close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).
22.07.2024 01:03

Муқаллиднинг имони дурустдир

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом

Далилларга таянмасдан, тақлид билан имон келтирган кишининг имони дурустдир. Мўътазилалар шубҳани даф этиш мумкин бўладиган даражада ҳар масалани ақл далолати билан билмагунича киши мўмин бўлолмайди, дейишади.

05.06.2024 15:32

Изоҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу бобда тўртта ҳадис келтирган.

26.05.2024 21:23

Иймонда собит туриш

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом

Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга Исломдаги шундай бир сўзни айтингки, сиздан кейин бирор кишидан (бошқа бир ривоятда «Сиздан бошқадан» дейилган) у ҳақида сўрамайин», дедим. Шунда у зот: «Аллоҳга иймон келтирдим» деб айтгинда, сўнг (шу иймонда) собит тур», дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган).

18.05.2024 20:27

Иймон гуноҳлар билан нуқсонли бўлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом

Изоҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ мазкур бобда саккизта ҳадис нақл қилиб келтирган. Ундан олдин Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ иймоннинг турли шуъбаларини батафсил тарзда баён қилган. У ишора, киноя ва очиқ-ойдин «иймон кўпайиб, камаяди», деган мазҳабини асослашга уринган. Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу бобдан васваса бобигача бир неча бобларда куфрнинг шуъбаларини баён қилишга киришган. Бу билан: «Куфр иймоннинг зидди. Куфр турли бўлаклардан иборат экан, унинг муқобилидаги иймон ҳам бир неча бўлаклардан таркиб топади. Демак, иймон бўлаклардан иборат экан, у кўпайиб, камайиб туради», деган нарсани исботламоқчи бўлган. Нарсалар ўзининг зидди билан билиниши борасида бундай шеър айтилган:

Емонликлар цораланиб,
Фазилат бўлди аён,
Нарса моҳиятини,
Зидди қилади баён.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино қилувчи зино қилаётганда мўмин бўлмайди. Ўғри ўғрилик қилаётганда мўмин бўлмайди. Хамр ичувчи хамр ичаётганда мўмин бўлмайди», дедилар».
Ибн Шиҳоб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Менга Абдулмалик ибн Абу Бакр ибн Абдураҳмон: «Абу Бакр бу ҳадисни ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, уларга айтиб берар ва сўнгра: «Абу Ҳурайра бунга: «Инсонларнинг кўз ўнгида қимматбаҳо нарсани тортиб олаётганида мўмин бўлмайди», деб қўшиб қўяр эди», дер эди».
Шарҳ:
«Зино қилувчи зино қилаётганда» ҳадиси иймон китобида зикр қилинган. Хорижийлар гуноҳи кабира қилган кишини Исломдан чиқариб, дўзахда абадий қолади, деб ҳукм қилганлар. Мўътазилийлар эса гуноҳи кабира қилган кишини куфрга киргизишмай, икки манзил орасида қолади, деб ҳукм қилганлар. Уларнинг талқинида бундай киши мусулмон ҳам эмас, кофир ҳам эмас. Чунки гуноҳи кабира қилган инсон қасддан, ҳалол санаб уни қилмаган. Мўътазилийларнинг талқинида бундай кимсалар учун икки манзил ораси, деб аталган жой бўлади. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, гуноҳи кабира қилган киши Исломдан чиқмайди. Мазкур ҳадис очиқ-ойдин хорижий ва мўътазилийлар фойдасига далил бўлади. Чунки унда «мўмин бўлмайди», деган ибора келган. Шунингдек, ушбу ҳадиси шариф зоҳирий эътибордан Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга зид саналади. Масалан:
1. «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур» (Нисо сураси, 48-оят).
2. «Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг» (Ҳужурот сураси, 9-оят).
3. Аллоҳ таолонинг ҳадлари ва қасосга тегишли бир неча оятлар мавжуд. Уларнинг барчасида гуноҳи кабира қилган киши учун алоҳида жазо тайин қилинган. Бундан гуноҳи кабира қилган киши диндан чиқмаслиги маълум бўлади.
4. Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳунинг «зино қилиб, ўғирлик қилса ҳамми» ҳадисини ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларни жумҳур уламолар далил қилишиб: «Гуноҳи кабира қилган киши алал-оқибат жаннатга киради», деганлар. Жумҳур келтирган далиллар мазкур ҳадис матнига зид. Мўътазилийлар мазкур ҳадиси шарифни ўзларига далил қилишиб, гуноҳи кабира қилган инсонни Ислом динидан чиқариб, «байнал манзилатайн - икки манзил ўртасида» қолишига ҳукм қилганлар. Демак, мазкур ҳадис Қуръони Карим оятларига ва баъзи ҳадиси шарифларга зоҳирий эътибордан қарама-қарши келиб қолгани учун таъвил қилиш керак бўлиб қолди. Зеро, шу орқали икки далил орасини мувофиқлаштириш юзага чиқади:
Биринчи таъвил: зино қилувчи кишидан комил иймон инкор қилинган. Яъни ҳадис «зино қилувчи киши комил иймонда бўлмайди», деган маънода бўлади. Бироқ ундан асл иймон инкор қилинмайди.
Иккинчи таъвил: Тўрпўштий раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича, мазкур ҳадис лафзий жиҳатдан хабарий жумла бўлгани билан маъно эътиборидан иншоий жумла бўлади. Яъни зинокор мўмин бўлса, зино қилмасин. Буни (ла язни) тарзида жазм билан келган ривоят ҳам қўллаб-қувватлайди. Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳ ҳам шундай таъвил қилган. Бироқ бунга шундай эътироз пайдо бўлади: «Мазкур ҳадисдаги «ҳийна» сўзи зарф бўлиб, у юқоридаги таъвилни инкор қилади. Чунки наҳйи мутлақ учун, «ҳийна» эса муқайяд учун бўлиб қолади. Шундай экан, ҳадис хабарий жумлалигича қолади.
Учинчи таъвил: Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни бундай талқин қилган: «Бу ерда иймоннинг муҳим шуъбаси бўлмиш ҳаё инкор қилинмоқда. Яъни ким бундай қабиҳ ишга қўл урса, унда иймон бўлмайди, яъни ҳаё бўлмайди. Зеро, иймоннинг энг муҳим шуъбаси ҳаё бўлиб, мўмин киши зино қилиш билан унда ҳаё қолмайди». Шу маънода, «ҳаёсиз бўлсанг, хоҳлаган ишингни қилгин», деган гап ҳам бор.
Тўртинчи таъвил: Бу ерда иймоннинг нури инкор қилинмоқда. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам айни шу таъвилни қилган.
Бешинчи таъвил: Бу ҳадисдан Аллоҳ таоло кўриб турибди деган шуҳудий иймон инкор қилинмоқда. Яъни бир киши Аллоҳ таоло мени кўриб, кузатиб турибди, деган эътиқодда бўлса, асло у бундай ишга қўл урмайди. Масалан, инсон ёш бола олдида бўлганида ҳам ёмон ишга қўл ура олмайди-ку!
Олтинчи таъвил: Бу ҳукм зажр ва танбеҳ маъносида бўлади. Бундай ёмон ишга қўл урган киши мўмин бўлмайди, балки фосиқ, фожир бўлади, деган маънода бўлади.
Еттинчи таъвил: Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо тариқи орқали нақл қиладики, бундай ишга қўл урган кишининг иймони қалбидан чиқиб, бошида худди соябон каби туради. Сўнгра унга яна қайтиб киради. «Термизий»да ҳам шу маънодаги марфуъ ҳадис келган.
(янтаҳибу) сўзи «кимнингдир мулкини зўрлик билан тортиб олиш», деган маънони англатади. (нуҳбатун) сўзи эса «талон-торож қилиш», деган маънода ишлатилади. «Инсонларнинг кўз ўнгида», яъни инсонлар уларнинг журъатидан таажжубланиб, зулмидан қўрқиб, ҳеч нарса қила олмай уларга кўз тикиб турадилар. Зеро, одатда инсонлар қароқчидан қўрқади.
Бошқа ривоятларда (ва ла яғиллу) сўзи ғанимат молига хиёнат қилишга айтилади. Бу сўздан мутлақ хиёнат маъноси ҳам англашилади. (фа ийякум ийякум), яъни ўзингизни бундай
гунохдан асранг. Мазкур ҳадисда Аллоҳ таолонинг ҳақлари билан бандаларнинг ҳақлари зикр қилинди. Яъни иймон бандадан икки ҳаққа ҳам риоя қилишни талаб қилади.
Ҳадисдаги «Ҳу» (ҳаулаи) сўзи одамларга эмас, ҳадисда зикр қилинган гуноҳларга, яъни зино, ўғирлик, хамр ичиш кабиларга ишорадир. Бу гуноҳларни алоҳида айтилганидан мақсад шуки, улар бошқа фисқу фасодни илдизи ҳисобланади. Мисол учун, зино шаҳватнинг илдизи бўлса, ўғрилик дунёга муҳаббат қўйишнинг асосидир. Хамрхўрлик эса Аллоҳ таоло ва бандаларнинг ҳақларига риоя қилмасликнинг илдизи ҳисобланади. Қароқчилик эса одамларнинг молини ва жонини хорлашнинг асоси. Шу боис Ислом динида мазкур нарсалар катта гуноҳ ҳисобланади. Бошқа ривоятларда қароқчилик ҳам зикр қилинган. Ҳадиси шарифдаги ваъид фақат кабира гуноҳга қўл урганларга тегишли. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу гуноҳи кабиралар қаторида қароқчиликни ҳам қайд қилди.
Савол: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадисни келтириш ва баён қилиш услубидан қароқчиликка оид ривоят марфуъ ҳадис эмасдек туйилиб қолган. Балки у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга мавқуф ривоятга ўхшаб қолган. Мазкур ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу томонидан қароқчилик ҳадис таркибига киритилгандек бўлиб қолган. Шундай эмасми?
Биринчи жавоб: Абу Нуъайм Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган барча ҳадисларни тахриж қилиб, унда Ҳаммом ибн Мунаббиҳ санади орқали қароқчиликка оид ривоятни ҳам марфуъ тарзда ривоят қилган. Шунинг учун Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривояти асосида ҳеч қандай шак-шубҳага бормаслик керак.
Китобдаги 203-ҳадисда шундай дейилган:
«Қароқчиликни зикр қилиш билан ҳадисни айнан ўзини нақл қилган».
Иккинчи жавоб: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу гуноҳи кабиралар сирасига қароқчиликни ҳам ҳадис бўлганлиги эътиборидан қўшиб қўяр эди. Бу ерда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзидан ҳадисга қўшимча қилмаган.
Учинчи жавоб: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бошқа санадлар эътиборидан уни ҳам марфуъ ҳадис эканига иқрор бўлган. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Баъзи ровийлар ҳадисдаги «қимматбаҳо» сўзини зикр қилганлар ва яна баъзилари уни қайд қилмаганлар. Бу ровийлар билан боғлиқ жараён саналади.. (зоту шараф), яъни «шаъни улуғ» ёки «қадри улуғ талон тарож», деган маънони англатади. Иккинчи машҳур маъноси шундай: «Кундузида бундай катта ўғрилик қилишига инсонлар ҳайрон ва лол бўлиб тикилиб қарашади».
«Хамр» деганда маст қилувчи ичимлик назарда тутилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қароқчиликни зикр қилиш билан ҳадисни айнан ўзини нақл қилган. Бироқ унда (зоту шараф) иборасини келтирмади. Ибн Шиҳоб айтади: «Менга Саид ибн Мусайяб, у Абу Салама ибн Абдураҳмондан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қароқчиликнинг зикрисиз мазкур ҳадиснинг айни ўзини ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бу ҳадис юқоридаги ривоят билан бир хил тарзда нақл қилинган. Бироқ унда «қароқчилик» сўзи зикр қилиниб, «қимматбаҳо» сўзи тилга олинмаган.
Буларнинг барчаси юқоридаги ҳадиснинг бошқа санад билан қилинган ривоятидир. Буларнинг барчаси Зуҳрийнинг ривоятига ўхшайди. Лекин Ало ва Сафвон ибн Сулаймларнинг ҳадисларида «одамларнинг кўз ўнгида» деган ибора келтирилмаган. Ҳаммомнинг ҳадисида «Мўминлар кўз ўнгида талон-торож қилаётганда мўмин бўлмайди», деган жумла мавжуд бўлиб, яна унга: «Сизлардан бирингиз ўлжага хиёнат қилаётганда мўмин бўлмайди. Шундай экан, сақланинглар, сақланинглар», деб қўшимча қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Зинокор зино қилаётганда мўмин бўлмайди, ўғри ўғрилик қилаётганда мўмин бўлмайди ва хамрхўр хамр ичаётганда мўмин бўлмайди. Тавбага ҳали имконият бор».
Шарҳ:
(ват тавбату маърузатун баъду), яъни киши гуноҳи кабирага қўл урганидан кейин тавба қилмоқчи бўлса, албатта, унда тавба қилишга имконият бор. Тавба дарвозаси ҳали беркитиб қўйилмаган. Аллоҳ таоло банданинг тавбасини қабул қилса, у жаннатга киради. Бу жумла хорижий ва мўътазилийларга қарши очиқ-ойдин далил саналади. Улар гуноҳи кабира қилган кишида тавба қилишга имконият йўқ, дейдилар. Уларнинг таъкидлашларича, Аллоҳ таолонинг адолатига кўра, у одам дўзахга киради ва у ердан қайтиб чиқмайди. Бу хорижий ва мўътазилийларнинг нотўғри қарашлари ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Зино қилувчи зино қилаётганда мўмин бўлмайди...» У ҳадиснинг давомини худди Шуъбанинг ривояти каби баён қилган.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

05.05.2024 09:54

Иймон етмиш неча шўъбадир...

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Иймон етмиш неча шўъбадир. Уларнинг энг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дейиш, энг қуйиси эса, йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймондан бир шўъбадир» (Муттафақун алайҳ).

16.04.2024 18:05

Охир замонда иймоннинг кетиши

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида «Аллоҳ, Аллоҳ», дейилмай қолгунича Қиёмат бўлмайди», дедилар».

15.04.2024 14:06

Аллоҳ таолонинг фаришталарига имон

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом

Аллоҳ таолонинг фаришталарига бундай имон келтирамиз: “Фаришталар Аллоҳ таолонинг мукаррам бандаларидир. Аллоҳ таоло уларга нимани буюрса, шуни қилишади. Аллоҳ таолога исён қилишмайди. Улар маъсумдирлар. Уларда эркаклик-аёллик сифатлари йўқ”. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

29.03.2024 12:50

Суннат ҳақида

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом

«Суннат» сўзи эса, араб тилида «тариқат–маънавий йўл» маъносини англатади. Фалончининг суннати дегани унинг ҳаётий йўли, деганидир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганда тарийқатлари, йўлларини тушунамиз.

27.03.2024 15:09

Чин иймон ва унинг ихлоси ҳақида

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар» (Анъом сураси, 82-оят.) ояти нозил бўлганида бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига оғир келиб: «Бизлардан қайси биримиз ўзига зулм қилмайди?» дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу сизлар ўйлаганингиздек эмас. Балки у Луқмон ўз ўғлига «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир»,(Луқмон сураси, 13-оят.) дегани кабидир», дедилар.

11.03.2024 03:30

Йўлдаги ўтувчиларга азият етказиши мумкин бўлган тикон, ахлат ёки одамларни тойилтириб юбориши мумкин бўлган бошқа нарсаларни олиб ташлаш хайрли амалдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase