"Рус дунёси" идеологи, рус файласуфи Александр Дугиннинг қизи автомобили Москва яқинидаги трассада портлаб кетди. Аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Дугиннинг ўзи машинада бўлиши керак эди, бироқ сўнгги дақиқада у бошқа машинага ўтган.
Фожиа шанба куни кечқурун Можайск шоссесида, Болшие Вяземы қишлоғи яқинида, Москва ҳалқа йўлидан 25 километр узоқликда содир бўлган.
29 ёшли Дарья Дугина бошқарувидаги Land Cruiser Prado ҳаракатланаётганда портлаб, йўл четидаги тўсиққа бориб урилган ва ёниб кетган. Аёл воқеа жойида ҳалок бўлди, автомобиль қолдиқлари йўл бўйлаб сочилиб кетди.
Воқеанинг биринчи версияси газ баллонининг портлаши бўлган, аммо ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўлбола портловчи қурилма машина тагида ишга тушганига ишонишга мойил. Агар бу тахмин тасдиқланса, Александр Дугиннинг ўзи суиқасд нишони бўлган бўлиши мумкин.
Тергов қўмитаси қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатди. "20 август куни соат тахминан 21 ларда Большие Вяземы қишлоғи яқинидаги Одинцово шаҳар округида трассада катта тезликда кетаётган Toyota Land Cruiser русумли автомобилга ўрнатилган портловчи қурилма ишга тушди ва кейин машина ёниб кетди. Ҳайдовчи аёл воқеа жойида ҳалок бўлди. Жасаднинг шахси аниқланди – бу журналист ва сиёсатшунос Дарья Дугина", — хабар қилади агентлик ўзининг телеграм-каналида.
Александр Дугин ва унинг қизи файласуф маъруза ўқиган Москва яқинидаги Захарово қўрғонида бўлиб ўтган "Традиция" фестивалига фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинганди.
"112" телеграм-каналига кўра, айнан ўша ерда, қўрғон яқинидаги автотураргоҳда машинага портловчи мослама ўрнатилган бўлиши мумкин бўлган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Дугин ва унинг қизи Москвага бирга қайтишни режалаштиришган, бироқ охирги лаҳзада режалар ўзгариб, Дугин бошқа машинада кетган.
У орқада келаётганди ва қизи бўлган машина портлаган жойга биринчилардан бўлиб етиб келди.
Бу нима эди?
Александр Дугин файласуф ва консерватив публицист, "рус дунёси" ва неоевросиёлик мафкураларининг - Россиянинг қўшнилари устидан ҳукмронлиги, АҚШ ва НАТОга қаршилиги ва унинг таъсири Евросиё қитъаси ҳудудида тарқалиши ҳақидаги тушунчаларнинг тарғиботчиларидан бири сифатида танилган. Кўп йиллар давомида Дугин Москвани жаҳон саҳнасида ўзини янада фаолроқ кўрсатишга ундаб келди.
Ғарб оммавий ахборот воситалари уни замонавий Россиянинг асосий мафкурачиларидан бири деб атайди, унга Владимир Путин, кўплаб хавфсизлик амалдорлари ва Кремль расмийлари қулоқ солади.
2014 йилда Дугин Украинага қарши кескин баёнотлар билан ажралиб турди, хусусан, 2 май куни Одессада рўй берган фожиали воқеаларни шарҳлаб, у "ўлдириш, ўлдириш ва ўлдириш" га чақирди. У Украинадаги урушни қаттиқ қўллаб-қувватлади ва яқинда эълон қилган постида Россия элитасидан бу борада очиқ қарор қабул қилишни талаб қилди.
"Менимча, Россиянинг барча юқори мартабали амалдорлари СВО га ўз муносабатини очиқ билдириши керак. Ёки ўз лавозимини тарк этиши керак. Баъзилар шубҳали тарзда жим. Биз эса уларнинг сукутини ўзимизча талқин қила бошлаймиз. Бизни васвасага солиб қўйманг, фақат биттагина Z ҳарфини аниқ ва баланд овозда айтинг. Ёки тинчгина кўздан нари кетинг", деб ёзган Дугин.
2014 йилдан буён Дугин Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида, 2015 йилдан эса Қримнинг Россияга қўшиб олинишига алоқадорликда гумон қилингани учун АҚШ ва Канада санкциялар рўйхатида.
Унинг қизи Дарья отасининг мафкурасини тўлиқ қўллаб-қувватларди ва унинг ўнг қўли эди. У билан бирга у фалсафа ва сиёсатшунослик бўйича маърузалар ўқиган, Дугин асос солган Халқаро Евроосиё ҳаракатида сиёсий кузатувчи бўлиб ишлаган, Кремлпараст RT ва “Царьград” учун Дарья Платонова тахаллуси билан сиёсий мақолалар ёзган.
АҚШ ва Буюк Британия расмийлари уни нотўғри маълумот тарқатишда айблаб, санкциялар рўйхатига киритдилар.
Жорий йилнинг май ойида Дарья Дугина Украинадаги урушни "цивилизациялар тўқнашуви" деб атаган ва ўзи ҳам, отаси ҳам Ғарб санкциялари остида қолганидан ғурурланганини айтган эди.
Деярли ҳеч ким тан олмаган ДХР раҳбари Денис Пушилин Дарья Дугинанинг ўлими ҳақидаги хабарга биринчилардан бўлиб муносабат билдирди ва у отасини портлатиб юбормоқчи бўлган украиналик диверсантлар қурбонига айланганига ишончи комил эканлигини билдирди.