Россия ташвиқоти Москванинг Украинага бостириб киришини фашистларга қарши «махсус операция» деб оқлаётганига қарамай, тарихчиларнинг айтишича, аслида Россиянинг ўзи фашист давлатга айланган.
Россия президенти Владимир Путин 24 феврал куни Украинага қўшин киритиш қарорининг қўллаб-қувватланишига эришиш учун Москванинг ғарбпараст қўшниси ҳудудига бостириб киришини Қизил армиянинг нацист аскарларга қарши курашига қиёслади.
Бироқ, аслида, Путиннинг уруши фашистик табиатга эга бўлиб, хусусан, у Иван Ильин каби ўта ўнгчи мутафаккирларнинг ғояларидан илҳомланган, дейди кузатувчилар.
Рус файласуфи Ильин (1871-1954) Россиянинг ноёблигини таъкидлаб, бир вақтлар фашизмни ва Германиядаги нацистлар режимини қўллаб-қувватлаган эди.
«Фикримча, Путиннинг Ильинга ишқивозлиги Ильинга хайрихоҳ бўлган [россиялик кинорежиссёр] Никита Михалков билан яқин алоқалари туфайли пайдо бўлган», дейди львовлик фалсафа профессори Андрей Дахний.
Дахнийнинг айтишича, «айнан Ильин руслардаги «халоскорликни» шакллантирган ва уларнинг ноёб миллат эканини даъво қилган. У империалистик қадриятлар ва улуғворликни тиклаш зарурияти ҳақида сўзлаган».
«Ва табиийки, у дунёни «чириётган» Ғарб таҳдидларидан қутқариш кераклигини такрорлар эди».
Путин 2000-йилларнинг ўрталарида Ильин жасадининг қолдиқларини у вафот этган Швейцариядан Россияга олиб келишни шахсан ўзи ташкиллаштирган ва Ильиннинг Москвадаги Донский монастири қабристонига қабр тошини ўрнатиш харажатларини қоплаган эди.
Ўшандан бери Кремлдаги амалдорлар учун Ильиннинг асарларини ўқиш мажбурий бўлиб қолди.
«Путиннинг сафдошлари бу китобларни ўқиганига шубҳа йўқ», дейди Дахний.
«Путин атрофидаги барча сохта зиёлилар кўпинча файласуф Ильиннинг фикрларига таянишган. Буни Дугин мисолида кўриш мумкин», деди у рус файласуфи ва Путиннинг идеологи, фашистик деб тавсифланган қарашлари билан машҳур Александр Дугинни назарда тутиб.
«Ишончим комилки, улар бу ғояларнинг барчаси ҳақида жуда кўп ўқийдилар», деди Дахний.
Ильиннинг энг машҳур китобларидан бири – «Ёмонликка куч билан қаршилик кўрсатиш ҳақида» (1925 йил) асарида Россиянинг ноёблиги ҳақида сўз боради.
«Ильин бундай улкан империяни фақат диктатура дахлсиз сақлаб қолиши мумкинлигини, чунки унинг ичида норозилик билдирадиган ва қаршилик кўрсатадиган турли кучларнинг кўплиги ва ҳақиқатни сингдиришнинг ягона йўли – шафқатсиз усулларни қўллаш эканлигини ёзган эди», дейди Дахний.
Бу – руслар «ушбу Ер юзида ноёб миссияга эга» ва «уни тарғиб қилиш учун куч ишлатишлари керак» дегани эди.
«Бу фашистик мулоҳаза экани аниқ», деб қўшимча қилди Дахний.
«Қуйи» халқлар
«Путин бу файласуфларни диққат билан ўқиб чиққан ва ҳозирда [хаёлан] империяда яшамоқда», дейди 1917-1921 йиллардаги Украина инқилоби музейи директори, тарихчи Александр Кучерук.
«У руслар ер юзидаги энг буюк халқ, қолганлар эса «пастроқ» тил ва маданиятга эга «қуйи» халқлар эканлигига сидқидилдан ишонади.»
«Шундай экан, ҳамма ё русга айланиши ёки йўқ қилиниши керак», деди у.
«Россияда этник озчиликларга нисбатан бундай муносабат доим бўлган: руслар бош халқ, қолганлар эса уларга раҳмат айтиши ва тиз чўкиши керак, деган империалистик сиёсат ва ғоя бор», дейди Кучерук.
«Руслар бошқа одамларга нисбатан қўллайдиган этник ҳақоратлар каби турли таҳқирлаш турлари мавжуд», дейди у.
«Совет даврида уларни ерга уриш учун ҳатто «нацмен» [миллий озчилик вакили], ундан ҳам ёмони «кавказ миллатига мансуб одам» сўзи ўйлаб топилган эди».
«Бу нима дегани? Кавказ миллатига мансублик нима? Бундай ҳақорат дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида йўқ», дейди у.
Москванинг Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига нисбатан сиёсати ва улардан сиёсий қурол сифатида фойдаланишини шундай қарашлар билан изоҳлаш мумкин.
«Яқин-атрофдаги мамлакатларда Россиядан норозилик пайдо бўлса, Кремл дарҳол меҳнат мигрантларидан фойдаланган ҳолда босим кампаниясини бошлайди», дейди ташқи сиёсат ва Марказий Осиё бўйича украиналик шарҳловчи Наталя Бутирская.
«Улар [мигрантлар] заиф ҳолатда ва Россия сиёсати олдида ожиз эканликларини билишади, лекин ҳеч нарса қила олмайдилар».
«Масалан, Қирғизистонни олайлик. У ерда [2010 йилда] инқилоб бўлди, режим ўзгарди ва Россия иш масаласида мигрантларга босим ўтказиб, дарҳол сиёсий реакция билдирди».
«Россия чегарасини кесиб ўтишингиз билан сиз қаттиқ текширувга дуч келасиз ва ҳоказо. «Руслар мигрантларга нисбатан мутлақо ҳурматсиз муносабатда бўлишади».
Бу каби империалистик ва фашистик сиёсат ўтмишнинг сарқити бўлиб, Россиянинг қулашига олиб келади, дейди Дахний.
«Башорат қилмоқчи эмасман-ку, лекин парчаланиш жараёнлари албатта бошланади», деди у. «Россиянинг қулаши муқаррар.»
«Путин ўз ҳокимиятини янада мустаҳкамлаб, Россияни янада кучлироқ қилмоқчи, лекин аслида уни заифлаштирмоқда. Россия учун ортга қайтариб бўлмайдиган жараёнлар бошланганини кўрсатувчи кўплаб белгилар бор», деди у.