўзларини «цивилизация қутқарувчилари» сифатида кўрсатишга имкон берган эди. Аммо энди, Пальмиранинг йўқолиши билан уларга ҳақиқат билан юзма-юз келишга тўғри келади.
Абу Муслим