close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Россияда хавфсизликни таъминлаш баҳонасида мигрантларга босим кучайган

  • Пайшанба, Март 28 2024
  • Муаллиф 

Мигрантларни нишонга олиш осон, дейди экспертлар, ишини эплолмаган махсус хизматларни эса қийин. Кремл тазйиқни ошириб, ўзини оқлаш ҳаракатида.

Мигрантларни нишонга олиш осон, дейди экспертлар, ишини эплолмаган махсус хизматларни эса қийин. Кремл тазйиқни ошириб, ўзини оқлаш ҳаракатида.

22-март куни Москвада содир этилган терактда айбланаётганларнинг ватанидаги қариндошлари сўроқ қилинаётгани ҳақида хабарлар бор. 26-март куни ўтган ҳафтадаги ҳужумга алоқадорликда гумон қилиниб, саккизинчи шахс ҳибсга олинган.
Ҳаммаси бўлиб, камида 11 киши тергов остида. Уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари, шунингдек, Қирғизистон фуқароси ҳам бор.
Хуружда ўлганлар сони ҳозирда 139 кишига етган, 180 дан ортиқ киши яраланган, улардан баъзиларининг аҳволи оғир.
Фожиа кетидан Россия ҳукумати муҳожирлар оқими устидан назоратни кучайтирган.
24-март, шанба куни кечқурун Шереметево аэропортига қўнган Қирғизистон фуқаролари бир кундан ортиқ ушлаб турилган. Улар ўз мамлакатининг Москвадаги элчихонасига қилган телефон қўнғироқлари ҳеч қандай натижа бермаган.
Орадан кўп ўтмай Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга зарурат бўлмаса, Россияга бормасликни тавсия қилган.
Ўз навбатида, Россиядаги тожиклар жамоаси ксенофобик характердаги жиноятлар кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, ватандошларни ўта эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.
Калуга шаҳрида номаълум шахслар Тожикистоннинг уч фуқаросини калтаклаган. Улардан бири касалхонага ётқизилган.
Бундан ташқари, Россиянинг турли қисмларида мижозлар тожик миллатига мансуб такси ҳайдовчиларининг хизматларидан оммавий равишда воз кечишни бошлаган.
Екатеринбургдаги савдо марказларида хавфсизлик кучлари ижарачилардан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистондан келган ходимлар рўйхатини тақдим этишни талаб қилмоқда, акс ҳолда - жарима.
Полиция Москва ва бошқа шаҳарларда ётоқхоналар ва муҳожирлар яшайдиган бошқа жойларда рейдлар ўтказмоқда.
Шарҳловчи Семён Новопрудский фикрича, ҳукумат разведка хизматларининг айбини шу тарзда оқлаш ва аҳолини тинчлантириш ҳаракатида.
"Бу чора-тадбирларнинг қандай самара бериши ҳеч кимни қизиқтирмайди", - дейди у.
"Афтидан, охир оқибат калтакни меҳнат муҳожирлари ейди. Ва бу, меҳнат бозорида, айниқса қурилишда ишчилар етишмовчилиги кучайган пайтда юз бермоқда. Мигрантлар Россия иқтисодиётининг айрим тармоқлари учун жуда муҳим. Мамлакат арзон меҳнат кучидан воз кеча олмайди”.
Россия хавфсизлик кучлари, шунингдек, политсия, миграция хизмати ва бошқалар мигрантларни сотиб, бизнес қилади, дейди Новопрудский, уларни бундан маҳрум қилиш қийин бўлади.
Марказий Осиё давлатлари учун эса миграция оқими ва Россияга қарамликни қандай камайтириш ҳақида ўйлаш вақти келди, дейди у.
“Улар учун бундай қарамлик миллий хавфсизликка ҳақиқий таҳдиддир. Лекин Тожикистоннинг, масалан, бу ерда имкониятлари кам ва улар ҳеч қандай шароитда Россия билан муносабатларни бузмайди. Тожикистонда Россиянинг йирик ҳарбий базаси жойлашган. Қолаверса, бу давлат Россияга меҳнат миграциясига жуда боғлиқ ва унинг ёнида Душанбенинг энг ашаддий душмани бўлмиш Толибон ҳукмронлик қилаётган Афғонистон ҳам бор”.
Новопрудский таҳлилича, Россияда Марказий Осиё республикалари аҳолисига нисбатан давом этаётган репрессия минтақада радикализмнинг кучайишига олиб келиши мумкин ва бундан террористлар фойдаланади.
Тадқиқотчи Борис Долгин ҳам шундай фикрда. Мигрантларни нишонга олиш осон, ишини эплолмаган махсус хизматларни эса қийин, дея киноя қилади у "Америка Овози" билан суҳбатда.
“Терроризмнинг олдини олиш ва радикал исломий ғоялар тарқалиши мумкин бўлган жамоаларда ишлаш ўрнига улар меҳнат муҳожирларини айбдор сифатида танламоқда".
Москва учун Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларнинг кескинлашувининг олдини олиш муҳимроқ, дейди Долгин.
"Чунки, бир томондан, улар мигрант фобиясига нисбатан муносабат билдириши керак. Иккинчи томондан эса Россияда миллионлаб ватандошлари ишлашда давом этишини таъминлаши керак".

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase