Сўнгги вақтларда туркий халқларнинг тарихи ва маданиятига бағишланган турли хил интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда тангричилик эътиқодига оид масалалар кўп кўтариладиган бўлиб қолди. Тангричилик туркий ва мўғул қавмларининг қадимги дини бўлиб, жуда қадимги вақтларга бориб тақалади. Баъзи, ўзларини зиёли, деб ҳисоблаганлар Исломдан кўра, тангричлик туркий халқлар минталитетига мос, дин деб айтишмоқда. Гўёки, Ислом туркийларнинг миллий ўзлигини йўқ қилармиш, туркий маданият ўрнига араб маданиятини келтирармиш ҳамда замонга мос эмасмиш. Бошқа асоссиз даъволар ҳам йўқ эмас. Қуйидаги мақолада шу каби баъзи асоссиз даъволар ва бошқа таъналарга жавоб беришга ҳаракат қиламиз, инша Аллоҳ.
Тангричилик (тангризм) нима? Бу қадимги турк ва мўғул қавмларининг дини бўлиб, унга “абадий кўк - осмонга” сиғиниш демакдир (“Кўкка илтижо”, “Осмон ёрдам бер” каби иборалар ўша дин таъсиридан қолган асоратлар). Баъзи замонавий тадқиқотчилар осмон деганда коинотни, яъни коинотни Худо, деб тушунтирмоқда. Исломга кўра, Аллоҳ таоло эмас коинот эмас, коинот Аллоҳ таоло тарафидан яратилган нарсадир.
Хуллас, ушбу дин ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламиз:
Тангричилик тимсол сифатида ўзига хочни танланган
Насронийларнинг хос тимсоли тангричилик динидан олинган, деб айтадиганлар ҳам бор. Бироқ, бу оригинал фикр эмас, чунки хочга ўхшаш белги тибет буддавийлигидан тортиб бошқа яна жуда кўп дин ва халқларга маълум бўлган. Тангризмни тирилтирмоқчи бўлганлар, тангричлик билан православие дини ўртасида фарқ йўқ дейди ва славянларни туркийлардан чиққан қавм, Биби Марям тасвирланган иконаларни эса, Умай (тангризмда аёл маъбуд, она-ер), деб таъкидлашади. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида ким қайси қавмга тақлид қилса, ўша қавмдан бўлиб қолиши хусусида огоҳлантиргандилар.
Тангризм – кўпхудоликнинг бир тури
Тарғиб қилинаётган тангричиликда ширк учрайдиган жойлар тиқилиб ётибди. Бу дин тавҳидга қараганда жоҳил ва мушриклар динига жуда яқин эканини билиш учун мазкур динга юзаки нигоҳ ташлашнинг ўзи кифоя қилади.
Бу динда тангри олий маъбуд бўлиб, у билан бирга сиғинадиган яна кўп кичик маъбудлар бор. Аждодлар рухи, бирон бир қадамжо хосияти, сув, юрт эгаси, ҳар хил оталар қабри ва ҳоказолар.
Исломда эса, оламлар Роббиси Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ ва сиғинадиган маъбуд йўқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир. Ундан ўзга авлиё-дўстлар тутганлар: «Биз уларга фақат бизларни Аллоҳга жуда ҳам яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Албатта, У зот улар орасида ихтилоф этаётган нарсалар бўйича ҳукм қилур. Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас” (Зумар сураси, 3). Исломда ҳеч қандай авлиё, ҳеч қандай рухоний ва солих аждодлар ва уларнинг қабрига сиғиниш деган нарса йўқ.
“Улар жинларни Аллоҳга шерик қилдилар. Ҳолбуки, у ҳаммаларини яратган зотдир. Илмсиз ҳолда унга ўғиллар ва қизлар ясадилар. У улар васф қилган нарсалардан пок ва олий бўлди. У осмонлару ерни йўқдан бор қилгувчи Зотдир. Унинг хотини бўлмай туриб, боласи қандай бўлсин?! У ҳамма нарсани Ўзи яратди ва У ҳамма нарсани яхши билгувчидир” (Анъом сураси, 100-101).
“Сен: «Агар, улар айтганидек, У билан бирга бошқа илоҳлар бўлганида, улар Арш эгаси томон йўл излардилар», деб айт. У зот улар айтаётган нарсадан пок ва ниҳоятда олийдир (Исро сураси, 42-43).
Бу Ислом ва тангричилик ўртасидаги принципиал фарқдир. Ислом Аллоҳ ягонадир, Унинг ўхшаши йўқ, деб ўргатади.
Тангричиликни дуализм (икки худолик) билан яқинлаштирадиган хусусиятлари бор. Масалан, уларнинг афсонасига кўра, дунёнинг яралишида чексиз дунё уммонида икки ўрдак сузиб, биттаси тепага қараб учади ва тангрига айланади, иккинчиси эса, пастга қараб шўнғийди ва эр остининг эгаси бўлган эрликка айланди, дейилади. Мазкур афсонага кўра, ўша икки ўрдак бутун дунёни яратган эмиш. Қани бу ерда тавҳид? Аксинча тангричиликда яхшилик ва ёвузлик қутблари тенг эмиш.
Эҳтимол, булар эронликларнинг зардушийлик дини таъсиридан келиб чиққан эътиқод бўлса керак. Худди шу каби оловга эҳтиром қилиб, сиғиниш ҳам туркийларга шулардан ўтган.
Тангричиликдаги яна бир жуфт – Тангри (Осмон, Кўк) ва унинг хотини (она - ер) Умайдир. Бу эса, қадимги Хитой афсоналаридан ўтган. Туркийлар қадимдан хитойликлар билан ёнма ён яшашган, хитойлик маликалар билан сулолавий никоҳлар қуришган ва уларнинг маданияти ва динидан баъзи унсурлар ўтган.
Тангричликнинг космогоник афсонларига кўра, уларнинг маъбудалари фарзанд туғар эмиш. Тангри ва Умай – қуёш ва ойни туққан. Тангричиликда Қуёш ва Ойга ҳам сиғиниш бор.
Исломда эса, Қуёш ва Ойни Аллоҳ таоло яратган. “Кечаю кундуз, қуёшу ой Унинг оят-белгиларидан. Бас, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар. Уларни яратган Аллоҳга сажда қилинг. Гар сиз Унгагина ибодат қилмоқчи бўлсангиз” (Фуссилат сураси, 37).
Баъзи туркий қавмларда Қуёшга сиғиниш унсурлари ҳалигача сақланиб қолган. Масалан, XIX асрда яшаб ўтган қозоқ олими Чингиз Валихонов жоҳил кўчманчилар одати ҳисобланган қимизни Қуёшга қараб тўкиш урфи ҳақида ёзиб ўтган. Тангризмдаги Қуёшга сиғиниш қадимги миср ва юнонларнинг Қуёшга сиғинишидан нимаси билан фарқ қилади!? Ҳолат шу экан тангричилик қандай ҳам тавҳид дини бўла олсин?!
Тангричлик аввалдан бошлаб туркийларнинг дини сифатида тақдим қилиниб келинади. Ислом эса, туркий қавмларга араблар тарафидан мажбурлаб сингдирилганлигига ишонтирмоқчи бўлишади. Аслида эса, ундай эмас.
“Сен: «Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз», деб айт” (Аъроф сураси, 158).
Тангричилик бошқа халқларда ҳам ўз маъбудлари бўлиши мумкинлигини инкор қилмайди, яъни тангриларидан ҳам бошқа тангрилар бўлиши мумкин деб айтади (бундай деб ўйлаш мушрикларнинг психологиясига хосдир). Ислом эса, Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқ, Ҳақ дин ҳам Аллоҳнинг динидир дейди. Аллоҳ таолога бирор зот на зотида, на сифатида ва на амалида тенг бўлган эмас, бўлолмайди ҳам: “Айт: «У Аллоҳ ягонадир». Аллоҳ сомаддир. (Ҳожатларни ва рағбатларни қондирувчидир.) У туғмаган ва туғилмаган. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган” (Ихлос сураси).
Ҳақ келганидан кейин залолатдан бошқа яна нима ҳам бўлиши мумкин?
“Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг ҳақ Роббингиздир. Ҳақдан сўнг нима бўладир? Магар залолат бўладир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?” (Юнус сураси, 32).
Илоҳий ваҳий, мантиқ ва инсоннинг соғлом табиати фақат битта Ҳақ Худо бор деб турсаю, ўз нафсларини илоҳ қилган туркийчиликни асос қилиб олган таассубдан яна нимани кутиш мумкин.
Тангричилик динида ҳаққон (олий ҳукмдор) осмон ўғли бўлиб, муқаддас ҳисобланган ҳамда Тангрининг иродасини амалга оширувчи шахс, деб ҳисобланган.
Янги тангричилар кимни ҳаққон деб эълон қилишмоқчи: Эрдўғон, Назарбаев, Минниханов ёки Алиевними?
Исломда барча мулкларнинг эгаси Аллоҳ таолодир. У жорий қилган шариат олдида ҳамма - ҳукмдор ҳам қашшоқ ҳам баробар.
“Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавои нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (Нисо сураси, 135).
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “...Аллоҳ номига қасамки, Муҳаммад қизи Фотима ўғирлик қилса, унинг қўлини кесар эдим”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Тангричилар, Ислом миллий ўзликни, миллий маданиятни йўқ қилади, яъни ўзбекни араб қилиб қўйади, деб айтишади.
Бу важ ҳам ҳақиқатдан анча узоқдир.
Исломга кўра, Аллоҳ таоло одамзотни турли хил қилиб яратган: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот, 13)
“Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир” (Рум сураси, 22).
Бундан ташқари, Исломда ўзи отасидан тониш ҳам мумкин эмас. Яъни, ўзбеклар ўзларини арабмиз, дея олишмайди.
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ўзи била туриб отасидан бошқанинг боласиман деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир», деганлар...”
Сийрат ва саҳиҳ хабарлардан маълумки, пайғамбаримиз бошқа тилларни ўрганишга ҳам буюрганлар.
Тангричилар, Ислом арабларни ажамдан устун, ҳисоблайди, деб алдашади.
Бу таъна ҳам ёлғон. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Видо хутбасида: “...Арабнинг ажамдан, ажамнинг эса арабдан, қизил танлининг оқ танлидан, оқ танлининг эса қизил танлидан ҳеч қандай устунлиги йўқ, магар бўлса, тақво биландир!” дедилар.
Тангричилар ва уларга хайрихоҳ бўлаётганларга саволларимиз бор: Тангризм замонамиз муаммоларига қандай ечим берди, хусусан давлат тузилиши, қонунчилик ҳақларида нима дейди? Ичкилик, чекиш ва гиёҳвандлик билан туркий халқлар геноциди ҳақида нима дейишади? Ёшларнинг ахлоқсиз бўлиб бораётган муаммосини тангричилар қандай ҳал қилмоқчи?
Агар тангричлар холис бўлиб, юқорида саналган муаммоларга ечим топиб бера олмаймиз, дейишса, уларнинг кимлиги маълум бўлади. Уларнинг асосий мақсади аждодларининг динини тирилтириш эмас, балки ширк, зино, ичкилик ва бошқа ҳалок қилувчи жиноятларни ҳаром санаган Исломга қарши чиқиш учун топилган бир баҳонадир.
Улар бундай даъволарни нега қилаётгани маълум – улар ўзларини кофир деб айтилишини истамайди, муслим бўлишни эса хоҳламайди. Шунинг учун ҳам улар неотангричилик деган ном билан ўзларининг куфрни ниқоб билан беркитмоқчи.
Тангричликнинг аслилигининг муаммоси
Бу жуда кенг муаммо ва уни ёритиш жуда кўп вақтни олади. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, тангризмда муқаддас матнлари йўқ, Сибир, Қозоғистон ва Мўғулистондан топилган баъзи қадимий ёдгорлик тошларидаги сўзлар топилган. Улар зўрға ўқилган бўлсада уларни тўғри ўқиш ҳали муаммо, жуда кўп бир-бирига зид чалкашликлар бор.
Буларнинг ҳаммаси Қуръони каримга ўхшаб ваҳий орқали нозил бўлмаган, улар фақат ўша давр одамлари тарафидан, ўша даврнинг баъзи масалалари ёзилган битиклар, холос. Бу ёзувларда замонамизга мос келадиган бутун бир бошли, тизимли диний қарашлар ҳам акс этилмаган.
Тангризмни тирилтиришга урунётганлар ҳам якдил эмаслар, баъзилар уни православ дини билан фарқсиз деб кўрса (россиялик тангричилар), баъзилар, масалан Олтой туркийлари тангризмни буддавийликнинг бир шохобчаси, деб талқин қилмоқда. Учинчилари эса, яъни “либерал мусулмонлар” бу Исломдан олдинги аввалги Ислом деб қарашмоқда. Баъзилари эса, ҳаммасидан ошиб тушиб, бу суфизмнинг бир кўриниши, деб ҳам айтмоқда (қабрларга сиғиниш, баъзи дарахтларни муқаддас билан улардан барака тилаш ва хоказолар). Бошқалар эса, тангризмни алоҳида бир дин сифатида кўришни истамоқда.
Тангричиларнинг ўзлари ҳам чалкашиб кетган жойлари жуда кўп. Масалан, турклар насронийлар ва улардан сўнг Ислом дини таъсирида Тангри, деб Ягона Худони назарда тутса, мўғуллар ҳар бир борлиқнинг ўз тангриси бор дейди. Яъни, тангрилар кўп дейди. Бу баҳсни яна узоқ давом эттирса бўлади.
Тангризм вакиллари Исломни туркларнинг анъанавий дини эмас. Туркийлар Исломни XVIII ўрталарида қабул қилган. Шунинг учун ҳам анъанавий тангричиликка қайтиш керак, деб уқтиришга ҳаракат қилишади.
Бироқ, бу гапларни ҳам ғирт ёлғон деб айта оламиз. Чунки, туркий қавмлар Исломни асосан Қорахонийлар даврида қабул қилишди. Сўнг, Олтин Ўрда салатанати даврида ҳам жуда кўп кўчманчи қабилалар мусулмон бўлди.
Бироқ холис айтиш керакки, туркий ва мўғул қабилаларининг Исломни қабул қилиши бир текис кечмаган. Баъзилари Исломни қабул қилиб, сўнг мушрик ҳолларига қайтган ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, Берке ва Нўғой даврида турк ва мўғуллар Исломни қабул қилган бўлса, Тўхта хон даврида жоҳилиятга қайтишган. Сўнг, Ўзбек хон даврида Ислом давлат дини даражасига кўтарилган.
Ва кимдир: “биз учун бегона бўлган арабларнинг дини бўлгани учун ҳам қайта-қайта қабул қилинган” деса, биз уларга арабларнинг ўзи ҳам диндан қайтиш ҳоллари, сўнг яна Исломга қайтишлари бўлган, деб айтамиз. Шунинг учун ҳам тангричиларнинг бу даъволари асоссиздир.
Ҳозир ҳам этник араб, турк ва бошқа туркий халқларга бир назар солинса, уларнинг кўпи ўзларини мусулмонларданмиз, дейишадию, қилаётган ишлари ғирт ширкдир. Уларнинг амал қилмаётгани ёки ҳаром билан ҳалолнинг фарқига бормаётганида Исломнинг заррача айби йўқ. Барча айб ҳақиқий мусулмон бўлиш учун динини ўрганмаганларнинг ўзларидадир.
Тангризмнинг келажаги борми? Тангризмнинг ўлиб ётган мурдасини тирилтиришда нима наф бор, нима фойда бор? Аниқ мафкураси бўлмаган, долзарб масалалар, муаммоларга ечиб топиб бера олмаган тангричилик узоққа бора олмаслигига шак-шубҳа йўқ. Бу нарсаларга худди араблар каби муносабатда бўлишимиз керак. Яъни, улар каби қадимги тарихларни ўрганиб, улар ҳақида билимларни сақлаш керак. Жоҳилиятга тушмаслик учун булар бизга бир дарс вазифасини ўтайди, холос.
Ислом бизни жоҳилият зулматидан нурга олиб чиққан, миллий характеримизни шакллантирган, тавҳидга муҳаббатни сингдирган ва буюк одоб-ахлоқни ўргатган. Душманларимизни Ислом туфайди маҳв этганмиз, бошқалар ичида Ислом туфайлигина йўқ бўлиб кетмаганмиз. Иззат ва шон-шарафга Ислом орқали етганмиз.
Аслида бу мавзу кенг тадқиқотни талаб қилади. Эҳтимол яқин орада қайсидир миллатдошимиз ҳиммат қилиб, мавзунинг кенг тақдимотини тақдим қилиб қолар, инша Аллоҳ.
Исломни танқид қилиб, тангризмни тарғиб қилаётганлар Исломни асл манбаларидан яхшилаб ўрганишни сўраб қоламиз. Ўзи яхши билмаган нарсаларни танқид қилиб ҳеч ким ғолиб бўлган эмас. Исломни яхшилаб, асл манбалардан ўрганар экансиз Исломни қабул қилиб юборасиз... Албатта холис ҳамда соғлам ақл эгаси бўлсангиз... )
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади