close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

"Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм юритмаганлар кофир"ми?

Айрим тоифалар демократияни куфрда айблаш, Конституцияни куфр низоми сифатида баҳолаш борасидаги ўз ғояларини хаспўшлаш йўлида Қуръони каримнинг Моида сураси 44-оятидан усталик билан фойдаланган. Ушбу оятда Аллоҳтаоло шундай деган:
«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир» (Моида сураси, 44-оят).

Айрим тоифалар демократияни куфрда айблаш, Конституцияни куфр низоми сифатида баҳолаш борасидаги ўз ғояларини хаспўшлаш йўлида Қуръони каримнинг Моида сураси 44-оятидан усталик билан фойдаланган. Ушбу оятда Аллоҳтаоло шундай деган:
«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир» (Моида сураси, 44-оят).
Уларнинг қарашларига кўра ушбу оятга мувофиқ бугунги кундаги Конституцияга амал қилаётган, қонунлар лойиҳасини ишлаб чиқаётган барча инсонлар кофир ҳисобланади. Айниқса, Ўзбекистондаги фаолият олиб бораётган имомлар ва диний соҳа ходимларига бу борада узр берилмайди (яъни уларнинг фикрига кўра имомлар биринчилардан бўлиб кофир саналади).
Улар катта куфр ҳолатларини санаб, жумладан шундай деган:
“Қуйидаги ҳолатларни ҳам унга (яъни катта куфрга) киритиш мумкин экан:
Биринчи ҳолат:ўз нафсига қонун чиқариш ҳаққини берган киши. Бу катта куфр ҳолати экан. Ҳалоллаш, ҳаромлаш ҳуқуқини ўзига бериб қўйибди. Фарқи йўқ энди, бу шахс бўладими, мажмуа бўладими ёки парламент ҳайъати бўладими ёки бошқа нарса бўладими фарқ йўқ".
Иккинчи ҳолат: бир киши бир низом қўяди. Аллоҳнинг шариатига мухолиф бир қонун қўяди. Бу
ҳозирги тўқима қонунларгаўхшаш. Кўп ислом диёрларида татбиқ қилинаётган. Бу ҳам катта куфр ҳолатларидан.
“Учинчи ҳолат: миллий урф одатлар, миллатчилик қабилалар одатлари шариатга хилоф бўлса, Аллоҳнинг ҳукмини билса-ю ана шунга унамаса бу ҳам катта куфр".
Аслида, Ислом умматининг энг донишманд, энг мўътабар уламолари мазкур оятни турлича тафсир қилишган. Уларнинг бирортаси бу оятнинг мазмунидан келиб чиқиб, мусулмонларни бир сўз билан куфрда айблашмаган.
Уламоларимиз мазкур ояти каримани асосан уч хил тафсир қилишган:
1. Ушбу ояти каримада Ислом миллатидан чиқарадиган куфр назарда тутилмаган. Балки, гуноҳкорлик назарда тутилган.
Қуръон таржимони дея танилган машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу оят тафсирида қуйидаги изоҳлари нақл қилинган:
«Бу сизлар ҳисоблайдиган куфр эмас. Шубҳасиз, у мусулмон миллатидан чиқарадиган куфр эмас. У куфр даражасига етмаган куфрдир» [Имом Ҳоким ва Байҳаҳий ривоят ҳилган. Имом Ҳоким бу ривоятни саҳиҳ деган).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди, тобеинларнинг катталаридан бўлмиш Товус раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг маъно-мазмунини:
“У Аллоҳга, фаришталарга, китобларига ва пайғамбарларига куфр келтиргандек кофир эмас!" дея изоҳлаган (Тафсири Ибн Абу Ҳотим).
Ояти каримани Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва у зотнинг шогирди Товус раҳимаҳуллоҳларнинг ушбу тарзда тафсир қилишлари Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш услубига асосланган бўлиб, бошқа ояти карималарда Аллоҳ таоло ушбу ҳолатни кофирлик эмас, балки золимлик ва фосиқлик деб баён қилади:
"Кимки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, ана ўшалар золимдирлар” (Моида сураси, 45-оят).
"Кимки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, ана ўшалар фосиқдирлар” (Моида сураси, 47-оят).
Шунинг учун ҳам, саҳоба ва тобеинлар даврининг машҳур муфтийси Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ уларни
"Куфрдан қуйи даражадаги куфрдир, зулмдан қуйи даражадаги зулмдир, фосиқликдан ўзга фосиқликдир”, деб баҳолаганлар ("ал-Ибонат ал-кубро”, 3-жуз, 1006-бет).
Яъни ушбу "Моида сураси"нинг 44-47 оятларида айтилаётган куфр ҳақиқий эмас, ҳақиқий золимлик ҳам эмас, ҳақиқий фосиқлик ҳам эмас!
Демак, буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг: «Мусулмон миллатидан чиқаради-ган куфр эмас. Куфрдан паст даражадаги куфрдир», деганлари Қуръонда ёки ҳадиси шарифларда куфрга нисбат қилинган ҳар бир нарсага нисбатан бўлиши мумкин. Буни ўтмишдаги ва ҳозирдаги Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳам, оддий вакил-лари ҳам жуда яхши англашган. Буни биз ҳам яхши англамоғимиз лозим.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мазкур "Моида сураси’’нинг 44-оятига берган "куфрун дуна куфрин" ("куфрдан қуйи даражадаги куфр") деган қоидасига Ислом уламоларидан Икрима, Мужоҳид, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, аз-Зажжож, ат-Табарий, Ибн Касир, ал-Қуртубий, ал-Ожурий, Ибн Абдулбарр, ас-Самъоний, Абу Бакр ал-Жассос, Абу Яъло, Абу Ҳайён, Ибн Батта, Ибн ал-Жавзий ва бошқа минг-минглаб уламолар қўшилган бўлиб, ана шу фикрда бўлганлар.
2. "Кимки, Қуръонни рад этган ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини инкор этган ҳолда "Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса" ана ўша кофирдир".
Имом Фахриддин Ар-Розий ўзининг "Ат-тафсир ул-кабир"да: "Икрима "Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир" (Моида сураси, 44-оят) сўзи Аллоҳнинг қонуни билан унинг ҳақлигини қалби ва тили билан рад этган ҳолда ҳукм қилмайдиганларга ишорадир. Кимки Аллоҳнинг ҳукмини қалби ва тили билан ҳақ деб билса, лекин у билан ҳукм қилмаса, кофир ҳисобланмайди", деганлар.
Имом Ал-Ғаззолий ўзининг "Ал-Мустасфа" китобида шундай деган:
"Аллоҳ таолонинг Таврот ва унинг аҳкомларини зикр қилиб ўтгандан сўнг ‘Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир" ояти Аллоҳ таолонинг ҳукмларини рад этган ва ёлғонга чиқарган ҳолатда ҳукм қиладиганлар хусусидадир" (1-жуз, 168-бет).
Буюк бобокалонимиз Имом Абул Баракот Насафий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: "Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир", "Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар фосиқлардир", "Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар золимлардир" оятларининг ҳар учтасини ҳам (Қуръонни) инкор қилишга йўйиш мумкин. Ана шундай киши кофир, золим ва фосиқ ҳисобланади. Чунки, "золим" ва "фосиқ" умумий қўлланганда кофир назарда тутилиши мумкин" ("Мадорикут танзил" 1-жуз, 284-бет).
Имом Абу Муҳаммад ибн Атия Ал-Андалусий ўзининг "Ал-Муҳаррар ал-важиз" китобида шундай деган:
"Аллоҳ таолонинг "Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир." [Моида сураси, 44-оят) ояти Аллоҳ таолонинг туширган ҳукмлари билан ҳукм қилмайдиган ҳар бир кишини ўз ичига олмайди. Балки, Қуръонни инкор этган ҳолда Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмайдиганлар хусусидадир. Иймонли киши Аллоҳнинг ҳукмларини инкор этмас ва ёлғонга чиқармас экан, агар Аллоҳ таолонинг ҳукми билан ҳукм қилмаса, кофир бўлиб қолмайди".
Демак, ояти каримани шу тафсирига кўра ту-шунганимизда ҳам Конституцияга амал қилаётган, қонунлар лойиҳасини ишлаб чиқаётган барча инсонлар кофир ҳисобланмайди. Чунки кўплаб тартиб-қоидалар Аллоҳ нозил қилганидан ўзгаси билан ҳукм қилиш бобидан эмас. Бу одамлар ҳаётини тартибга соладиган ва Аллоҳнинг шариатига хилоф келмайдиган қоидалар бўлиб, йўл тартиб қоидалари, фуқаровий қоидалар, жиноят қоидалари, Аллоҳнинг шариатига хилоф келмайдиган жазолар бунга мисол бўлиши мумкин. Ушбу қоидалар дунёвий тартиб қоидалар бўлиб, ҳеч ким унга диний тус бермайди ёки буни Аллоҳнинг ҳукми дея қабул қилмайди. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга қарата:
“Сизлар дунёингиз ишини билувчироқсиз”, - деганлар (Имом Ибн Хузайма "саҳиҳ"да ривоят қилган).
Шу билан бирга ушбу тартиб қоидаларга амал қилаётган мўмин-мусулмонлардан бирор киши Аллоҳ нозил қилган каломи - Қуръони карим ва ундаги аҳкомларни инкор этмайди. Шу нуқтаи назардан бугунги демократик давлатларда жорий этилган қонунларига амал қилишни - куфр дейиш тўғри бўлмайди. Чунки ушбу ҳукмлар давлат мутасаддилари томонидан аҳолини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, бунда одамларга фойда бор. Ҳамда у Аллоҳ нозил қилганидан ўзгаси билан ҳукм қилиш эмас.
3. Ушбу ояти карима яҳудийларнинг кофирлари ҳақида нозил бўлган.
Шаъбий роҳматуллоҳи алайҳ оятдаги ҳукм яҳудийларга хос деганлар. Демак мазкур оятнинг маъноси тақдиран қуйидагича: "Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаган яҳудийлар, ана ўшалар кофирдирлар" (Жомиъу аҳкомил Қуръон).
Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ ўз тафсирларида мазкур оятларни сабаби нузулини қуйидагича келтирадилар: "Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладилар: "Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: "Аллоҳтаоло (Аллоҳтаоло нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, ўшалар кофирдир) ва (ўшалар золимдир) ва (ўшалар фосиқдир) оятларини яҳудийларнинг икки тоифаси ҳақида нозил қилгандир", деганлар.
Мазкур оятни нозил қилиниш сабабини ўрганишда давом этадиган бўлсак ҳақиқатдан ҳам яҳудийларнинг ичида зино содир этилиб унинг иштирокчиларини жазолашга келганда Тавротдаги Аллоҳнинг зинокорларга белгилаган ҳукмини қўйиб ўзлари ўйлаб топган ҳукм билан жазоламоқчи бўладилар ва бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни айбдор қилиш учун гўёки жазолаш ҳаққини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳавола қиладилар. Аммо уларнинг бу ҳий-лалари иш бермайди. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тавротда зинокорларга белгиланган «тошбўрон қилиш» ҳукмини қўллайдилар.
Шунинг учун ҳам "Муфассирлар шайхи" дея танилган буюк муфассир олим Имом Абу Жаъфар Табарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят тафсирида кўплаб олимларнинг қарашларини келтириб, шундай хулоса қиладилар:
"Бу гаплар орасида менинг наздимда тўғрироғи мазкур оятлар ахди китобларнинг кофирлари ҳақида нозил бўлган, деган гапдир. Чунки ушбу оятдан олдин ва ундан кейин келган ояти карималар аҳли китобнинг кофирлари борасида нозил бўлган. Бу оятда ҳам улар назарда тутилган. Ундан олдинги ва ундан кейинги оятлар улар ҳақида хабар бермоқда. Мазкур оят ҳам улар ҳақида хабар экани авлодир” (8-жуз, 468-бет).
Демак, Имом Абу Жаъфар Табарийга кўра «Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир» ояти каримаси биздан аввал ўтган Аҳли китобларнинг ўз динларига нисбатан хиёнат-корликлари, Аллоҳнинг динини ўзгартирганликлари ҳақида тарихий хабар ўлароқ келтирилмоқда.
Имом Воқидий ўз тафсирларида шундай дейдилар:
"Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир” ояти яҳудийлардан Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартирганлар ҳақида нозил бўлган. Бу ва ундан кейинги икки оятда мусулмонларга ҳеч қандай алоқаси йўқ” (1-жуз, 321-бет).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ихтилоф чиқараётган томоннинг мазкур ояти карима маънолари, тўғрисида қилаётган даъволари мутлақо нотўғридир. Биз юқорида қисқача келтириб ўтган маълумотларимиздан ҳам мазкур оятнинг маънолари ва ундан кўзланилган мақсад ва нима сабабдан нозил бўлганлиги, ҳаммаси маълум бўлиб турибди.
Уларнинг ояти карималар маънолари билан чуқур танишмасликлари, балки кўр-кўрона кимлардандир эшитган маълумотларга ишониб кетавериши, энг ачинарлиси бошқа маълумотларни қабул қилмасликлари ажабланарлидир. Бу ҳолат эса мусулмонларнинг ўртасида кўплаб фитналарга, қон тўкилишларга сабаб бўлишини наҳотки улар тушунмасалар!

муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase