Юнон фалсафасининг тажовузкорона таъсирига қадар тасаввуф ғоялари асл шаклда мусулмонларнинг афкор-мафкураси бўлган. Шу пайтда насронийлик динида мазҳаблар ўзаро аралашиб кетганди. Лекин Юнон фалсафаси католик мазҳабига ён босгани, ўз навбатида, тасаввуфга ҳам кучли таъсир кўрсатди. Маълумки, ваҳдат ал-вужуд ғояси Юнон фалсафасида муҳим масала ҳисобланади, ана шу боис у аллақачоноқ тасаввуфнинг зарурий қисми бўлиб қолганди. Бинобарин, Мансур ал-Ҳаллож: «Анал Ҳаққ» («Мен Ҳақман») деганида айнан шу нарсани назарда тутган. Бошқа бир сўфий шоирнинг иборасига эътибор беринг: «Биз қўлимизни Аллоҳнинг қўлига қўйғонмиз, энди қандай қилиб Муҳаммад Мустафони (с.а.в.) ардоқлайлик?» (яъни, Аллоҳнинг ўзи турганда нега энди Муҳаммад Мустафони ардоқлаймиз экан?) Ушбу тарздаги тасаввуфнинг натижаси мана шу. Расулуллоҳ (с.а.в.) ва шунингдек, Аллоҳнинг барча маконларда мавжуд бўлган бошқа валийлари (авлиёлари) деб таъкидлаш, Холиқнинг махлуқ билан, махлуқнинг Холиқ билан мужассам бўлиши (ҳудуди) - бу хаёлпарастлик (тахайюлот) нинг сохта уйдирмаларидандир. Ҳикматларнинг асосий моҳиятлари, Насируддин Муҳаммад ат-Тусийнинг (1200 - 1273) асарлари ва бошқалар мана шу чалкаш фикрларнинг аломатларидандир. Тасаввуф таълимоти юнон фалсафасидан ўша нозик тадқиқотларни қабул қилиб олгандики, оддий одам (авом)нинг ақли уларни тушуниб идрок эта олмайди. Тасаввуф таълимоти мана шу тариқа тушуниш қийин бўлган илмга айланди.
Яна даъво қиладиларки, у, яъни тасаввуф Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ёки Али ибн Толиб разияллоҳу анҳудан сўзма-сўз ўзлаштириб олинган эмиш. Ҳар доим фалсафада бирор қимматли фикр пайдо бўлса, одамлар уни тасаввуфда камолига етган, деб ўйларди ва тасаввуфни ўта нозик бир санъат (фан) деб ҳисобларди. Мана шу нарса тасаввуфнинг иккинчи вазифаси (ҳиссаси)дир ва бу ўринда у ҳақиқатан ҳам юнон фалсафаси сингари хизмат қилади.
Шундан кейин тасаввуф учинчи бир ранг олди. Бу шундан иборатки, ҳинд бароҳимлари коҳинлар, дарвеш (қаландар)лар ва маъжусийлар ўзаро аралаш-қуралаш бўлиб кетганидан кейин юзага келди. Шайхни тасаввур қилиш тасаввуфда зарурий қисмга айландики, бу ҳолатга Аллоҳ таолонинг:
«Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: «Сизлар доимо сиғинадиган бу ҳайкаллар нимадир?!» (Анбиё сураси, 52-оят), деган қавллари мувофиқ келади. Хаёлий (ўйлаб чиқарилган) риёзиёт ва амалиётнинг ҳаммаси тасаввуфнинг руҳи ва унинг қалбига айланди. Булар эса бароҳим, қаландар, кофир қоҳинларнинг машғулоту машқларидан бўлак нарса эмасди. Бунинг устига марҳумларга атаб маърака ўтказиш, мозорларни тавоф қилиш, маййитларга дуо ўқиш, мақбара (қабр)лар устига турфа кийим-кечаклар қўйиш, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳамда валийлар нариги дунё (охират, ғайб)ни билган эдилар, деган ақидага ишониш, Меърожга, қирқликка (ал-арбаъийн) сажда қилиб сиғиниш (Меърож - Исо алайҳиссаломнинг Арши аълога кўтарилиши ва насронийларнинг шунга бағишланган байрами), кўзга кўринадиган яхши нарсалардаги мужмаллик (ноаниқлик), сероблик, тўкинлик ва муждалар эшитишни тараққий қилдириш, мозорларга киришдан хавотирда бўлиш ва бошқа ўнлаб шу хилдаги масалалар борки, бари эндиликда тасаввуфнинг руҳи, деб ҳисобланади. Агар кимдадир шу нарсалар мавжуд бўлмаса, одамлар уни сўфий, деб билмайдилар. У кишининг ўзи ҳам ўзини сўфий-лар қаторида кўрмайди. Мана шу ҳол тасаввуфнинг учинчи марҳаласи (босқичи)дир.
Агар биз тасаввуф босқичларининг охирги икки кўринишига диққат билан назар солсак, сўфийлар қаторига ар-рижжол - ҳадис ровийларини қаттиқ танқид қилган, ҳадисларни таҳқиқ (нақл) этишда муҳим шартларга қатъий амал этган, тарихда бутун бир қавм - миллат, халқнинг имоми ҳисобланиб, Имом ал-Бухорий деган лақабга муяссар бўлган муҳаддис имомнинг сўфийлар қаторида зикр қилиниши ажабланарли иш эмасми?
Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак ҳадисларига нисбатан мухолифлик мавқеида турган ана ўша кимсаларга ўта бир жирканч, қабиҳ назар ташланди, холос. Мана шуларнинг ҳаммасига жавобан аввалроқ зикри ўтган аллома аш-Шаъроний шундай деган: «Алардин Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (ро-зияллоху таоло анху) ҳақиқий аллломалардин бўлиб, муборак номи тилга олинғонда раҳм-шафқатга мойиллик уйғонурди, у ҳар доим рўзадор (соим эрди), анинг бир кунлик таоми бир дона хурмо ёки ёнғоқдин иборат бўлиб, кўпинча оч юрарди, бул ҳолатни Аллоҳ таолога тақвоси ила қондирур эрди».
У доимо: «Одамлар ичиндаги маддоҳи (мадҳ этиб сўзлайдиган) ва қораловчиси ҳам менинг наздимда ўзаро тенгдур», деб гапирарди. У яна: «Мен Аллоҳ таоло бирла мулоқотда бўлмоқни ва мени биронтани бадном қилғон, деб айбламаслигини жуда ҳам орзу қиламан», дер эди. У ҳеч вақт бирон нарса харид қилмаган ва ҳеч қачон бирон нарса ҳам сотмаган. У тақводор, зоҳид инсон бўлиб, доимо қоронғиликда ухларди. Баъзан бир кечада йигирма мартагача уйқусидан туриб чақмоқтошни ёндирарди ва ҳадисларга тартиб бериб ёзарди, сўнг яна ўрнига ётарди. Ҳар кеча - тонгга яқин ўн уч ракаат намоз (улардан бирини витр намози сифатида) ўқирди. Рамазон ойининг кечаларида ўз асҳоблари билан бирга намозни адо этарди. Ҳар кеча Қуръони каримнинг учдан бир қисмини ўқиб, уч кечада хатми Қуръон қиларди ва ҳар бир Қуръон хатмида дуолар ижобат бўлур», деярди. У ўзининг «Саҳиҳ» асарига ҳар бир ҳадисни киритгандан кейин Аллоҳ азза ва жаллага шукроналик сифатида икки ракаат намоз ўқирди. Яна у ҳалол бўлгани учун фақат отасига тегишли мол-мулкдан тирикчилик ўтказарди. Унинг отаси: «Мол-давлатимдан ҳаром бўлган бир дирҳамни ҳам билмайман, бунга ҳеч бир шубҳа йўқ», деярди. Унинг кўпдан-кўп фазилатлари эл орасида жуда ҳам машҳурдир».
Имом ал-Бухорийни Аллоҳнинг валийлари ва ибод ал-мустафийнларидан деб ҳисоблашга асос бўладиган сабабларни Имом Шаъроний мухтасар ҳолда баён қилган, эҳтимол, муҳтарам ўқувчиларимиз бу масалалардан муфассал ҳолда воқиф бўлгандир. Ушбу масалалар қуйидагилар: Имом ал-Бухорийда тасаввуф руҳи сезиларли даражада бўлиб, мисол тариқасида ҳадисларни ҳар томонлама текшириб аниқлаш, уларга танқидий назардан ёндошиш, теран тадқиқ қилиш, Расулуллоху алайҳи ва салламнинг сийратларига катта иштиёқ билан қараш, борлиқ ҳаётини мана шу саодатга бахшида этиш, шу хайрли йўлда турли машаққатлар азобини тортиб, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак тариқатларига хилоф бўлган ҳар қандай тариқатга нафрат назари билан қараб, қатъиян рад этиш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини эл орасида тарқатиб, уларни англаб, идрок этишда битмас-туганмас сабот-матонат ва улкан саъй-ҳаракат кўрсатиш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак суннатларига қатъиян амал қилишда, ўта ҳалоллик ва покизалик билан иш тутиш ва ҳоказолар.
Машҳур уламолардан бири Имом ал-Бухорий ва Ислом миллатининг буюк намояндаларидан яна бир қанчасини саҳобалар, тобеъинлар, тобеъинларнинг издошлари ва мужтаҳид имомларнинг суфийлар табақалари қаторига киритиб, зикр қилганидан кейин: «Мен ҳам Янги - муҳдас тасаввуфга бир назар ташлашни маъқул деб ҳисоблайман», деган. Бу ўша (ҳозир зикр қилганимиз) улуғлар, ҳеч шубҳасиз, тасаввуфдан жуда узоқ бўлганини зоҳир қилиш, ўша акобирлар гарчанд ўзлари суфий бўлсалар-да, уларнинг бу тасаввуф (яъни кенг тарқалган тасаввуф) билан ҳеч бир алоқаси бўлмай, балки бу масала бошқа бир кўринишда эканлигини аён қилиш учундир.
Биз кўриб турибмизки, тасаввуф учун ҳозирги вақтда асосий шарт байъат - қасамёд силсиласи ҳисобланади, хусусан, қодирия, жаштия, нақшбандия, мужаддадия, собирия, мозилия, низомия, сахрурдия ва булардан бошқа силсилалар шулар жумласидандир. Ҳозирги вақтгача ушбу байъатга боғлиқ равишда юзлаб тариқатлар, йўллар пайдо бўлиб, борган сари кўпайиб бормоқда. Ҳар бир тариқат ўз одоби, манбалари, ўзига хос мустақил аъмолларига эга. Лекин биз Расулуллоҳ алайҳи ва салламнинг муборак даврларида ҳам, ундан кейинги хулофа ар-рошидийн, тобеинлар, тобеинларнинг издошлари, улардан кейинги бир неча асрлар давомида ҳам бундан ҳеч бир асар топа олмаймиз. Мана шу даврларнинг ҳаммасида фақат аморат (амирлик, ҳокимлик) ва тавба байъатларидан бошқа байъатга ҳеч қандай силсила учрамайди. Ҳатто, мана шу икки байъатга пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак даврларида ҳам ундан кейинги саҳобалар, тобеинлар, тобеинларнинг издошлари даврларида ҳам ҳеч қанақа силсила бўлмаган. Бунга ҳеч қандай далил йўқ. Аморат байъати пайтида ҳам ҳеч бир силсила ал-байъат тузилмаган. Умуман, бу масалада силсила деган нарсанинг ўзи мавжуд эмас эди. Худди шунингдек, байъат ат-тавба (тавба байъати) пайтида ҳам шундай эди. Байъат қилдирувчи байъат қилувчини тавбасига таянтиради, ундан гуноҳлардан узоқ юришга аҳду паймонини олади. Тавба қилиб байъат этадиган одам кўпинча ё халифа, ё имом бўлган. Замонлар ўтиши билан халифалик султонликка алмашиб, амирлар, ҳокимлар ва дин пешволарининг икки мустақил тоифаси ташкил топгач, тавба байъати ҳокимлардан дин пешволари ихтиёрига ўтди. Одамлар (бундай пайтларда) тақводор, художўй бўлган дин пешволаридан бирининг хузурига бориб тавба қиларди. Дин пешвоси ундан байъат олиб, унга мен фалон кишига тавба қилиб байъат этдим ва байъат қилгувчи фалон, деб силсила ҳам излаб ўтирмасди.
Тақдир тақозосига кўра, туну кун ўтиши билан тожу тахтлар юзага келиб, зовия (ибодатхона)лар бунёд этилгач, байъатнинг силсилалари излана бошланди. Аксарият мусулмонлар ҳозир мана шу одатга берилиб кетишган. Хуллас, мана шу фикрлар байъат ҳақидаги ҳақиқатдир.
Байъат силсилалари аниқлана бошлангач, ҳар бир байъат ўзининг аъмоллари, манбалари ва мустақил йўл-йўриқларига эга бўла борди. Ҳар бир тахт соҳиби ўз муридлари ва мухлислари дилида нимани хоҳласа, ўшанга мослаб, ўз завқу шавқи ва рағбатига биноан йўл-йўриқларни қарор топтирди. Бу нарсалар эса шундан кейин илоҳий бир тариқатга айланди.
Ана шу тасаввуфни кенгроқ ёритиш учун Имом Доримий ўз «Сунан»ида келтирган бир ҳадисни зикр қилиш жоиз. Бундан аён бўладики, бу тасаввуф янги бир йўналиш бўлиб, ислом суннатига зид ҳамда Расулуллоҳ алайҳи ва салламнинг асҳоблари унга нафрат билан қараган.
Улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Маъсудни ким бил-майди, дейсиз! Ислом умматининг алломаси Абдуллоҳ ибн Аббос шундай дейди: «Бизга Ҳакам ибн Муборак хабар берғондурки, Умар ибн Яҳё: «Мен отамнингўз отасига таяниб шундай деғонини эшитганмен», дептур. Бомдод намозидин олдинроқ Абдуллоҳ ибн Маъсуд уйининг бўсағасида ўтирғон эрдик. Ногаҳон ул ичкаридин чиқиб қолди, бирга масжидга бордик. Шунда ёнимизга Абу Мусо ал-Ашъарий келиб: «Абу Абдураҳмон ҳали хузурингизга чиқмадиму?» деб сўради. «Йўқ», дедик.
У (Абу Абдураҳмон) чиққунча, Абу Мусо биз бирлан ўлтирди. Қачонки, ул зот чиққонда ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, анға пешвоз чиқдук. Абу Мусо анға қараб: «Эй, Абу Абдураҳмон! Ҳозиргина мен масжидда илгари ҳеч кўрмағон, ўзим инкор қилғон бир ишни кўрдум. Алҳамдулиллоҳ, бу хайрли ишдин ўзга нимарса эмасдур».
Ул (Абу Абдураҳмон) деди: «Ул не эркон?»
Абу Мусо деди: «Магар бул дунёда яшасанг, ани албатта кўрурсен. Масжидда давра бўлиб, намоз вақтини кутиб ўтирғон қавмларни кўрдум. Ҳар бир давранинг ўртасинда бир одам бўлиб, илгида майда тошлар бор, юз маротаба такбир келтиринглар деса, алар юз маротаба такбир келтирадурлар ёки бўлмаса: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб юз маротаба айтинглар деса, алар юз маротаба айтадилар ёхуд юз маротаба «субҳаналлоҳу» денглар деса, алар юз маротаба «субҳаналлоҳу» деб такрорлашади. Абу Абдураҳмон: «Сен аларга не дединг?» деб сўради. Абу Мусо: «Мен аларга ҳеч нимарса демадим. Сенинг фикрингни ёки амрингни кутдим», деди.
Абу Абдураҳмон: «Сенларға бул ёмон ишларни тўғриламоқни амр қилиб, аларнинг хайрли ишла-ридин ҳеч нимарса йўқолмаслиги учун кафолот бер-мадинг-ку?!» деди. Шундан кейин ул (Абу Абдурахуюн) ўтиб: «Биз ҳам ул киши бирлан бирга бордик». Ўша даврадагилардин бирининг қошига келиб деди: «Сизлар қиладиғон бу ишлар нимарсадур?» - деб сўради. «Эй, Абу Абдуллоҳ, бу тошлар ёрдаминда такбир, таҳлил ва тасбеҳни санаймиз», деб жавоб беришди. «Бул ёмон ишларингизни тузатинглар», деди. Шунда Абу Абдураҳмон: «Мен кафиллик берурменким, эзгу ишларингиздин ҳеч нимарса йўқолмайдур. Сизнинг аҳволингизга вой, эй Мухаммад умматлари, тезда ҳаммангизни ҳалок қилурмен. Алар сизнинг набийингиз салоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари жуда кўпчиликдур. Мана бул эрса анинг кийимлари - ҳали эскириб улгурмағон, идиш-товоқлари ҳам синиб тугамағон, менинг жоним (нафсим) анинг қўлидадур. Сиз Алига тарафдор бир диний жамоа бўлиб, Муҳаммаднинг жамоасидин хидоятда тўғримисизлар? Ёки бўлмаса сиз залолат эшигин очгувчимисизлар?»
Алар: «Худо ҳаққи, эй Абу Абдураҳмон, биз фақат эзгуликдин ўзга нимарса истамаймуз», дедилар.
Ул (Абу Абдураҳмон) деди: «Эзгулик истов-чилардин қанчадан-қанчалари ҳеч вақт бирор балога гирифтор бўлмайдурлар. Чунончи, Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қуръон ўқиғон қавм бордурки, ўз тараққиётлари сарҳадидин ошиб кетмайдурлар», деғон ҳадислари бор. Аллоҳ номи бирлан қасам ичурменким, мен билишимча, эҳтимол, аларнинг кўпчилиги сизнинг қавмларингиздандур».
Абу Абдураҳмон шундай деб алардин узоқлашиб кетди. Кейинчалик Амру ибн Салма шундай деғон эрди: «Йавм ан-Наҳраванда хавориклар ила ўша гуруҳларнинг ҳаммаси бизга қарши найза ирғит-ғонларини кўрғонмиз...»
Ана шул сабабли биз Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг ушбу манбалар, ҳар хил ишлар, зикриётлар ва юзлаб йиллардан сўнг сўфий тахтиравонларининг соҳиблари ўйлаб топган ва ўз издошларию муридларига сингдириб, ривожлантирган тариқатларни кўрганларида, қанчалик нафрат билан қараганликларини тасаввур қилишимиз мумкин. Барча мусулмонлар омматан, суфийлар хоссатан саҳобаларнинг бу ишларини эътиборга олмоқлари лозим.
Ҳозирги кунда минглаб манбалар ва ғоялар, фикр-зикрлар пайдо бўлган. Ҳар бир келган киши янги иморат бунёд қилди. Умумий мулоҳаза шундан иборатки, агар бирон кишини янги бир манба ёки Пайғамбар салоллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан тўғри тарзда собит бўлган бирор суннат баён қилинса, шунда ул киши унга эътибор бериб қарамайди. Лекин қандайдир тариқат ма-шойихларидан бирининг асоси келтирилса, у шу заҳотиёқ бунга амал қилмоққа тайёр. Аллоҳ таолога мурожаат қиламизки, покиза умматни (ал-уммат ал-байза) ҳидоятга бошлаб, хўрлик ва шармандалик қаъридан чиқишлари, тараққиёт пиллапояларидан кўтарилишлари вауларнинг ичида биринчи асрларнинг аломатлари зоҳир бўлиши учун мусулмонларни ушбу сиртмоқлардан халос айласин!
Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Энг тўғри ҳидоят йўли Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятидур», деган қавллари қанчалик тўғри бўлган-а?!
Шайх Абдуссалом ал-Муборакфурий
"Ҳазрат Имом ал-Бухорий" китобидан