Ислом институтлари Туркиянинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнайди, бу айниқса "пост-исломчилар" ҳокимият тепасига келган сўнгги ўн йил ичида яққол кўзга ташланади. Ишлаб чиқариш ва ижтимоий муносабатларни модернизация қилиш шароитида мусулмонларнинг ўзини ўзи ташкил этиш усуллари ўзгарди. Тариқатлар анъанавий институт сифатида ўз мавқеини "жамоат" деб аталмиш ташкилотларга бой беряпти. Бу жараённинг ривожланишига кўплаб омиллар сабаб бўлади: мусулмонларнинг янги шароитларга мослашиши, яъни дунёвий жамиятда яшаш зарурати, давлатнинг миллий ўзига хослиги, Исломни "дин" сифатида бу тушунчалардан фарқлайдиган диннинг замонавий тушунчаси. Бундан ташқари, "жамоатлаштириш"га урбанизация, саноат ишлаб чиқаришининг ривожланиши ва бошқа ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳам ёрдам берди. Жамоатларни ўрганишга социологик ёндашув доирасида уларнинг тариқатлардан сифат жиҳатидан фарқлари ажратилади). Бунда жамоатлар сони тариқатлар сонидан ошиб кетди. Масалан, "Konsensus" маркази тадқиқотига кўра, Сулаймон Ҳилми Танухон шогирдлари жамоати ва "Ҳизмет" ҳаракати (Фатуллаҳ Гулен тарафдорлари) Туркиядаги у ёки бу ҳаракат ёки жамоага мансуб мусулмонларнинг тахминан 78,1 фоизини ташкил қилади.
"Жамоат" атамасини қўллашнинг ўзи, биринчи навбатда, сўфийлик тариқатлари тақиқланганлиги сабабли тариқатларнинг бошқача номланишига мажбур бўлганлиги билан боғлиқ. "Исмоил оға" одатда айнан шу сабабдан жамоат деб аталади, у классик тариқатга анча яқинроқ, аммо бу "ортодоксал" жамоада "жамоатлашиш" белгилари ҳам бор, шу сабабли у ўрганиш учун қизиқарли объект бўлиб туюлади. Биз буни Туркиянинг ўзида қабул қилинган тушунчага тўлиқ мос равишда ҳам тариқат, ҳам жамоат деб атаймиз.
"Исмоил оға" жамоатининг шайх ва муридлари
Исмоил оғанинг штаб-квартираси ва ташкилий маркази Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги Чаршамба маҳалласида жойлашган. Муридларнинг ўзига хос қиёфаси туфайли бу тариқат кўпинча оммавий ахборот воситаларининг, айниқса, исломийлашувни хавотирли аломат деб биладиган дунёвий деб аталадиган оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлади. Тариқатга киришнинг шарти соқол қўйиш, салла ва чопон каби узун кийимлар, аёллар эса иягини қоплаган қора рўмол ўрашларидир. (Исмоил оға масжидига биринчи ташрифи чоғида муаллиф ресепшен ходимининг (!) "Татарлар салла ўрашган"и, ҳозир эса ўрамай қўйишганидан деган афсуслалигини эшитган).
Бу жамоат ўзининг биринчи, доимий шайхи, 1929 йилда Туркиянинг Трабзон вилоятида туғилган Маҳмуд Устаосмонўғли номи билан узвий боғлиқ. Диний мадрасаларда ўқиб, ҳарбий хизматни ўтаб, Истанбулга кўчиб келгач, у 1996 йилгача "Исмоил оға" жоме масжидида шу номли жамоат имом-хатиби лавозимида ишлаган.
Туркиядаги кўплаб мусулмонлар ҳурмат билан атаганидек, Маҳмуд афанди 1960 йили месхети туркларидан бўлган муршиди Али Ҳайдар вафот этгач, Накшибандия тариқатининг (Холидия-Мужаддидия деб айтиладиган тармоғи) шайхи бўлди. Маҳмуд Устаосмонўғли бир муддат сояда бўлиб, Нажмиддин Эрбаканга сиёсий фаолият учун "ижоза" берган деб ҳисобланган («Милли Гёрюш» ҳаракати, «Милли селамет» – «Рефах» – «Фазилет» – «Саадет» партиялари) ва уларнинг даврасига, масалан, Туркиянинг ҳозирги Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўған ташриф буюргани айтиладиган Кумушхонавий шайхи Меҳмед Зоҳид Қўтқуга ҳурмат кўрсатиб юрган.
Маҳмуд афанди Зоҳид Қўтқу вафотидан кейингина анъанавий ҳанафий фиқҳи ва сўфийлик амалиётига қатъий амал қилишни ўзида мужассамлаштирган ҳолда ўз йўналишига амал қила бошлади.
Исмоил оға Истанбул марказидаги Фотиҳ туманида 1330 ўқувчига мўлжалланган Қуръон курсларини ташкил этиш учун катта мажмуа қурилиши муносабати билан шуҳрат қозонган. Ўшанда Маҳмуд Ҳожи жамоатга қарши чиққан муфтий Ускудар Хасан Али Уналнинг ўлдирилишига фатво берганликда гумонланиб ҳибсга олинган, сўнгра етарли далил йўқлиги сабабли қўйиб юборилган. Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Ҳожи яна бир неча бор терговда бўлган, бироқ иш судгача олиб келмаган. Шогирдлар орасида унинг ғайритабиий ҳимояланганлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган.
"Исмоил оға" жамоатининг тамойиллари ва миссияси
Муаллифнинг Исмоил оға қошида фаолият юритаётган "Инсонни қадрлайдиган нотижорат ташкилотлар федерацияси" координатори Мехмет Туран билан суҳбати чоғида жамоат фаолиятининг қуйидаги тамойиллари ифодаланди (Турон сўзлари курсив билан ажратилган):
1. Модернизация. «Дин ва илм-фан бу – икки қанот, инсон уларнинг иккаласи билан ҳам шуғулланиши керак. Илм билан шуғулланиш, албатта, шариат доирасида бўлиши керак». Исмоил оға муридлари қатъий ҳанафийликка амал қилиб, эътиқодни "илм/ҳаракат/ихлос" орқали очиб беради. Жамоат раҳбарияти асосан антимодернистик қарашларга амал қилади. Қолаверса, Исмоил оға кўплаб диний масалаларда кескин позицияга эга. Масалан, Ислом шариати қоидаларига кўра, шахмат ўйини гуноҳ (макруҳ даражасида) деб эълон қилинади. Улар замонавий кийимларнинг кўп турларини (пальто, галстук) қабул қилмайди, шу билан бирга улар ижтимоий тармоқлардан, масалан, Facebook дан фаол фойдаланадилар.
2. Давлат билан муносабатлар. "Биз нафсни тозалаш билан шуғулланамиз, лекин давлат билан бирга яшашимиз керак. Сиз давлат тарафдори бўлишингиз шарт эмас, худди шу тарзда, давлатдан ташқарида, унга қарши бўлолмайсиз". Таъкидлаш жоизки, оддий жамоат аъзолари расмий шахслардан фарқли ўлароқ, ҳукуматни, жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам кўп танқид қиладилар.
3. Хилват. "Жамиятдан ташқарида бўлолмайсиз, лекин жамиятда сиз Худо билан бирга бўлишингиз керак" (“Halk içinde Hakkla beraber” машҳур сўфий ибораси, сўзма-сўз таржимада – "Халқ ичида Ҳақ билан бирга").
4. "Исмоил оға" жамоатининг мақсади: «Дунёнинг ҳар бир даҳасида биттадан эркаклар мадрасаси ва биттадан аёллар мадрасаси очиш... Мўминлар ҳам, даҳрийлар ҳам тинч-тотув яшай оладиган дунё қуриш. Худодан қўрқадиган, ўз ҳаракатларига масъулиятли, ҳамма билан бирга яшай оладиган инсонни тарбиялашга бўлган катта иштиёқ. Шу билан бирга, исломни юмшатиб бўлмайди, жаннатни у ерга ҳар ким киритиладиган ўз боғи деб ҳисоблаб бўлмайди».
"Жамоат" етакчиларининг мулоқот тарафдорлари билан бир қаторда модернистларнинг танқиди ҳам яққол кўриниб турибди. Жуббали Ахмет номи билан танилган Ахмет Маҳмут Унлу, масалан, оммавий ахборот воситаларидаги энг машҳур жамоат арбоби, профессор Ҳайреддин Караманни христианлар ва бошқа динлар билан мулоқотнинг ижобийлигини асослашга урингани учун бир неча бор танқид қилган. Жуббели ўз мактубларидан бирида Мехмет Акиф Эрсой ва "масон" Муҳаммад Абдони ҳам "динни янгилаш даъвоси билан уни йўқ қилаётганлар" деб танқид қилади .
Жамоатчилик ва маърифий ишлар
Тариқатларни "жамоатлаштириш"нинг таркибий қисмларидан бири, бизнингча, корпоратив ички фаолият ва ўзини-ўзи изоляция қилишдан оммавий-ҳуқуқий соҳадаги фаолиятга ўтиш, яъни Ғарб фуқаролик жамиятига хос хусусиятларнинг пайдо бўлишидир. Исмоил оға тариқати замон ва қонун сўровларига жавоб бериб, «Инсонни қадрлайдиган нотижорат ташкилотлар федерацияси»га бирлашган жамоат ташкилотларининг бутун бир тармоғини (30 дан ортиқ) ташкил қилди (WДД). ИҚНТФ мақсади – «инсонга муносиб ҳаёт кечириши учун замин тайёрлаш, ўз ватанини, миллатини севадиган, миллий, ахлоқий, диний ва маданий қадриятларни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантиришни таъминлайдиган жамият барпо этилишини таъминлашдир».
Бу жамоат ташкилотлари назорати остида «Исмоил оға» Эрзинжон ва Эфиопиядан Покистон, Гвинея ва Буркино-Фасогача мадрасалар, масжид ва намозхоналар очади.
Жамоатчилик ва ҳомийлар билан ишлашни расмийлаштириш ҳам замонавий хусусиятга эга. Федерациянинг мулоқот қилиш усуллари ва миссионерлик фаолияти бўйича йўриқномалар веб-сайтда жойлаштирилган бўлиб, унинг исталган аъзоси, шунингдек, барча манфаатдор шахслар ўз шайхи ёки унинг халифалари билан бевосита боғланмасдан маълумотлардан фойдаланишлари мумкин. Анъанавий мусулмон жамоалари мулоқотининг айрим шаклларини кибернетизация қилиш таниш институтлар ўзгаришининг ёрқин белгисидир.
Бундай йўриқномадан парча келтириб ўтамиз: «Ибодат, одоб-ахлоқ, ҳаётий тажриба, шунингдек, одамлар билан муносабатларни йўлга қўйиш йўлида зарур юкларга эга бўлган уч киши олдиндан белгиланган кунлик дастур бўйича тадбиркорларни зиёрат қилади, кафе, таверна, касалхона ва заводларга ташриф буюради. Ушбу учрашувларнинг натижалари ҳар куни қайд этилади, ташрифлар ва одамлар билан индивидуал учрашувлар бўйича мажбуриятлар кузатилади. Ўзаро муносабатлар ўрнатилганларга ташрифлар тўрт даражага бўлинади:
1) танишув ташрифлари: танишиш, ўзаро келишув ришталарини яратиш;
2) муносабатларни фаоллаштириш ташрифлари: шаклланган ҳамдардликни мустаҳкамлаш;
3) ўзаро англашув ташрифлари: шаклланган боғлиқликдан фойдаланиб, улар назарида динимизнинг маънавий неъматлари қадрини мустаҳкамлаш;
4) баҳам кўриш мақсадида ташрифлар: мулоқот натижасида шу онг даражасига эришган таниш-билишлар динимиз маънавий қадриятларини бошқалар билан баҳам кўришларини таъминлаш ва шу орқали одамларни қадрлашни ўрганиш.
Дастлаб ҳафталик дастур тузилади. Ушбу дастурда қуйидагилар ҳисобга олинади: тадбиркорлар ва ишчиларга ҳар куни ташриф буюриш, ҳафтада уч кун кечқурун - қаҳвахоналарга ташриф буюриш, ҳафтада бир кун - касалхоналар, бир кун - таверналар ва барларга. Ҳар куни танаффус пайтида - заводларга ташриф буюриш. Ушбу жадвал соат бўйича тузилиши керак.
Ҳар куни эрталаб Федерациядан юборилган масъул шахслар ҳам ўтган кун натижаларини, ҳам жорий кун режаларини муҳокама қилишади.
Тадбиркорларга ташрифлар уларнинг маънавий онгини тиклаш ёки савиясини ошириш мақсадида амалга оширилади; касалхоналарга ташриф буюриш пайтида, уларнинг юқори ибодат туйғуларига мурожаат қилиб беморларнинг руҳий тикланиши таъминланади. Қаҳвахоналарга ташрифлар натижасида кутубхоналар тўлдирилиши керак: доимий ташриф буюрувчиларни китобга йўналтириш ва уларнинг маънавий тикланишига ҳисса қўшиш керак. Таверна ва барларга ташриф буюришда ҳалол даромад олиш, ташриф буюрувчиларни эса ёмон одатлардан воз кечиш орқали маънавий тикланишига ёрдам бериш керак. Иш берувчи билан олдиндан келишиб, 10-15 дақиқалик диний ваъзларни уюштирган ҳолда фабрикаларга ташриф буюришда ишчиларни маънавий жонлантириш зарур».
Ибодатнинг баъзи хусусиятлари
Умуман олганда, мусулмон ҳуқуқи соҳасида тариқат тарафдорлари, юқорида айтиб ўтилганидек, суннийликнинг ҳанафий вариантига амал қиладилар. Маҳмуд Устаосмонўғлининг маънавий силсиласи Баҳоуддин Накшибанддан, Аҳмад Сирҳиндий ва Холид Бағдодий орқали олиб борилганлиги сабабли, «Исмоил оға» муридлари томонидан ўрганилган асосий китоблардан бири Бағдодийнинг "Рисолаи-Холидие" китобидир. Мана, ундан зикр, хотирлаш ва Аллоҳ таолонинг фаол мушоадаси ҳақида бир парча: «Аввал мурид таҳорат олиб, хилват жойда ёлғиз қолади. Ўнг томонга ўтириб, оёқлари чапга чиқаради. Бутун ҳис-туйғулари ва хаёлларидан қутулиб, айбига иқрор бўлиб, зикрида қабул бўлиши, суннатга амал қилиш ва дунё йўлининг яхши якунланиши учун дуо қилиши керак. Сўнг улуғ шайхимиз Баҳоуддин Накшибанд руҳига туҳфа сифатида бир марта Фотиҳа ва уч марта "Ихлос" сурасини ўқийди. Кейин у кўзларини юмади, ўзини ётоқда ётган ҳолда тасаввур қилади. Ва буни охирги дам олиши деб ўйлаб, қўрқиб Аллоҳдан ёрдам сўрайди ва: “Eşhedü en lâ ilâhe illallàh, ve eşhedü enne muhammeden abdühû ve rasûlühû” ("Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман"), Азроил фаришта унинг руҳини олиб, охиратдаги жойларини кўрсатиб, бошида қолдиришини тасаввур қилади».
Шайх Маҳмуд Устаосмонўғлининг "Муридларга насиҳатлар" китобидан: «Мурид меҳнаткаш (меҳнатсевар) бўлиши ва ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариши керак. <...> Қалб тил билан нима талаффуз қилиниши ҳақида ўйлаши керак. <...> Умидни узиб, шубҳага тушиб қолиш мумкин эмас. Совуққон бўлиш ва албатта давом эттириш керак. <...> Вазифаларни бажаришни бошлаганингизда, нафсингиз (ан-нафс) оёқларингиз шишиб кетган, қўлларингиз чарчаган, бошингиз оғрияпти ва ҳоказолар ҳақида фикр билдира бошлайди. Агар сиз бу чақириқларга берилмасдан, дарсингизни давом эттирсангиз, нафснинг умиди сўниб, итоат қилишга мажбур бўлади».
"Исмоил оға" нинг сиёсий қарашлари ва жамоатнинг ривожланиш истиқболлари
Жамоатнинг ўз партияси йўқлигига қарамай, Маҳмуд афандининг кўплаб муридлари анча тажовузкор. Жумладан, Facebook ижтимоий тармоғидаги "Маҳмуд афанди ҳазратлари" гуруҳида (обуначилар сони 110 минг кишига яқин) айтилган гаплардан бири: "Чарчоқ йўқ, лоқайдлик йўқ, жиҳод энг катта диний фарздир, биродарлар”. "Мусулмонларнинг бегуноҳлиги" филми бўйича жаҳон миқёсидаги жанжал чоғида бу гуруҳда доимий равишда митингларга чиқиш чақириқлари янграган, Америка байроқларини ёқиш ҳолатлари маъқулланган ва ҳоказо. Бироқ, Маҳмуд афандининг ўзи ва умуман унинг энг яқин сафдошлари радикализм билан фарқ қилмайди. 2011 йилги сайловларда жамоат ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партиясига овоз берган, бироқ баъзи маълумотларга кўра, исломий "Саадет" партиясига ҳам овоз берган.
"Исмоил оға" республика ҳукумати таркибида Туркиянинг Дин ишлари бўйича бошқарма билан ҳамкорлик қилади. Агар илгари "диянет" турли орден ва тариқатлардан воз кечган бўлса, Маҳмуд афандининг бу тузилма билан муносабати совуқ эди (унинг ўзи давлат ҳокимияти томонидан тайинланган «Исмоил оға» масжидининг расмий имоми бўлишига қарамай), айни дамда жамоатнинг кўп муридлари Туркиядаги масжидларда имомлик қилади. Фотиҳ ҳудудидаги Қуръон курслари ҳам расмий ҳисобланади.
Социологик тадқиқотларга кўра, «Исмоил оға» жамоатига 300 мингдан сал кўпроқ одам киради. Жамоа Туркиядан ташқари Грузия, Буркина-Фасо, Эфиопия, Покистон, Россия ва бошқа мамлакатларда ҳам фаолият юритади. Бу тариқат жамоат воситаларидан – байналмилаллаштириш ва ҳатто мусулмон бўлмаган жамиятларда ишлаш учун фойдалана бошлаганининг яна бир далилидир. Эҳтимол, анъанавий ("архаик") ва замонавий ("модерн") жамиятнинг биргаликда яшаши шароитида архаик деб аталадиган элементлар вақти-вақти билан ташқи (бегона) таъсирга реакция сифатида пайдо бўлади. Модернизацияга уринишлар қанчалик қатъий бўлса, реакция шунчалик кучли бўлади. Эҳтимол, нисбий демократия шароитида агрессив камолчи ғарбийлаштириш ва секуляризация турк жамоати «Исмоил оға»нинг пайдо бўлиши ва фаоллашувига хизмат қилгандир. Бир томондан, турк жамияти у билан тариқатлар анъанавий тарзда боғланган ҳар доим миллий маданиятнинг маънавий таркибий қисмига қизиқиш билан ажралиб туради. Бошқа томондан, сиёсий режим исломни жамоат майдонидан сиқиб чиқарди. Бу омиллар, бизнингча, «Исмоил оға»нинг пайдо бўлиши ва фаоллашишига асосий сабаб бўлган. "Жамоат" аъзолари ўзига хос гетто – ҳам моддий, ҳам маънавий – ташқи дунёдан ажралган ҳолда ташкил қилинган. Аммо (мажозий маънода) Чоршамба маҳалласидан Олтин шох кўрфази орқали ўтиб, дунёвий ҳаётнинг машҳур маркази бўлган Истиқлол кўчасига кириб қолган Маҳмуд афанди муридлари ўзлари учун аниқ ноқулай шароитларга тушиб қолишади. Ҳеч шубҳа йўқки, тариқат таклиф этаётган мавжудлик замонавийлик нуқтаи назаридан ўзига хосдир ва у барча мусулмонлар учун ҳам, ҳатто уларнинг муҳим қисми учун ҳам универсал ечим бўла олмайди. Али Булачга кўра, жамоат аъзолари ўзлигини йўқотса, осонлик билан ассимиляция қилишлари мумкин. У уларни фақат резервацияда яшай оладиган аутентик турк жамоаси деб ҳисоблайди. Рушен Чакирнинг фикрича, мусулмонларнинг бу "фолклор" гуруҳи кўплаб замонавий муаммоларни, масалан, аёллар масаласини ҳал қила олмагани учун узоқ муддат мавжуд бўлишга қодир эмас.
Афтидан, жамоатнинг яқин йиллардаги асосий муаммоси раҳбарни алмаштириш масаласи бўлиб қолади – Маҳмуд афанди аллақачон кекса ва ожиз, унинг вафотидан кейин жамоа бир неча оқимларга бўлиниб кетиши мумкин. Айни дамда шайхнинг ўзи даражасидаги нуфузли шахс йўқ ва бу жамоатга ички низолар билан таҳдид солади. Бу муаммонинг ҳал этилиши шартида «Исмоил оға»нинг омон қолиш ва ривожланиш учун барча имкониятлари бор. Бироқ, бу ривож, шубҳасиз, жамиятнинг "тариқат", ўз-ўзидан бўлган таркибий қисми ва "жамоатлаштириш"ни рад этишни англатади. Агар бу амалга ошмаса, «Исмоил оға»нинг миқдорий ва сифат жиҳатидан ривожланиши имконсиз бўлиб қолади ва тариқат Туркиянинг модернизация тарихи четида қолади.
Муллиф: Саитов Илшод - сиёсий фанлар номзоди, Ислом цивилизациясини тадқиқот қилиш маркази раиси, Қозон федерал университети ҳамда Самсун шаҳридаги (Туркия) Canik Başarı сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар кафедра доценти.
Абу Муслим таржимаси