close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Зулм технологияси

Ёлғоннинг тахтдаги минг йил даврони
Ҳақиқат айтилган бир дамча бўлмас. (Омон МАТЖОН)

Ёлғоннинг тахтдаги минг йил даврони
Ҳақиқат айтилган бир дамча бўлмас. (Омон МАТЖОН)

Инсоният тарихи – урушлар тарихидан иборат, деган фикр ҳақиқатдир. Айни пайтда одамлар бу урушлар оралиғида тинимсиз тинч яшаш йўлини ахтаргани ҳам ҳақиқатдир. Асрлар давомида халқлар, мамлакатлар ва давлатлар ҳаёти жангу жадаллардан, ҳеч бўлмаса, уларга тайёргарликдан иборат бўлиб келди ва ҳозир ҳам ҳарбий тайёргарлик масаласи давлатлар стратегиясининг олдинги қаторидан чекинган эмас. «Ё сен ўлдирасан, ё сени ўлдиришади», - асрлар давомида эл-улуснинг хаёли шу серғулув фикр билан батамом банд бўлиб келди.
Бутун тарих давомида давлатлар ўта ҳарбийлашган эди. Замон ўзгарар, онг ўзгармасди. Қуроллар такомиллашар, тош ўрнини – найза, камонлар ўрнини – пилта милтиқлар, милтиқлар ўрнини – автоматлар, автоматлар ўрнини – ракеталар, бомбалар эгалларди... Фикр эса – ўша-ўша. Ҳокимият, бир томондан, ташқи душманлари билан, иккинчи томондан, уруш тинган заҳоти ўз халқи билан курашиб ётарди. Шахс эрксиз эди. Тахт талашган қўмондонлар тўқиган ақида ҳам ўзини оқлаб келди: «Ўз жангчисини боқмаган юрт бегона юртнинг аскарини боқади!» Яъни, уни босиб оладилар ва талайдилар.
Аммо ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб одамзод онгида маълум ўзгаришлар юз берди. «Душман»га қўшиб «дўст»ни ҳам йўқотиб юборадиган оммавий қирғин қуроллари – ядровий бомбаларнинг пайдо бўлиши натижасида жаҳон урушида маъни қолмади. Ядро қуроли ишлатиладиган урушда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам бўлмайди – заминнинг, тирикликнинг ўзи хавф остида қолади. Бундан ташқари, инсониятнинг тор манфаатларга  ўралашиб қолганлиги, ўз ҳаракатининг оқибатларини, глобал жараёнларни ўйламаслиги натижасида унинг бошига қатор экологик, демографик, технократик кулфатлар ёғила бошлади. Куррамиздаги экологик вазият вайронлаша бошлади. Инсоннинг нозик баданларини кимёвий уруш қуроллари эмас, автоларнинг тутунлари зимдан  емирмоқда, одамларни жанг майдонида танклар эмас, тинчгина уйида рак, СПИД, юрак-томир касалликлари қириб юбормоқда. Жаҳон ҳамжамияти олдида қатор муаммолар кўндаланг турибди. Ўсиб бораётган аҳоли курраи заминнинг қайта тикланмас бойликларини ютиб бормоқда Бу кетишда ер ўз фарзандларини боқа олмай қолиши турган гап. Қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқаришининг ҳамда уларнинг маҳсулотини истеъмол этаётган ер аҳлининг тинимсиз ўсиши натижасида замин толиқа бошлади, атроф-муҳитнинг мувозанати бузилди.
Ютоқилик шу суръатда давом этаверса, сайёрамизнинг ҳам, унинг бир парчаси бўлган одамзоднинг ҳам тақдири катта хавф остида қолиши аниқ. Бунинг устига, фан ва техниканинг улкан тараққиётига қарамасдан, инсоният зилзила, вулқон, тўфон каби минглаб одамларнинг жонига жабр қилаётган табиат ҳодисаларининг сабабини ҳам, вақтини ҳам тушунтиришга ожизлигича қолмоқда. Яратганнинг қудрати олдида яратилганлар абадий лолдирлар.
Ҳаётнинг ўзи ХХ аср охирига келиб яқин-яқингача жаҳон урушларида бир-бирига ғаним бўлиши мумкин бўлган мамлакатларни, халқларни ва давлатларни муроса қилишга, қуролсизланишга, тўсатдан ҳамманинг олдида кўндаланг бўлган дунёвий демографик, экологик, технократик муаммоларни ечиш учун ҳамкорлик қилишга ундамоқда.
Афсуски, XXI аср бўсағасида ҳам инсониятнинг маънавий-руҳоний ўсиши унинг илмий-техникавий, ижтимоий-иқтисодий ривожидан ортда қолмоқда. Космик кемалар ясаб, фазоларда учиб юрган одамзод ҳали-ҳануз ғийбату ҳасаддан қутулолмади, саҳроларни, дарёларни жиловлаган инсоният ўз ғазабини жиловлай олмаётир. Ейиш-ичиш, учиш-қўниш, сўзлаш-тинглаш учун замонавий техникаларни яратган инсон тафаккури бир-бирини қириш учун ҳам энг замонавий асбоб-ускуналар ясаш билан машғулу овворадир. Зим-зиё Коинотда беш-олти миллиард фарзандини ортмоқлаб кезиб юрган омонат замин оммавий қирғин қуролларга тўладир, ер ўз қотилларни ўз бағрида кўтариб юрибди. Инсоният онасининг кўксини эмиб туриб, биқинига пичоқ тираётган ношукур гўдакка ўхшаб кетади.Замин - ҳаммамизнинг ягона Ватанимиз, биз туғилган макон эса шу улкан ернинг ажралмас бир парчасидир. Уй-жой, тупроқ, ер, тожу тахт талашиб юрган кимсалар каттакон ҳўкизнинг яғринида ёки думғазасида туриб, жунлари орасидан қон сўришга жой талашаётган бургаларни эслатадилар, поёнсиз уммонда чўкиб бораётган, ҳали замон ғарқ бўладиган кемани бадтар чайқатиб, дарғалик  мансабини талашаётганларга ўхшайдилар. Бугун чайқалиб турган заминда ҳар бир кишининг, ҳар бир халқнинг манфаатлари бутун инсониятнинг манфаатлари, Коинотда инсониятнинг яшаб қолиши масаласи билан чоғишган ҳолда қаралиши керак.
«СССР» номи билан маълум бўлган «қизил салтанат» парчаланди, «социалистик» аталган қулдорлик ва мустамлакачилик тузуми қулади. Дунёнинг 1917 йилда инқилобий йўл билан жаҳон тараққиётидан ажратилган қисми яна тадрижий ривожланиш измига тушмоқда. Мустақил давлатлар барпо этилди, уларда мустақил халқлар камол топмоқда, мустақил шахслар шаклланмоқда.
Айни пайтда инсоният тарихига, социалистик тузум кечмишига, шу жумладан, бу тузум олиб борган урушларга ҳам янгича, жаҳоний мезонлар билан ёндашмоқ лозим. 1917 йилги Октябрь тўнтаришига, «қулоқ»ларга, тақводорларга, зиёлиларга қарши ўтказилган қирғинларга, қатағонларга, фуқаролар урушига унча-мунча холис баҳо берилди. «Босмачилик» аталган кураш ҳам аслида миллий-озодлик ҳаракати бўлгани эътироф этилди. Ҳаттоки, яқиндагина кечган (1979-1989) СССРнинг афғон халқига қарши урушига ҳам адолат билан қарашга ўргандик – у синфий фашизм салтанатининг, совет империясининг озод афғон халқини босиб олиб, авторитар социализмни ўрнатиш учун олиб борган босқинчилиги, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига зид қирғини экани очиқ эътироф этилмоқда. Ҳали бу соҳаларда батафсил илмий-тарихий изланишлар олиб борилади, албатта.
Бироқ 1939-1945 йиллардаги Иккинчи Жаҳон уруши ҳақидаги тасаввурларимизни деярли ўзгартирган эмасмиз. Ҳолбуки, давр жуда кўп жумбоқларга ойдинлик киритди, шу пайтгача махфий сақланган ҳужжатлар ошкор қилинмоқда. Ҳақиқат ҳеч кимга оғир ботмаслиги керак, зеро Ватанни севмаслик ва Ватандаги номақбул ижтимоий-сиёсий тузумни севмаслик бошқа-бошқа нарсалардир. Ватанни севамиз, оғир кунда уни ҳимоя қилган ботир жангчиларни ҳурмат қиламиз, қурбонлар қошида бош эгамиз, бу шубҳасиздир, аммо Ватанннинг бошига шу кунларни солган, ададсиз қурбонларга сабаб бўлган «социалистик» ҳарбий-маъмурий тузум ҳақидаги барча ҳақиқат айтилиши керак. Бу тузум олиб борган Иккинчи Жаҳон уруши ҳам бундан мустасно эмас.
Иккинчи Жаҳон уруши тўғрисидаги мулоҳазаларни баён этиш учун бутун XX асрни қамраб олиш керак, чунки, бизнинг назаримизда, бу урушнинг «тамал тош»лари аср бошидаёқ қўйила бошлаган, оқибатлари эса аср сўнгигача чўзилиб келди. Урушнинг бошланиши, бориши ва якуни тўғрисида, гарчанд ўта мафкуравийлаштирилган, афсонавийлаштирилган ҳолда, ҳоким идеологияга мақбул тарзда бўлса-да, кўплаб ёзма, оғзаки, кино, фото, санъат асарлари яратилган. Шунинг учун биз кўпроқ унинг ёритилмаган қирраларига, сабаб ва оқибатларига мурожаат қиламиз.
Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан буён ярим асрдан кўп вақт ўтди. Бугун ўша боболаримиз ҳимоя этган «Она-Ватан» – СССР шонсиз қулади, у энди йўқ, боболаримизни қирғин-барот урушга йўллаган тузум – социализм ҳам шармандаларча таназзулга учради. Аммо юрт хавф остида қолганда фашизмга қарши аждодларимиз кўрсатган жасорат, матонат, сабр-бардош абадий ёдлагуликдир.Иккинчи Жаҳон уруши мавзуида беҳисоб асарлар яратилган. Айтиш мумкинки, бу мавзу анчайин афсонавийлаштирилган, сохталаштирилган, ғалаба эса «социалистик тузум шарофати» сифатида нотўғри талқин қилинган. Қолаверса, бугун – шўро тузумининг босқинчилик, мустамлакачилик ҳаракатлари, халққа қарши қирғинлари, самарасиз иқтисоди, даҳрий маънавияти фош бўлгач, «Ғалаба байрами» бу даврнинг ягона мақтангулик иши бўлиб қолмоқда. Аммо бу урушни келтириб чиқарган жиноий сабаблар ва унинг жаҳоний оқибатлари деярли ёритилмаганлигича қолмоқда. Совет тузуми ҳурфикрли одамларни қамоққа ташлаган бўлса, ҳаққоний ҳужжатларни ҳам архивларга умрбодга «қамаб қўяди». Бугун кеча яширилган кўп ҳақиқатлар ошкор бўлмоқода. Бугун айтилмаётган гаплар эртага, албатта, айтилади. Чархи кажрафторнинг ғилдираги шу тахлит биздан олдин ҳам айлангани каби, биз билан ҳам ва биздан кейин ҳам айланаверади.
Нодон кимса қилган хатоларни бошқалардан кўради-ю, озгина ютуқларини ҳам ўз фазилатидан деб билади. Худди шундай жоҳил шўро тузуми ҳам қилган машъум хатоларини, иқтисодий бўҳронларини, аянчли кирдикорларини «халқ душманлари», «империализм айғоқчилари», «социализмни кўромайдиганлар», «ғайришўровий унсурлар» ва ҳоказоларга тўнкаб, коммунистик зулм даврида халқнинг тинимсиз меҳнати эвазига эришилган озгина ютуқларни ҳам ҳамиша «социализм шарофати», «одил совет  тузумининг меваси» деб кўрсатди. Шу жумладан халқнинг раҳбарларининг нўноқлигига, урушолди қатағонларига, ҳарбий-стратегик бошқарувнинг сакталикларига қарамай, миллионлаб қурбонлар, дарё-дарё қонлар эвазига фашизм устидан қозонган ғалабаси ҳам ярим аср давомида «КПСС бошчилигида совет социалистик тузуми эришган ғалаба» деб келинди. Ҳолбуки, бу халқнинг ғалабаси эди. КПСС ва совет тузуми эса бу даҳшатли урушнинг бошланишига, қурбонлари ҳаддан зиёд бўлишига, жангларга раҳбарликнинг калтабинлигига «ҳисса» қўшди, холос.
Уруш узоқ давом этди ва унда беҳад кўп қурбонлар берилди. Немислардан 5,5 миллион киши ўлган бўлса, совет томонидан 26 миллион киши ҳалок бўлди . Бевосита ҳарбий йўқотишларимиз ҳам немисларникидан тўрт баробар зиёд эди. Уруш ҳарбий-стратегик «раҳбарлик» даражасини, Сталиннинг «доно саркарда»лигини шунинг ўзи кўрсатиб турибди. Нега шундай бўлди?!
Биринчилан, немис фашизмнинг ҳарбий қудрати мустаҳкамланишига совет тузуми катта ҳисса қўшди. Бугун аниқ маълум бўлдики, 1920-1941 йиллар давомида немислар совет ҳудудида танкчилик, учувчилик мактабларида таҳсил олдилар, немислар буюртмасига кўра СССР уруш олдидан немисларга танклар, самолётлар, снарядлар ишлаб чиқариб берди. Немислар 1939 йилги савдо ва ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартномаларга кўра Совет Иттифоқидан катта миқдорда нефть, металл, дон ва бошқа хомашёларни, ҳарбий-стратегик маҳсулотларни ола билдилар. Фашизм советлар ёрдамида кучга тўлди.
Иккинчилан, дунё яккалаб турган бир пайтда советлардан ёрдам олиб кучга тўлган немис фашизми Совет Иттифоқига қўққисидан ҳужум қилди, совет раҳбарлари ва уларнинг каллакесар қўрбошиси Сталин одамхўр Гитлер билан «ҳамкорлик шартномалари» тузганига ишониб урушга тайёргарлик кўрмади. Шартномалар Гитлернинг қўлини ечди ва урушга сабаб бўлди.
Учинчидан, Сталин 1934-1939 йиллар давомида халқ ва партия сафида «тозалаш» – қирғин олиб борди, уруш олдидан халқнинг энг оқил, зиёли, фикрловчи қисмидан 15 миллион киши териб олиниб, сталинча тоталитар итоаткорона социализм қуришга ҳалақит бермасин учун йўқ қилинди, халқнинг қуввати уруш олдидан «халқ душмани» сифатида қатли ом қилинди. Улар уруш олдидан сталинчи қотиллар қўлида, НКВД авахталарида ўлмаганида гитлерчи фашистларга қарши турган бўларди ва фашистларга халқ бу қадар кўп қурбонлар бермаган бўларди..
Тўртинчидан, 1934-1939 йилги «тозалаш»лар даврида армиянинг ўзи ҳам бошсизлантирилди, яъни 40.000 офицер қатағон қилинди, энг юқори офицерлар таркибидан 5000 ҳарбий саркарда отиб ташланди, шу жумладан, Қизил Армиянинг бешта маршалидан учтаси уруш арафасида ўлдирилди. Уруш бошланганда ҳам жуда кўп ҳарбийлар «халқ душмани» сифатида қамоқда ўтирардилар.Бешинчидан, совет  тузумининг иккиюзламачилиги, сўзда «халқ ҳокимияти»ни эълон қилиб, амалда халқни қул қилиб, унинг тепасига чармкамзулли парткомлар ва комиссарларни чиқариб эзғилаши, айниқса, қамоқ ва қатағонлари халқнинг қалбида исённи ҳам етилтирарди. Албатта, ошкор гапирганлар қатағон қилинган, аммо халқ гапирмаса ҳам, дилида бу тузумдан рози эмасди ва бу Гитлер босиб келган ҳудудларда унга ҳайрихоҳликни намоён қилгани ҳам, шунинг учун фашистлар осонлик билан мамлакат ичкарисига кириб келгани ҳам, халқнинг осонлик билан асир тушгани, совет зулмидан озод бўлиш умидида тургани ҳам сир эмас. Фашистларнинг ҳам ашаддий золимлиги аён бўлгачгина халқ қўзғолди ва оғир урушда ғалабага эришди, аммо бу ғалабани ҳам Сталин ўзининг «донолиги»дан деб ўз «хизмати» сифатида эгаллаб олди.
Уруш шу каби қатор сабабларга кўра қўққисидан бошланди ва қатағонлардан, қашшоқликдан силласи қуриган халқ  учун оғир бўлди.
Бу машъум хатолар ҳақида гапириш ва ёзиш фашизм устидан қозонилган ўалабанинг қадрини пасайтирмайди, аксинча, кўтаради – ахир, фашистлар совет тузуми ёрдамида кучга тўлганига, халқнинг ақлли фарзандлари ва армиянинг саркардалари уруш олдидан қатағон қилинганига, урушга раҳбарликнинг малакасиз олиб борилганига, совет тузумининг самарасизлигига, ноқобилликларига қарамай, халқ ўалаба қилди. Бу ўалаба шунинг учун ҳам, шубҳасиз, янада оламшумул, ҳайратли ҳодисадир.
Албатта, жаҳон халқларининг тарихи ва тафаккури шуни  кўрсатадики, урушда қилинган ғолиблик билан мақтаниш маънавий жиҳатдан ноўриндир. Бу бировни ўлдиргани билан, бир халқни қиргани билан мақтанишдир. Иккинчи Жаҳон уруши немис халқи учун ҳам, «совет халқи» аталган халқлар учун ҳам катта фожеа бўлди. Бу икки мамлакат тепасига келган фашистик тузумлар икки халқнинг ва жаҳоннинг бошига солган даҳшатли фожеа эди. Олмония жаҳонга фақат Маркс ва Гитлерни берган эмас, немис халқи даҳоси жаҳон тафаккурига Гёте, Шиллер, Вагнерни, Кант, Шопенгауэр, Нитсше каби даҳоларни қўшди. Жангга кираётган совет аскари ён чўнтагида Гёте шеърларини олиб юргани ҳам маълум...
Гарчанд, Иккинчи Жаҳон урушида эришилган ғалаба натижасида совет тузуми Шарқий Оврўпога социализмни яна зўрлаб тиқиштирган, бу халқларга ҳам ўз иродасига кўра ўзига мақбул тузумни танлашга йўл бермаган, бугунга келиб совет тузуми асоратларидан қутулган Шарқий Оврўпо, Болтиқбўйи, Кафказ, Марказий Осиё халқлари мустақилликдан шодумон, ўз истиқлол йўлларини барпо этаётган бўлсалар-да, 1945 йилги ўалаба бир халқнинг иккинчи халқ устидан, бир тузумнинг бошқа тузум устидан ғалабаси эмас, халқларнинг фашизм устидан ғалабаси сифатида қадрлидир.
Тўғри, ғайриодамий совет тузумининг кирдикорлари, ғайриинсоний моҳияти унинг иккиюзламачи сиёсатида, самарасиз иқтисодида, иймонсиз маънавиятида акс этгани каби у олиб борган урушларда ҳам яққол кўринади. Аммо халқ – юксак ҳилқат, ҳар қандай сиёсий ўйинлардан юксакроқдир.
Урушларнинг, шу жумладан, Иккинчи Жаҳон урушининг хулосаси шуки, уруш билан бахтли бўлиб бўлмайди, у ҳамиша инқироз йўлидир. Тараққиёт йўли эса – демократия, муроса, музокара, ақл ва тафаккур йўлидир.
Шўро тарихчилари «Улуғ Ватан уруши» ҳақида ёзаётганда, аён тарихий фактларни четлаб ўтиб келдилар. Аввало урушни «улуғ» дейишнинг ўзи маънан нотўғридир, бу «улуғ жанжал», «улуғ қотиллик» дегандай бир гапдир. Бугун аёнки, ягона «Ватан уруши» бўлган эмас, 1939-1945 йилларда СССР учта урушни олиб борган: биринчи уруш – Финляндия ва Польшага қарши мустамлакачи босқинчилик уруши бўлиб (1939-1941), Сталин айнан шу пайтда Болтиқбўйи давлатларини, Шимолий Буковинани ва баҳсли ҳудуд бўлган Бессарабияни ҳам босиб олган эди; иккинчи уруш – Олмония фашизмига қарши мудофаа уруши бўлиб, уни «Ватан уруши» аташ жоиздир; учинчи уруш – СССРнинг халқларни «озод қилиш» баҳонасида  Шарқий Оврўпо ва Болқонда олиб борган мустамлакачи босқинчилик урушидир. Фақат иккинчи уруш – гитлерчи босқинчиларга қарши мудофаа уруши эди, биринчи ва учинчи урушларни империалистик  урушлар атамоқ жоиздир, зеро улар совет мустамлакачи салтанатини кенгайтириш мақсадида олиб борилган эди. Совет давлати босиб олган ерларининг халқларига (хоҳ Чехословакия, ГДР, Польша, Венгрия, Булғористон, Югославия бўлсин, хоҳ Куба, Ангола ёки Афғонистон бўлсин) ҳеч қачон озодлик берган эмас, миллатларнинг жаҳон эътироф этган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олган ҳам эмас, аксинча, ўзи бу халқларнинг тақдирини белгилаб, ҳаммасига «социализм» йўлини зўрлаб тиқиштирди, тиқиштирганда ҳам социализмнинг тоталитар шаклини, ҳурфикрликка, ташаббусга, эркка йўл бермайдиган мустабид шаклини тиқиштирди, авторитар тузумни ўрнатди. Қайсидир мамлакат социализм тузоғидан чиқмоқчи бўлса, ҳатто озроқ ислоҳ қилмоқчи бўлса (масалан, Югославия (Броз Тито раҳбарлигида), Венгрия (1956 йил), Чехословакия (1968 йил)) танклар ва автоматлар билан «социалистик лагер»га қайтарилди.
Улар озодликни, тоталитар социализм исканжасидан халос бўлишни кутиб яшадилар ва бугунга келиб озод юртларга айланмоқдалар. Улардаги «социализм» онгли равишда эмас, қўрқувда тутиб келинганини шундан ҳам билса бўладики, СССР қулагач, уларнинг ҳеч бири социализмни ҳимоя қилиб, асраб ўтирмадилар, қафасни бузиб ташладилар. Аслини олганда, социализмнинг емирилиши айнан йиллар бўйи миллий туйғулари жиловлаб келинган халқларнинг миллий озодлик ҳаракатлари туфайли юз берди. Тўғри, эркинликка чиққан эллар ҳавоси бўғиқ бўлса-да, тузоқ учидаги тайин «дон»га ва «қафас ҳимояси»га кўниккан қушлар каби тоза ҳавога, парвозга қийин ўрганмоқдалар, учай деса – бургутдан, ерга тушай деса мушукдан ҳадиксираб турибдилар, қанотларига энди куч инмоқда, айрим иродасизлар орқага – «қафас»га ундамоқдалар. Аммо мустақилликка чиққан халқлар озодликнинг, эркнинг қадрини англадилар, энди ортга йўл йўқлигини билдилар.
«Қизил салтанат» қулаб, нафақат хорижий «социалистик» давлатлар, балким СССР таркибидаги халқлар, шу жумладан, ўзбеклар ҳам истиқлолга эришдилар, асрий орзулари рўёбга чиқди, ўз мустақил давлатларини барпо этмоқдалар ва тарихдан сабоқ чиқариб, яна халқни эзмаслик учун бу давлатни ҳуқуқий демократик фуқаролик жамияти сифатида қуришга азму қарор қилдилар. Коммунистларнинг «доҳий»си Владимир Ленин Россияни «халқлар маҳбусхонаси» деб атаган эди. Унинг коммунистик салтанати ҳам бу маҳбусхонани йўқотмади, аксинча, мукаммаллаштирди, кенгайтирди. Бугун «халқлар маҳбусхонаси» - СССР парчаланиб, халқларга битта-битта мустақил «изолятор»лар тегди. Энди унинг ҳавосини тозалаш, панжараларини очиш, демократиклаштириш, суверен давлатларда халқ ва шахснинг ҳам суверенлигини таъминлаш жараёни бормоқда. Бу жараённинг бир қирраси ҳурфикрликдир, шу жумладан, узоқ ва яқин тарихни холис идрок этмоқ демакдир.

Гитлер ва Сталиннинг ўхшаш томонлари

1985 йил 8 май куни фашизм устидан  қозонилган ғалабанинг 40 йиллиги муносабати билан қилган маърузасида Михаил Горбачев ғалабани Сталин ва совет тузуми билан боғлади. Ҳолбуки, бу ғалаба – миллионлаб қурбонлар берган халқнинг ғалабасидир. Сталин ва совет сиёсий тузуми эса бу урушнинг сабабчиси ва ғалабанинг ҳаддан зиёд кўп қурбонлар эвазига келганининг айбдоридир. КПССнинг Бош котиби ўша маърузасида урушнинг сабабчиси бўлган муҳим ҳужжат - 1939 йил 23 августда СССР ва Олмония ўртасида тузилган  «Риббентроп-Молотов пакти» ҳақида лом-лим демади. Кейинчалик Октябр тўнтаришининг 70 йиллиги муносабати билан у Сталиннинг сохта тахминини такрорлади: гўё ғарб давлатлари СССР билан битим тузишни хоҳламаганлари, бунинг устига Олмонияни СССР билан уриштиришга уринганлари туфайли Сталин Гитлер билан битим тузган эмиш. Мана, унинг сўзлари: «Ғарб давлатларининг мўлжали шундай: СССРни иттифоқчилик ваъдаси билан чалғитиб, ҳужум қилмаслик ҳақидаги битимнинг имзоланишига қаршилик қилиш, бизни гитлерчилар Олмониясининг муқаррар ҳужумига дуруст тайёрланиш имкониятидан маҳрум этиш эди». Урушга қай тарзда «дуруст тайёрланганмиз»ни айтмай қўя қолайлик. Фашистлар ҳужумининг кутилмаганлигидан раҳбарларимиз гангиб қолгани, урушнинг ибтидосидаёқ аскарларимизнинг 80 фоизи асир тушганини эсласак, «дуруст тайёргарлик» қандай бўлгани ойдинлашади. Горбачев ва бу маърузанинг муаллифларидан шуни сўраш лозим: хўш, ғарб  давлатларига нега Олмония ростдан ҳам СССРга ҳужум қилганда Гитлерга ёрдам бермадилар ёки бетараф бўлиб турмадилар, аксинча, Совет Иттифоқи томонда турдилар?! Гап шундаки, агар Москва демократик ғарб билан шартнома тузса, Гитлер СССРга ҳужум қилишга журъат эта олмас эди, шунинг баробарида Сталин ҳам ўз қизил империясини Болтиқбўйи мамлакатлари, Буковина, Бессарабия ҳисобига кенгайтиролмасди. Шунинг учун Сталин 1939 йилда - уруш олдидан Гитлер билан разил мақсадлар йўлида битим тузди. Кўр кўрни қоронғуда топди.
Гитлер ва Сталин. Бу икки шахснинг бир-бирига ўхшашлиги кўп. Нацизм ва коммунизм - фашизмнинг  турларидир. Бири ирқий фашизм бўлса, иккинчиси синфий фашизм демакдир. Гитлер Сталинни ғойибдан ҳам устоз ҳисоблаб келарди. У коммунофашист Коба Жугашвили – Сталинни ҳурмат қиларди. Маълумотларга мурожаат қилайлик: уруш йилларида Адольф Гитлер қўмондонлигида «Волфсшантсе» («Бўри уяси») аталадиган Шарқий Прусиядаги Растенбург шаҳри яқинидаги фюрер қароргоҳида  стенографистлик хизматини қилган немис Генри Пикер «Гитлернинг столусти суҳбатлари» китобида  «учинчи рейх фюрерининг нутқларини келтиради. Мана, айрим иқтибослар: «Сталинни яҳудийларни санъатга йўлатмагани учун ҳам қадрласа арзийди» (23 март, 1942 йил). «Салтанатни фақат куч билан тиклаш ва сақлаб туриш мумкин (Гитлер қанчалар сталинона фикрламоқда. – К.Б.)… Сталин ҳам ўрисларни жипслаштириш учун қатъий интизом ва кучли давлат шарт, деган хулосага келган» (11 апрел, 1942 йил). «Сталинга ҳам, шубҳасиз, етарли даражада ҳурмат билан қарамоқ жоиз. У ўзига хос даҳодир. Унинг идеали Чингизхон ва унга баробар кишилардир» (22 июл, 1942 йил). «Черчил – шоқол бўлса, Сталин – йўлбарс» (27 июл, 1942 йил). Кўриниб турибдики, Гитлер Сталиннинг ҳурматини жойига қўйиб гапиради. Айни пайтда Гитлер бу гапларни СССР ва Олмония аёвсиз урушаётган бир пайтда айтмоқда .На Гитлер, на Сталин ижтимоий келиб чиқиши жиҳатдан ҳукмрон синфнинг вакиллари эмасди. Улар туғилган пайтда Сталиндай бир этикдўздан ёки Гитлер каби хуштордан туғилган тайинсиздан ҳукмдор чиқишига ҳеч ким ишонмаган бўларди. Уларнинг ҳокимият тепасига келиши Биринчи жаҳон урушидан сўнг, дунёдаги мавжуд тартиб ўзгарган даврда, Россия империяси қулаган, Россияда ҳам, Олмонияда ҳам марказий ҳокимият инқирозга учраган ҳолатда юз берди. Уларни ХХ-асрнинг ҳали ўшанда моҳияти англаб етилмаган, аср бошида машҳур бўлган сиёсий назариялар шакллантирди ва ҳокимиятга олиб чиқди. Сталин марксизмни байроқ этиб, ҳокимиятга талпинган бўлса, Гитлер социал-дарвинизм ва ирқчиликни ниқоб қилиб олди. Марксизм-ленинизм ва социал-дарвинизм аср бошида кўпларга янги дунёвий тартибнинг рамзи бўлиб туюлганди, бир аср давомида улар миллионлаб халқларнинг ҳаётига зомин бўлди, бу Гитлер ва Сталин каби қонхўрларга қўл келган назарияларнинг фашистона моҳияти ХХ-асрнинг охирига келиб қонга йўғрилган тажрибаларда аён бўлди.
Адольф Гитлернинг шарқий кенгликларни забт этишга чоғланган дунёқараши моҳиятига кўра Сталин ва большавойлар сиёсатига ҳамоҳангдир. Фюрер нутқларининг стенографик ёзувларини  халқимиз КПСС ҳукмронлигида бошидан кечирган фожеалар билан таққосласак, икки «даҳо» – Сталин ва Гитлернинг руҳан муштараклигини кўрамиз, улар қурган тузумлар ўхшашлигидан ҳайратланамиз. Мана, Гитлернинг сўзлари: «Йилда бир марта қолоқ халқларнинг вакилларини империя пойтахтидан қатор қилиб ўтказамиз, токи улар шаҳарнинг ҳайбатли тош қалъаларини кўриб, қудратимизни сезиб турсинлар» (8-9.09.1941 йил). Гитлернинг бу фикри бизга ҳар йили Московнинг Қизил Майдонида ўтказилган парадларни, танклар, тўплар ва ракеталар намойишини эслатмайдими?!
Гитлер айтади: «Агар мен озод мамлакатни босиб олиб, унга эрк берсам, бундан маъни борми?! Қон тўкиб халқларни енгган кишининг улар устидан ҳокимлик қилишга ҳам ҳаққи бор» (03.03.1942 йил). Иккинчи Жаҳон уруши охирида Оврўпо давлатларини босиб олган Советлар Иттифоқи уларга озодлик бериш, халқлар танлаган тузумни тиклаш ўрнига барча босиб олган ерларида куч билан «социализм»ни ўрнатди, уларни «Иқтисодий Ҳамкорлик Кенгаши» ва «Варшава шартномаси» доирасида ушлаб турди, дунёга чиқишларига йўл бермади. Бу Гитлернинг «қон тўкканнинг ҳаққи» ҳақидаги йўриғига жуда мос келади! Гитлер айтади: «Салтанатнинг шарқдаги мустамлака халқларини бошқариш манфаатларига кўра бизнинг асосий йўлимиз улардаги шахсий қолоқликни, тарқоқликни қўллаб-қувватлаш, давлат бўлиб уюшишларига йўл қўймаслик, натижада бу миллатлар аҳолисини маданий қолоқ ҳолатда сақламоқдир» (11.04.1942 йил). Халқимизнинг тарихий ёдгорликлари советлар даврида вайрон этилиши, буюк аждодларимизнинг меросларидан маҳрум қилинганимиз, имон-эътиқодимизнинг қувғин қилинишини ёдимизга келтирсак, фьюрернинг «мустмлака халқлар аҳолисини… маданий қолоқ ҳолатда сақлаш» сиёсати советлар миллий сиёсатининг асосида ётганига ишончимиз комил бўлади.
Улар бир ғоянинг икки қули: Гитлер – «назариётчиси», Сталин – «амалиётчиси» эдилар. Мана, Гитлернинг йўриғи: «Ҳар қандай ҳолатда қанчадир каттароқ ҳудудлар учун ягона черкову масжидлар қуришни ман қилиш керак… Бу маконларни майда бирликларга бўлиб юборувчи сабабларни қўллаб-қувватламоқ керак» (11.04.1942 йил). Буюк Туркистоннинг икки аср мобайнида аввал хонликларга, кейин Ўзбекистон, Қозоғистон Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон (СССР), Шарқий Туркистон (Хитой), Жанубий Туркистон (Афғонистон) этиб бўлиб юборилганлиги, масжидлари вайрон қилинганини эслайлик  ва бу ҳаракатларни фашистлар фьюрерининг юқоридаги йўриғи билан солиштирайлик – советлар ҳамиша фашистларча сиёсат юргизганларига шубҳа қолмайди.Гитлер совет салтанати каби босиб олинган ҳудудлардаги халқларнинг саводли бўлишидан қўрқар эди: «Зеро бундай савод уларнинг қобилиятлироқларига тарих соҳасида муайян билимларни олиш ва, натижада, сиёсий хусусиятга эга бўлган хулосаларга келиш имконини беради, бу хулосаларнинг тиғи муқаррар бизга қарши йўналтирилади… Фақат мусиқа ва яна мусиқа эшиттириш керак. Камроқ ўйласинлар. Кўпроқ рақсга тушсинлар» (11.04.1942 йил). Умуман, халқни томошалар билан, енгил-елпи намойишкорлик билан овутиш авторитар тузумларнинг севимли усулидир.
Гитлер айтади: «Немис бўлмаган аҳолининг юксак маърифатга эришувига ҳеч қачон йўл қўймаслик керак» (22.07.1942 йил). Совет давлати бизнинг имломизни бир неча марта  ўзгартирди, энди саводимиз чиқай деганда яна янги алифбо киритиларди. Тарихимиз бузиб талқин этилди, совет тузуми ўз фойдасига ҳал килиб ишлатишга етарли даражадагина илм берди, мактабларда бўйнимизга қизил бўйинбоғ тақтириб, қотиб қолган догмаларни ўргатди.
Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистон каби барча миллий жумҳуриятлардаги маҳаллий халқлар вакилларидан ҳарбий мутахассислар деярли тайёрланмади. Зеро, Адольф Гитлер шундай эътироф қилади: «Тарих шуни ўргатадики, барча ҳукмрон халқлар босиб олинган халқларга қурол-яроққа етишиш имконини берганлари учун ҳалокатга учраганлар» (11.04.1942 йил). Ёки яқин-яқингача «оилани режалаштириш» ниқоби остида Ўзбекистонда аёлларни пуштсиз қилиш, бола туғмайдиган этишдан иборат фашистона сиёсатини эслайлик.
СССРнинг сўнгги кунларида ҳам Совет Иттифоқи Соғлиқни сақлаш министри туғишни олдини оладиган препаратларни бепул тарқатиш ҳақидаги буйруғини Ўзбекистонга жўнатганди. Бизнинг вазирлигимиз эса бу буйруқ асосида кенгайтирилган дастур ишлаб чиққанди. Ўрис олими А.Бестужев-Лада «Неделя» газетасида советлар мамлакатида юзага келган икки хил демографик  вазиятдан ташвишланиб, СССРнинг аҳоли тез кўпайиб бораётган «Осиё» қисмида – туғишнинг «зарари»ни, туғиш камайган «Оврўпо» қисмида кўпроқ туғишни тарғиб қилишни таклиф қилган эди. «Икки хил демографик вазият икки хил сиёсат юргизишни талаб қилади», - деб ёзган эди у. Худди шундай «икки хил», яъни иккиюзламачи сиёсат юргизилди. Хўш, коммунистлар эътироф этгандай, «СССРда ҳамма тенг ҳуқуқли» бўлса, «миллатидан, ирқидан, динидан қатъи назар» Совет Иттифоқи «барчанинг Ватани» бўлса, нега бир миллатнинг кўпайишидан ташвишга тушиш керак?! Бу ниқобланган фашизм демакдир. Ниқоб шуки, аёллар заиф экан, камқон, хаста экан, шунинг учун кам туғиши керак эмиш… Во дариғ, туғишни эмас, касалликни камайтириш керак! Экологик вазиятни соғломлаштириш лозим, далаларда деҳқонлар устидан заҳарли кимёвий дориларни сепмаслик шарт, тиббиётнинг аҳволини, табибларнинг малакасини кўтариш керак, халқнинг турмуш даражасини ошириш даркор. Касалликни камайтиришнинг йўли одамларнинг ўзини камайтириб қўя қолиш экан-да?!
Бу ҳаракатларнинг замирида фашистона  ғоялар ётади. Мана, Гитлернинг сўзлари: «Демак, булар… бунчалар тез кўпаймасалар эди, бундай ҳолат бизга фойдали бўларди… Шунинг учун туғишга қарши воситаларни сотишни кенг йўлга қўйиш лозим, чунки немислардан бошқа халқнинг кўпайишидан биз манфаатдор эмасмиз» (22.07.1942 йил).
Гитлер империячи, яъни рейхсфюрер сифатида Сталинни эътироф этиши табиий. Зеро, айнан Сталин ададсиз куч ва зулм билан Лениннинг 1917 йилги Октябр тўнтариши оқибатида парчаланиб кетган империяни қон тўкиб қайта тиклаган кимсадир.
«Инқилоб» деб аталган тўнтариш амалга ошганидан сўнг, Ленин «халқлар маҳбусхонаси» деб атаган Россиядан бирин-кетин «маҳбуслар» – мустамлака халқлар қоча бошладилар: поляклар, финлар, болтиқликлар, кафказликлар, туркистонликлар, татарлар большавойлардан мустақиллик талаб қилдилар. Қолаверса, бу халқларнинг аксарияти чоризмни енгиб, унинг зулмидан халос бўлмоқ умиди билан инқилобда қатнашган эдилар. Оқибатда эса, чоризмни ағдариб ташлаган эллар большевизм зулми остида қолдилар. Сталинни бежиз «халқлар отаси» деб аташмаган: у эрк истаган «фарзанд»ларини Қизил Армиянинг милтиқ ва пичоқлари ёрдамида «ота» империяси остига қайтарди, кейинчалик шарқий Оврўпо халқларини, шу жумладан, парчаланган Австрия-Венгрия империясининг халқларини ҳам милтиқ ўқталиб «социалистик хонадони»га ҳайдаб киргизди. Бу халқлар озодлик истакларидан бир лаҳза ҳам кечмадилар. «Қайта қуриш» кетидан келган озодликни барча «социалистик» мустамлакалар қувонч билан қарши олдилар. Большавойларнинг қулдорлик тузумидан манфаат кўрган айрим собиқ амалдорлар, баъзи соддадил фахрийлар ҳали-ҳануз «халқлар отаси»нинг қамчисини қўмсаб, суратини асраб юрадилар. Аммо ақлини таниган халқлар бугун большевизм, нацизм, социализм, фундаментализм, тоталитаризм каби номи бошқа-бошқа, маъноси эса битта, яъни фашистона зўравонлик бўлган тузумларнинг моҳиятини англаб етмоқдалар.

Лениндан бошланган уруш

Ушбу даврни ва ушбу мавзуни ўрганиш жараёнида кўнглимга келган бир фикр билан худди шу ўринда ўртоқлашишни лозим топаман.
Мен мактабда ва кейинчалик Самарқанд ҳамда Москва университетларида таҳсил олганимда бир ҳодисага ҳайратланардим, аммо чуқурроқ мулоҳаза этмагандим. Гап шундаки, «инқилоб доҳийси» Владимир Ленин Россияда инқилоб қилишдан олдин, Оврўпода узоқ фаолият олиб боради. У турли паспортлар билан қиёфасини ва исмини ўзгартирган ҳолда турли мамлакатларда марксистик уюшмалар тузиб, газета ва рисолалар чоп этади, Россиядаги марксистик ташкилотлар билан яқин алоқада бўлади, ҳаттоки хориждан туриб, Россиядаги партиясининг ташвиқий ва террористик фаолиятига раҳбарлик ҳам қилади. Жосуслик ва разведка тизими маҳорат билан ишлайдиган Оврўпода бунинг имконини Ленин қандай топди экан? Наҳотки, Оврўпо мамлакатларининг разведкаси, хавфсизлик хизматлари ўз мамлакатлари ҳудудида чет эллик инқилобчи ташкилотнинг бу қадар кенг фаолиятидан бехабар бўлган бўлсалар?!
Бугунга келиб, социализм қулагач аён бўлдики, Ленин Оврўпо мамлакатларидан, хусусан, Олмония ҳукуматидан мадад, катта миқдорда пул олиб турган, ушбу мамлакатлар унинг фаолиятига кенг йўл очиб берганлар. Унинг Оврўподаги «яширин фаолияти» ҳақидаги мадҳиялар шўролар ташвиқотчилигининг маҳсули, холос. Хўш, нега Оврўпо Лениндан инқилобчи ясади?
Маълумки, Россия Биринчи Жаҳон Урушида Олмония билан урушаётган қудратли салтанат эди. Унинг қудрати Оврўпони ҳақли хавотирга соларди. Россияни урушда енголмаган мамлакатлар уни ичидан емиришга қарор берадилар ва 1848 йилда Олмонияда инқилоб қиламан деб мувафаққиятсизликка учраган марксизмни Шарққа «экспорт» қиладилар. Томирида қалмоқ ва немис қони оққан Владимир Ленинни Николай подшо давлатини қулатишга жалб этадилар. Маркс назариясига кўра социалистик инқилоб капитализм ривожланиб, «сўнгги ва юқори босқичи» бўлган империализмга ўтган, синфлар антогонизми кучайган мамлакатда юз бериши керак эди. Оврўпо Маркс назариясига зид равишда инқилобни ривожланмаган, аграр Россияга йўллади ва бу учун ирода ва маблағни аямади. Ҳаддан зиёд кўп қонлар эвазига бўлса-да, Россияда «инқилоб» аталган тўнтариш амалга ошди. Социализм ҳокимият тепасига келди.
Гитлер фашизмининг ҳокимият тепасига келиши ҳам Оврўпонинг шунга ўхшаш яна бир ҳаракатидир. Маълумки, Олмониянинг бевосита иштироки билан Николай подшога қарши ҳокимият тепасига келган большевизмнинг ўзи Ленин ва, айниқса, Сталин зулми остида ХХ асрнинг 30-йилларига келиб кучли, уюшган тоталитар давлатга айланади ҳамда яна Оврўпога хавф сола бошлади. Қолаверса, советларнинг мафкураси Оврўпога ёйила бошлади. Хусусан, Эрнест Тельман раҳнамолигида немис коммунистлари Олмонияда катта сиёсий кучга айлана бошладилар. Уларнинг сони маълумотларга кўра 9 миллиондан оша бошлади. Россия учун Оврўпо томонидан ўйлаб топилган «коммунизм шарпаси» энди Оврўпонинг тепасида ҳам кеза бошлади.
Айни шу пайтда Адольф Гитлернинг пивохоналарда коммунистларни тутиб олиб, ураётгани билан ном чиқарган жангарилардан иборат бўлган партияси пайдо бўлди. Гарчанд кучли мавқега эга бўлмаса-да, бу партия ҳокимият эгалари ва катта пулдорлар ёрдамида Олмонияда давлат тепасига келтирилди. Халқаро сиёсат ва иқтисоднинг «громейстер»лари шахмат тахтасида Сталинга қарши Гитлерни сурдилар. Гитлер ҳокимиятга келган заҳоти Рейхстаг биносига ўт қўйди ва буни коммунистларга тўнкади. Ўша кечасиёқ коммунистлар қамоққа олиниб, қирила бошлади. (Коммунист Сталиннинг кейинчалик айнан шу Гитлер билан шартнома тузгани ҳайратлидир! Ростини айтганда, Сталинни коммунист ҳам атаб бўлмайди – у миллионлаб коммунистларни қатли ом қилган бандит эди). Тақдир ўйинини қарангки, Оврўпо советларга қарши қўйиш учун ҳокимиятга келтирган Гитлер фашизми кучайиб, яна Оврўпонинг ўзига хавф сола бошлади.Шундай қилиб, менинг назаримда, икки бандит – Гитлер ва Сталин, социализм ва фашизм XIX-XX аср Оврўпо сиёсатининг маҳсулидир. Бу жаҳон халқларига қимматга тушган, қанчалаб халқларни хонавайрон қилган, жаҳонннинг тадрижий тараққиётига зарар етказган ҳодиса сиёсатда ноҳалол ўйинларнинг охир-оқибат инқирозга олиб келишини кўрсатади ҳамда сиёсатнинг демократик йўлигина ҳаққоний эканини исботлайди.
Сталин ёвузликнинг империяча завқ-шавқида Гитлердан қолишмасди, фақат у асосан синфий фашизм амалиётчиси сифатида ишлади, назариётчи Гитлер эса ўзидан сўнг «Майн Кампф» («Менинг жангу жадалим») номли ирқий фашизмнинг сиёсий дастур китобини ҳам қолдирди. Сталиндан фарқли ўлароқ Гитлер ўқимишли жаллод эди. Унинг салтанати рамзи бўлмиш қайишқоқ хоч – «свастика» бир неча минг йилликлар, асрлар қаъридан - қадимий ҳинду тариқатларидан олинган. Гитлер махфий тариқатлардан, яширин  биродархоналардан хабардор бўлгани, ўзи ҳам сирли жодугарликларга бахш этилгани сир эмас. Уни олмонлар пайғамбари Вотанга тенглаштиришарди, халқ майдонларда халоскор сифатида уни кўз ёшлари билан, титраб-қақшаб тавоф қиларди. У оломон руҳи билан ўйнаша оладиган, одамларни сеҳрлашга қодир жодугар эди. Ахир, дунёга не-не буюк зотларни бера олган, қадимий тарихга, улкан маданий-тарихий меросга эга бўлган немис халқини бу шайтон ўз йўриғига истаганча юргиза олди-ку. Албатта, у ўзини камида авлиё деб биларди. Гитлер ҳам Сталин каби руҳий хаста экани баробарида даҳрий ҳам эди, яъни мавжуд динлардан ҳеч бирини тан олмасди. Сталиннинг дини – марксча пролетар диктатураси, Гитлернинг дини – национал фашизм эди. Гитлер ҳатто Ватиканни вайрон қилмоқчи эди. Унинг «ғалаба»дан сўнг Рим папасини дабдабали либосларини кийдириб Ватикан дарвозасига осиш нияти бўлгани ҳам маълум. Мақсади шуки унинг «дин»и – нацизмдан бошқа дин, унинг ўзидан бошқа илоҳ бўлмаслиги керак. У ҳайвонларни ўлдириб, ейишни гуноҳ ҳисобларди, миллионлаб одамларни ўлдирган, ёққан, оттирган қассоб – Гитлер гўшт истеъмол қилмасди, гўштли овқат ейдиганларни «мурдахўрлар», деб мазахларди, гўшт қайнатиб, пиширилган шўрвани «ўлакса чойи» деб атарди. У чекмасди ҳам, ичмасди ҳам. Сталиннинг муштукда тамаки чекиб турган суратини чоп қилишни Олмонияда тақиқлаб қўйган эди.
Социализм оқ пошшо зулмидан тўйган халқларнинг эрку-озодлик, еру-мулк орзусидан, талотўпдан безиб қолгани-ю, тартиб истаганидан фойдаланиб, инқилоб натижасида ҳокимитга келгани каби Гитлер фашизми ҳам қашшоқликдан,  беқарорликдан тўйган немис халқига барқарорлик, тартиб ваъда қилиб ҳокимиятга келди. Немис халқи Гитлернинг партиясини халоскордай қабул қилди. Энг ҳайратланарлиси шуки, Гитлер демократик сайловлар натижасида ҳокимиятга келган. Шунинг учун сайловларнинг ўзигина демократиянинг кафолати бўлади, деб ўйлаш кулгилидир. Сайланганлар ҳаракатлари халққа кўриниб туриши, эркин матбуот, халқ вакилларидан иборат парламентнинг реал ҳокимияти, имкон қадар узоқ муддатга тайинланган мустақил суд тизимининг мавжудлиги каби институтларсиз демократик сайловлар кўзбўямачилик, холос.
Фашизм ҳамма мамлакатлар ҳам орзу қиладиган қайишқоқ ва самарали иқтисод яратишга интилади, аммо бу интилишни у бошқа ерлар, бошқа халқларни босиб олиш, уларни қулларча эзиб ишлатиш эвазига амалга оширмоқчи бўлади. Фашизм ўз халқини бахтли қилмоқчи, аммо бунинг эвазига бошқа халқлар забун бўлмоғи керак. Бунинг учун фашизм халқидан зарур жипслик ва якдилликни талаб қилади, оқибатда ижодкорликнинг асоси бўлган ҳурфикрликни, ташаббускорликни йўқотади, ўлик ҳаёт тарзига олиб келади. Ҳур ижодкорликларсиз, эркин меҳнатсиз иқтисод оғирлашаверади, фашистик тузум эса талваса билан бадтар барқарорлик, жипслик талаб қилиб, зулмни авжига олдиради… Оқибат  шулким, фашизм инсон вужудидаги рак ҳужайраси каби бора-бора руҳни ҳам, танни ҳам емиради ҳамда ўзи ҳам ҳалок бўлади.Гитлер ирқий фашизми билан Сталин синфий фашизмининг моҳияти бир бўлса-да, лексикаси, ниқоби, либоси фарқ қиларди. Гитлер ўз мақсадларини яшириб ўтирмайди. У ҳатто «Майн Кампф» каби китоб ёзиб, немис халқи «олий ирқ»лигини, мақсади – «шарқий кенгликларни эгаллаш» эканини, бунинг учун бошқа халқларни қул қилиш зарурлигини, бошқа халқлар фақат «ишчи кучи сифатидагина қадрли» эканини, бу халқларни «маданий қолоқ ҳолда сақлаш» лозимлигини, «уларнинг кўпайишига, туғилишига йўл қўймаслик» кераклигини очиқ баён қилади. Умуман, Гитлер кўп гапиришни яхши кўрарди, ҳаттоки у бундай кайф қиларди. Уни яқин билган Алберт Шпеер, Отто Дитрих ва бошқа маслакдошлари «гапдонлик эгоизми» (Redeegoizmus) унинг ажралмас ва патологик белгиси бўлганини қайд этганлар . Гитлернинг бу одати баъзан авжига чиқар, дарғазаб бўлган пайтларида у жазавага тушар, оёқлари билан ерни тепар, муштлашдан ва қўмондонларга қараб қўлига тушган нарсани отишдан ҳам тоймасди. «Иблисона фюрер» ҳақида генерал-полковник Гейнтс Гудериан шундай ёзади: «Менинг қаршимда ғазабдан қовоғи шишган, сиқилган муштлари тепага кўтарилган, қалтираб, ўзини тутолмаётган киши турарди… Айни пайтда қичқириқдан у зўриқиб кетар, кўзлари қинидан чиқар ва пешонасидаги томирлари кўпчир эди» .  Сиёсий қиморбоз сифатида Гитлер қарталарини очиб ўйнайди.
Ундан фарқли ўлароқ, Сталин, гарчанд худди шундай фашистона сиёсатни олиб борса-да, ўз мақсадларини ниқоблайди. Қаллоб сиёсий қиморнинг доғули ўйинчиси бўлган Сталиннинг ва совет давлатининг «олий ирқи» – пролетариат, совет фашизми ҳам «бегона кенгликларни» босиб олади, аммо буни «эзилган халқларни озод қилиш», деб атайди. Совет тузуми ҳам ҳурфикрли кишиларни ўлдириб келади, аммо уларни «халқ душмани» деб атайди, оммавий қатағон ва қирғинларни – «тозалаш», биродаркушликни «партия ва халқ таркибини ёт унсурлардан поклаш», деб тарғиб қилади. Совет тузуми ҳам халқларни «қолоқ, паст маданий савияда сақлаш»ни мақсад қилади, аммо буни «интернационализм», «мазмунан социалистик маданият яратиш» ниқобига ўрайди. Совет халқи ҳам «халқларнинг кўпаймаслиги» тарафдоридир, фақат бу ғайриинсоний жаллодлик сиёсатини «оилани режалаштириш» шиори билан бекитмоқчи бўлади.
Гитлер фашизмининг тиғи ташқарига йўналтирилган: у немис халқини ва бошқа халқларни қул қилиш, мардикор этиш, уларнинг бойликлари, ер-сувларидан фойдаланиш ҳисобига фаровон қилмоқчи бўлади. Лениндан Горбачевгача давом этган совет фашизми эса тиғини ичкарига ҳам йўналтиради: халқини синфларга бўлиб, бир синф – пролетариат «манфаатлари учун» бошқа синфларни - ҳунармандлар, косиблар, «қулоқлар», мулкдорлар, амлокдорлар, зиёлилар, олимларни гоҳ ошкора, гоҳ зимдан қириб ташлайди.
Совет тузуми ҳам яратувчи эмас, боқиманда эди:
1917-1925 йилларда Ленин бошчилигида бойлар, мулкдорлар таланди, муллалар отиб ташланди, Николай пошшодан, Бухоро амиридан қолган бойликлар ейилди;
1926-1954 йиллар давомида Сталин бошчилигида миллионлаб одамлар қамоқхоналарга тиқилди, маҳбуслар текинга ишлатилди, этник заҳиралар ейилди;
1955-1985 йиллар давомида мамлакатнинг ерости-ерусти бойликлари: олтин, пахта, нефть, қоракўл тери, никел ва бошқа маъданлар, халқнинг, келгуси авлодларнинг насибаси бўлган бойликлари аёвсиз қазиб, заминни ториқтриб сотилди, ясама фаровонлик уюштирилди;
1985-1990 йилларга келиб, табиий бойликларнинг ҳам таги кўриниб қолди, химикатларга тўла заминнинг ҳосилдорлиги камайди, экологик вазият бузилди, қимматчилик бошланди, Горбачев ва Рижков ҳукумати мамлакатнинг ҳатто уруш пайти ҳам тегилмаган етмиш йиллик тилло заҳираларини сотиб ейишди, инқироз аёнлашгач, «ошкоралик» «жадаллаштириш», «қайта қуриш» ҳақида  гап бошланди. Яратувчиликка ноқобил ҳарбий-миршаблик социализми қулади.Гитлерни 1945 йилда енгган мамлакат 1990 йилга келиб қулади, енгилди. Гитлер устидан ғалаба – тактик ғалаба эди, холос. Стратегик ғалаба эмасди. Чунки халқнинг қони эвазига келган ғалабадан ҳам совет тузуми ўз сиёсий мақсадларида - дунёни «социалистиклаштириш»да, самарасиз тузумни ёйишда фойдаланди. Бугун урушда енгилган Олмония мамлакати «ғолиб» мамлакатга ёрдам бермоқда. Гарчанд улар ҳимоя қилган мамлакат – СССР энди карталарда ҳам йўқ бўлса-да, орден-медалларини шақирлатиб тақиб юрган уруш фахрийлари кеча ўзлари нафрат билан қараган немислардан инсонпарварлик мадади олишга кўз тикмоқдалар.
Шу маънода немис фашизми – очиқ босқинчи бўлса, совет фашизми ўз мақсадларини дилтортар шиорлар ниқобига ўраган, нафақат халқларнинг еру сувларини, балки қалбини ҳам коммунистик догмалар билан эгаллашга даъвогар бўлган босқинчилик фашизмидир. Бирови – 1945 йилда, бошқаси 1990 йилда муқаррар қулади.
Донишманд тарихнинг хулосаси шуки, адолатга зулм билан эришиб бўлмайди. Агар ҳақиқат ғалабасига инсон, халқ устидан зуғум ўтказиш, куч ишлатиш ҳисобига эришилса, бу «ғалаба» ҳам жиноятдир. Ўзга ҳудудларни босиб олиш, ўзга халқларни эзиш эвазига бахтли бўлса, ўрис халқи халқи бахтли бўларди. Ҳолбуки, ўрислардан кўра бахтсизроқ халқ бўлмайди. Бошқа халқларни ўрислар эзган бўлса, ўрисларни ўрисларнинг ўзи эзди. Салтанат қурган бу шўрлик халқнинг ўзи ҳам ҳамишга эзилиб келди. Ўриснинг табиий ҳудуди Москов Руси эди. Ўрис подшоҳларининг босқинчилик урушлари туфайли салтанат Болтиқ денгизидан Тинч океанигача кенгайди ва Америкагача – Аляскагача борди. Ўрислар фожеаси Рус давлатининг иштаҳаси очилиб, ўз ҳудудий-этник чегарасидан чиққан пайтда бошланган. Бу халқ ўз ҳудудига қайтиб, табиий Москов Руси ҳудудида давлат тузсагина яна уруш-жанжалсиз, барқарор, бахтли бўлиши мумкин. Оврўосиёга миршаблик даъвосидан қанчалик тез воз кечса, шунчалик ўзига яхши бўлади. Ҳатто монархиячи тарихчи Ключевский ҳам ўтган асрдаёқ бу ҳодисани сезиб улгурганди: «XIX асрнинг ўрталаригача давлат ташқи ҳудудлари кенгайиши халқнинг ички ҳуррияти ўсишига тескари келмоқдадир… Кенгайиб бораётган босқинчилик фаолияти оқибатида ҳокимият кўлами кенгайди, лекин халқ руҳининг шавқи пасайиб бормоқда. Янги  Ўрусиянинг ташқи ютуқлари қанотлари бўронда кучсизлик қилаётган, шунга қарамай яна тўфонга ташланаётган шўрлик қушнинг аҳволига ўхшайди… Давлат тўлмоқда, халқ эса сўлмоқда» . Кучли  давлат халқни кучсизлаштириш эвазига бўлиши мумкин, холос. Халқни кучсизлантирган давлат ҳам охири қулашга маҳкум. Подшоҳлари истаги билан бошқа халқлар қўлига занжир солган ўрис халқи ўзини ҳам занжирбанд қилди – ўз эркини топшириб қўйди. Давлатнинг қудрати халқнинг моддий ва маънавий қуллиги ҳисобига ошди.
Совет давлати ҳам дунёни қўрқувга соладиган ҳарбий-полициявий давлат қуриш учун ўз халқини қашшоқ мамлакатлар яшаш даражасига туширди, осмонга космик ракеталар учирди, аммо қишлоқларда одамлар ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланмади, ривожланиш йўлидаги дунёни «чириётган капитализм» атади ва унинг «чириётганини» кўришни истаса, халқни ташқарига чиқармади, юрт чегараларига эса қулф осиб қўйди. Халқ бунақа «социализм»ни орзу қилган, шундай яшаш учун курашган эмасди, чунки қуш – қафасни, одам қамоқхонани орзу қилмайди.
Сталин «совет халқининг бахт-саодати учун» шу халқнинг 55 миллион кишисининг ёстиғини қуритди. Одамларни – «халқ душмани», бутун-бутун халқларни «душман халқ» деб сургуну қатағон қилди, ўлдирди. Гитлер ўз жинояткорона фаолиятини «олий ирқ бахт-саодати, ёзилиб яшаши» учун «кемтик миллатлар»ни йўқ қилишдан бошлади ва оқибатда секин-аста ўз халқини ҳам қул қилиб олди. Икки «даҳо» ҳам ўз жинояткорликларини одамларнинг яхши яшаш орзулари билан боғладилар ва «фаровон яшаш»дан умидвор халқлар қулга айланганларини сезмай қолдилар, чунки немис халқининг аксарияти Гитлер бошқа халқларни уларнинг «ёрқин келажаги учун» босиб олаётганига ўзини ишонтирди ва жиноятга шерик бўлди, совет халқининг аксарияти ҳам Сталиннинг «халқ душманлари»ни отаётгани, юртни «ёт унсурлардан тозалаётгани» туфайли бахтли бўламиз, деган умидда эдилар, натижада давлат машинасининг бир парчасига айландилар. Кимки бунинг алдовлигин сеза бошласа, дарров халқнинг ҳақиқий душмани бўлган Сталин томонидан «халқ душмани» деб эълон қилинарди.

Гитлернинг миллий диктатураси

Гитлер бюрократияга (амалдорлар ҳокимияти) ҳам, демократияга (вакиллар ҳокимияти) ҳам қарши эди.
Гитлер ҳали қамоқдалигида ёзган китобини «Майн кампф» – «Менинг курашим» деб атаганди. Гитлер «фюрер тамойили» ёнига «кураш тамойили»ни ҳам қўйди. Кейинчалик у 1933 йилгача - ҳокимиятга келгунича ўтган бутун даврни «Кураш фасли» («Kampfzeit») деб атаганди. («Кураш» сўзи Ленин ва Сталиннинг ҳам севимли сўзи эди, совет коммунистлари томонидан «синфий кураш»нинг кескинлашуви баҳонасида халқ қатлиом қилинганди).
1921 йил ёзида Гитлер СА (SA – Sturmabteilung) ҳарбийлаштирилган бўлинмаларини ташкил этиб, уларга сиёсий қўшин тусини берди ва «кураш тамойили»ни мустаҳкамлади. Улар 1921 йил 4 ноябрда «Хофбройхауз» пивохонасида муштлашув уюштириб, илк бор қон чиқардилар. Гитлернинг «кураши» бошланди.
Ташкилий зўравонлик нацизм амалиётида тасодифий ҳаракат эмас, ҳаракатнинг асосий йўли эди.  Гарчанд Гитлер социал-демократлар ва коммунистларни фарқлай олмаса-да, уларнинг барчасини марксистлар ҳисоболаса-да, партиясининг уюшган зўравонлик амалиётида коммунистлар билан маслакдош эди. Гитлер ҳам, Ленин ҳам омманинг хайрихоҳлигидан умидвор эдилар, аммо уларнинг иккаласи ҳам омманинг ўзи уюша олишига ишонмас, оммани қўзғатиш ва бошқариш керак, деган фикрда эдилар. РКП(б)нинг Х-съездида Ленин шундай деган эди: «Фақат Коммунистик партиягина пролетариат авангардини ва бутун меҳнаткашлар оммасини бирлаштириш, ўқитиш ва ташкиллаштиришга қобилдир, пролетариатнинг ўзи майда буржуазия тисарилишларига қарши тура олишга қобил эмас». Буниси эса Гитлернинг 1924 йилда «Майн кампф»да битилган фикри: «Кенг омманинг сиёсий онги мустақил равишда муайян сиёсий қарашларни ишлаб чиқаришга етарли даражада ривожланган эмас».  
1930 йилгача нацистлар камсонли партиялигича қолдилар. 1920 йилда 1100 киши аъзо бўлган партия 1922 йил бошида 6000 аъзога эга бўлди. 1923 йил охирига келиб партия сафида 55000 киши бор эди ва бу 30 миллион аҳолиси бор бўлган Олмония учун ҳеч қанча эмасди. Булар ҳунармандлар, дўкондорлар, майда тадбиркорлар эди. Ҳали деҳқонлар нацистлар партиясига кирмагандилар.
Кенгроқ оммани жалб қилиш учун партия дастурини ҳам қайишқоқроқ тузишга тўғри келарди. Аммо Гитлер ҳеч қачон партия дастурига жиддий қараган эмас ҳамда партия дастурининг кўпчилик бандлари у ҳокимиятга келганидан сўнг ҳам ҳеч қачон амалга оширилмаган. У партия дастури ўзгармаслигини таъкидлашни яхши кўрарди, чунки у партия сафида мунозаралар бўлишини хоҳламасди.
Аста-секин Гитлер ўз тўдасини шакллантира бошлади. Рудолф Гесс ва Герман Геринг собиқ ҳарбий учувчилардан эдилар. Александриялик немис савдогарининг ўғли бўлган Гесс Гитлердан етти ёш кичик эди, фюрерга ашаддий содиқлиги учун унинг котиби этиб тайинланганди. Геринг ҳарбий эскадрилья командири бўлганди, Гитлер уни СА тўдасининг қўмондони этиб тайинлади ва у 1930-йилларга келиб, Гитлердан кейинги энг юқори лавозимни эгаллади. Ишчи партиясига Гитлердан ҳам олдин кирган Готфрид Федер ва Дитрих Экарт анчайин маърифатли, Мюнхенда таниқли кишилар эдилар. Маълумотига кўра қурувчи-муҳандис бўлган Федер Гитлерга ҳокимиятга талпиниб юрган кезларида ҳамроҳ эди, аммо Гитлер ҳокимиятга эришганидан сўнг ақлли одамларни атрофидан ҳайдади. Федер ҳам 1934 йилда иқтисодиёт вазири лавозимидан кетди. Фюрердан қарийб йигирма ёш катта бўлган Экарт эса Гитлерга кўп нарсани ўргатган, ўзининг таниш-билишлари орқали уни жамоатчиликка танитган эди. Унга Гитлернинг ҳокимиятга келганини кўриш насиб этмади.
Гитлерни Экарт машҳур пулдорлардан бўлган Бехштейнлар оиласига, санъатга доир китоблар ношири Брукманлар оиласига таништирди. Нафис китоблар ношири Путин Ханфштингел  ҳам Гитлерга яқин эди. Болтиқбўйи немисларидан бўлган қўли узун Эрвин Шойнбер-Рихтер Гитлерни болшавойлар ва яҳудийларга қарши бўлган эмигрантлар даврасига олиб кирди, уруш қаҳрамони генерал Людендорф билан таништирди. Болтиқбўйи немисларидан бўлган яна бир эмигрант Алфред Розенберг эди, у нацистларнинг «Фёлкишер Беобахтер» газетасига муҳаррир эди. Унинг ирқ ва маданият борасидаги «ХХ аср асотири» номли китоби машҳурдир.
Сталин сингари Гитлер ҳам бу оқсуяк жанобларни ёқтирмасди, у ўзини собиқ фелдфебели Макс Аман, қўриқчиси Улрих Граф, собиқ от жаллоби бўлган Христиан Вебер, шахсий сураткаши Гоффман, хотинбоз Герман Эссер каби жанжалкашлар орасида хотиржам сезарди. Унинг яна бир дўсти яҳудийларнинг ритуал қотилликлари, шаҳвоний жиноятлари, ҳайвоний ҳаракатлари ҳақида ёзадиган «Der Sturmer» газетасининг муҳаррири  Юлиус Штрейхер эди. Гитлерга обрўйини сақлаш учун Эссер ва Штрейхерни ўзидан йироқроққа ҳайдашни кўп бор маслаҳат берган бўлишса-да, бу икки каззоб «учинчи рейх»нинг ҳукмронлик даври давомида ҳамиша партия лавозимларини эгаллаб келдилар.
Гитлер айнан ана шундай далли-довдир одамларнинг нацистлар ҳаракати учун зарурлигини кейинчалик ҳам таъкидлаганди: «Тинчлик даврида ҳеч нарсага арзимас кўринган бундай унсурлар бўрон қўзғолганда буткул ўзгариб кетадилар… Улар менинг кетимдан нақадар кучли эътиқод билан эргашадилар! Аслини олганда, улар ёши катта гўдаклар. Аввал бошдан мен шуни тушундимки, партияни айнан шундай кимсалардан тузиш керак».
Гитлернинг ҳокимият сари парвозида немис армиясининг сир-асрорларидан хабардор бўлган, маккор штаб капитани Эрнст Рем муҳим аҳамиятга эга бўлди. У Гитлерни рейхсвернинг яширин жамғармаларидан маблағ билан таъминлади, уни юқори лавозимли офицерлар билан таништирди, СА учун кадрлар топди ва жангариларнинг оёққа туриши учун Гитлердан ҳам кўп меҳнат қилди. (Сталинни устоз деб билган Гитлер кейинчалик, Сталин ўз обрўсига соя тушишидан хавфсираб, Кировни йўқотгани каби, ҳокимиятга етарли даражада ўрнашиб олганидан сўнг Эрнст Ремни йўқ қилади).
Гитлер полиция ва прокуратура сафида ҳам ҳамтовоқлар топиши керак эди. Бавария полициясининг бошлиғи Пенер ва унинг сиёсий маслаҳатчиси Вилгелм Фрик, шунингдек Бавария ҳукуматининг адлия вазири Гюртнер Гитлерга хайрихоҳлик билдирдилар, унинг қўпорувчилик фаолиятига, намойиш ва ташвиқотларига кўз юмиб турдилар. Пенер ва Фрик Гитлерга очиқ тарафдорликларини яширмадилар ҳамда Оврўпо сиёсатчиларининг дилидагини тиллари билан баён қилдилар: «Биз била туриб, уларга қарши бормадик, чунки бу партияда биз янгиланиш куртакларини кўрдик ва шунга ишонч ҳосил қилдикки, бу ҳаракат марксизм вабосига чалинган ишчилар орасида бошқалардан кўра чуқурроқ илдиз отишга, уларни яна национализм бағрига қайтаришга қодирдир». Бу хизматлари учун улар Гитлер рейхканцлер бўлганида дарҳол министрлик лавозимларини олдилар.
Бундай ҳаракатлар маблағсиз амалга ошмас эди. Гитлерни ўша даврда пул билан таъминлаганлар орасида биз тилга олган Экарт, Бехштейнлар, Брукманлар ва партияга катта миқдорда долларлар ва Нью-Йоркдаги галереяси даромадининг бир қисмини берган Путтси Ханфштенгл билан бирга Берлиндаги Миллий клуб аъзоси бўлган Эмил Ганссер, Олмониянинг катта саноатчиларидан бўлган Эрнст фон Борзиг бор эди. Олмониядаги машҳур «Пўлат трести»нинг вориси Фриц Тиссен ҳам Гитлерни қўллаб қувватлаганди.
Бунинг устига партия ташкил этилганидаёқ ўз аъзоларига қатъий талаблар қўйганди, партия фойдасига пул тўплаб, митинглар уюштирган партиянинг маҳаллий раҳбарлари харажатларига пул ажратилмасди, улар маош ҳам олмасдилар. Аъзолар Лениннинг социал-демократлари каби изчил равишда аъзолик бадаллари тўлаб турардилар.

Сталин ҳокимият йўлидаги макр-ҳийлалари

Троцкийга кўпчилик бегонага қарагандек қарар эди. Унинг ашаддийлиги, ҳокимиятни эгаллашдаги ташкилотчилиги, фуқаролар уруши пайтидаги музаффарлиги тан олинса-да, калондимоғлиги ва ҳукм юргизишга ўчлиги мақбул эмасди.
Зиновьев гарчи Ленинга бир неча бор мухолифатда турган бўлса-да, Ленин билан сургунда ва инқилоблар пайтидаги дўстона муносабатлари туфайли, нотиқлиги ва ташвиқотчилиги учун қадрланарди. Уни кўпчилик мақтанчоқлиги учун ёқтирмасди. Ленин уни хавф ўтгандан кейин жасур бўлади, деб мазахлаганди.
Яҳудий оиласида 1883 йилда туғилган Каменев Сталин билан Сибирда сургунда бўлган, 1917 йилда бирга Петроградга қайтганди. Ленин уни муросасозликда айблар эди. Зиновьев билан дўст эди. Унинг билимдонлиги урушқоқлардан иборат бўлган болшавой кўпчиликка ёқмасди.
Болшавойлар раҳнамолари ичида ишчилардан чиққан бирдан-бир одам Михаил Томский эди. Келиб чиқиши жиҳатидан ўрис бўлган бирдан-бир одам ҳам у эди. Ахир, партиянинг Лениндан кейинги учта асосий лавозими яҳудийлар – Троцкий, Зиновьев, Каменевнинг қўлида эди. Тўртинчи лавозимда гуржи – Сталин ҳукмдор эди. Ленин атрофида яҳудийларнинг тўплангани учун Гитлер Московни «сионистларнинг дунёвий фитнаси» ўчоғи ҳисобларди. Болшавойларнинг отаси Маркс ҳам яҳудий эканини ҳисобга олган ҳолда, Гитлер марксизмни яҳудийларнинг бошқа миллатлар устидан ҳукмронлик қилиш ва уларни йўқотиш учун ўйлаб топган мафкураси ҳисобларди.
Риков иқтисодий раҳбарликни олган эди.
Партия тепасида турган тўда ичида Ленин ва Троцкийдан сўнг Николай Бухариннинг заковати тан олинарди. Болшавой «даҳолар» ичидаги иккинчи ўрис бўлган Бухарин ўқитувчи оиласида ўсган, илмли шахс эди. Ленин уни партиянинг «севимлиси» деб атаса-да, «мумдай мулойимлиги» учун қабул қилолмасди, чунки Лениннинг партияси керак бўлса, отасини ҳам сўйиб ташлайдиган жангари, каллакесарлардан иборат бўлиши керак эди.
Сталиннинг ёнида туриб етилмаган «инқилоб»ни инқиллаб амалга оширган ва Совет Иттифоқининг тепасида турган, Лениннинг ўлимидан сўнг Сталиннинг Лениннинг ўрнини олиш учун курашида унинг асосий рақиблари саналган кишилар шулар эди ва Сталин бу ҳокимият сари йўлидаги ўз душманларини қандайдир ўн йил ичида битта қўймай «халқ душмани»га айлантирди ва оттириб ташлади.
Оқ гвардия сафида ҳам келишмовчиликлар борлиги ва болшавойларга қарши мухолифатнинг аниқ режаси ишлаб чиқилмаганлиги, хорижий империалистик давлатлар келишиб ҳаракат қилолмагани туфайли болшавойлар аста-секин шафқатсиз армияларини шакллантирдилар. Умумий мобилизация эълон қилинди. 1918 йилда Қизил Армияда 800000 киши бўлган бўлса, 1920 йилга келиб 2,5 миллион қиши унинг сафида эди. Ленин Полшани босиб ололмади ва Оврўпода инқилоб қилиш умидини жиловлади. Аммо Қизил Армия оқ гвардиячиларни парчалади ва Россиянинг асосий ҳудудида шўролар ҳокимиятини ўрнатди. Собиқ ҳудудлардан Бессарабия, Полшанинг бир қисми, Болтиқбўйи ва Финландия қолди. Сталин Иккинчи жаҳон уруши натижасида бу ҳудудларни ҳам жабр-зулмга тўла «социалистик лагер»га қайтарди.
Сталин ҳокимият ўйинларида тажриба орттираётган 1918-1921 йилларда Гитлер миллиятчи ҳаракатини ташкил этиш ва уни тан олишлари учун ҳаракат қилаётган эди. Сталиннинг ўз олдига қўйган вазифаси бунинг акси эди – партия барпо этилган, ҳукумат тузилган, ҳокимият аллақачон олинганди ва буларнинг тепасида Ленин турганди. Сталиннинг қалбида Лениндан ҳокимиятни олиш, ҳеч бўлмаса, унинг вориси бўлиш истаги қанчалик эрта пайдо бўлгани номаълум, аммо ўша пайтда ҳали ҳеч ким Сталинни Лениннинг ўрнига келади, деб ўйлаган эмасди. Гитлер партияси билан ҳокимиятни олиши учун ҳаракат қилса, Сталин аллақачон тузилган партиянинг ва олинган ҳокимиятнинг тепасига келиши керак эди. Шунинг учун Гитлер очиқ ва жангари ҳаракат қилади, Сталин эса зимдан ва маккорона иш олиб боради. Гитлер Ленин каби кўп, тўлиб-тошиб гапиради, Сталин эса яширин ишлайди, деярли гапирмайди. 1920 йилда Ленин 50 ёшга тўлганда, Сталин 41 ёшда эди. Аммо орадан икки йил ўтар-ўтмас Ленин кетма-кет юрак хуружига дучор бўлади, ким уюштиргани номаълум бўлган суиқасдлар юз беради ва 1924 йил январида 54 ёшида оламдан ўтади.
Сталин 1920 йилдан, балким ундан-да олдинроқ Ленининг вориси бўлиш ишқида ёнган бўлса ажаб эмас.
Халқ Комиссарлари Советида Сталин миллатлар ишлари бўйича комиссарликни бошқарарди. Умуман, Ленинга Сталиннинг яқинлашувида миллий масаланинг ўрни бор эди. Ленин инқилобдан олдин асосан Оврўпо корчалонларининг пулига газета чоп этиб, мажлислар уюштириб, тўдасини йиғиб, Оврўпода юрган, Сталинни эса Россия халқлари руҳиятининг билимдони деб биларди. Биринчидан, Ленин учун Сталин империянинг мустамалака миллати вакили эди (гарчанд кейинчалик у ўз миллий насабидан воз кечган, Ленин томонидан «великорус шовинисти» номини олган бўлса-да); иккинчидан, миллий зулмни айнан қарам миллат вакили қўли билан амалга ошириш жилвали эди; учинчидан, Сталин 1913 йилдаёқ «Марксизм ва миллий масала» номли мақола чоп этган ва бу мақола Мартов каби меншавойлар томонидангина эмас, Бухарин ва Дзержинский каби болшавойлар томонидан ҳам қаршиликка учраганди, бироқ бу мақола… Ленинга маъқул келганди.
1917 йилги болшавойларнинг тўнтаришидан сўнг икки ҳафта ўтгач, Сталин Финландиянинг миллий мустақиллигини эълон қилади. Бу ҳақдаги декретни Ленин ва Сталин имзолашганди. Сталин ва Лениннинг бу ҳаракатлари «буржуа миллатчилигига ён бериш», «Россияни ва ўрис инқилобини сотиш» сифатида танқид қилинарди. Инқилобдан сўнг нафақат Полша ва Болтиқбўйи мустақил давлат қуриш истагини билдиришди, шунингдек Кавказда, Марказий Осиёда ва ҳатто Украинада миллий озодлик ҳаракати бошланди.
Ленин ва Сталиннинг мухолифлари уларнинг ўйинини тушунмаётгандилар. Ахир, юзага келган вазиятда миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини буткул рад қилиш мумкин эмасди, бу халқларнинг янада кучли оқим билан Лениннинг империясидан қочишларига сабаб бўларди. Сталин бу вазиятда қовушмайдиган нарсани «қовуштирди» – миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини синфий биродарликнигина тан оладиган, миллатларни буткул инкор қиладиган социализмга тақади, «социализмнинг кураш воситаси»га айлантирди.
1918 йил майида Татаристон-Бошқирдистон совет республикасинининг Таъсис съездида фикрини аниқ баён қилди:
 «Совет ҳокимияти мухториятга қарши эмас – у бутун ҳокимият ишчи ва деҳқонлар қўлида бўлган, барча миллатлар буржўйлари нафақат ҳокимиятдан, балким ҳукумат идораларига сайловлардан четлаштириладиган  мухторият тарафдоридир».
Маълумки, халқаро ҳуқуқда ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи миллат учун ўзига мақбул сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ҳаётни эркин танлаш ва барпо этишни билдиради. Сталиннинг миллий концепциясида эса миллатлар учун улар яшаши керак бўлган тузум аллақачон танлаб қўйилган ва улар Сталин истаган тузумни ўрнатсаларгина «мустақил»дирлар. Бундай макрнинг муаллифи бўлган Сталин Ленинга ёқиб тушарди, албатта. Совет Иттифоқининг Сталиндан кейинги барча Конституцияларида бундай «ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи», «республикаларнинг СССР таркибидан эркин чиқиш ҳуқуқи» қоғозда сақлаб турилди. Айни пайтда миллий республикаларда ҳарбий-полициявий тизим ҳам изчил ишларди. Хусусан, Марказий Осиёда Туркистон ҳарбий округи уйғоқ эди.
Ленин Московда туриб, тўрт томонга тортилган  ҳокимият ришталарини тортиш билан, ҳарбий комиссар бўлган Троцкий сиёсий чўққиларни кўзлаш билан овора эди. Сталин эса «тартиб ўрнатиш бўйича мутахассис» сифатида Лениннинг топшириғи билан қалтис вазиятлар ичида жавлон урар, судсиз ва сўроқсиз отишда тажриба орттирарди.
Троцкий Қизил Армиянинг сафига собиқ чор офицерларини қўшиш ғояси билан чиқади, чунки тажрибасиз ишчи-деҳқонлардан жўяли армия тузиш маҳол эди. Аммо Сталин бунга қаршилик қилади. Ленин ҳам қалтис вазиятда бошқа илож тополмай, Троцкийнинг фикрини қабул қилади. Сталин сиёсий мунозараларни ёқтирмасди, у Волга томонларга «эгасизлик ва чайқовчиликка қарши курашиш», марказ учун озиқ-овқат ундириш ва эсерлар исёнини бостириш учун йўл олади.

«Зулм технологияси»:  Ленинга қаттиққўл Сталин керак эди

1920 йилда Лев Троцкий ҳарбий коммунизмни эълон қилган «Терроризм ва коммунизм» номли китобини чоп этади. У демократия ва парламентаризм (халқ иродаси мутлоқлиги), қонун олдида барчанинг тенглиги тамойилларини, фуқаровий ҳуқуқларни инкор этади, бу азиз ғояларнинг барини «буржуа сохтакорлиги» деб атайди, синфий курашни овоз бериш орқали олиб бориб бўлмайди, уни куч билан олиб бориш мумкин, деган фикрни очиқ олдинга суради. Троцкийнинг фикрича, террорни инкор қилиш – социализмни инкор қилишдир. Болшавойлар мафкурасига кўра, мақсадга эришиш учун ҳар қандай воситадан – халқни ўлдириш ва этик остига олиб, эзишдан ҳам фойдаланиш мумкин.
Ленин французларнинг «A la guerre comme a la guerre», яъни  «уруш бўлса, урушдай бўлсин» иборасини ёқтирарди.
1921 йил баҳорига келиб, Лениннинг талаби билан меҳнатни ҳарбийлаштириш ва озиқ-овқат заҳираларини мусодара қилиш сиёсати бекор қилинди. Аммо бу «бурилиш» қамчин ва қилич тутган партия аъзоларининг кўпчилигига маъқул эмасди. Сталин шу кайфиятларнинг ортида турарди.
Фронтдан қайтган аскарлар ва қочоқлар ҳам қишлоқ деҳқонлари сафига қўшилдилар, оғир аҳвол  болшавойларга қарши намойишлар ва исёнларни юзага келтира бошлади. Тамбовда ва бошқа жойларда кучли ҳаракатлар қўзғолди.
Партия ичида ҳам Лениннинг ҳокимиятни «доҳий»нинг қўл остида марказлаштириш ва ҳарбийлаштириш сиёсатига мухолифат юзага келди. Бу гуруҳ йўлбошчиси Т.Сапронов Марказқўмни «партия корчалонларининг майда тўдаси» деб атаган эди. Иккинчи томондан, «ишчи назорати» пайти ҳокимият ҳавосини олган янги золимлар синфи – А. Колонтай ва А.Шляпников бошчилигидаги «ишчи мухолифати» пролетариат ҳуқуқларини кенгайтиришни, назоратни кучайтиришни талаб қилган овозини баралла кўтара бошлади. Ишчилар номидан инқилоб қилган Ленин энди ҳокимиятни пролетариат билан ҳам бўлишишни истамасди, пролетариат эса Лениннинг партиясидан юз ўгира бошлаганди.
1921 йил 8 мартда очилиши керак бўлган партия съездига оли кун қолганда, Кронштадтда қўзғолон бошланади, 1917 йилда болшавойлар таянчи бўлган денгизчилар ва аскарлар гарнизони Октябр номи билан «учинчи инқилобга», яъни бераҳм коммунистик тузумни – «комиссарократия»ни ағдаришга чақиради.
Ленин исённи бостиришга киришади. Жўнатилган қизил аскарлар исёнчи биродарларини отишдан бош тортадилар, аммо уларни Московдан йўлланган Тухачевскийнинг қўшини алдаб, қўрқитиб «кўндиради», қалъа олингач, унинг ҳимоячилари судсиз ва сўроқсиз отиб ташланади.
Маккорликни қарангки, Ленин дарҳол ўз золимона сиёсатининг мухолифларини исёнчилар билан алоқада айблайди. Ўз сиёсатига қарши юзага келган исёндан ҳам ўз сиёсатида – мислсиз ҳокимиятини янада мустаҳкамлашда фойдаланади.
Ҳокимиятни ушлаб қолиш учун вақтинча баъзи бир чекинишлар қилади – зўрлаб озиқ-овқат заҳираларини тортиб олиш ўрнига маҳсулотлардан солиқ олишни ўрнатади. Майда ва ўрта ишлаб чиқаришда ва савдода тадбиркорлик юзага келади, хорижий капиталга йўл очилади, рублнинг мавқеи барқарорлашади. Натижада Россияда маълум даражада эркин савдо қарор топа бошлайди. Ленин буни янги иқтисодий сиёсат (НЭП) атайди. Айтиш лозимки, бу янги иқтисодий сиёсат эмасди, Ленин қарши курашиб келаётган капитализмнинг жонбахш куртаклари эди. Ленин ҳам уни социализми туфайли адо бўлаёзган мамлакатда тақчилликни тугатиш ва иқтисодни жонлантириш учун «бошқа мамлакатларда инқилоб юз бергунича» вақтинчага киритган эди:
«Биз биламизки, ҳали бошқа мамлакатларда инқилоб юз бергунича Россияда фақат деҳқонлар билан муросагина социалистик инқилобни қутқариб қолиши мумкин».
Ленин барибир кейинчалик хусусий секторни тугатиш умидида эди. Чунки тузум аллақачон саноатни, ташқи савдо ва транспортни ўзига бўйсундирган, иқтисодий назорат ришталарини қўлида тутиб олган, хусусий сектор давлат билан рақобатлаша олмайди ва охир-оқибатда таслим бўлади, деган ҳаракатда эди.
Исёнлар ва инқирозлар таъсирида Лениннинг иқтисодни либераллаштиришга доир «капиталистик» таклифлари деярли муҳокамасиз қабул қилинди. Аммо инқироз ўтгач, мухолифлар Ленинга ташланиб қолишлари мумкин эди. Шунинг учун у иқтисодий соҳада эркинликлар бериш баробарида сиёсий соҳада назоратни янада қатъийлаштирди. Ленинга яна қаттиққўл Сталин керак бўладиган пайт келди.
Ленин Бухариннинг Фуқаролар уруши тугагандан сўнг марказлаштиришнинг ҳарбий усулларидан воз кечиш ва партияда ички демократияни тиклаш талабини қувватлади, аммо қўшиб қўйди: «Мухолифатнинг куни битди, етади, мухолифатлардан тўйдик!»
Съезднинг якунида Ленин кутилмаганда иккита янги резолюцияни қабул қилишни таклиф қилди ва улар кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Уларнинг бири – «Партиямиздаги синдикатчилик ва анархистлик оғишлари ҳақида» – касаба уюшмаларининг иқтисодга аралашувини чекласа, иккинчиси – «Партиянинг муштараклиги ҳақида» – партия ичидаги алоҳида дастурига эга барча гуруҳларни тарқатиш, яъни яккаҳокимлик ўрнатишга, демократик мунозараларни чеклашга, партиянинг ичида мухолифатни йўқотишга қаратилган эди.
Айнан партиянинг ана шу ленинона «монолитлашуви» – ички тортишувларнинг, ошкора фикр алмашувларнинг йўқотилиши Сталиннинг юқорига томон ҳаракатланишига, ЧКнинг усули бўлган террорни давлатни бошқаришга татбиқ этишига имкон яратди.
Ленин ўз истаганидан бошқача фикрлашни йўқотишга ва партияни ҳурфикрлиликнинг «парчаловчи таъсири»дан сақлашга қарор қилган, аммо унинг бу интилиши амалга ошиши учун съезднинг резолюцияси етарли эмасди: бунинг учун ҳар кунги, изчил ва тинка қуритар партиявий фаолиятни юритиш керак эди. Ленин партия даҳоси эди – сурункали ишларга унинг вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўқ эди. Троцкий, Каменев, Зиновьев, Бухарин – собиқ эмигрантлар, зиёлилар, ҳозирда улкан мафкурачилар, йўлбошчилар эдилар, уларнинг бундай бардошталаб ишларга хоҳишлари ҳам, уқувлари ҳам йўқ эди. Сиёсий Бюронинг бешинчи аъзоси бўлган Сталин айнан шу иш билан – марказ ва жойлардаги маҳаллий партия идоралари билан алоқалар ўрнатиш билан Лениннинг ишончини қозонган эди.
Сталин миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари лавозимида ишлаб, маҳаллий наркоматларни ўз тизимига кўра шакллантириб улгурган, у Сиёсий Бюро ва Марказқўмнинг жойлар билан ишловчи аъзоси бўлгани учун Украина, Кафказ ва Ўрта Осиёнинг маҳаллий раҳбарлари айнан Сталин билан алоқада эдилар. Бунинг устига у 1919 йилда Ўролга боради ва у ердаги 4766 шўро давлат хизматчиларининг деярли барчаси чоризм бюрократияси ворислари эканини, бошқарув аппарати коррупция ва бебошдоқлик касалига чалинганини, марказий ҳукумат уларни текшириши учун самарали восита ҳам йўқлигини «аниқлайди», ишчи-деҳқон гуруҳлари орқали фаолият юритадиган «назорат-тафтиш комиссияси» тузишни таклиф қилади, Ленинни бунга кўндириб, ўзи учун иккинчи давлат лавозимини – ўз ваҳимаси ва таклифига кўра янги тузилган Рабкрин комиссари лавозимини ҳам олади.
Умуман, совет давлатининг бюрократия, коррупция, бебошдоқлик, суиистеъмолчиликлар билан кураши бу тотаолитар давлатнинг бутун умри давомида долзарб бўлиб келди – бюрократия ва коррупция билан кураш ҳам тинмади, бюрократия ва коррупция ҳам гуллаб-яшнайверди. Чунки бу давлатнинг ўзи бюрократик давлат эди, уни бюро – КПССнинг Сиёсий Бюроси бошқарарди. «Ишчи-деҳқон назорати» (Рабкрин), «фирқа назорати» (партийный контроль), «халқ назорати» (народный контроль) номигагина мавжуд эди, ҳамма масалалар парткомлар орқали жамоатчилик кўзидан панада, бюрократик тарзда ҳал қилинарди. Фақатгина демократик ҳуқуқий давлатдагина, очиқ фуқаролик жамиятидагина коррупция ва тўрачиликка қарши самарали курашиш мумкин, холос.
Ленин бюрократияга қарши «пролетариат диктатураси»ни қўймоқчи эди. Унинг наздида бу диктатура «янги синфнинг бутун қудрати эски одатлар, майда ишлаб чиқаришда бўлган буржуйларга қарши энг изчил ва энг шафқатсиз уруши»дан иборат деб ҳисобларди.
Яна у шундай ёзади:
«Партиямиздаги қатъий, темир интизомсиз, уни ишчилар синфининг бутун оммаси томонидан, ундаги фикрловчи, ҳалол, фидойи, таъсирчан, ўз ортидан қолоқ қатламларни эргаштира оладиган ишчилар оммаси томонидан тўла ва астойдил қўллаб қувватланишисиз болшавойлар ҳокимиятни ушлаб қола олмасдилар».
Ленин ўз тамойилини аниқ ифодалайди, аммо уни қандай йўл билан амалга ошириш кераклигини тасаввур этолмайди.

Сталин ҳокимиятни милтиқсиз тортиб олган эди

Совет тузумида ҳокимиятнинг қоғоздаги тақсимоти ва амалдаги тақсимланиши бу масалага ойдинлик киритади. Конституциясига кўра янги давлат «Совет Республикаси» деб эълон қилинади, унинг ҳукумати – Халқ Комиссарлари Кенгаши (Совнарком) қоғозда Умумроссия Советлар съездининг ижроия органи ҳисобланарди, ҳар бир комиссар бир ёки икки давлат идорасининг фаолияти учун масъул эди. Аммо аслида ҳокимият на 1918 йил Конституциясида, на 1924 йилги Конституцияда тилга ҳам олинмаган тизим – коммунистик партия қўлида эди. Сиёсат, давлат, мамлакат ва халқ тақдирига доир ҳар қандай масала Советлар съездида ҳам, Совнаркомда ҳам ҳал қилинмасди. Халқ Комиссарлари Кенгаши Конституцияда ёзилганидай Советлар съездининг иродасини ижро қилмасди. У аслида ВКП(б) Марказий Қўмитаси ва унинг Сиёсий Бюроси кўрсатмаларини бажарарди. Совнарком аъзолари аввал - партия раҳбарлари сифатида – Марказқўм ва Сиёсий Бюрода йиғилиб, сиёсий азму қарорларни келишиб оладилар, кейин Советлар съездида – «парламент» аъзолари сифатида – бу қарорларни тасдиқлайдилар, сўнг Халқ Комиссарлари Кенгашида – ижроия ҳокимияти сифатида – уларни давлат машинаси орқали ўз қўл остиларидаги идора ва муассасаларга ўтказардилар ва шу тариқа сиёсат ҳаётга татбиқ қилинарди. Партия раҳбарлари ҳам шулар, уларнинг қўлида эзилаётган эл номидан қонунларни қабул қиладиган «халқ вакиллари» – депутатлар ҳам шулар, қонун ва қарорлар ижросини назорат қилувчилар ҳам шулардир. Бу тоталитар тизимда айни раҳбарлар ўзлари ишлаб чиққан сиёсатни ўзлари тасдиқлайдилар, ўзлари амалга оширадилар ҳамда бажарилишини ўзлари назорат қиладилар… Бундан-да шармандали ва кулгули тизим бормикин?! Ҳеч қандай ташқи кузатув, жамоатчилик назорати йўқ. Улар ҳеч кимга ҳисоб бермайдилар, халқдан ҳайиқмайдилар, чунки халқ ўз овозидан маҳрумдир. Бундай шароитда самарали сиёсий, иқтисодий, ижтимоий тузум қуриш, инсон қадр-қимматини эъзозлаш, шу жумладан, бюрократия ва коррупцмяга қарши курашиш мумкин эмас, аксинча, айнан шундай тузум қаллоблик ва суиистеъмолчиликларга йўл очади. Совет тузуми шунинг учун бир умр «бюрократияга ва қўпорувчиликка қарши кураш» ниқобида зулм ўтказди ва барибир қаллоблик ботқоғидан чиқиб кетолмади.
Октябр тўнтаришидан олти йил ўтгандан сўнг Ленин Коминтерннинг IV Конгрессида шундай деган эди:
«Пастда билибми-билмайми бизга қарши ишлаётган юз минглаб чоризмдан ва буржуа жамиятидан қолган эски тўралар. Бу ерда қисқа муддат ичида ҳеч нарса қилолмайсан, бу – шубҳасиз. Бу ерда биз аппаратни мукаммаллаштириш, ўзгартириш ва янги кучларни жалб этиш учун узоқ йиллар давомида ишлашимиз керак».
«Аппаратни мукаммаллаштириш, ўзгартириш ва янги кучларни жалб қилиш»нинг устаси Сталин эди, бу тинка қуритадиган иш унга топширилди ва у тўрт-беш йил ичида аппаратда шундай «мукаммаллаштиртириш ва ўзгартириш» ўтказдики, унинг «янги кучларни жалб қилиши» оқибатида мамлакатнинг ҳамма жойларидаги катта-кичик лавозимларнинг барчасига унинг сўзини икки қилмайдиган ўз одамлари жойлашди. Троцкий, Зиновьев, Каменев, Бухарин каби «йўлбошчи»лар сиёсий ҳокимият тақдирини Московдаги очиқ мунозараларда ҳал қилиш илинжида юрганда, Сталин зимдан изчил партиявий иш юритиш орқали мамлакатни ичдан эгаллаб қўйди. Ленин, Гитлер ҳокимиятни инқилоб қилиб, очиқ курашиб эгаллаган бўлса, Сталин ишхонада ўтириб партия аппаратини шакллантириш орқали ҳам эгаллаш мумкинлигини кўрсатди.Партия ҳокимиятга ўтириш учун ростдан янги кучларни тарбиялаши керак эди. Ҳозирча, Қизил Армия собиқ чор офицерларидан иборат бўлгани каби, давлат бошқаруви тармоқларида ҳам эски оқ подшодан қолган амалдорлар ишлар эди. 1930-йилларгача Сталин бу ишга тоқат қилиб келди ва қатлиом даврида уларни қириб ташлади. Ҳозирча партия армия ичига сиёсий ходимларни жойлаб қўяр, Советлардаги ходимлари орқали сайловларни бошқарар, барча республикалар, шаҳарлар ва қишлоқлардаги бошқарув тизимига ўз одамларини киритар эди. Бу сиёсатни амалга ошириш учун партия котибияти ишлар, партиянинг Х-съездидан сўнг котибиятга раҳбарлик қилиш ҳам Сиёсий Бюро, ҳам Ташкилий Бюро аъзоси бўлган Сталинга насиб қилган эди. Партиянинг ХI-съезди 1922 йил 4 апрелда Сталиннинг de facto мавжуд мавқеини расмийлаштирди – у Бош котиб лавозимига ўтирди. Сталин бош котиб бўлганидан сўнг бир ой ичида Ленин биринчи инсультга учради, кейин кетма-кет касалга чалина бошлади ва икки йилдан сўнг оламдан ўтди.
Гитлернинг нотиқлик санъатига қойил бўлган ҳолда, камгап Сталиннинг ҳам истеъдодига - маъмурий ҳокимиятни сиёсий ҳокимиятга айлантириш санъатига қойил бўлишга тўғри келади.
Умуман, мақталган «ташкилотчилиги» ҳам ўртамиёна бўлган, майдакаш ва шубҳакор Сталин қандай қилиб бу қадар улкан ҳокимиятни ола билди?! Бу жумбоққа турли жавоблар берилади. Биринчидан, ўша пайтда Сталиннинг сиёсий иштаҳаси ғордай эканини маслакдошларидан бирортаси ҳали тасаввур қилолмагандир. Иккинчидан, «аппаратни мукаммаллаштириш», ҳужжатларни тайёрлаш, ташкилий югур-югурлар каби эҳтиросли одамга илҳом бермайдиган ишлар билан шуғулланишни ўзларини «инқилоб чавандозлари» ҳисоблаган «доҳийлар»нинг ҳеч бири қилишни ўзига эп кўрмасди, Сталин эса айнан ана шу аппарат ишидангина илҳомланарди. Учинчидан, Сталиннинг иштаҳасидан хабардор ягона одам бўлган Ленин ўз сафдошларининг қолганларига ҳам ишонмас эди. Троцкийнинг эслашига қараганда, Сталиннинг номзоди Бош котибликка кўрсатилганда, Ленин: «Бу ошпаз фақат аччиқ таом тайёрлайди», - деган, аммо бошқа номзодни таклиф ҳам қилмаганди.
Менинг назаримда, Сталин нафақат юқоридаги сабабларга кўра Совет давлатининг тепасига келган, балким Сталин айнан совет тузумининг маҳсули ва ўзагидир. Халқ иродасини ҳисобга олмайдиган, ҳаққоний сайланган парламентсиз тузум тор доирада ўйлаб топилган сиёсатни амалга ошириш учун зулм қилишга мажбур эди ва зулмни ҳеч ким Сталиндан ўтказиб қилолмасди. Ҳамма нарсани зимдан партия қўмитаси кабинетларида, бюроларда ҳал қиладиган, халқ иродасидан ташқари қарорлар қабул қилиб, уларни зулм билан ҳаётга татбиқ этадиган тузумга Сталинга ўхшаган аппарат ўйинларининг устасидан бошқа одам керакмасди.
Котибиятни бунгача бошқарган Свердловнинг ўлимидан сўнг ўтган уч йил ичида Сталин кўп нарсани қўлига ола билди. Бундан бир йил олдиноқ Котибият ходимлари сони 30тадан 600тага кўпайтирилди. Бош котиб бўлган Сталин ўз атрофини итоаткор ўринбосарларга тўлдирди. Унинг шайкасидаги энг ишончли одамлари Молотов ва Каганович эди.
Молотов (ҳақиқий фамилияси – Скрябин) майда буржуйлардан чиққан бўлиб, Москов университетининг мухандислик факультетини ўқиб тугатмаган талабаси эди. Болшавойлар орасида аввал бошдан Сталиннинг атрофида айланишарди. 1920 йилда Марказқўм аъзолигига номзод бўлди, 1921 йилда аъзо ҳам бўлди, айни пайтда Котибиият ва Ташкилий Бюро ходими эди. Яна бир йилдан сўнг Молотов Сиёсий Бюро аъзолигига «сайланади». Сталиннинг ёнида юради ва кейин Совнарком Раиси этиб тайинланади. Уни «жаҳонга танитган» иши коммунист Сталин ва фашист Гитлер ўртасидаги совет-немис шартномасини ташқи ишлар министри сифатида 1939 йил 23 августда имзолаши бўлганди.
Каганович яҳудий эди, аммо ўз қавмидан кечганди, Сталиннинг атрофида юриб, кун кўрган, чарчамас, қаттиққўл ва бешафқат апппаратчи сифатида машҳур эди. Сталин қатағон йилларида унинг акасини отиш масаласида фикрини сўраганда, Каганович тегишли идоралар қандай ҳал қилса шундай бўлаверсин, деб жавоб беради. Акаси ўз ҳаётига суиқасд қилади. (Молотовнинг хотинини қамаб юборганларидан сўнггина унинг ўзига хабар қиладилар, Молотов ҳам хотинига ёрдам бермайди). Сиёсий жиҳатдан узоқ вақт ишлаган Каганович жисмоний жиҳатдан ҳам узоқ умр кўради – 95 йил яшаган бу қария 1988 йилда ҳам Московда шахсий нафақахўр сифатида кун кўрарди.
Ҳокимиятда ҳаммадан кўп кун кўрган киши армани Анастас Микоян эди. 1920-йилларда Марказқўм аъзоси ва Сиёсий Бюро аъзолигига номзод бўлган Микоян совет давлатнинг сурункали савдо министри эди ҳамда 1966 йилда иззат-икром билан нафақахўрликка кетгунича Сиёсий Бюро аъзоси ва МҚ Раёсати аъзоси эди.
Марказқўм Котибияти таркибида Сталин Сиёсий Бюро, Ташкилий Бюро ва Котибиятга хизмат қиладиган ўз идорасини, махфий бўлмасини тузди. Бу бўлмани аввал – зиёли марксчи Иван Товстуха, кейин йигирма беш йил Сталиннинг шахсий котиби бўлиб ишлаган, қулдай итоаткор, бирор марта ортиқча савол бермайдиган, раҳбари олдида гунг ва мулойим, бошқалар билан муносабатда қўпол ва ахлоқсиз А.Поскрёбишев бошқарди.
Сталиннинг Котибияти бир неча бўлимлардан иборат эди. Унда агитация ва пропаганда – тарғибот ва ташвиқот бўлими ҳам бўлиб, мафкура, маданият ҳамда матбуот масалалари билан шуғулланарди. Бироқ Котибиятнинг энг асосий вазифаси улкан мамлакатнинг узоқ-яқинидаги барча партия раҳбарларини сиқувга олиш, ўзгартириш, зарур пайтда – алмаштириш ва «тозалаш» эди. Котибият маҳаллий партия идораларининг марказий ҳокимият билан (аслида, Сталин билан) яқин алоқасини тиклаш ва марказнинг (яъни, Сталиннинг) обрўсини тан олдиришга киришди.
Сталин лавозимга ўтирган биринчи йилнинг ўзида 10000 кишини партиянинг раҳбарлик ловозимларига тайинлади. Кейинги йилда яна минг кишини тайинлади, улардан 42таси губернялар миқёсидаги партия котиблари эди.
Сталин партия аппаратини яратган бўлмаса-да, айнан у аппаратни шакллантиришни қиёмига ва ниҳоясига етказди. 1923 йилга келиб Ташкилий Бюро ва Котибият партиянинг барча 485000 аъзоси ҳақида тегишли маълумотларга эга эди ҳамда Сталинга керакли кишиларни партия тизимининг исталган поғонасига жойлаштира оларди. Сталиннинг «революция»си – ана шунда эди, яъни у ҳокимиятни милтиқсиз, аппаратнинг ички ўйинлари орқали Лениндан ва бошқа болшавойлардан тортиб олди.

Ҳокимиятнинг Сталинга ўтиши

1924 йил 21 январ. Ленин ўлди. Сталин қутулди. Ўша пайтда Котибиятда ишлаган Бажановнинг ёзишича: «Сталин қувончли ҳаяжон ичида эди. Мен уни ҳеч қачон бундай – Ленин ўлганидан кейинги кунлардагидай кўтаринки кайфиятда кўрмагандим. У қониқиш ҳисси билан хонанинг у ёқ-бу ёғига бориб келарди».
Троцкийга дафн кунини «нотўғри» хабар қилишади ва у маросимда қатнаша олмайди. Сталин эса ўзини «жиддий ва сипо» тутган ҳолда Лениннинг майити солинган тобутни елкалаб борди. Сталин Владимир Ульяновни одамдай тупроққа топширишни истаган оиласи қарши бўлишига қарамасдан, Қизил Майдонда мавзолей қурдириб, унинг ўлигини томошо учун қўйдиради.
Иккиюзламачи Сталин ўлганига ич-ичидан қўвонаётган ўз доҳийсига садоқат ҳақида қасам ичарди. У мотам маросимини ҳам спектаклга айлантиради. Сталиннинг видолашув сўзлари ҳайратлидир:
«Биздан кетаётиб, ўртоқ Ленин партия аъзоси деган буюк унвонни юксак тутиш ва тоза сақлашни васият қилди. Ўртоқ Ленин, сенинг бу ҳидоятингни шараф билан бажарамиз деб қасамёд қиламиз.
Биздан кетаётиб, ўртоқ Ленин партиянинг бирлигини кўз қорачиғидек сақлашни васият қилди. Ўртоқ Ленин, сенинг бу ҳидоятингни ҳам шараф билан бажарамиз, деб қасамёд қиламиз».
Бу ерда, менинг назаримда, мамлакатни бундан сўнг Сталиннинг «доно раҳбарлиги остида» кутаётган фожеалар аниқ айтилганга ўхшайди. Сталин кейинчалик «партия аъзоси деган буюк номни юксак тутиш ва тоза сақлаш» мақсадида «тозалаш»лар – минглаб, миллионлаб одамларни қирган оммавий қатлиомлар уюштирди. Бу номни «юксак тутиш» учун партия аъзолари тинимсиз итоат қилишга мажбур этилди. «Партиянинг бирлигини кўз қорачиғидек асраш» учун қанча-қанча кўзлар бевақт юмилди, ҳурфикрли инсонлар «шараф билан» ўлдирилди, қамалди, қувғин қилинди.
Айнан Лениннинг ўлими Сталинга ҳокимиятни батамом қўл остига жамлаш ишончини тугал бахш этди.
1924 йилдан 1929 йилгача Сталин ҳам худди Гитлер каби тиришқоқлик билан яккаҳокимлик мавқеини эгаллашга интилди ва бунинг воситаси партияни бўйсундириш эканини тушунди. Олмонияда Гитлер партиясининг яккаҳокимлигини бошқа партиялар билан рақобатда исботлаши керак эди, Россияда Сталиннинг компартияси аллақачон яккаҳоким партия эди. Иккинчи томондан, Олмонияда нацистлар партиясида Гитлер аллақачон партиясини ўзига бўйсундирган, нацистлар унинг раҳбарлигини тан олган бўлса, Россияда Сталин мамлакатда яккаҳоким бўлган партияда ҳали яккаҳоким бўлиши учун тинимсиз зимдан курашишига тўғри келаётган эди.
Сталин ўзининг ҳокимият учун курашини партиянинг сиёсати борасидаги мунозаралар замирига жойлаган эди. Буюк қаллоб, сиёсий қиморнинг устаси Сталин хатосиз ҳаракат қилар, мақсади - ҳокимият эканини бир дақиқа ҳам назардан қочирмас эди.
Гитлер ҳам, Сталин ҳам партиянинг ички тузилишига катта аҳамият берган эдилар. Гарчанд Гитлер партиянинг ички тартибларини ўзи белгиласа-да, буни партиянинг бюрократик аппарати ортида туриб амалга оширар эди. У партиянинг сиёсий йўналиши ҳақидаги баҳсларга ҳам аралашмас, ўзини гўё «юқори» тутарди.
Сталин ҳам ўзининг «юқори» эканини кўрсатишни хоҳласа-да, ҳали бунинг пайти эмасди, чунки ҳали партияда Лениннинг сафдошлари тирик эдилар. Шунинг учун у ҳали ўзини оддий партия ходимларига яқин тутар, аммо зимдан ўша оддий ходимларга «ким томонда туриш керак»лигини англатиб борарди. Сталин Ленин вафотидан сўнг олти йил давомида доҳийлик мақоми учун кураш олиб борди. Совет тузумининг ўзига хослиги шундаки, бу кураш жамиятдан алоҳида – партиянинг юқори бўғинида олиб борилар эди. Сталин ҳам, унинг рақиблари ҳам мақсадлари ҳокимият эканини ҳеч ҳам халққа ошкор этолмас эдилар. Ахир, улар гўё шу шўрлик халқ «бахт-саодати учун» инқилоб қилган эдилар ва энди «халқ фаровонлиги»ни ўйлашлари лозим эди.Ленин вафотидан сўнг ҳокимият учун курашда қатнашаётган органлар партия съездлари ва партиянинг фавқулодда конференциялари эди, яъни ҳокимиятнинг тақдири халқ билан, эл-юрт иродаси билан эмас, ана шу органларнинг ички талотўмида ҳал бўларди. 1924 йилдан то 1929 йилгача партия съезди ва фавқулодда анжумани уч мартадан чақирилди. 1925 йил декабрида ўтган XIV съездда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 600 делегат қатнашди, бу съезд то Сталин ўз тарафдорлари кўпчилик бўлишини таъминлагунича бир неча бор қолдирилди. Ҳокимият учун янада очиқ кураш борган яна икки орган бор эди – бу Сиёсий Бюро ва Марказқўм Пленуми эди. Ленин Марказқўмни кенгайтиришни, уни ёшлар билан тўлдиришни таклиф қилганида ҳокимият тақдирини тор доирада эмас, кўпчилик билан ҳал этиш кераклигини, шунда зимдан сиёсий ўйинлар ўтказиш имконияти камайишини назарда тутган эди. Аммо Сталин бу «кенгайтириш»дан ўз мақсадлари йўлида фойдаланди ва Марказқўмни ўз одамлари ҳисобига «кенгайтирди».
Албатта, кўп кишилик мажлислар, истайсизми-йўқми, мунозараларга айланиб кетади ва ҳар қандай баҳс исталган пайтда овоз бериш билан якунланиши мумкин – бу ҳолатда ўз фикрингни зўрлаб ўтказишинг қийин. Бироқ Сталин ўзида шундай сифатларни касб эдики, у асосли важларни ҳам саҳнаорти ҳаракатлари билан йўққа чиқарар, ўз мақсадларини Ленин асарларидан келтирилган иқтибослар билан беркитар, ўз рақибларини уларнинг аввал айтган сўзлари билан қайтарар ва оппортунизмда, ленинизмдан чекинишда, айирмачиликда айбларди.
Гитлернинг нутқлари жуда кўтаринки, оломоннинг эҳтиросига мўлжалланган бўлса, Сталиннинг нутқлари изчил, марксча андозаларга мос бўлиб, уларни ўқиш зерикарли эди. У ўзини назариётчи ҳисобламасди, у Ленинни ўзича талқин қилиб юрган ҳаваскор эди. Албатта, ҳокимиятга қатъий ўрнашиб олганидан сўнг у атайлаб танлаб йиғилган, савол бермайдиган, гунг аудиторияларда «назарий» нутқлар ўқий бошлади. Халқ жим бўлгани сари унинг худбинлиги ошиб борди, овози қатъийлашди.
Энг ҳайратланарлиси, Сталинни Бош котиб қилиб тайинлаган Сиёсий Бюро аъзолари унинг зимдан асраб юрган ҳокимиятпарастлик майлларини сезмаган эдилар. Қолаверса, улар Сталин партия тизимида зимдан ўз фойдасига ўтказган сифат ўзгаришларини ҳам сезмай қолдилар. Биринчидан, партия сон жиҳатидан ўзгарди. Лениннинг талаби билан партияни Фуқаролар уруши пайти қўшилиб қолганлардан тозалаш ўтказилганда 1923 йил охирига келиб аъзолар сони 567000 кишидан 350000 кишига қисқарди. Улкан мамлакат олдидаги вазифаларни бажариш учун Сталиннинг наздида бу кам эди, шунинг учун у 1924 йилда марҳум доҳий хотираси шарафига янги қабул эълон қилди ва икки йилда партия сафи ярим миллиондан бир милллионга кўтарилди. 1933 йил бошига келиб партия аъзолари сони 3,5 миллион кишига етди. Партияга "текисланган", ”йўнилган” кимсаларнигина қабул қилишларини, партия аъзоси бўлиш кишига бошқалардан кўра афзал мақом беришини ҳамда шу баробарида «юқори» қошида итоаткор бўлишни тақозо этишини назарда тутсак, коммунистлар сони кўпайишидан Сталиннинг манфаатдорлигини тушунгандай бўламиз.
Партияга янги қабул қилинган аъзоларнинг аксарияти партия функционерлари эди, бу ёшлар тажрибасиз, ғўр бўлиб, уларнинг аксарияти илмсиз ҳам эдилар. 1927 йилда партия аъзоларнинг олий маълумотлиси 1 фоизга ҳам етмасди, ўрта маълумотлилар 8 фоиз атрофида эди. Сталиннинг Котибиятига кекса, ўжар коммунистларга қарши қўйиш учун айнан ана шундай итоаткор аъзолар керак эди. Партиянинг кекса аъзолари Ленин тириклигида қийинчилик билан қарор топган ички демократияга ўрганган, мунозаралар ва назарий тортишувларга муккаларидан кетган эдилар, «ёш коммунистлар» эса бу баҳслардан безор, ҳаракатга чанқоқ, Россияни “индустриаллаштириш”да Сталинни қўллаб-қувватлашга тайёр аскарлар эдилар, уларнинг бирдан бир умиди – хизматлари эвазига халқдан тепада туриш учун маълум имтиёзлар олиш ҳамда секин-аста амал поғонасида кўтарилиш эди. Имтиёз ва амал тақсимлаш эса Сталин ва унинг Котибияти қўлида эди, буни итоаткор коммунистбаччалар яхши тушунардилар ҳамда қанчалар итоаткор бўлсанг, шунчалар имтиёздор ва амалдор бўласан, деган сталинона тартибни ҳам яхши англардилар. «Назариётчи»лардан фарқли ўлароқ, Сталин итоаткор ёшлар наздида «амалиётчи», ҳаётга яқинроқ эди. Унинг қўполлиги ҳам ёшларга қатъиятининг далолати бўлиб кўринар эди.
Партия мамлакат қаршисида турган буюк мақсадларни амалга ошириш учун ўз тизимини мустаҳкамлаши керак эди ва, ажабки, бу Сталиннинг ҳокимиятни бир қўл остига жамлаш истагига ҳам мос келаётган эди. Сталин мансабдор шахсларни юқоридан пастга, пастдан юқорига кўтариш ваколатларидан ташқари, ўз рақибларини четлаштириш – бирор бир мамлакатга дипломатик ишларга йўллаш ёки Узоқ Шарқнинг олис минтақаларига ёхуд Марказий Осиёнинг жазирама чўлларига жўнатиш ваколатига ҳам эга эди. 1926 йилдаёқ бирлаштирилган ҳокимият тизимларида партиянинг «номенклатура» аталмиш 5500дан зиёд юқори мансабларини тайинлаш марказий идоралар, яъни Сталиннинг ваколатига кирар эди. Минтақаларда партия котиблари энг маҳобатли ва ваколатли шахсларга айланиб борардилар. Жойлардаги лавозимлар айнан ана шу марказ тайинлаган котибларга боғлиқ бўлиб, Сталин улар орқали ўз таъсирини ўрта ва қуйи бўғинга ҳам ўтказар эди. Айнан ана шу районлар ва вилоятлар даражасида партия съездларига делегатлар танлаб олинишини ҳисобга олсак, аста-секин делегатлар таркибида партиянинг котиблари кўпайиб борганини кўрамиз. 1921 йилда ўтган партиянинг X съездида фирқа котиблари 25 фоизни ташкил этган бўлса, 1923 йилдаги XII съездда – 55%, 1924 йилги XIII съездда – 65% ва 1925 йилги XIV съездда партия котиблари делегатларнинг 70 фоизини ташкил этдилар.
Шундай қилиб, Лениннинг Сталиннинг ҳокимиятини чеклаш учун Марказқўм ва Марказий Назорат Қўмитасини кенгайтириш таклифи Сталин ўтказган ички партиявий эврилишлар натижасида аксинча Сталиннинг ҳокимиятини янада кучайтирди. Ленин умид боғлаган «партиянинг маҳаллий кадрлари» Сталиннинг қўлида қуролга айландилар. Партия котиблари Марказқўм аъзолиги ва аъзоликка номзод бўлиш учун Сталиннинг чизган чизиғидан чиқмас эдилар. Партиянинг ленинчи фахрийлари учун партия съездларида сўз олиш, ўз фикрини айтиш имкони кун сайин торайиб борарди, сталинчи котиблар уларнинг сўзларини бўлар ва тилини тийишга мажбурлар, масала овозга қўйилганда кўпчилиги Сталин тарафдори бўлган итоаткор делегатлар Бош котибга мақбул қарорларга овоз берардилар. Қарабсизки, бутун мамлакат Сталиннинг қўлига ўтди.

 Сталин ва Гитлер ўртасидаги шартнома

Барча совет фильмларида, китобларида, бадиий ва илмий адабиётларда Совет ҳукуматининг уруш бошланган кунги совет халқига хитобномасининг бошланиши шундай келтирилади: «Немис фашист босқинчилари шартномаларни қўпол равишда бузиб мамлакатимизга босиб кирдилар…» Аммо гап қандай шартномалар ҳақида бораётгани, социалистик мамлакат ҳукумати билан ҳокимиятга келгандаёқ Олмония коммунистларини қириб ташлаган Гитлер ўртасида қандай шартнома бўлиши мумкинлиги айтилмади, бу шартномаларнинг матни ёритилмади, СССР қулагунча сир тутиб келинди.
КПССнинг 1939 йилги XVIII съездида Сталин келгусидаги муқаррар урушда мақсадлари мос келиши мумкинлигини Гитлерга ишора қилиб ўтганди. У фюрерга англо-америкаликлар ва фаранглар Олмония ва Совет Иттифоқини уриштириб қўймоқчи, деб изчил уқтириб келди. Нима учун? Сталиннинг айтишича, Совет Иттифоқи ва Олмония ўртасида уруш бошланса, ғарбдаги демократик давлатлар узоқ урушда советлар ва олмонларнинг кучсизланганидан фойдаланиб, оқибатда уларга ўз ҳукмларини ўтказар эмишлар. Сталиннинг ёзишига кўра, Англия, Фарангистон ва АҚШнинг сиёсати «Олмонияга Оврўподаги ишларига ўралашиб, СССР билан урушга киришиб қолишига халақит бермаслик, урушнинг барча қатнашчилари жангу жадал ботқоғига чуқур ботишига зимдан шароит яратиш, уларнинг бир-бирларини кучсизлантиришига, силласини қуритишга йўл очиш, кейин улар етарлича заифлашганидан сўнг, саҳнага янги кучлар билан, албатта, «тинчлик манфаатларини кўзлаб» чиқиш ва урушнинг кучсизланган қатнашчиларига ўз шартларини ўтказишдан иборат…». «Иттифоқчи»ларнинг Олмония билан эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлиш ҳақидаги огоҳлантиришларини Сталин «шубҳали маш-машалар» ҳисоблайди, унинг фикрича, бундан мақсад «Совет Иттифоқининг Олмонияга нисбатан қаҳр-ғазабини уйғотиш, ҳавони бузиб, Олмония билан асоссиз тўқнашувни гиж-гижлашдир».
Қилинган иқтибослардан ҳам кўриниб турибдики, Сталин ғарбдаги демократик давлатлар ва ғарбий матбуотнинг Гитлер СССРга қарши урушга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги дўстона огоҳлантиришларига атайин қулоқ солмайди (ҳолбуки, бу урушнинг муқаррарлиги ҳақида аллақачон фашистларнинг муқаддас китоби – «Майн кампф»»да ҳам ёзилган эди, эҳ, бу ғаюрлик кейин халққа қанчалар қимматга тушади), тўғрироғи, атайин эшитмасликка олади. Чунки, Сталин, биринчидан, СССР ва Олмония ўртасидаги келгуси «иттифоқ»қа томонларни тайёрлаб ўзи ҳам руҳан тайёрланиб, ўзи ғарб давлатларига тўнкаган ишни ўзи қилишни ният қилади, яъни Гитлерни уларга қарши урушга гиж-гижлайди; иккинчидан, Олмония ва ғарб давлатлари бир-бирини кучсизлантирса, Сталиннинг ўзи бутун Оврўпога Гитлернинг «янги тартиби» ўрнига большавойларнинг «коммунистик тартиб»ини ўрнатмоқчи эди.
Узоқни кўзлаб тузилган бу режа урушдан сўнг қисман амалга ошди, яъни коммунистик тузум Шарқий Оврўпода самарасиз социализмни асримизнинг 90-йилларигача ушлаб турди, айни вақтда, Сталиннинг уруш олдидан Гитлер билан қилган ҳамтовоқлиги СССР халқларига ва дунё ҳамжамиятига даҳшатли даражада қимматга тушди.
Совет Иттифоқи ташқи сиёсатини Оврўпо ва Осиё томон босқинчилик сари кескин йўналтиришга қарор қилган Сталин ўзига муносиб шерик қилиб Гитлерни танлади. Бу, албатта, бежиз эмас. Улар бир тоифадаги тоталитар  тузумларнинг «доҳий»лари эдилар. Ирқий фашизм давлати Гитлер Олмонияси ва синфий фашизм давлати – Советлар Иттифоқининг мақсадлари ҳам бир-бирига мос келаётган эди. «Кўр кўрни қоронғуда топади», - деганларидай, Сталиннинг Оврўпони СССР ва Олмония ўртасида бўлиб олиш таклифи Гитлерга маъқул бўлиши аниқ эди ва 1939 йилда шундай бўлди ҳам. Улар тил бириктириб уруш олдидан Оврўпони қайта тақсимладилар, у ердаги халқлар ва давлатлар иродаси билан ҳисоблашиб ўтирмадилар. 1941 йилда улар ўртасида келиб чиққан уруш эса ўзбекларнинг: «Бир қинга икки қилич сиғмас», - деган мақолига тўғри келади. Икки босқинчининг империалистик иштаҳасига жуғрофий Оврўпо торлик қилиб қолади.
Кремлнинг ниятлари жиддий эканига Гитлерни ишонтирмоқ мақсадида Сталин ўртадаги психологик тўсиқни – СССР ташқи ишлар вазири Литвиновни олиб ташлайди. Маълумки, Максим Литвинов яҳудий эди, «олий ирқ вакили» Гитлер ва унинг ташқи ишлар вазири Риббентроп яҳудий билан музокара олиб боришни истамас эдилар. 1939 йил 4 майда Сталин Литвиновнинг ўрнига Халқ комиссарлари Кенгаши Раиси Молотовни тайинлайди ва унга Олмония билан  битим тузиш учун замин ҳозирлашни топширади. Вазифа оғир эди.
Шўро тарихчилари Иккинчи Жаҳон уруши сабаблари ва оқибатлари ҳақида ёзаётганда «Риббентроп-Молотов пакти»нинг тарихи ва мазмунини сохталаштириб келадилар ёки ушбу пактни бутунлай четлаб ўтадилар. Сохталаштиришдан мақсад аён: Иккинчи Жаҳон уруши бошлангани учун айбни СССРдан олиш ва Сталинни оқлаш. Зеро, айнан 1939 йил 23 августдаги «Риббентроп-Молотов пакти» Оврўпони Гитлер ва Сталин ўртасида бўлиб берди ва Гитлернинг ғарбий Оврўпода эркин ҳаракатланишини кафолатлади, фашистларни уруш олдидан совет стратегик ва ҳарбий-стратегик хомашёлари билан таъминлади. Пакт имзоланган вақтдан озгина вақт ўтар-ўтмас, яъни бир ҳафта ичида Гитлер Иккинчи Жаҳон урушини бошлади, демак, Сталин билан келишуви унга урушни бошлаш имконини берди. Бу бежиз эмас, албатта. Ушбу келишув асосида совет хомашёларини олган Гитлер зимдан СССРга ҳужум қилишга қаттиқ тайёргарлик кўриш имконини қўлга киритди.
СССР эса фашистик Олмония билан «дўстлашгач» (бу «дўстлик»нинг баҳоси Гитлер СССРга қўққисидан ҳужум қилганда билинди), табиий равишда, ғарбий демократик давлатлардан ажралиб, яккаланиб қолди. Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда ўзи бировга қазиган чоҳга ўзи тушди – Гитлер билан дўстлашиб, уни ғарб билан уриштирмоқчи бўлган, кейин ҳаммасининг силласини қуритиб, Оврўпони тўла эгаллашни ният қилган айёр Сталинни ундан-да доғули Гитлер чув туширди, куч тўплаб, советларнинг хомашёси ва ҳарбий ёрдами билан қувватланиб, қўққисидан СССРнинг ўзига ҳужум қилди. Сталин ва совет раҳбариятининг урушолди калтабинлиги совет халқига ва дунёга қимматга тушди. Мақталган совет дипломатияси ефрейтор Адольф Гитлернинг «ноғорасига ўйнади».

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

Олмониянинг Россия билан Ленин тириклигидаёқ бошланган «ҳамкорлиги» фашизмни дунёга келтирди. «Оқлар», «қулоқлар», «босмачилар», «жадидлар», «жосуслар», «халқ душманлари», «ёт унсурлар»… билан фуқаролар урушидан эзилиб чиққан большавойлар Россияси оғир аҳволдан қутулиш учун ўзи ҳам Олмония билан «дўстлашиш» йўлларини излаётган эди. Қолаверса, дунё меҳнаткашлари «социалистик инқилоб»ни, Ленин орзу қилганидай, «шоду хуррам» кутиб олмадилар, «жаҳон социалистик инқилоби» юз бермади. Ривожланган капиталистик мамлакатлар революцион йўлларни эмас, эволюцион йўлни танладилар. «Коммунистик» Россия   ёлғизланиб қолди. Буни немислар сездилар ва дарҳол фойдаландилар.
Большавойларнинг илк қадамларидаёқ маълум бўлдики, инқилобни амалга оширган меҳнаткаш халқ озод бўлмайди, чоризм зулми большевизм зулми билан алмашади, холос. Бой ва помешчиклар ўрнига – райком ва обкомлар, миршаб тўралар ўрнига – чекистлар, қози-калонлар ўрнига – «тройка» судлари, муллалар ўрнига агитаторлар келдилар. Оқ подшо мардикорчиликдан бош тортганларни Сибирга сургун қилар эди, «қизил подшо» – Ленин, Сталин бутун халқни текин ишлайдиган мардикорга айлантирди, «миқ этиб» гапирганларни булар ҳам Сибирга сургун қилаверди. Чоризмни қулатиб Қўқон мухторияти каби мустақилликни орзу қилган барча халқлар «инқилоб»дан сўнг зўрлаб яна Россия таркибига қайтарилди.
Россияда «қардошлик», «биродарлик», «тенглик» шиорлари остида коммунистик фашизм – партиявий монархия ҳокимиятга келганини хорижий давлатлар сездилар ва Россиядан чўчий бошладилар. СССР ва Олмониянинг – Сталин ва Гитлернинг «ҳамкорлиги»га бу ҳам  бир сабаб бўлгани шубҳасиздир.
Россия немисларнинг моддий ва техникавий ёрдамидан умидвор эди, Олмония эса Версал шартномасига кўра немис давлатида фаолият юритиши ман қилинган ўта махфий ҳарбий базаларини Россия ҳудудида жойлаштириб, яширин тарзда қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва синаб кўришга қарор қилди. Кейинчалик рейхсвернинг собиқ генерали Кюллентал бу ғояни жуда аниқ ифодалади: «Олмониянинг ўзида янги қурол турларини ишлаб чиқариш, шунингдек, офицер ходимларни тайёрлаш мумкин бўлмаган бир пайтда Россия тажриба ва ўқув учун қулай жой сифатида ўта муҳимдир».
Ҳатто ефрейтор Адольф Гитлер ўзининг «Майн кампф» (1925-1927) китобида «немисларнинг ҳудудий муаммолари Шарқда, Россия ва унга қарам давлатлар ҳисобига ҳал этилиши» ҳақида очиқ ёзганидан кейин ҳам Россия ва Олмония ўртасида ҳарбий ҳамкорлик давом этаверган.

Аниқ ҳарбий ҳамкорлик қачон бошланган?

Кейинги маълумотларга қараганда, қонхўр тузумлар ҳарбий ҳамкорлиги Ленин ҳаётлигидаёқ – 1923 йилда бошланган. Шу йили Олмониянинг «Юнкерс» фирмаси СССР ҳудудида ўз авиазаводини қуришга киришади. Олмония ҳарбий министрлиги вакилининг эътирофига кўра, бу завод «немис авиасаноатининг таянчи» бўлган. СССРда чиқарилган ана шу «Юнкерс» самолётлари кейинчалик совет шаҳар ва қишлоқларини вайрон қилди, халқимиз устидан ажал уруғларини сепди. 1924 йилда эса немислар совет саноатига уч дюймли жанг қуроллари учун 400.000 дона снаряд ясаб беришга буюртма берадилар ва 1926 йилда буюртманинг ҳаммасини оладилар. Кейинчалик бу снарядлар совет шаҳри ва қишлоқлари устига ташланади, уларнинг баъзилари уни ясаганларнинг устига ҳам тушган бўлса, ажаб эмас.1924 йилда Липецкдаги учувчилар олий мактаби замирида немис рейхсверининг «Липецк» деб аталган махфий авиация мактаби очилади, уни ниқоблаш мақсадида «Қизил Ҳаво Флоти авиация қисмининг 4-эскадрильяси» деб расмийлаштирадилар. Ворошилов (ҳарбий қўмондон, кўп йиллар СССР Мудофаа министри бўлиб ишлаган) эътироф этганидай, бу мактаб «рейхсвер учун яхши натижалар берди, айни пайтда, биз афсуски, унинг мавжудлигидан ҳеч қандай фойдалана олмадик». Немис учувчиларини СССРда тайёрлаш дастури кейин СССР билан урушда асқотган барча кўникмаларни ўз ичига олганди: самолётларни ерда ва ҳавода бошқариш, бомба ташлашни автоматлаштириш, ҳаводан туриб ҳаводагиларни ва ердагиларни катта ҳажмдаги милтиқлардан отиш малакасини эгаллаш, алоқа воситаларини такомиллаштириш ва ҳоказо соҳалар бўйича совет олимлари немис учувчиларини 1924 йилдан бошлаб изчил ўргата бошладилар. Мактаб 1933 йилга келиб бекилгунча, ўн йил давомида 130 немис учувчиси СССРда ҳарбий малакаларини оширдилар ҳамда кейин Олмонияда ўз тажрибаларини бевосита минглаб немис учувчиларига ўргатдилар. Немислар Иккинчи Жаҳон уруши олдидан дарҳол кўп сонли ва юқори малакали ҳарбий учувчилар тизимини шакллантирганининг «сири» ана шундадир. Кейин бу «ўқувчилар» совет ҳудудига мўр-малахдай ёпирилиб «устозлари»ни қон қақшатдилар. Бизда ўқиганлари учун улар бизнинг авиациямиз ва ҳимояланиш тизимининг ютуқ ва камчиликларини, ожиз томонларини яхши билардилар. Бу уларга асқотди.
Мисол учун, урушнинг илк даврида Севастополни ҳимоя қилиш қатнашчиси, 1-тоифа капитани А.Евсеевнинг махфий хабарларидан бир парчани ўқиб кўрайлик: «Севастополга душман самолётлари ўнлаб, юзлаб ёпирилдилар. Севастополга самолётлардан юзлаб, минглаб бомбалар ёғилди. Немислар энди бизни ҳеч нарса билан ҳайратлантиролмасдилар. Самолётлар сонини улар меъёрга етказган эдилар. Самолётлар кўплигидан Севастопол осмонига сиғмай қолаётган эди… Улар шу қадар кўп ва шу қадар зич эдики, ҳавода буралиб ололмасдилар, ҳатто самолётлар бир-бирини туртиб кетган пайти ҳам бўлди». Улар қон тўкиб, ўз устозларига яна бира «имтиҳон» топшираётган эдилар.
Орқароққа қайтайлик. 1926 йилда немислар СССРнинг Қозон шаҳрида «Кама» номли махфий танкчилар мактабини ташкил этишга киришдилар. Немис қўмондонлари ўша пайтдаёқ танклар қўшинларнинг алоҳида турига айланиб, мустақил вазифаларни бажаришга қодир бўлишини кўра олдилар. Немис тарихчиларининг ўзлари тан олганларидай, бу мактабларда таълим олган танкчилар Липецкда ўқиган немис учувчилари сингари тезда немис танк қўшинларининг яратилишини таъминладилар. Совет ҳарбий мутахассислари Иккинчи Жаҳон уруши олдидан немисларни танкчиликнинг барча сир-асрорларига ўргатдилар. Совет танкларининг турлари, уларнинг қурол-аслаҳалари, ўқ-дорилари, бошқа турдаги қўшинлар билан ўзаро мувофиқ ҳаракатланиш, тоғларда ҳаракатланиш, жанг пайтида тузатиш ва бошқа зарур билимларни эгаллаган немислар кейинчалик бу билимлардан совет қўшинларига қарши жангларда моҳирона фойдаландилар, ахир улар совет қўшинлари тактикаси ва стратегиясини, ҳарбий имкониятлари ва имконсиз жиҳатларини яхши билардилар-да…
Бугун сир эмаски, айни шу мактабда бўлғуси вермахт генерал-полковниги, 1941 йилда немис танкчи армиясининг қўмондони бўлган Г.Гудериан таълим олган. Кейинчалик у танк қўшинларидан фойдаланиш борасида қўлланма китоблар ҳам ёзади. Айни пайтда уруш олдидан бевосита империя пойтахти – Московда немис офицерлари ҳарбий малакаларини оширган эдилар. Улар орасида кейинчалик вермахтнинг улкан ҳарбий қўмондонлари бўлган Модел, Браухич, Кейтел, Манштейн ва бошқалар бор эди.
Тақдир ўйинини қарангки, уларнинг Московда олган билими Московга қарши урушда ишга тушди. Бу урушда халқ катта матонат кўрсатди, аммо урушнинг узоқ ва оғир кечгани, қурбонларнинг ҳаддан зиёд кўп бўлгани ҳам сир эмас. Бу урушнинг келиб чиқиши ва фожеавий оқибатлари сабабларидан бири ана шу – Ленин ва Олмониянинг «ҳамкорлиги», Сталин ва Гитлернинг урушолди «дўстлик шартномалари» эди. СССРнинг шаҳар ва қишлоқлари шу шаҳарларда қурилган «Юнкерс» самолётларида ўққа тутилди, бу самолётларни Липецкда таълим олган учувчилар бошқардилар, совет ерларини «Кама» мактабида таълим олган танкчилар оёқости қилдилар, эл бошига шу ерда тайёрланган бомбалар ташланди.
Немис рейхсверининг СССРдаги энг махфийлаштирилган маконларидан бири Самара вилоятининг Вольск шаҳри яқинидаги «Томка» номли кимёвий уруш мактаби эди. Бу ерда ҳам, Версал шартномасига хилоф равишда, 1926 йилдан бошлаб қўшма кимёвий тажрибалар ўтказилди. «Томка»да артиллерия, авиацияда заҳарли моддаларни қўллаш усуллари синовдан ўтказилади, заҳарланган жойни зарарсизлантириш воситалари ва усуллари ишлаб чиқилади. Заҳри қотил моддаларни синаш учун немислар бу мактабда янги танклар, асбоб-ускуналар, кимёвий моддалар билан таъминланади. 1926 йилнинг 31 декабрида (Янги йил байрамида «совға»!) И.Уншлихт Иосиф Сталинга шундай хабар беради: «Ўта махфий Дастурнинг биринчи қисми тўла бажарилди. Суюқликни турли баландликлардан сепиш бўйича қирққа яқин учишлар ўтказилди…  Тажрибалар авиацияни заҳарли моддаларни сепишда кенг қўллашнинг тўла имкониятлари борлигини кўрсатди. Мутахассисларимизнинг таъкидлашича, бу тажрибалар асосида шундай хулоса қилиш мумкинки, авиация орқали опритдан тирик нишонлар (яъни, инсонлар – К.Б.), жойлар ва аҳоли яшайдиган қўналғаларни заҳарлашда фойдаланиш техникавий жиҳатдан мумкин ва катта қимматга эга».
Худога шукурки, бу «катта қимматга эга» заҳарли дорилардан Иккинчи Жаҳон урушида фойдаланилмади. Аммо даҳшатлиси шундаки, нацизм ва социализм доҳийлари дунё ҳамжамияти ман қилган усуллар билан – заҳарли дориларни «тирик нишонлар» – одамлар, жониворлар, табиат устидан сепишдан тап тортмас эдилар. Урушдан олдин ҳам, кейин ҳам совет ҳукумати бундай тажрибаларни бир дақиқа тўхтатмади.

Сталин ва Гитлернинг қонли битими Иккинчи Жаҳон уруши бошланишига сабаб бўлди

Айтиб ўтганимиздай, савдо шартномаси тузиш ғояси немислардан чиққан бўлса, сиёсий шартнома тузиш ғоясини советлар олдинга сурганлар. 1939 йилда – уруш олдидан – немислар билан сиёсий битим тузишга эришиш мақсадида Сталин ҳукумати СССР учун фойдасиз бўлган, аксинча, катта зарар келтирадиган, иқтисодий-ҳарбий жиҳатдан  мамлакатни кучсизлантирган савдо шартномасини имзолашга рози бўлди, шунингдек, СССРнинг мудофаа манфаатларига зид равишда,  бўлғуси муқаррар  ҳарбий ғанимларни – немис фашистларини 1939-1941 йиллар давомида стратегик хомашё билан таъминлаш  мажбуриятини ҳам олди.
Совет Иттифоқи Олмонияга 1939 йилдан бошлаб дон (яъни, нон), нефть, платина, фосфор ва бошқа хомашёларни жўната бошлади. Микоян билан савдо шартномасини имзолаган доктор Шнурре Берлинга бу ҳақда хабар қилар экан, бу хомашё «биз учун (урушга тайёрланаётган фашистлар учун – К.Б.) тилло баҳосига тенг», - деб ёзади. Ўзининг ушбу биринчи ютуғидан илҳомланган Риббентроп Московга иккинчи ғалабага эришиш учун – Кремл билан келишиб, Оврўпо картасини Гитлер хоҳлагандай хомталаш қилиш ишончи билан келади. У хато қилмаган эди.
1939 йил  23 август… Сталин раҳбарлигидаги Сиёсий Бюро иштирокида Риббентроп ва Молотов «СССР ва Олмония ўртасида ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартнома»ни имзолайдилар.
Шартномага Кремлда тузилган, аввалроқ Берлинга ҳам жўнатилган «Махфий қўшимча протокол» илова қилинади. Унинг мазмунига кўра Гитлер ва Сталин бошқа бир давлатни – Полшани бўлиб оладилар.  Этнографик Полшани Олмония протекторат сифатида  эгаллайди, унинг ғарбия вилоятлари – ўарбий Украина ва Ғарбий Белоруссияни СССР босиб олади. Сталин Гитлернинг Ғарбий Оврўпода бемалол ҳаракатланишини тан олади. Бунинг эвазига Совет Иттифоқи Бессарабияни, Шимолий Буковинани, Болтиқбўйи давлатлари ва ҳатто Финляндияни СССРга қўшиб олиш ҳуқуқини қўлга киритади. Имзолаш маросимидан сўнг Сталин ва унинг ҳамтовоқлари иштирокида Молотов Риббентроп шарафига тўкин-сочин зиёфат беради.
Бу кимсалар - қандайдир тўрт-беш дақиқа ичида қаламнинг бир тортилиши билан бешта мустақил давлатнинг тақдирини чизиб ташлаган калтафаҳмлар тарихда мисли кўрилмаган дунёвий фожеани бошлаганларини яхши билардилар, Уруш аслида шу дақиқалардан бошланди. Бу дунёвий фожеанинг изи жаҳонда «социализм» мағлуб бўлгунга – ХХ аср охиригача етди. Шунга қарамай, улар мустақил халқларнинг фожеасини ўз ғалабалари сифатида байрам қилиб ўтирардилар. Увулдириқ ердилар, шампан ичардилар, табрик сўзларининг кети узилмасди. Бир табрик сўзи ҳатто тарихга ҳам кирган. Бу келишиб олинмаган тасодифий табрик сўзи ҳақида Риббентроп тезда фюрерга хабар қилган. Сўзни Сталин гапирган эди: «Мен немис халқи ўз доҳийсини қанчалар кучли севишини биламан. Шунинг учун мен унинг соғлиғини  тилаб ичаман».
Яҳудийларни концлагерларда қиришга киришган нацист, антисемит Риббентроп зиёфатда яҳудий Каганович билан қадаҳ чўқиштиради. Тасаввур қилинг! Инсоният тақдирининг савдогарлари – берлинлик ва московлик қароқчилар оғиз-бурун ўпишмоқдалар.
Риббентроп ва Гитлер большевизмни «қардош» билган фашистлар сифатида якка эмасдилар. Фашизмнинг руҳий даҳоси Бенито Муссолинининг ўзи ҳам сталинизмни фашизмнинг бир тури деб биларди. У 1939 йил октябрида салмоқли этиб шундай деганди: «Россияда большевизм тугади, унинг ўрнига славянча фашизм келди». Коммунистлар ҳам фашистларга хайрихоҳ эдилар. Сталин дилидагини Молотовга тили билан айтишни топширади: «Гитлеризм мафкурасини, ҳар қандай бошқа мафкуравий тизим каби, эътироф ёки инкор этиш мумкин… Аммо гитлеризмни йўқотиш учун урушиш – нафақат беъманилик, ҳатто жиноятдир».Сталин 1939 йилда Гитлер билан тузган битимини оқлаш учун шундай маънисиз тахминни олға суради: гўё Совет Иттифоқи бу битим туфайли Олмония билан урушга тайёрланиш учун икки йил (1939-1941) ютган. Ахир совет давлати икки йил эмас, йигирма икки йил (1917-1939) урушиб, урушга тайёрланиб келди?! Хўш, 1939-1941 йиллар давомида урушга қандай тайёргарлик кўрилди? Бир томондан, Гитлер билан шартномалар натижасида бўлуси ғанимлар – немис фашистлари ҳарбий-стратегик хомашёлар билан таъминланди, иккинчи томондан, минглаб ҳарбий кадрлар, совет армиясининг қўмондонлари уруш арафасида «халқ душманлари» сифатида қамалди ва отиб ташланди, армия ва халқ бошсизланди, «ўзбошимча»лар йўқотилди. Сталиннинг бошидан бошқа бош тикка қолдирилмади. Тайёргарлик шуми?
Гитлернинг ҳарбий-стратегик хомашёларга эҳтиёжини қондириш учун нафақат СССРдан, балким СССР орқали, унинг ҳудудидан бошқа давлатлардан олинган хомашёларни ўтказиш мақсадида 1940 йил 10 февралда яна бир СССР манфаатларига хилоф совет-олмон битими имзоланди. Томонларни маҳсулотларни етказиб бериш муҳлатлари ҳам қизиқарлидир. Шартномага кўра, немислар маҳсулотларини (машина ва аслаҳалар) 27 ой давомида етказиб беришлари зарур бўлган бир пайтда, Совет Иттифоқи ўз маҳсулотларини 18 ой (?!) ичида етказиб бериши керак эди. Нега? Чунки советлар хомашёсини олиб бўлган заҳоти (17-18 ой ўтгач – 1941 йил 22 июнда) немислар уруш бошлайдилар ва советларга шартнома бўйича нарса қайтаришларига ҳожат қолмайди. «Коммунизм» ва «жаҳон инқилоби» ғоялари билан банд бўлган «доно» Сталин ва совет раҳбарларининг шартнома муҳлатларидаги бу оддий жумбоқни ечишга ҳам ақллари етмаган. Ҳолбуки, бошқа огоҳлантиришларни қўйиб турганда ҳам, шу муҳлатларнинг ўзиёқ немислар советларга қарши урушни 1941 йил ёзига мўлжалланаётганини аниқ кўрсатиб турарди.
Бундан ташқари, шартнома бўйича Москов ўз зиммасига немислар учун учинчи давлатлардан металл ва бошқа хомашёларни сотиб олиш мажбуриятини ҳам қабул қилади. Гап шундаки, немис фашизмининг ҳарбий қудрати ошаётганидан хавотирга тушган Оврўпо давлатлари Олмонияни иқтисодий қуршовга оладилар, унинг кучайиб кетиб, уруш бошламаслиги учун фашистларга хомашё сотмайдилар ва ўз ҳудудларидан немислар юк олиб ўтишига ҳам рухсат бермайдилар. Хусусан, Англия Олмонияга иқтисодий қамал эълон қилган эди. Агар СССР ҳам буларга қўшилганда эди, Олмония кучга тўлиб, урушни бошламасди, жаҳон халқлари, шу жумладан, совет халқи ҳам йигирма беш миллион қурбонни бермасди. Фашизмнинг босқинчи, қонхўрлигини била туриб, Сталин бошчилигидаги совет раҳбарлари Гитлер билан шартномалар туздилар, хомашё сотдилар, ҳарбий мадад бердилар ва бунинг оқибатида СССР кўмаги билан ҳарбий жиҳатдан қудрати ошган Гитлер фашизми Жаҳон урушини бошлади. Дунёнинг бошига тушган, шу қаторда, халқимизнинг ҳам ёстиғини қуритган фашизм урушида Сталин ва совет тузумининг катта айби бор. Уруш олдидан тузилган Сталин-Гитлер шерикчилиги бу улкан хатоларнинг биридир.
Совет Иттифоқи немислар Манчжурия, Афғонистон, Эрон, Руминиядан сотиб олган маҳсулот ва хомашёларни ўз ҳудудидан ўтказишга рухсат беради. Бу янги 1940 йил 10 феврал битими ҳақида доктор Шнурре Берлинга ғолибона хабар бериб, шундай ёзган эди: «Шубҳасиз, СССР, бу иқтисодий жиҳатдан унга мақбул бўлмаса-да, катта нарсалар бермоқда, ушбу маҳсулотларни у қисман ўз халқи таъминотини қисқартириш ҳисобига бермоқда. Бу битим биз учун Шарқ мамлакатларига очилган дарвозалар демакдир». Хулоса шуки, совет кишиларининг “оғзидан юлиб» фашистларга берилган маҳсулотлар гитлеризмнинг ҳарбий қудратини оширди, таъминоти қисқарган совет халқи уруш бошида қарши туролмади, қурбонлар, асирлар сон-саноқсиз бўлди, немислар тез суратда ҳарбий жиҳатдан қолоқ СССР ичига чуқур киришга муваффақ бўлдилар.
Энг ҳайратланарлиси шундаки, Сталин шартномага кўра бериладиган стратегик хомашё ва маҳсулотларни Олмонияга етказишда сахий ва содиқ бўлгани сари Гитлер СССРга маҳсулот қайтаришда хасис ва тайинсиз бўлиб борди. Кремл бу ҳақда шартномани имзолаган Шнурре жанобларига нолиб ҳам кўрган. Шнурре шартномага кўра немислар СССРга етказиши лозим бўлган маҳсулотларнинг тўхтатилганини сабабини биларди. Яъни, Олмония СССРга қарши уруш очиши аниқ эди. Немис ҳукумати атайин шундай ҳаракат қилаётганди.  Шнурренинг эътироф этишича, «рейхсмаршалл Герингнинг СССРга совет ҳарбий қудратини бевосита ёки билвосита оширадиган маҳсулотларни бермаслик ҳақида кўрсатмаси мавжуд эди». СССРга ҳужум қилиш «Барбаросса» режаси советлар билан «Риббентроп-Молотов пакти» имзоланаётган пайтдаёқ Гитлернинг миясида пишиб етган эди. Демократик давлатларда бу ҳақда очиқ гапираётгандилар, фақат «буюк даҳо ва халқлар отаси» Сталин берлинлик сиёсат ефрейтори Гитлернинг ёвуз ниятини англаб етолмади.
Худди шу сабабли ҳам 1941 йил 22 июн тонгида СССРда тайёрланган совет бензинини ёқиб, СССРда ишлаб чиқарилган «Юнкерс» самолётлари СССРда, Липецкда ўқиган немис учувчилари бошқарувида совет шаҳар ва қишлоқларини советлардан сотиб олинган бомбалар билан вайрон қила бошладилар. Уларнинг ортидан совет ёнилғиси билан тўла танкларни советларнинг Қозондаги «Кама» ҳарбий мактабида таҳсил олган немис танкчилари бошқариб келардилар. Уларнинг изидан совет буғдойидан бўлган нонни чайнаб немис пиёда аскарлари ёпирилиб кирдилар.
Сталин ва Гитлернинг жинояткорона қонли битими Иккинчи Жаҳон уруши бошланишига сабаб бўлди.

Сталиннинг «буюк тозалаш» ишлари

«Буюк тозалаш» давомида Сталин ўзининг душманлари тугул, душман бўлиши «эҳтимол» бўлганларни ҳам батамом йўқ қилди, мамлакатнинг ақли, тафаккури, куч-қуввати, онги йўқотилди.

1934-1939 йиллар давомида кечган «буюк тозалаш»ни одатда  уч босқичга бўладилар:

1)  Ягода қатағони: 1934-1936 йиллар;
2)  Ежов қатағони: 1936-1938 йиллар;
3)  Берия қатағони: 1938-1939 йиллар.

«Буюк тозалаш»нинг баҳонаси – Кировнинг ўлими бўлди. Уни Сталиннинг ўзи махсус уюштирди. У ҳамкасбларининг фазилатларини ўз шахсий иллати сифатида қабул қиларди. Кировнинг қўрқув билмаслиги, сталинча ибора билан айтганда, «темир чидами», ўктамлиги «халқлар отаси»нинг ғашини келтирарди. Қолаверса, Киров Сталиннинг «қиммати»ни биладиган одам эди. Унинг эл орасидаги обрўси Сталинникидан кам эмасди, инқилобчилар орасида эса уни ҳатто юқори ҳам қўйишарди. Кировни Троцкий, Бухарин, Каменев, Зиновьевлар каби «халқ душмани» деб эълон қилишни халқ қабул қилолмасди. Сталин уни маънавий-сиёсий жиҳатдан йўқотишнинг иложини тополмай, жисмоний йўл билан йўқ қилди.
Кировни Сталин ўз жосуслари қўли билан ўлдирди ва бу «мислсиз қотиллик»ни «инқилоб ва социализм душманларининг иши» деб халққа эълон қилди. Қатағонлар тугади, «душманлар»ни ўлдириб бўлдик, дея нафас ростлаётган халқ Кировнинг ўлимидан сўнг: «Йўқ, ҳали халқ душманлари кўп экан, Кировни ўлдиришди, уларни таг-томири билан ўлдириш шарт», - деган фикрга келиши керак эди. Сталин шуни кутарди. У ҳам Кировдан қутулди, ҳам «янги тозалаш»ларга баҳона топди…
Ягода юз минглаб совет кишиларини йўқ қилди, совет раҳбарларини отди. Унинг қурбонлари орасида Киров, Куйбишев, Менжинский, Максим Горький каби «атоқли мурда»лар, Зиновьев ва Николаев гуруҳининг арбоблари бор эди… Қилган хизмати учун мукофот кутаётган Ягодани Сталин отишга буюради: «халқ отаси» қатағонларни унга тўнкайди, уни ўлдириб, жиноятларининг изини яширади. Ягоданинг издошлари Ежов ва Берияни ҳам шундай қисмат кутади. Сталин буйруғига кўра Кировни отган ва бу қотилликни «халқ душманлари»га тўнкаган Николаевни ҳам Сталин ўлдиртиради. Гитлер ҳам ўз кўрсатмасига кўра Рейхстагда ёнғин уюштирган ва «коммунист қўпорувчилар»га тўнкаган дўсти Эрнест Ремни йўқотганди ва жиноятларини изини беркитганди. Ҳа, қотилларнинг усули бир-бирига ўхшайди.
Сергей Киров ўлимидан беш ой ўтганидан сўнг – 1935 йил 13 майда ВПК (б) Марказий қўмитаси миллионлаб кишилар ҳаётига дахлдор тўрт муҳим ҳужжатни  қабул қилади. Уларнинг деярли барчаси махфий сақлаб келингани учун бугун ошкор қилиниши керак:

1)  СССРга қарши ғаразли муносабатда бўлган давлатларга қарши эҳтимоли бўлган урушга мамлакатни тайёрлашга раҳбарлик қилиш учун Сиёсий бюронинг «Мудофаа комиссияси» тузилади. Унинг таркибига Сталин, Молотов, Ворошилов, Каганович ва Оржоникидзе киради.
2)  «Халқ душманлар»ини йўқотишга раҳбарлик қилиш учун Сиёсий бюронинг «Алоҳида Хавфсизлик комиссияси» тузилади. Унинг таркибига Сталин, Жданов, Ежов, Шкирятов, Маленков ва Вишинский киради.
3)  Бутун партияда иккита текшириш олиб борилади: а) партия барча аъзоларининг ҳужжатларини парткомлар орқали ошкора текшириш; б) ҳар бир партия аъзосининг сиёсий шахсини НКВД орқали махфий текшириш.
4)  Партиянинг ҳар бир аъзоси ва аъзоликка номзодга яширин хат билан мурожаат қилиниб, «большевикларча ҳушёрликни ошириш», «халқ душманларини шафқатсиз фош этиш ва йўқ қилиш» зарурлиги уқтирилади.

  Ушбу қарорлардан биргинаси, унинг ҳам партия ҳужжатларини ошкора текшириш ҳақидаги қисми чоп этилади, холос. Қолгани махфийлаштирилади. Сталиннинг сиёсий қассобхонаси ўз партияси, халқи ва давлатига қарши махфий урушга киришади. Кировнинг ўлими шу мақсадда ташкил қилинади. Ёвуз Сталин «совет халқининг маънавий-сиёсий бирлиги»ни таъминлаш учун «буюк тозалаш»га – яна халқни қиришга киришади.

СССРнинг барча эркак аҳолиси ва аёлларнинг зиёли қисми НКВД идоралари орқали зиёлилар, ишчилар ва деҳқонлар сифатида уч гуруҳга бўлиб, яширин сиёсий текширувдан ўтказилади. Бу ижтимоий тоифаларнинг ҳар бири бўйича йўқ қилинадиганларнинг сони батафсил фоиз ҳисобида белгиланади. Қатағон қилиш учун муфассал «белгилар жадвали» ишлаб чиқилади. Қамаш ва отишнинг плани ва муддати районлар, вилоятлар, ўлкалар ва миллий республикалар бўйича белгилаб чиқилади. План бўйича «тозалаш» зарур бўлган тоифалар қуйидагича белгиланади:

а) аввал йўқ қилинган собиқ душман синфларининг қолдиқлари (собиқ бойлар, буржуйлар, чоризм амалдорлари, зобитлари, уларнинг авлодлари);
б) большевизмга қарши бўлган партияларнинг собиқ аъзолари, «оқлар», «босмачилар», эсерлар, меньшевиклар, кадетлар каби собиқ ғайришўровий ҳаракат ва ташкилотларнинг қатнашчилари ва уларнинг авлодлари;
в) дин пешволари, муллалар, тақводорлар ва уларнинг авлодлари;
г) собиқ қулоқлар ва қулоқваччалар;
д) 1918 йилдан буён ўтган барча ғайришўровий норозилик исёнларининг қатнашчилари (аввал оқланганидан қатъий назар);
е) партия ичидаги ғайрифирқавий ҳаракатларнинг, яъни фракцияларнинг собиқ қатнашчилари (ҳозирги тутган мавқеи ва ВКП (б) аъзолигидан қатъий назар);
ж) СССР миллий республикаларидаги миллий-демократик ва миллатчи партиялар ва ҳаракатларнинг собиқ аъзолари.

Ушбу санаб ўтилган тоифалардан совет жамиятини «тозалаш» учун уларнинг (туғилишига, тарбиясига, эътиқодига кўра) «собиқ»лиги «ҳуқуқий асос» этиб кўрсатилган бўлса, Сталин қатағон қилиниши керак бўлган яна бир тоифани ўйлаб топадики, энди бу гап билан исталган одамни айблаш мумкин. Сталин фикрича «антисовет кайфиятдаги шахслар» ҳам йўқ қилиниши керак. Бу «айб» остида энди ялангоёқ ишчиларни ҳам, колхозчиларни ҳам, қизил профессорларни ҳам, большевойларни ҳам, партизану жангчиларни ҳам, генералу маршалларни ҳам, сартарошу фоҳишаларни ҳам қамайверса бўлади. «Антисовет кайфият» нима эканини чекистлар билганча талқин этаверадилар. Айтилган ҳар қандай гап «тузумга қарши» талқин этилаверади. Танқид қилсанг – «туҳматчи» бўласан, мақтасанг – «айёр, иккиюзламачи», «асл ниятини яшириш учун хушомад қилувчи» ҳисобланасан. Жим ўтирсанг ҳам қўйишмайди – «халқ душманларига қарши курашмайди, пассив», «биз билан эмас экан, демак, душманларимиз томонда бўлса керак», дея гумон қилишади. Барибир чекистларнинг қўлидасан.
Қатағон тиғи юзлаб, минглаб эмас, миллионлаб одамларни мўлжаллаб боради. Қурбонларнинг кўплигидан «айбдор»ларни совет юридик идораларининг тартибига кўра ҳуқуқий ҳужжатлаштиришга ҳам улгурмайдилар, НКВД қошида «Особое Совещание» («Алоҳида Мажлис») тузилади, республикалар, ўлкалар ва вилоятларда маҳбусларни сиртдан (яъни, ўзини кўрмай, сўроқ қилмай, суриштирмай) суд қилувчи фавқулодда «тройка»лар («учлик»лар) ташкил этилади.
Матбуотда «халқ душманларини фош этиш ва йўқ қилиш» мавсуми олиб борилади. Барча газеталарнинг учдан икки қисми «халқ душманларини фош қилиш» билан доимий банд эди. Партияга аъзо бўлган-бўлмаган ҳар бир совет кишиси «онгли» эканини исбот қилиш учун «халқ душмани»ни топиб, «фош этиши» керак эди, бу жосуслигини «шон-шараф иши» деб қабул қилиши лозим эди. Бир маҳбусдан: «Нега қамалгансиз? – деб сўрашганда: «Дангасалигим учун…» – деб жавоб берибди. Кейин тушунтирибди: «Бир ошнам билан мусаллас ичиб, совет тузуми ҳақида гаплашиб ўтирдик. Гап орасида бир-икки латифа ҳам айтилди. Кейин тарқалишдик. Мен кечаси суҳбат мазмунини ёзиб қоғозга тушириб қўйдим, эрталаб НКВДга олиб бормоқчи эдим. Тонг саҳарда эшигимни бузиб кириб, мени қамоққа олишди. Дўстим кечкуруноқ ёзиб олиб борган экан… Мен  эринчоқлик қилиб эрталабга қолдирибман». Озроқ баҳона бўлса, кифоя – қаматиб юборишаверади, чунки юқоридан план бор. Одамларнинг бир-биридан гина-кудурати ҳам ишга тушади. Масалан, хоразмлик бир маҳбуснинг «жиноий иши»дан маълум бўлишича, «айбдор» қизини қўшнисининг ўғлига бермаган. Қўшниси уни «антисовет гапларни гапирди», деб ёзиб, қаматтириб ва оттириб юборади.

Ежов ўрнига Берия: ёмғирдан қочиб қорга тутилган халқ

Ежов  халқ орасида оммавий равишда «душман синфлар қолдиқларини бартараф этиш» вазифасини уддалади, аммо Московдаги сиёсий жараёнлар оғир кечди. Йирик давлат арбобларини синдириш, улардан «халқ душмани» ясаш қийин бўлди. Сталин Ежовга яна икки вазифани юклади: биринчидан, «ёндош бухаринчилар маркази»ни ташкил этиб, Сиёсий бюрода Сталиннинг ёнида ўтирувчи Косиор, Чубар, Эйхе, Рудзутак, Постишев, Петровскийларни қамаш ва суд қилиш; иккинчидан, «ёндош ҳарбий марказ» тузиб, маршаллар Егоров, Блюхер ва бошқаларни қамаш, суд қилиш ва йўқотиш (уруш олдидан!). Ежов бу одамларни суд қилишда қийналди. Хрушчевнинг айтишича, партия Марказқўмнинг XVII cъездида сайланган 139 аъзоси ва  номзодидан 98 киши, яъни 70 фоизи кейинги съездгача қамоққа олинган ва отиб ташланган. Уларнинг кўпчилиги 1937-38 йилларда ўлдирилган. Ҳарбий кишилар ёпиқ ҳарбий трибуналларда суд қилиниб, отиб ташланарди (улар немис фашистлари билан урушдан олдин отилганлар, суд ёпиқ бўлгани сабабли, адолат «талаблари»га риоя қилинмаган). Одамлар рўйхатларга кўра отилаверган. «Рўйхатлар олдиндан тайёрлаб қўйиларди. Ежов бу рўйхатларни одатда шахсан Сталинга жўнатар, Сталин таклиф қилинаётган жазони шахсан тасдиқланарди. 1937-1938 йилларда Сталинга 383 та рўйхат берилган, уларда минг-минглаб партия, совет, комсомол, ҳарбий ва хўжалик ходимларининг исми келтирилган. Сталин бу ўлим рўйхатларини шахсан тасдиқларди». Халқнинг жисмонан кучли, ақлан комил қисмининг ўлдирилиши айнан уруш олдидан ўтказилганини назарга олсак, урушнинг бу қадар оғир бўлгани, ғалаба бизга ададсиз қурбонлар эвазига келгани сабабини тушунамиз. Қатағонларнинг даҳшатли оқибатлари, айниқса, Иккинчи Жаҳон урушининг дастлабки давридаги қурбонлар, мағлубиятлар уруш олдидан Сталин минглаб ҳарбийларни қатағон қилганлиги сабабли юз берган эди. Қатағон йилларида, айниқса, 1934-1939 йилларда нафақат урушда аскар бўладиган халқ, балким ҳарбий кадрлар, рота ва батальонларнинг қўмондонлари, қўшин раҳбарлари қамаб, отиб ташланди. Рокоссовский, Мерецкий, Подлас каби буюк саркардалар уруш бошланганда «халқ душмани», «совет тузумининг душмани» сифатида қамоқларда ўтирган эдилар. Улар турмадан чиқиб урушга кирдилар. Афсуски, юзлаб қўмондонлар ҳарбий саркардалар урушгача қамоқхоналарда ўлдириб юборилди. Армия урушгача бошсизлантирилди. Ҳолбуки, донолар фикрича, «жангда сон билан эмас, сифат билан» енгмоқ мумкин.
Қотил Ежов ҳам отилади, унинг ўрнига НКВД раҳбари бўлиб, Лаврентий Берия келади. Энди у оммавийликка мўлжалланган ошкора, шов-шувли суд жараёнари ўтказмайди, ёпиқ, яккама-якка қийноқларга солади, қоғозбозлик, расмиятчилик ҳам қилиб ўтирмайди, сўров-истовсиз отаверади. Аввал отиб, кейин «ҳукм» чиқарган пайти ҳам бўлган. Сталин ва Берия энди халққа тушунтириб ҳам ўтирмайдилар, номига бўлса-да, ҳуқуқий нормаларга ҳеч ҳам риоя қилиб ўтирмайдилар.Айниқса, уруш пайтида ва ундан сўнг Берия Сталин раҳбарлигида «юксак малакали» қотилликка қўл уради – энди бутун-бутун халқлар Сибирга ва Туркистонга сургун қилинаверади: чеченлар, ингушлар, қалмиқлар, қорачойлар, болқорлар, қрим татарлари, волгабўйи немислари, месхети турклари, болтиқбўйи халқларининг анчагина қисми ватанларидан қувғин қилиниб, азоб-уқубатларда йўқ қилинади. Энди бу халқлардан «халқ душмани» ясаб ўтирилмайди, тўлалигича «душман халқ» ясалади. Хрушчев кейинчалик «ҳайрон» бўлган эди: «Во ажаб, азиз ерларидан бутун-бутун халқлар кўчирилди, ҳеч кимга шафқат қилинмади, ҳатто бу халқлар ичидаги коммунист ва комсомолларга ҳам…» Кўряпсизми, Никита Сергеевичнинг шафқати ҳам синфий! Гўё бу халқлар душман бўлиши мумкин, аммо уларнинг ичидаги «комсомол ва коммунистлар» душман эмас… Хрушчев ўз нутқини киноя билан хулосалайди: «Украинлар бундай қисматдан қутулиб қолганларига сабаб шуки, уларнинг сони кўп эди ва бу халқни кўчирса, сиғдирадиган жой йўқ эди». Уруш олдидан Қизил Армиянинг энг етук саркорлари, саркардалари чекистлар томонидан қамоққа олиниб, отиб ташланди. Чунки Сталин Армиянинг кучайишидан, унинг тепасида кучли одамлар бўлишидан қўрқарди, ўзининг яккаҳокимлигини мустаҳкам сақлаш учун армиянинг энг зўр саркардаларини уруш олдидан отиб ташлаттирди. Бу қўмондонларсиз уруш халққа оғир бўлди. Сиёсий бюро аъзолари ва номзодлари Рудзутак, Оржоникидзе, Косиор, Чубар, Постишев Сталинга армия ва хўжалик ходимларини қамаб, отишни бас қилишни қатъий таклиф этишганда, Сталин Молотов, Каганович, Микоян, Ворошиловга таяниб, қирғинни бадтар авжига чиқаради, қирғинга қарши чиққан раҳбарларни «бухаринчи муросасозлар» сифатида йўқ қилади. Оржоникидзенинг уйига у қўшимча тўппонча билан чекистларни жўнатади: «Агар Оржоникидзе НКВД маҳбусхонасида «халқ  душмани» сифатида ўлишни хоҳламаса, ўз уйида ўлсин». Оржоникидзе чекистлар олдида хотини Зинаида билан видолашади ва ўзини отади. Ташқарида тайёр бўлиб кутиб турган доктор Плетнев Оржоникиззе «юрак хасталигидан вафот этгани» ҳақида ҳужжат тузади. Уч кун ўтгач, Қизил майдонда кўмиш маросими бўлади. Мавзолейда «қайғули» бош эгиб уни ўлдирган сафдошлари Сталин, Молотов, Каганович, Ворошилов, Хрушчев, Микоян, Ежов турадилар, Берия ясама йиғлаб «буюк инқилобчи», «Сталиннинг дўсти ва маслакдоши» Серго Оржоникидзенинг «бевақт ўлими» ҳақида нутқ сўзлайди.
Аниқ маълумотларга кўра, 1936-1939 йиллар давомида учта Совет Иттифоқи  Маршали, ўн учта армия қўмондонлари, эллик еттита корпус қўмондони, бир юз ўнта дивизия қўмондони, икки юзу йигирма комбриг отиб ташланган. 1938 йилда қатағон қилинган ва кейинчалик тўла оқланган генерал-лейтенант  А.И.Тодорский тўплаган маълумотлар ҳам шунга яқин. Унинг ҳисобига кўра, 1937-1938 йилларда – айни уруш арафасида – мавжуд 5 Совет Итифоқи Маршалидан – 3 таси, 2 та 1-тоифа армия комиссаридан – иккаласи ҳам, 4 та 1-тоифа армия қўмондонидан – 2 таси, 12 та 2-тоифа армия қўмондонидан 12 таси ҳам, 2 та 1 тоифа флот флагманидан – 2 таси ҳам, 15 та 2-тоифа армия комиссаридан – 15 таси ҳам, 67 та корпус командиридан – 60 таси, 28 та корпус комиссаридан – 25 таси, 199 та дивизия қўмондонидан – 136 таси, 397 та комбригдан – 221 таси, 36 та бригада комиссаридан 34 таси қатағон қилинган ва отиб ташланган.
Буларнинг бари олий қўмондонлик таркибидан эди. Хрушчевнинг аниқлашича, Сталин отиб ташлаттирган юқори ҳарбий кадрларнинг сони беш мингга яқин эди.
Ушбу тадқиқотимизни якунлаб, таҳрир қилаётганимизда матбуотда маршал Тухачевский тақдирига доир яна бир қизиқ маълумотга дуч келдик. Биринчидан, маълум бўлишича, маршалл Тухачевский 20-йилларда Олмонияда бўлиб, рейхсвернинг ҳарбий машқларида қатнашган экан. Бу шуни тасдиқлайдики, советлар ва Олмония ўртасида ростдан ҳам ҳарбий ҳамкорлик азалдан бўлган. Иккинчидан, машҳур шўро саркардасининг ўлимида ҳам гестапонинг қўли бор экан. Гестапо советларнинг ҳарбий кучини қирқишдан манфаатдор эди, шунинг учун Сталиннинг кучли шахсларни қираётганидан, шу жумладан армияни ҳам бошсизлантираётганидан хабардор бўлган немислар ўзларига мақбул бу «иш»да унга ёрдам беришга киришадилар ва маршал Тухачевский устидан маълумот тўплаб, унинг «немис айғоқчиси» экани борасидаги «ҳужжат»ларни 1937 йилнинг февралида Прагага – президент Бенешга узатадилар. Совет ҳарбийларини йўқотиш учун Бенешга Виттиг каби иккиёқлама айғоқчилар, эмигрантлар, Траутсмандорф каби дипломатлар ва шунингдек гестапо қўрбошиси Мюллер орқали бундай «факт»лар етказиларди. Бенеш 1937 йилнинг апрел-май ойларида совет элчиси билан учрашиб, «досье»ларни топширади. 1937 йил 11 майда Қизил Армиянинг улкан раҳбарларидан бўлган, тажрибали Тухачевский четлаштирилади, 22 майда қамоққа олинади. 11 июнда соат 23дан 45 дақиқа ўтганда унинг устидан «немис жосуси» бўлгани учун ўлим ҳукми чиқарилади, бир неча соат ўтар-ўтмас у отиб ташланади. Албатта, немисларнинг ҳужжатларисиз ҳам Сталин бунгача минг-минглаб шахсларни қириб келган ва бунинг учун унга «объектив далиллар» шарт ҳам эмасди. Аммо бу қирғинларда ҳам фашистлар билан ҳамкорлик қилингани Сталиннинг ҳам фашист бўлганига шубҳа қолдирмайди.
Сталин қатағонлари натижасида халқнинг фашистларга қарши туриши мумкин бўлган жисмонан кучли, ақлан комил қисми миллионлаб қамалди, отилди, ўлдирилди. Шунинг оқибатида урушга асосан ўсмирлар ва кексалар чақирилди. Армия қўмондонлари ҳам уруш арафасида асосан отиб ташланди. Натижада урушнинг бошидаёқ кўплаб қурбонлар, асирлар берилди.
Ғалаба эса, урушнинг стратегик жиҳатдан уқувсиз олиб борилгани, Сталин қатағони натижасида халқ заифлашгани, тоталитар давлат шахсни йиллар давомида эзиб келгани туфайли элга ва жаҳонга қимматга тушди.

Фашистлар ва большевиклар партияларининг ўхшашликлари

Гитлер яккаҳоким бўлган партиясининг мавқеини ҳам чексиз даражада кўтарди. Ҳамма нарса партия иродасига бўйсунади: давлат ҳам, оммавий ташкилотлар ҳам, маданият муассасалари ҳам, спортчилар уюшмаси ҳам, адиблар иттифоқи ҳам, ҳатто оиланинг хусусий муаммолари ва алоҳида инсоннинг ҳаёти ҳам… Ҳамма нарса партияга боғлиқдир. Партия эса Гитлернинг қўлидадир.
Инсоннинг яшаш ҳуқуқи ҳам, унинг бу дунёи-дунда борлиги ҳам умуминсоний имтиёз сифатида тан олинмайди, бунда инсон тоталитар тузумга керак даражадагига яшаши ва ҳаракат қилиши мумкин. Агар партия ва Гитлерга бўйсунмас экан, бундай инсоннинг яшаши зарарли ва нокерак ҳисобланади.
Доҳий ва унинг партияси адолат ва ҳақиқатнинг юқори инстанцияси ҳисобланади. Доҳий ўз ҳаракатларини эл олдида асослаб ўтирмайди, улар учун ҳеч кимга ҳисоб бермайди, аксинча у қилаётган ишларини буюк тарихий миссияни бажараётгандай кўрсатишга тиришади. Адолат доҳийнинг доирасидан ташқарида мавжуд бўлмайди, унинг манфаатларига мос келган ҳаракатгина адолатли саналади, унинг манфаатларига мос келмаган фиклар ҳақиқат эмас, туҳмат ҳисобланади.
1935 йилдаги партия съездида қилган якуний маърузасида Гитлер бу ҳақда яққол тушунарли кўрсатма беради. Унинг фикрича: «Партиянинг обрўси охирги ҳал қилувчи инстанция ва олий судья тариқасида тан олиниши керак. Кимки буни тушунмаса, у тарихий, ижодий ва конструктив фикрлай олмайди… Қўмондонга, ҳарбий қисм командирига ёки ҳатто оддий аскарга ҳам, агар у берилган буйруқнинг ҳақлигига шубҳа қилса-да, ўз тасаввур ва фикрларига кўра ҳаракат қилишга йўл берилмайди. Сиёсатда ҳам шундай - норизо одам ўз ҳаракатларини ўз қарашлари билан оқлай олмайди, гарчанд ўз қарашларини тўғри санаб, партия кўрсатмалари ва буйруқларини хато деб ҳисобласа-да…»
Бундай фашистона партиявий «гносеология» ўзига хос тоталитар ахлоқ тамойилини яратадики, унга кўра «юқори ҳамиша ҳақ» ҳисобланади.
Гитлернинг национал-социалистик партияси Низомида шундай битилгандир: «Ҳуқуқ - ҳаракатимизга хизмат қиладиган ва бу билан Олмонияга хизмат қиладиган ишдир». Геббельс партиявий ахлоқ тамойилларини янада аниқ ифодалаган эди: «Национал-социализмга хизмат қиладиган нарсалар – яхши, унга зарар етказадигани – ёмондир ва йўқотиб юборилиши шарт».
Бундай мантиқдан келиб чиқиб ясама даҳолар ўз манфаатларига тўғри келмайдиган ҳар қандай инсоннинг устидан ҳукм чиқарадилар ва бу ҳукм халқ номидан чиқарилади. Сталин ҳам қаттол тузуми душманларини «халқ душмани» деб эълон қиларди, ахир.
Шундай қилиб, тоталитар давлат қўлидаги шўрлик инсон ўз ҳаракатларини ўз хоҳишига қараб қилишга ҳам, уларнинг фойдали ёки зарарли эканини баҳолашга ҳам ҳақли эмас. Фақат доҳий ва унинг шотирлари унинг ҳаракатларини баҳолай олади ва унга «ёрдам» тариқасида «тегишли чора-тадбирлар»ни кўради. У бу «ёрдам»ни хоҳлайдими-йўқми – бунинг фарқи йўқ. Ахир, доҳийнинг фикрича халқ у яратган шароитда яшаши керак ва бундан бахтиёр бўлиши лозим.
Ишга киришда, саёҳатга боришда, мукофот олишда ва ҳакозо ҳолларда – керак бўлса ҳам, бўлмаса ҳам – тўлдирилиши шарт бўлган анкеталарда шахснинг давлат ва доҳий олдидаги хизматлари, олган мукофотлари кўрсатилиши керак. Агар у партияга қанча вақтли кирган бўлса, шунча ишончли одам ҳисобланади. Ҳайфсан олмаган бўлса, кўтарилишга арзийдиган кадр саналади. Ҳайфсан олмаслик учун эса у тобеларча жимгина яшаши, доҳийга зарур бўлмаса, ҳеч қачон бош кўтармаслиги керак.
Айтиш мумкинки, тоталитар фашистона давлатда доҳийнинг қадри халқнинг қадрини ерга уриш ҳисобидандир, партиянинг индивидуаллиги партия аъзолари индивидуаллигини йўқотиш ҳисобидандир.
Мамлакат – бир казарма, халқ – аскарлардир. Ҳарбийга бораётган киши шахсий кийимларини ечиши, пойафзалини топшириши, сочини олдириши ва бир хил униформага ўраниб, бир тусда қадам ташлаши шарт бўлгани каби, тоталитар давлатда яшаётган фуқаро ўз фикридан, ахлоқидан, эътиқодидан воз кечиши ва «доҳий» ва унинг партияси тиқиштирган «партиявий ахлоқ»қа тобе бўлиши керак (Совет коммунистлари партбилетининг муқовасида ҳам немис фашистлариники каби: «Партия – давримизнинг ақли, номуси ва виждонидир» – деган ёзув турарди, гўё коммунистнинг ўз виждони, номуси, эътиқоди керак эмасди). Қанчалар тобе бўлса, шунчалар осон, бахтли яшайди. Тобе бўлишни истамаса… яшамайди. «Халқ душмани» аталади.
Албатта, партия – аъзолар тўплами, тўдасидир. Буюк асарлар бригада бўлиб ёзилмагани каби, тўда бўлиб фикрлаш мумкин эмас. Аммо партиянинг онгсиз аъзолари учун мафкура бериш керак, шунинг учун кимнингдир фикри умуммажбурий дастуриламал сифатида тақдим этилади. Бу кимдир – партия ва давлатнинг «доҳий»сидир. Гитлернинг ўзи бу фикрни 1935 йилнинг сентябридаги партия съездида аниқ ифодалаган эди:
«Доҳий – партия демак, партия – доҳий демакдир. Мен ўзимни партиянинг бир қисми сифатида сезаман, худди шундай партия ҳам ўзини менинг бир қисмимдай сезади».
Бу – фашист Адольф Гитлернинг сўзлари.
Мана, буниси – коммунист Владимир Маяковскийнинг шеъри:
«Ленин деганимиз – партия демак,
Партия демак – бу Ленин демакдир».
Фашистона партиянинг бошқа партиялардан фарқи шундаки,  бошқа нормал партияларда аъзолар ўз тафаккурини, ақл-идрокини, индивидуаллигини сақлайди ва шу ўзига хослиги билан партияни бойитади, кучли қилади, фашистона партияда аъзолар ҳамма нарсадан маҳрум бўлади ва юзсизлашади. Партия ҳамма нарсадир, аъзо - ҳеч нарса эмас. Агар аъзо ниманидир хоҳласа, уни партияси орқалигина олиши мумкин ва яна бунинг учун у қуллигига кўниши керак. Шунинг натижаси ўлароқ, фашистона давлатнинг халқи шундай ўйлайди: юқори ҳамма нарсани қила олади ва била олади.
Фашистона тузумда ҳамма нарсадан кўра кўпроқ масъулият ҳақида гапирадилар, - сиёсий масъулият, тарихий масъулият, маънавий масъулият ва ҳакозо, - аммо, ўз моҳиятига кўра, бундай тузум масъулиятдан буткул йироқдир.
Бундай, бир қараганда - тартиб-интизомли (ҳарбий-полициявий тизими кучли) ва важоҳатли кўринган тузумда аслида даҳшатли жиноятлар ва масъулиятсиз ҳаракатлар осон ва тайин содир бўлади, чунки давлат мафия билан чатишиб кетган бу салтанатда жиноятчиларнинг қўлидан тутадиган жамият ўз овозидан маҳрумдир, парламент ва матбуот ясамадир, судлар қарамдир. «Доҳий» ҳамма нарсага ваколатли, аммо ҳеч кимга жавоб ва ҳисоб бермасдир, у фақат ўз олдида жавобгардир.
Масъулиятсизликнинг нарвони бошдан-оёқ тугалдир: жамият – давлат олдида жавобгар, давлат – партия девони олдида жавобгар, партия – ўз доҳийси олдида жавобгар, доҳий эса ҳеч кимнинг олдида жавобгар эмас.
Бу ўзига хос мавқе уруш тугаганда кўпгина фашистлар жазодан қочиб қолишига имкон бергани ҳам сир эмас. Миллионлаб қурбонлар бор, аммо бу қурбонларнинг сабабчиси бўлган фашистлар айбни ҳалок бўлган Гитлерга тўнкадилар, биз унинг иродасини бажарганмиз, бизда ҳуқуқ бўлмаган, деб туриб олдилар, хизмат бурчининг ёки муҳокамадан холи буйруқнинг ортига бекиндилар.
Фашистона тузум асос-асосидан жинояткорона тузумдир, чунки у – хоҳ сиёсий бўлсин, хоҳ иқтисодий бўлсин, хоҳ жисмоний, ахлоқий ёки руҳий бўлсин -  зулм ва қатағонларга қурилгандир. У жиноят қилмасдан туролмайди. Фуқаровий ва сиёсий эркинликларни – сўз эркинлигини, эътиқод ва маслак ҳурлигини, инсоний қадр-қимматларни – инкор этиб, бутун чексиз ҳокимиятни бир субъектив шахс қўлига топширар экан, фашистона давлат ҳали ҳарбий жиноятлар содир қилмасиданоқ, уруш бошламасиданоқ аллақачон жиноятчидир - эрк ва инсоний ҳаётнинг қотилидир.

Гитлер ва Сталин: икки диктаторни қиёслаш

Гитлер ва Сталинни қиёслаб кўрган тадқиқотчилар қарама-қарши хулосаларга келадилар. Бу икки шахснинг қонли биографияси турли-туман фикрларга туртки бериши табиийдир.
Иккаласи ҳам келгусида ўзлари бошқаришлари керак бўлган империяларнинг чекка макзилларида туғилган. Икаласи ҳам империянинг туб миллати вакили бўлмаганлар (қолаверса, на Напалеон, на Александр Македонский ўзлари бошқарган салтанатнинг миллатидан эмасдилар). Гитлер немис бўлса-да, Габсбурглар империяси худудида туғилган эди. Гарчанд Бисмарк 1860-йилларда Олмонлар империясини тиклаган бўлса-да, австриялик немислар бу ҳудудга кирмай қолди, туб жой миллатлари тенглик талаб қила бошладилар ва бу ерлик немислар гўё асрлар бўйи ўзлариники ҳисоблаб келган ерларда «келгинди» бўлиб қола бошладилар. Гитлернинг руҳияти шу асосларда шаклланган эди. Бир томондан, бу четдаги немислар бир замонлардаги ҳокимликларини қўмсардилар, иккинчи томондан, «паст табақа» миллатлари: славянлар, яҳудийлар, руслар, полякларнинг таъсири ошаётганидан хавотирга тушардилар. Шунинг учун Гитлер ҳокимиятга келгач, ўша ҳудудларни биринчи галда империясига қўшиб олди.
Сталин ҳокимиятга келгач, ўзини руслардан-да ортиқроқ рус ҳисоблай бошлади, гапирганда ҳам «биз, рус коммунистлари…» деб гап бошларди. У ўзининг кавказча сўзлашув оҳангидан, акцентидан қутила олмас, бу унинг грузин эканини русларга эслатиб туришидан қимтинарди. Сталинни Лениннинг ўзи «великорус шовинисти» деб атаган эди. Унинг рус империясига садоқатини кўрсатиш илинжида бошқа халқларни эзгани даҳшатлидир. У Иван Грозний каби қонхўр шоҳларнинг Россия олдидаги хизматларини мақтар, ўзи ҳам шунга ўхшаш иш қилишни хоҳларди. Сталиннинг Россиянинг империячи ўтмишига ҳаваси Иккинчи жаҳон урушида ҳам ўз кучини кўрсатди: у Россия империясининг 1904-1905 ва 1914-1918 йиллардаги урушларда йўқотган ҳудудларини яна империяга – СССР аталса-да, Россия империясилигича қолган салтанатга қайтарди.  
Сталин 1879 йил 21 декабрда Гуржистоннинг Гори шаҳарчасида этикдўз оиласида туғилганди. Отаси қўпол, бераҳм одам бўлиб, кўп ичар, хотини ва боласини дўппослаб турарди. Сталиннинг руҳонийлик гимназиясида бирга ўқиган дўсти Иремашвилининг эслашича: «Айнан отасининг шафқатсиз ва ноўрин калтаклари болани ҳам отасидан-да ўтиб тушадиган даражада аёвсиз ва тошбағир қилиб қўйган эди. Отаси кучли эди ва кучини унинг устидан ҳокимлигида намоён қиларди, болада ҳам баландга интилиш ва ўзидан баланддагилардан ўч олиш ҳисси шаклланди. Қасос унинг бош мақсадига айланди».
Гитлер 1889 йилнинг 20 апрелида Инн дарёси бўйидаги Бранау шаҳарчасида таваллуд топган. Адольф Гитлернинг онаси ўз эридан йигирма икки ёш кичик эди, аввал икки бор ўйланган эр унинг қондош қариндоши ҳам эди. Аёл бу яқин қариндоши билан хушторлик қилиб юриб, иккиқат бўлиб қолади. Бу орада сирли тарзда Алоизнинг иккинчи хотини ўлади ва у Гитлерга иккиқат бўлган қариндошига уйланади. Гитлер бекорчиликни севадиган бетайин бола бўлиб ўсади.
Гитлер ҳам, Сталин ҳам ота меҳридан йироқ ўсган бўлсалар-да, иккисининг ҳам оналари жуда меҳрибон эди, яъни улар ота меҳрини ўз эркалашлари билан қопламоқчи бўлганлар. Руҳшунослар бундай шароитда ўсган болалар хотинмижоз бўлишини, нарциссизм касалига – ўзига маҳлиёлик дардига чалинишини айтганлар. Эрих Фроммнинг фикрича, бир қадар нарциссизм сиёсий арбобларнинг «касб касаллиги» бўлиб, унинг илдиз отиши «бемор»нинг ҳокимиятда илдиз отишига боғлиқдир.
Гитлер ҳам, Сталин ҳам ҳокимият тепасига яққол ўрнашиб олгач, ўзларини танқид қилиш йўлларини беркитдилар, бу ўзига маҳлиё ҳукмбардорлар танқид уларнинг халқ олдидаги обрўларини тўкади, деб ҳисобладилар.
Гитлер ва Сталиннинг хулқи - ҳиссиёти ҳам, ахлоқи ҳам бир-бирига тескари туюлади: Гитлер – тўлиб-тошиб кетадиган, чегара билмас одам эди, шунинг учун уни бошида ҳеч ким жиддий қабул қилмаганди; Сталин эса ўта камгап, ичимдагини топ деган хилидан эди, айнан ана шу камгаплиги ортидан, яширин ўйинлар оқибатида ҳокимиятга келганди. Унинг ана шу яширинлиги бошида унинг даҳшатли моҳиятини билишга имкон бермаганди. Сталин болалигида диний гимназияда ўқиган, аммо кейинчалик марксист бўлиб, даҳрийлашган ва минглаб диндорларни қамоққа ташлаб, оттириб юборганди. Бу ҳам ўз асосига эга – марксизм ва диний мутаассибликнинг ўхшаш асос томонлари бор: иккисида ҳам догматизм ҳукмрон, шубҳага ўрин йўқ, танқидга тоқат қилинмайди ва бошқача фикрлаш жазоланади. Шунинг учун тақводордан-да даҳшатлироқ кимса даҳрий кимсадир.
Ҳиссиёти икки хил бу икки золимнинг хулқи асосида битта нарса – худбинлик ётади.
Шу ўринда Гитлер ва Сталинга нисбат бериладиган айрим хусусиятларни ойдинлаштириб олиш лозим.
Гитлернинг ва Сталиннинг ёшлар орасида издошлари учраб туради. Янги-янги неонацист гуруҳлар, ку-клус-кланлар, фашистона хоч таққан ўсмирлар юз кўрсатиб қолади. Сталинчи комсомоллар қаторида унинг суратларини асраб юрган содда фахрийлар ҳам орамизда бор. Хўш, улар наҳотки шунча қурбонлардан сўнг ҳам бу икки фашистик тузумлар моҳиятини англаб етмаган бўлсалар?! Ҳали ҳам бир қатор одамларни тортаётган жозибанинг сабаби нима?
Гитлернинг  «национализми» - «миллатчи»лиги масаласини олиб кўрайлик. Жайдари фалсафа гоҳо шундай хулосага келади: «Гитлер бошқа халқларни қиргани маълум, албатта. Аммо у буни ўз халқи учун қилган, у миллатининг фидойиси эди, унинг ирқий тозалиги учун курашган…». «Унинг «экстремал ватанпарварлиги» мавжуд эди ва унинг бошқа «бегона» миллатларга нафрати ўз миллатига нисбатан «фантастик муҳаббати» натижасидир». Ва ҳокозо…
Биринчидан, ўз миллатини севиш учун бошқани ерга уриш асло муҳаббат эмасдир. Чўққини забт этиш учун ўзинг турган адир атрофидаги барча тоғларни йиқитиб, текислаш шарт эмасдир. Ҳар бир халқ ўз бетакрорлиги билан буюкдир. Инсониятнинг келажаги миллатларнинг аралашиб, емирилиши билан эмас, аксинча, турли-туманлиги, ўзига хослиги биландир. Қанчалар миллатлар турли-туман бўлса ва хос маданиятга эга бўлса, инсоният шунчалар бойдир. Миллатларга қарши курашнинг даҳшати ва имконсизлиги коммунистларнинг интернационализм ниқоби остидаги миллий ўзликни йўқотиб, «совет халқи» аталган дурагай яратиш фаолиятининг инқирозида ҳам кўринган эди.
Иккинчидан, Гитлернинг национализми ўз халқига нисбатан ҳам «ғалати» муносабатга эгадир. Гитлер ўзини Башарий идрок томонидан заминга асрий Олмон империясини немис халқининг қони ҳисобига тиклаш учун тарихий миссия билан юборилган деб биларди – унинг фикрича, агар бу иш немисларнинг қўлидан келмаса, улар яшашга ҳақли эмас, улар ер юзидан йўқолиши табиийдир . Иблис ўзининг ёвуз ғояси учун меҳробга нафақат бошқа халқларни, ўз халқини ҳам қурбонликка келтиришга тайёр эди.

Гитлер Сталинни ҳамкасби деб биларди

Давлат тузумидаги ўхшашликлар мафкураларда ҳам кўзга ташланган эди. Совет Иттифоқида қирғин ва зулм «синфий кураш қонунлари» билан оқланса, Олмонияда қонхўрликларга «ирқий кураш» ғоявий баҳона бўлганди. Фашистлар халқнинг «иродасини сусайтирувчи» санаб, насронийлик конфессияларига қарши ашаддий курашган бўлса, коммунистларнинг «дин – афъюндир», деган шиор билан атеистик қатағон ўтказгани маълум. Адабиётда ва санъатда ҳам шундай ҳол эди: СССРда ҳаётни сиёсатга мувофиқ тарзда бежаб тасвирлашни талаб қилган «социалистик реализм» ҳукмрон бўлса, Учинчи рейхда «қон ва тупроқ» назарияси ҳурфикрликни жиловлаганди.
Гитлер ва Сталин зимдан бир-бирига ҳавас қилишарди. Алберт Шпеер шундай эслайди: «Билмадим, ҳазил қилибми-жиддийми, гоҳида Гитлер Россияни енгганимиздан кейин бу мамлакатдаги бошқарувни, албатта, олмонларнинг раҳнамолиги остида, Сталинга ишониб топширсак бўлади, дерди. Унинг фикрича, Сталин ўрисларни қандай бошқариш кераклигини ҳаммадан яхши билади. Гитлер, айтиш мумкинки, Сталинни душман эмас, ўз ҳамкасби деб биларди». Икки одамхўр, қассоб ва каззоб ҳамкасблар!
Гитлер Сталинни «даҳо» деб таърифлагани кўплаб манбаларда тасдиқланади. Сталиннинг Гитлерга муносабати ҳақида маълумотлар кам, чунки умуман совет раҳбарларининг ҳаракатлари, фикрлари сирлигича қолганди, Компартия раҳбарлари «партия дастури»дан чиқиб бирор нарса демасдилар, коммунистлар яширин фаолият юритиб, ҳокимиятга келган, ҳокимиятга келгач ҳам кўп нарсани яширин битириш одатини тарк этмагандилар. Қизиқарлиси шундаки, Сталиннинг Гитлерга муносабатида ҳам немис манбааларида айрим маълумотлар бор. Алфред Розенбергнинг кундалигида 1939 йил 5 октябрда ёзилган бир қайдни ўқиш мумкин: «Риббентроп Лейнинг ҳузурида Даррега ўзининг Москов таассуротларини (Олмония ташқи ишлар министри Риббентропнинг СССР билан уруш олдидан Шарқий Оврўпо, Болтиқбўйи, ўарбий Украина ва Белоруссия ҳамда Бессарабияни халқлар ва давлатлардан сўрамасдан бўлиб олиш ҳақидаги қабиҳона  «Молотов-Риббентроп пакти»ни имзолаш учун 1939 йил 23 августда Московга сафари назарда тутилмоқда. – К.Б.) айтиб берди: ўрислар, унинг сўзларига қараганда, жуда қадрдон кишилар экан, у ўзини улар орасида кўҳна национал-социалистлар орасида ўтиргандек ҳис қилибди… Айтгандай, Сталин нафақат Гитлернинг шарафига, шунингдек Германиядаги тартибнинг (қон эвазига фашистлар ўрнатган «тартиб» Сталинга қанчалар ёқади. – К.Б.) кафолати сифатидаги Гимлернинг шарафига ҳам қадаҳ кўтарди. Гимлер Олмонияда коммунистларни, яъни Сталиннинг издошларини қириб ташлаган одам, Сталин бўлса даб-дурустдан ўз издошларининг қотили учун қадаҳ кўтаради. Буюк одам, Риббентроп ва унинг тўдаси шундай дейишмоқда».
Энг даҳшатлиси, Сталин кўп вақт ўтмай «тартиб кафолати» бўлган Гимлер билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун 1933 йилда Гитлер ҳокимиятга келганида паноҳ излаб келиб, коммунистлар юртида - Совет Иттифоқида эмиграцияда яшаётган немис коммунистларини фашистлар гестапосига – қотилларнинг қўлига топширади. Мана, Сталиннинг «коммунист»лиги, «антифашист»лиги! Гитлер жинояткорона ғоялари ва ёвуз тамойилларига қанчалик телбаларча содиқ бўлса, Сталин шунчалар ҳокимиятпарастликдан ўзга истаги, тайин бир ғоясиз ва тамойилсиз  шахс эди.
Ҳайратланарлиси, гарчанд Ғафур Ғулом: «Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек Диана маъбудин ёқмоқ шарт эмас», - дея таъкидлаган бўлса-да, ёвузлик билан ҳам тарихда қолиш мумкинлиги аён ва ёвузларни ҳам хўрсиниб эслаб турадиганлар топилиб туради. Ҳатто ёшлигидаёқ қамалган, кейин Сибирга сургун қилинган, сургундан сўнг 1936 йилдан то уруш бошланган 1941 йилгача дайдиб қочиб умри ўтган ёзувчи Анатолий Рибаков ҳам бир суҳбатида Сталиннинг «инқилоб гўркови» бўлганини таъкидлай туриб: «У мамлакатни индустриаллаштириш учун кўп нарсаларни қилганига ҳам кўз юммаслик керак. Сталин қолоқ мамлакатни анча тез суратда илғор мамлакатга айлантирди», - дея ширин хаёлга берилади. Бу индустриаллаштиришнинг қандай амалга оширилганини, халқнинг миллионлаб фарзандлари жувонмарг бўлганини ҳам эслаш лозим, албатта.
Қолаверса, индустриаллаштириш ҳам, мамлакат қўлга киритган бошқа ҳарбий, иқтисодий, илмий, бадиий ютуқлар ҳуқуқсиз меҳнаткаш халқнинг заҳматлари эвазига қўлга киритилган, бу ютуқларни Кремлда тамаки чекиб роҳат сурган Сталинга нисбат бериш нотўғри бўлар эди. Қолаверса, юксак тараққиётга бошқа мамлакатларда ҳам эришилган эди ва у мамлакатларда тараққий этиш учун Сталин ҳам, бу қадар ададсиз жабр-зулм ҳам керак бўлган эмасди.

Карим Баҳриев

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase