Қаззофийнинг Россия ташвиқоти тақдимотидаги "ютуқлари" нинг тўлиқ рўйхати қуйидагича:
1. Бензин сувдан арзонроқ. 1 литр бензин - $ 0,14
2. Янги турмуш қурганлар квартира сотиб олиш учун 64 000 $ олади.
3. Таълим ва тиббиёт мутлақо бепул.
4. Давлат ҳар бир оила аъзоси учун йилига 1000 $ субсидия тўлайди.
5. Ишсизлик нафақаси - $ 730.
6. НАТО ҳарбий базалари ёпилган.
7. Ҳамширанинг маоши 1000 $.
8. Ҳар бир чақалоқ учун 7000 $ тўланади.
9. Шахсий бизнес очиш учун, бир марталик молиявий ёрдам - 20000 $.
10. Катта солиқлар ва йиғимлар тақиқланган.
11. Аҳоли жон бошига ЯИМ — 14192$
12. Чет элда таълим ва амалиёт — давлат ҳисобидан.
13. Кўп болали оилалар учун асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг рамзий нархлари бўлган дўконлар тармоғи.
14. Яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни сотиш учун-оғир жарималар ва махсус полиция бўлинмалари томонидан ҳибсга олиш.
15. Баъзи дорихоналар бепул дори-дармонларни таклиф қилишади.
16. Дори-дармонларни қалбакилаштириш учун - ўлим жазоси.
17. Квартира тўлови йўқ.
18. Аҳоли электр энергияси учун тўламайди.
19. Спиртли ичимликларни сотиш ва истеъмол қилиш тақиқланади
20. Автомобил ва квартира сотиб олиш учун кредитлар фоизсиз.
21. Риэлторлик хизматлари тақиқланади.
22. Автомобил сотиб олиш давлат томонидан 50% гача, халқ милицияси жангчиларига — 65% тўланади.
23. Ҳокимиятга тепасига келганида мамлакатдан халқаро корпорацияларни қувиб чиқарди.
Оддий одам учун ташвиқотдан фактларни ажратиб, текшириш қийин: ташвиқот, албатта, манбаларни тақдим этмайди ва рус сегментида кам маълумот мавжуд.
Россия Википедияси ҳам Россия оммавий ахборот воситаларига таяниб, Қаззофий давридаги фаровонлик ҳақида ёзади.
Аммо Қаззофийни обрўсизлантирадиган бир қатор фактлар ҳам мавжуд.
2009 йилда ишсизлик 20,7% эди. Ливия коррупцияни идрок етиш индексида 2,2 балл олди (бу рақам қанча катта бўлса, коррупция даражаси шунчалик паст бўлади). 2010 йилда Freedom House матбуот эркинлигини ва Ливияда сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятини баҳолаб, унга 7 рейтингини берди, бу жуда паст эркинлик даражасини англатади (рейтинг қанчалик паст бўлса, эркинлик шунчалик катта бўлади). Муаммар Қаззофий даврида инқилобий қўмиталар, мухолифатни назорат қилиш учун режимнинг фуқаролик тарафдорлари органи мавжуд бўлиб, унда ливияликларнинг 10-20% информатор сифатида ишлаган. Ливия разведка идоралари бутун дунё бўйлаб Ливия диссидентларига суиқасдларни ҳам амалга оширдилар. 2004-йилда Қаззофий 1960-йиллардан бери Британияда яшаб келаётган диссидент ливиялик журналист Ашур Шамис учун ҳамон 1 млн доллар ваъда қилган эди. Мактаб ўқув дастурида инглиз ва француз тиллари тақиқланган ва чет элликлар билан сиёсий мавзуларда суҳбатлашиш уч йиллик қамоқ жазоси билан жазоланган. Ливияда диссидент ҳаракатлари тақиқланган, сиёсий партиялар ташкил этиш қатл билан жазоланган.
Қандайдир тарзда репрессия ва цензура ижтимоий фаровонликка мос келмайди. Шу ўринда савол туғилади: агар мамлакат шундай ижтимоий жаннат бўлса, диссидентлар ва сиёсий маҳбуслар қаердан пайдо бўлади?
Танишиб чиқиш учун маълумот
Ливия Африкадаги нефтга бой давлат бўлиб, аҳолиси 7,2 млн кишини ташкил қилади (2018 йил маълумотлари, 2011 йилда булар сони 6,5 миллионга яқин эди). Экспортдан тушган тушумнинг 95 фоизини хомашё ташкил етади. Қаззофий даврида Ливия йилига 50 миллиард долларга яқин хомашё экспорт қилган, бу киши бошига 10 минг долларни ташкил қилади.
Ливия ва қўшни мамлакатларда аҳоли жон бошига экспортни таққослаш, Ливия кўрсаткичига нисбатан 10 миллионга яқин аҳолига эга Тунис аҳоли жон бошига қарийб 5 баробар, 100 млн аҳолига эга Миср эса 17 баробар (!) кам экспорт қилган (2010 йилда Ливияда фуқаролар уруши арафасида).
Шу билан бирга, Миср ва Тунисда аҳоли жон бошига истеъмол харажатлари Ливиядагидан (5 минг доллар) атиги 1,4 баравар кам эди.
Таққослаш учун, Россияда 2007-2010 йилларда аҳоли жон бошига истеъмол харажатлари тахминан 7 минг долларни ташкил этган, бу Ливияга нисбатан 2 минг долларга кўпдир.
Аммо Россия истеъмол харажатларининг қўшни мамлакатларга нисбатини тушунтиришга ҳожат йўқ (ким нефть экспорт қилиши ва ким юқори технологиялар экспорт қилишини тущшунтиришга ҳожат йўқ).
Макроиқтисодий синовда "Қаззофий давридаги фаровонлик" ҳеч нарса эмаслиги маълум бўлди - истеъмол харажатлари Россияга қараганда паст, аммо экспортдан аҳоли жон бошига даромад анча юқори.
Энди бандлар бўйича.
Янги турмуш қурганлар квартира сотиб олиш учун 64 000 $ олади? Бу фақат ҳокимиятга яқин бўлганларга тегишли. Янги турмуш қурганлар фақат уй-жой олиш учун навбатда туришлари мумкин эди (СССРда бўлгани каби) ва бепул квартирани кутишлари керак эди, баъзан ўнлаб йиллар давомида.
Бепул тиббиёт? Ҳа, фақат паст сифатда. Расмий равишда бизнинг тиббиётимиз ҳам бепул. Лекин пуллик даволаниш имкониятига эга бўлган деярли ҳеч ким бепул даволанмайди. Ливияда эса пуллик дори-дармонлар тақиқланган эди. Ҳар қандай жиддий касаллик бўлса, чет элга чиқиш керак эди. Ливияда сифатли тиббий хизмат фақат элита учун мавжуд эди.
Ливиядаги "шифокорлар иши" (СССРдаги каби) алоҳида аҳамиятга лойиқ. Ливияда, бутун Африка каби, ОИТС эпидемияси мавжуд эди. Қаззофий беш болгариялик ҳамшира ва бир фаластинлик шифокорни 1998 йилда 426 нафар ливиялик болага ОИВ инфекциясини атайлаб юқтирганликда айблади, улардан 52 нафари аллақачон вафот этганди. Ҳамширалар қийноққа солинган ва зўрланган. Кейин улар отиб ўлдириш орқали ўлимга ҳукм қилинди. Европа Иттифоқи амалда уларни 460 000 000 долларга сотиб олди.
Ҳар бир оила аъзоси учун йилига 1000 $ дотация. Дотация – бу пул тарқатиш эмас. Масалан, 2011 йил Чеченистон 68.6 млр. рубл дотация олди, бу эса, 2011 йил курси бўйича ҳар бир чеченга 1633$ демакдир. Аммо бу ҳар бир чечен бу миқдорда ижтимоий тўловларни олди дегани эмас. Ливияда ижтимоий имтиёзлар кичик эди. Қаззофий даврида Ливия ҳар бир бола учун ойига 2 динор ва туғилганда 100 динор тўлаган. Ҳомиладор аёллар учун нафақа тўртинчи ойдан бошлаб бола туғилгунга қадар ойига уч динорни ташкил этарди. Дафн нафақаси – 50 динор. Энг кам пенсия миқдори ойига 96 динор. Ойига тўрт динор - бу нафақахўрнинг нафақасига қўшимча тўлов, агар унинг хотини бўлса. Ойига икки динор - ҳар бир бола учун нафақахўрга қўшимча тўлов. Энг кам ногиронлик нафақаси ойига 46 динор. Қаззофий даврида бир Ливия динори тахминан 80 АҚШ центига тенг эди
Ишсизлик нафақаси — 730 $. Бир йилга? Ойлик ишсизлик нафақаси 50 динор (50 доллардан кам) эди. Ишсизлик даражаси тахминан 20% эди. Шу билан бирга, Ливияда энг кам иш ҳақи йилига 1785 доллар ёки ойига 148 долларни ташкил қилган. Маълумки, нафақа энг кам иш ҳақидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Ҳамширанинг маоши — 1 000 $. Йиллик маошми? Ҳамширанинг ойлик маоши малакасига қараб 200-500 динор эди. Минус солиқлар. Бундай ойлик маошни фақат ҳукмрон элита учун махсус клиникаларда олиш мумкин эди.
Ҳар бир чақалоқ учун 7000 $. Туғилганда бир марталик нафақа 100 динор, шунингдек, ҳар бир бола учун ойига икки динор. Россия кўпроқ тўлайди.
Шахсий бизнес очиш учун, бир марталик молиявий ёрдам — 20 000 $. Ёлғон. Ёрдам танлаб ва 10 000 динордан кўп бўлмаган миқдорда берилди.
Катта солиқлар ва йиғимлар тақиқланган. Солиқлар бўлган ва мунтазам ўсган.
Аҳоли жон бошига ЯИМ — 14 192 $. Шубҳали ютуқ, Ливия аҳоли сони кам бўлган «бензоколонка-мамлакат» эканлигини ҳисобга оладиган бўсак. Бундан ташқари, имтиёзлар адолатли рақобат натижасида эмас, балки содиқлик тамойили бўйича нотекис тақсимланган.
Чет элда таълим ва амалиёт — давлат ҳисобидан. Бу қоида фақат режимнинг юқори қисмига тегишли эди. Таълими давлат томонидан тўланадиган кичик бир гуруҳ талабалар бор эди. Хорижий таълим ҳар ким томонидан тўланса, маҳаллий таълим сифатини ҳисобга олган ҳолда ҳамма чет элда ўқиган бўларди.
Баъзи дорихоналар бепул дори-дармонларни таклиф қилишади. Ҳа, фақат ўз одамлари учун
Квартира тўлови йўқ. Ёлғон.
Аҳоли электр энергияси учун тўламайди. Ёлғон.
Автомобил ва квартира сотиб олиш учун кредитлар фоизсиз. Тўғри, лекин фақат қоғозда. Кредит фоизлари Ислом динида ҳаром қилинган. Фоиз шунчаки квартиранинг нархига қўшиб қўйилган.
Автомобил сотиб олиш давлат томонидан 50% гача, халқ милицияси жангчиларига — 65% тўланади. Тўғри, лекин фақат ҳарбийлар учун.
Ҳокимиятга тепасига келганида мамлакатдан халқаро корпорацияларни қувиб чиқарди.Тўғри, фақат бу шубҳали ютуқ. Муаммарнинг ўзи 1973 йил шундай деганди: "Қўшма Штатларнинг Ливиядан чиқариб юборилишидан кўра кўпроқ ҳеч нарса менга завқ келтирмайди. Аммо нефтимизни ким қазиб олади? Жин урсин Американи". Ливия раҳбарияти халқаро терроризмни қўллаб-қувватлашда айблангани сабабли туфайли Америка нефть компаниялари 1986 йилда Ливияни тарк этишган.
Кўриб турганимиздек, ташвиқотдаги "ютуқлар" нинг аксарияти сохта ва ўз манфаати учун фойдаланилган маълумотлар бўлиб чиқди.
Зеро, Қаззофийдан катта бошқарув қобилиятлари талаб қилинмаган - у фақат нефтдан олинган пулни адолатли тақсимлаши керак эди. Аммо у бу вазифани ҳам уддалай олмади. Қаззофий амалда феодал давлат яратди ва имтиёзлар сиёсий содиқлик ва тузумга садоқат тамойилига мувофиқ тақсимланди.
Қаззофий ҳам ҳар қандай диктатор каби ҳашаматли ҳаёт ҳақида аянчли тасаввурга эга эди. Полковникнинг олтинга нисбатан ўзига хос заифлиги бор эди. Бу қимматбаҳо металлдан сув париси шаклидаги диван, АК-47 автомати, соат, голф араваси, барча ошхона анжомлари ва ҳатто пашша ўлдиргич ясашда ҳам фойдаланилган. Албатта, ўз ҳарами. Албатта, вояга етмаган бокира қизлар спиртли ичимликлардан фарқли равишда шариат томонидан тақиқланмаган. 120 млн долларга сотиб олинган Қаззофийнинг шахсий самолёти, бортида тўлиқ ўлчамли жакузили Airbus А340 кумуш билан безатилганди.
1972 йилда Ливияда барча сиёсий партиялар ва мухолифат гуруҳлари фаолияти тақиқланган. Мамлакатдаги ягона қонуний сиёсий партия Араб социалистик иттифоқи эди. Ишчилар ва талабаларнинг иш ташлашлари ва намойишларини тақиқловчи, матбуот устидан қаттиқ назоратни жорий қилувчи қонун эълон қилинди. 1980 йилдан бери Италия, Англия, Ғарбий Германия, Греция ва АҚШ да Қаззофийнинг сургундаги 15 дан ортиқ ливиялик рақиби ўлдирилган. Қаззофий ўзининг барча сиёсий рақибларига шафқатсиз муносабатда бўлди - 84 киши қамоқхоналарда ҳалок бўлди, 50 киши инқилобий трибуналларнинг ҳукми билан оммавий отиб ташланди, 148 киши авиаҳалокатлар, автоҳалокатлар ва заҳарланиш натижасида ҳалок бўлди.
Қаззофий террорчи бўлган. Локерби осмонида самолёт портлаши Ливия махсус хизматлари ходимлари томонидан уюштирилган. 270 киши ҳалок бўлди. Ливияликлар Берлиндаги америкалик ҳарбийлар орасида машҳур бўлган La Belle дискотекасига бомба қўйишди (уч киши ўлган ва уч юз киши яраланган). Қаззофий халқаро террорчилар - фаластинликлар, басклар, ирландлар ва италияликларга ҳомийлик қилган. 1996-йилда Қаззофийнинг буйруғи билан Абу Салим қамоқхонасида исён кўтарган 1200 га яқин одам отиб ташланган.
Қаззофийнинг Сабҳа шаҳридаги аёлларга қилган нутқидан, 2007 йил
Аёллар ўз уйларида урушга тайёргарлик кўришлари керак. Улар "шаҳид камарларини" қандай тайёрлашни ва душман аскарлари орасида ўзларини портлатишни ўрганишлари керак. Ҳар қандай автомобил эгаси машинага бомба ўрната олиши керак. Буни аёлларга ҳам ўргатишимиз керак – машиналарга бомба қўйиб, оломон ўртасида портлатиш, уйларни душманлар устига қулаб тушадиган қилиб портлатишни. Улар учун олдиндан тузоқларни тайёрлаш керак. Аёллар шкафлар, сумкалар, поябзаллар ва болалар ўйинчоқларига бомба қўйишни ўрганишлари керак.
Нега рус ташвиқоти уни бунчалик қатъият билан ҳимоя қилмоқда? Кўринишидан, Ливия ва Россия ҳукмрон режимлари ўртасида жуда кўп умумийлик бор. Бундан ташқари, Ғарбга қарши ташвиқот Путин ҳукумати қонунийлигининг асосий устунларидан биридир (бошқа қолоқ диктатуралар сингари, халқнинг етакчи атрофида бирлашиши учун ташқи таҳдид керак).
Манбалар: федерал ОАВ (1-каналдаги новости, Пусть Говорят кўрсатуви), ижтимоий тармоқлар.
Абу Муслим