«You can’t handle the truth!...»
(«Ҳақиқатга бардош бера олмайсан!»
«A Few Good Men» кинофильмидан (АҚШ 1992) )
Бирон кишини бирон-бир дин ёки эътиқодни қабул қилишга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ҳақида баҳс ҳам қилмаймиз.
Аммо, бирор инсон ёки қандайдир жамоа (фирқа, ҳизб, секта, адашган мистик жамоалар) чиқиб, Исломдан ташқари бир ғояни тарғиб қилиб: «Бизлар ҳаммадан кўра олий тоифамиз, асл диний таълимотларни фақат бизлар сақлаб юрибмиз, нажот топган ягона гуруҳ фақат бизлармиз», деса, уларга раддия бериш ва юртдошларимизни уларнинг зараридан огоҳлантириш фуқаролик бурчимиздир. Биз мусулмон миллатмиз. Ўзимизга раво кўрган нарсамизни бошқаларга ҳам раво кўрамиз. Бироқ, бу муқаддас динимизни ҳеч кимга зўрлаб сингдиришга ҳаракат қилмаймиз. Бизнинг эътиқодимиз шундай. Фикримизнинг исботи учун Ислом уламоларининг бу ҳақдаги айтган сўзларидан иқтибос келтирамиз.
«...Исломга хоҳлаган одам, хоҳлаган жойда, хоҳлаган лаҳзасида калимаи шаҳодатни айтиб кира олади. Мусулмон бўлиш учун инсон ўша ишончини тили билан айтиб, дили билан тасдиқласа бўлди. Бошқа ҳеч ҳандай шарт керак эмас. Исломга кириш учун инсоннинг маълум ирққа мансуб бўлиши, танаси маълум рангда бўлиши, тили, миллати, қабиласи, мансаби, молу мулки ёки ижтимоий келиб чиқишининг аҳамияти йўқ. Инсон бўлса, Исломга ишонса бўлди...»
Демак, Исломга тарғибда тажовузкорлик йўқ. Унда нега ҳар хил яширин секталар фаоллашиб, яширин «таълимотлар»га қизиқувчилар сони ортмоқда?
Ёдингизда бўлса, бир қарашда тинчликпарварлик ва руҳий тарбияни ўзларига шиор қилган ва ҳукуматга хайриҳоҳ бўлиб кўринган «Аум Синрикё» сектаси руҳий устозининг буйруғи билан амалга оширилган кимёвий теракт бутун инсониятни ларзага солган эди... Шу воқелардан кейин кўп давлатларда секталар қаттиқ назоратга олиниб, уларнинг фаолияти чуқур ўрганила бошланди. Биз ҳам мақоламизда қуйидаги саволларга жавоб излаш учун эътиборингизни тортмоқчимиз....
Секта дегани нима ўзи? Юртимизда ҳам ҳар хил секталар ўз фаолиятини олиб бормаяптими? Ташқарида турган «раҳномо»ларнинг ғаразлари, мақсадлари нима ўзи? Секта тузоғига илинмаслик учун нималар қилишимиз керак?
ДИН ВА СЕКТАНТЛИК
Секталар ҳақида мен учратган биринчи мақола шундай бошланарди: «Олдингизга табассум билан бир йигит ёки қиз келиб, бир лаҳза эътибор қаратишингизни илтимос қилиб, бирон машина ювадиган чўтка ёки шунга ўхшаш бирор матоҳни сотиб олишинигизни сўраб қолса, рад жавобини бериб, қутулиш енгил ва осон… Аммо кўчада «тасодифан» сизга тўқнаш келиб қолган йўловчи сизнинг эътиқодингиз билан қизиқса ёки Инжилни ўргатадиган семинарларига таклиф қилса, Сиз эса беихтиёр бунга рози бўлсангиз, ўзингизнинг дин ниқоби остидаги фирибгарлар тузоғига тушаётганингизни сезмай қоласиз...»
Дин ва сектантлик. Уларнинг фарқи нимада? Балки иккаласи ҳам мақсад ва услублар борасида бир хил нарсадир? Диний илмлардан бехабар киши кўпинча юзаки қараганда уларни бир нарса деб ўйлайди. Даҳрий коммунист «мутафаккирлар» жазавага тушиб, «Дин - афюндир» деган ғояни илгари суриб, ўзлари ҳам тоталитар, деструктив (бузғунчи) сектага айланиб қолганликлари ҳозирда ҳеч кимга сир эмас.
Тоталитар ва деструктив сектантлик муаммолари билан шуғулланадиган мутахасислар жаҳон динлари билан сектантлик масаласини кескин фарқлайдилар, уларнинг юзаки қарагандаги ўхшаш томонлари аслида ниқоб эканлигини исботлайдилар, сектантлик иллатининг шахс ва жамиятга етказадиган катта зарарлари юзасидан олиб борган тадқиқотлари натижасида, инсоннинг динга бўлган туғма эҳтиёжини унинг соғлом руҳий ва ақлий ҳолати, нормал хусусияти, деб баҳолайдилар.
Руҳшунослар: «Инсоннинг Худо ҳақида тафаккур қилиши, ўзини унга боғлашга интилиши, руҳий баркамоллик сари ҳаракат қилиши, эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги меъёрларни илоҳий мезонлар ила ўлчаши, ўлимдан кейинги ҳаёти ва охирати ҳақидаги ғами - соф инсоний табиатдан (исломий истилоҳда айтсак, фитратидан) келиб чиқади; жаҳон динлари худди ана шу табиий эҳтиёжни қондириш учун хизмат қилади», дейишади.
Секта раҳнамоларининг асл мақсадлари эса дин, охират, ҳақиқат эмас (гарчи улар айнан шу атамаларни кўп истеъмол қилишса ҳам!), балки бойлик ва ҳукуматдир. Секталар жаҳон динларининг асл асосларини суистемол қиладилар ва ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фириб, найранг ва ғирром ўйинларни амалга оширадилар.
Улар инсонни Худога эмас, балки психологлар таърифи билан айтганда культларга, аниқроғи сохта маъбудларга боғлаб қўйишга уринадилар! «Устозлар» билан секта аъзоларининг ўртасидаги муносабатлар ана шу боғланишга асосланади.
Исломнинг сектантликка муносабати ҳақида
Сектантлик, яъни гуруҳ бўлиб ажралиш Ислом динида кескин қораланган!
Уламолар мусулмонларни гуруҳ-гуруҳга бўлинмай, бир уммат ва бир жамоатда бўлишга чақириб, бунга қуйидаги ояти карималарни далил қилиб келтирадилар:
«Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз. «(Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси – Қуръони Каримни маҳкам ушлашликдир. Шундагина нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир. Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Қуръони Карим Аллоҳнинг ипи-арқони эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар келган) (Моида: 103)
«Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур.» (Дунёда турли динларни тутганлар, динига тафриқа тушганлар кўп. Шу билан бирга, ўзлари турли гуруҳларга, фирқаларга бўлиниб олиб, тарафкашлик қилиб юрганлар ҳам кўп. Лекин сенинг улар билан ҳеч қандай алоқанг йўқ. Сенинг Аллоҳ ҳузуридан келган ва унинг ҳузурида мақбул дининг бор – 6:159)
Яна бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадиси шарифлар етиб келган. Уларнинг энг машҳурларидан бирида қиёматгача етмиш учта фирқа чиқиши ва фақат биттаси тўғри йўлда - Ислом динида эканлиги таъкидланган (Термизий ривояти). Ислом «Қолган 72 та жамоанинг адашганлиги шуки, улар ўша битта тўғри йўлдаги жамоадан ажралиб чиқадилар», деб таълим беради.
Яна бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламд бир неча ҳадислар етиб келган, машҳурларидан бири – Ислом динида 73 фирқа чиқиши ва фақат биттаси тўғри йўлда эканлиги таъкидланган (Термизий ривояти). Аслида ўша битта тўғри йўлдаги жамоадан қолган 72 таси ажралиб чиқиши билан адашади деб таълим берилади.
Ҳақиқий Исломдаги, тўғри йўлдаги жамоанинг номлари турлича бўлса ҳам, аммо ҳаммаси бир маънони билдиради. Бу йўлнинг хусусиятларини ҳар томонлама ўзига мужассам қилган ном - Суннат ва Жамоат Аҳлидир (Аҳли Сунна вал Жамоа). Машҳур Ислом уламоларидан бири «Аҳли сунна вал жамоа – Қуръон, Суннат ва уммат олимлари ижмоъсига эргашган мусулмонлар тоифаси», деб таъриф берган эди. Бу жамоанинг йўли – Ислом таълимоти асосида бирлашиш ва гуруҳ бўлиб ажралиб чиқишдан сақланишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган таълимотдан бир қадам ҳам четга чиқмаган ушбу жамоа ҳақидаги маълумотлар билан танишиш учун маҳсус адабиётларга мурожаат қилишни тавсия қилиб, сектантлик Исломда «ҳизбийя» – гуруҳбозлик истилоҳи билан қораланганлигини таъкидлаб қўямиз.
Мақоламизнинг асосий мавзуси бўлган бу иллатни ҳозирги замон ахборот воситаларида ва дунёвий адабиётларда кўпроқ ишлатиладиган атама – «тоталитар ва деструктив сектантлик» ёки оддийгина қилиб сектантлик деб атаймиз ва баҳсимизни давом эттирамиз.
Энди секталарнинг мақсадлари, услублари, турлари, улардан сақланиш йўллари ва адашиб кириб қолганларни сектадан қайтариш йўлларини баён қиламиз.
СЕКТАЛАР
Психолог мутахассисларнинг айтишларича, инсонда учта табиий эҳтиёж – ғаризалар бор. Секталар ана шу ғаризаларни қондиришга чорлаш орқали тузоқларини қўядилар. Бу ғаризалар қуйидагилардан иборат:
1) бирон нарса билан умумийликда бўлиш;
2) тизимлилик (структуравийлик), мунтазамлик хусусиятига эга бўлиш;
3) атрофдаги инсонлар ўртасида алоҳида эътиборга, аҳамиятга эга бўлиш (бу ғариза норозилик (протест) шаклида ҳам ўз ифодасини топиши мумкин)
Секталарга кўпинча яккаланиб қолган ўсмирлар, бахтсиз оилалар, болалари томонидан қаровсиз қолган қариялар, касбидан, ишхонасида ҳамкасабаларидан норози ходимлар, бева қолган оналарнинг кириб қолишлари осон бўлади. Чунки умумийликда бўлиш, жамият билан боғланган бўлиш каби қондирилмаган эҳтиёжлар кишини ялтироқ шиорлар билан қуролланган миссионерлар қучоғига итариб юборади. Инсон якка ҳолда, жамиятдан алоҳида яшай олмайди, у албатта ўзига ёққан кишилар жамоасини излайди, секталар мана шу инсоний хислатдан уддабуронлик билан фойдаланиб, соддадил фуқароларнинг йўлларига тузоқ ясайдилар.
Секталар фойдаланадиган яна бир инсоний ғараз – мунтазам тартибга эга воқелик ҳақида тасаввур ҳосил қилиш, сўнг унга бўйсуниш хусусиятидир.
Америкалик психолог Сухдео шундай дейди: «Замонавий жамиятда зиддиятлар шу қадар кўп ва улардан бирортасини танлаш шу қадар қийинлашиб кетганки, ҳатто инсонлар ўзларича эркин қарор қабул қилишга ҳам ожиз бўлиб қолганлар. Улар ўзлари учун бировлар қарор қабул қилишини, ўзлари оддийгина бошқаларнинг кўрсатмалари билан яшашни ҳоҳлаб қоладилар», дейди. Секталар эса бундан усталик билан фойдаланадилар. Улар кишиларнинг ҳатти-ҳаракатларини қаттиқ қоидалар доирасига солиб қўядилар. Қаттиқ интизом талаб қиладилар, бу борада шу қадар чуқур кириб кетиладики, ҳатто устозга итоат оғир меҳнат, калтаклаш ва қамаб қўйиш орқали эришилади. Баъзи секталар байъат ва қасамлардан унумли фойдаланадилар ва бу ҳақдаги диний тушунчаларни ўзларича эркин таъвил қиладилар.
Секталар кишининг зиммасига ўз вазифалари ва йўриқномаларини юклаб ташлайди. Нима ейиш, нима ичишдан тортиб (бу ерда ҳатто диний чекловлар доирасидан ҳам чиқиб кетилади), сайловда кимга ёки қайси партияга овоз беришгача борилади…
Тоталитар секталар энг кўп фойдаланадиган яна бир муҳим, ҳаётий нарса - инсоннинг ўзлигини, ўзининг бирон нарсадаги аҳамиятини, қадр-қийматини ҳис қилиш, ўзининг борлиги, ҳаётининг моҳиятини англашга интилишидир. Ҳар бир ақийда, дин, оқим ва сектанинг атроф-муҳитдаги дунё ҳақида ўз диний, сиёсий, маданий воқелик қарашлари бор. Секталар эса мутлақ ҳақиқатга эга эканликларини даъво қиладилар. Уларнинг «ҳақиқат»ларини тан олмаганларни эса «адашганлар» ёки «шайтоннинг малайлари» деб атайдилар. Секталарда «улар» ва «биз» деган қатъий чегара мавжуддир. Деструктив секталарнинг наздидаги «бизлар» - уларнинг таълимотига бўйсунган «ҳақиқий инсонлар»дир, «улар» эса инсон қаторида кўрилмайди (ярим одамлар, одам қаторига кирмайдиганлар, «адашганлар», «шайтоннинг малайлари» ва ҳоказо).
Бундай «икки хил стандарт» сиёсати секталарга жуда хосдир. Муҳаббат ва самимий муносабат «фақат ўзлари» учун хос қилинади. «Бегоналарга» нисбатан эса ўзларининг «олий» маслаклари, «олий» мақсадлари йўлида ёлғонга, иғвогарликка, чақимчиликка ва ҳатто жисмоний чора кўришга рухсат берилади. Уларда « Худо берган ҳақиқатни Худо йўлида яшириш лозим» деган ақида кўп қўлланилади. Бундай сиёсат мунистлар, мормонлар, иегова шоҳидлари, кришнаитлар, «оқ биродарлар», сатанистлар (иблисчилар), саентологлар (Рон Хоббард издошлари) ва ҳатто Ислом номидан чиқаётган мистик таълимотлар ва деструктив секталарга жуда хосдир.
Тарқатилаётган аҳборот ташқи ва ички фойдаланиш учун кескин ажратилади. Масалан, сектанинг фаол ва ишонч қозонган аъзолари ўқийдиган китоб ва журналлар янги кириб қолган аъзолар ёки «ташқи дунё» ваклларига бериладиган китоб ва журналлардан катта фарқ қилади. Сектанинг «ички доирасига» кирган аъзоларга бериладиган таълим ҳам сир тутилади, бундай таълим асосларини сиз уларнинг оммавий аҳборот воситаларида топа олмайсиз. Сектанинг оммавий журналлари ёки китоблари асосан баланд парвоз гапларга бурканган, ялтироқ ва чиройли жумлалар билан ўралган «даъват»га тўлдирилади. (Масалан Иегова шоҳидлари журналлари «Қўриқчи минора» («Сторожевая башня») – янги аъзо ва «номзодлар» учун, «Бизнинг илоҳий хизмат» («Наше царственное служение») ички доира учун чоп этилади).
Бу ўринда иккита нарсани таъкидлаб ўтиш керак:
Биринчидан, секталарнинг икки ҳил стандарт сиёсатлари жаҳон динларидан, айниқса Исломдан фарқ қилинишини аён қилади. Маълумки Ислом дини (сунний мазҳабда) кишиларни мумин мусулмон ва ғайридинга ажратса ҳамки, ҳам мусулмонга ҳам ғаридинга дин тенг равишда адолатни талаб қилади; Исломга кирмаганлиги учун кишиларни алдаш, адолатсизлик қилиш, уриш, ўлдириш, иғво туҳматлар тарқатиш ва ҳоказо салбий амаллар тақиқланган.
Иккинчидан, Ислом (сунний мазҳабда) диний илмларни ҳеч кимдан яширмайди, «ҳоссларга» алоҳида, «оммага» алоҳида аҳборот берилмайди; яширинч, сиррий, маҳфий китоблари йўқ. Исломий илм турли йўналиш ва предметларга бой бўлиб уларнинг эшиги ҳаммага очиқ. Демак, Ислом ўргатяпмиз деб «яширин ахборотга» эга бўлган «даъватчиларни» учратсангиз, билинг улар – ниқобланган секта, Дин эмас.
Яна бир нарсани, таъкидлаб ўтиш керак: юқорида секталар «ўз дунёсини» «ташқи дунёга» қарши қўйишликлари ҳақида айтиб ўтилди. Баъзан секталар буни очиқ ойдин намоён этишади ва хатто ўзларини мухолиф сиёсий партия деб аташади (ёрқин мисол «Ҳизбут-таҳрир»), баъзилари эса гўёки ўзларини бетараф қилиб кўрсатишади, аммо таҳлил қилинса, жамиятга қарши туриб фитналар чиқараётганликлари кўриниб қолади, аммо яна шундай секталар мавжудки ўзларини нафақат жамиятга, балки ҳукуматни қўллаб қувватлайдиган жамоат қилиб кўрсатишади. Буларга тўхталадиган бўлсак, улар давлат мансабдорлари билан яқин алоқада бўлишликка ҳаракат қилишади, бу мансабдорларни секталарига аъзо қилишмаса ҳам аммо кўпроқ хайриҳоҳ ортиришга қаттиқ уринишади. Бундай секталарнинг хавфи шундан иборатки, улар жуда усталик билан ўзларини ҳокимият учун курашмайдиган қилиб кўрсатишади, аммо бундай сектанинг ҳокимиятга қанчалик ташналиги хориждаги раҳнамоларининг жойлардаги «ўринбосарларига» юборадиган йўриқномалардан билиб олса бўлади, аммо бу йўриқномалар оммадан қаттиқ махфий сақланади...
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ СЕКТАЛАРИГА КИРГАЗИШАДИ
Одамлардан маълумот яширилади ёки нотўғри талқин қилинади. Буни ёлғон дейдилар, аммо сектантлар аъзолари онгларини психологик дастурлаш амалиётлари олдида ёлғончилик ҳеч нарса эмас. Бунга «онги назорат қилиш» деган амалиёт киради:
• Янги кириб қолган аъзо гуруҳий босим остига ёки муҳаббат бомбардимонига гирифтор қилинади; Унга Худо уни яхши кўришини, қандайдир олий мақсад учун яралганлигини, бутун олам маъсиятга ғарқ бўлиб, фақатгина улар «оилалари (жамоалари)»да кишилар бир бирларига чин муҳаббат қўя олишларини таъкидлайдилар, - натижада бу янги аъзонинг шубҳалари йўқ бўлиб бу «оилага» кириш иштиёқи пайдо бўлади. Ёш болаларга ҳос ўйинлар учун мажлислар, жамоат билан қўшиқлар айтиш, қучоқлашиш, ҳушомадлар қўлланилади. Ташқаридан қаралганда безарар кўринган бундай йиғилишлар бора-бора секта аъзосига айланиш билан тугайди. Бир-бирларига «руҳан ва моддий» ёрдамлари ҳам «беғараз»дек кўринсада, аммо бу оддий сектачиларга руҳий (психологик) таъсир ўтказиш услубидир.
• «Оила» дунё ҳаётидан ажратилган бўлади. Бундай изоляция «устоз» ўгитлари билан воқеликни солиштириш хохишини йўқотади. Яъни бирон нарса ўрганишса фақат шу «устоз» китобларини ўрганади, бошқалари эса рад этилаверади. «Олий ҳақиқатни» фақат секта устозигина билиши руҳан сингдирилиб борилади.
• Фикрлаш фаолиятини тўхатадиган техникалар ишлатилади. Бир оҳонгдаги қўшиқлар, қайтарилиб турадиган ҳаракатлар, жазавага тушиладиган рақслар, «зикр тушишлар» кишини таъсирчанлигини ошириб юборади.
• «Оилалари» ўртасидаги яқинликни яратиш баҳонасида янги кириб қолган инсонни олдинги «гуноҳларини» очиқчасига айтиб беришга мажбурлашади. Мақсад эса – қўрқув ва айбдорлик туйғуларини келтириб, эмоционал таъсирчан қилиб қўйишдир. Бунинг учун хатто очиқ ёки маҳфий таҳдидлар ишлатишади, жазо билан тақдирлашлар алмаштирилиб қўлланилади.
• Руҳий машқлар ниқоби остида уйқудан воз кечиш рағбатлантирилади.
• Олий руҳий даражага етишиш ёки ибодат ритуаллари баҳоналари билан таомланишни танқислаш ёки калорияга танқис пархезга ўтишлар талаб қилинади.
• Янги кириб қолган кишини мулоҳаза қилиб олишига йўл қўймаслик учун бир лаҳза ҳам танҳо қолдиришмайди. Аксинча, инсоннинг қабул қилиш барча аъзолари, биринчи навбатда – эшитиш, кўриш ва ҳид сезиш аъзолари юклатиб ташланади. Натижада қисқа муддат ичида олдинги қадриятлари янгилари билан алмаштирилади.
АҚШлик мутахасислар Ф. Зимбардо ва М. Лайппе секталарга киритиш қуйидаги услубларини кўрсатишган:
1) «Step by step» технологияси – кичик ён беришларга рози бўлган секта «қурбони» кейинчалик каттароқ ён беришларга ўтилади – «олдимизга келиб кет (кофе ёки чой олдида бир суҳбатлашайлик...), дам олиш кунларни биз билан ўтказ, яна бир хафтага биз билан бўл, пулларингни бизга бер...».
2) Янги кирган сектачини унинг барча шахсий муаммоларини хал қилиб беришига ишонтиришади.
3) Гуруҳий динамика кучи. Бу ерда гуруҳнинг янги аъзосига қилаётган муомалалари моҳияти, миқдори, шахсий ёқимлилик аҳамиятга эга. Бу боради жинснинг ҳам ўрни катта экан секталар ишида – янги кирганларга ёқимли қиёфалик ўзга жинс вакиллари (вакилалари) суҳбатдош қилиб бириктирилади.
4) Протест қилиш ёки баҳслашиш имконияти йўқлиги: янги кириб қолган аъзога янги янги ахборотлар билан мияси тўлдириб ташланади, турли тадбир маросимлар билан банд қилиб ташлашади, у ҳеч ҳам ўз тафаккури билан якка қолдирилмайди.
5) Секта таълимотига оид китоблар, видео ва аудио махсулотлар текинга тарқатилади, фаол ёки мухтож аъзолар гўёки моддий рағбатлантириб турилади.
6) Энг «яхши» аъзолар учун чет элларга саёҳатлар уюштириб турилади. Сезган булсангиз керак, хориждаги ўқув марказларида бундай аъзоларнинг «миялари тозалаб» берилади.
7) Ижобий қувватлаш: табассумлар, ёқимли овқатлар, эътибор, ғамхўрлик гуруҳ меҳмонига тинмай кўрсатилади.
Охирги услуб ойдинлаштиришни талаб қилади. Янги кириб қолган аъзонинг барча, аммо жоиз деб ҳисоблашган, хатти ҳаракатлари қўллаб қувватланади. Агар янги аъзога берилган савол сектачилар ҳоҳлаган жавоб эшитишса, ҳамма ёқда илиқ табассум таралиб кетади, ҳар бир сўз ҳурсандлик билан қабул қилинади. «Салбий» ёки қатъий бўлмаган жавобга қуршаб турган секта аъзолари қовоқларини солиб олишади, назарларини олиб қочишади. Осмонни қора булутлар қоплаб кетади… Қайсидир лаҳзада, киши тушунадики, агар у ҳамиша илиқ ва самимий эътиборни йўқотмаслиги учун янги дўстлари маъқуллайдиган тарзда гапириши ва ҳаракат қилиши керак. Бу ёғига энди ижтимоий психология қонуниятларидан бири ишга тушиб кетади – ташқи хатти ҳаракатлар шахснинг ички эътиқодига айланиб боради.
Хавф хатар шундан иборатки, юқорида кўрсатилган психологик манипуляциялар махфий ўтказилади ва секта аъзолари буни пайқамайдилар. Янги кириб қолган аъзода ўз эмоциялари ўз-ўзидан чиқаётгандек, ихтиёрий бўлаётгандек туюлади. Барча психологик ўзгаришлар улар томонидан «руҳий тузалиш» деб талқин қилинади.
«Севги муҳаббат билан бомбардимон» қилиш ўта қулай психологик муҳитда амалга оширилади – оиладан, дўстлардан, хохишлардан узоқда. Учрашувлар табиат гўзаллиги қуршови билан катта эффектга эришилади (кучли таассурот қолдиришнинг самарали усублари). Бундай холда янги учрашувдан бош тортиш жуда қийин бўлиб қолади.
Бундан-да махфий амалиёт янги кирганлар устидан кузатиш, текшириш, тестлаш, баҳолашлардан иборат. Асосан ҳар бир янги аъзо биринчи учрашувданоқ чуқур ўрганиш объектига айланади. Махсус картотекалар тузилади, хулқ атвордаги ўзгаришлар қайд этиб борилади. Кейинчалик боғланишларнинг ният ва мақсадлари аниқланади. Мақсад янги инсонларни ҳақиқатга бошлаш эмас, балки янги «салбчиларни» ёллашдадир!
Барча тоталитар секталар систематик равишда ҳар хил баҳоналар билан сектага қизиққан аммо маълум сифатларга эга бўлмаган кишиларни ўзларидан узоқроққа четлатиб туришади. Бу секталарнинг энг махфий тутиладиган ва бу ҳақда унчалик гапиришни ёқтирмайдиган сирларидир! Мана шу ҳислатлари билан тоталитар секталар Диндан фарқ қилишади. Диннинг эшиклари барча хоҳловчи инсонларга очиқ, сектачиларга эса «продуктив» аъзолар керак.
«Бирлашиш черкови»нинг собиқ аъзоси эслайди: «Биз «идеал номзод»ни қидирар эдик. У таҳминан мазкур хислатга эга бўлиши керак «ёши 18 дан 24 гача, жиддий, оптимист, идеалист, Худога ишонувчи, соғлом, ҳақиқат ва ҳаёт маъносини излайдиган, очиқ характерли, бўйдоқ, оиласи билан қаттиқ боғланиб қолмаган, турар жойи тайин бўлмаган, тайин касбга эга бўлмаган. Лекин биз яна бой меҳмонхоналарга кириган бадавлат кишилар, ишбилармонлар олдига ҳам борар эдик».
Саентология сектасидан чиққан бир кишининг хотирасидан: «Биз ҳеч қачон касалманд, камбағал, жамият ташландиқларига мурожаат қилмас эдик. Уларнинг руҳлари касалланган ва миссияни бажаришга қурбилари етмайди. Бизга улар билан кейинроқ ишланилади дейишарди. Дастлаб, тиришқоқ-фаол аъзоларни ёллаш керак эди.»
СЕКТА ҚУРБОНИ АҲВОЛИ
Сектага кириб қолган инсон билан нима рўй беради? Унинг нуқтаи назарича илоҳий нурни кўраётгандек, ҳақиқат очилгандек ёки, масалан, илҳом тушгандек бўлади.
Тиббий нуқтаи назардан эса, янги руҳий хусусиятлари ривожлана бошлайди. Бу хусусиятлар жаҳон тиббиёт тавсифида «шахснинг тобеликда айниши» («зависимое расстройство личности») деб аталади (қарор қабул қилишни бошқаларга юклаш, ўз эҳтиёжларини бошқалар ҳоҳишларига бўйсўндириш, яккаланишдан қўрқиш ёки бари бир оддий инсон «олий ҳақиқат»ни била олмайди, буни махсус «ижозати» борларгина билади, Худо билан одам орасида албатта ўша «жамоа» ёки ўша «устоз» борлиги қаттиқ уқтирилади ва ҳ.к.). Оддий қилиб айтганда киши ёш болалик ҳолатига тушиб қолади. Унга ёш болаларча дунёни ҳис қилиш таклиф этилади, ва у буни қабул қилиб юборади. Бовужуд, ўзининг шахсияти, индивидуаллигидан, «менлиги» ўзлигидан сектаси манфаатлари учун бутунлай воз кечишига мажбурланади. Масалан, «Бирлашиш Черкови» «Церковь единения» ўз саноат корҳоналари бўлиб, уларда сектантлар жуда оз маош учун меҳнат қилишга мажбурлар. Деярлик барча секталар янги аъзоларидан даромадларининг катта қисмини бериб туришларини ёки мулкларини ўтказишларини талаб қилишади. Яна бир мисол, «послушниклар» («муридлар») «устозлари» ёки «гурулари» ёки «аслзодалари» уй юмушларини хизматкор каби адо этишга мажбурланадилар.
Секта тузоғига тушиб қолиш осон, аммо ундан халос бўлиш жуда қийин ҳисобланади. Баъзи секталар динни моҳирона ниқоб қилганлигидан инсон секта аъзосига айланиб қолганлигини сезмай ҳам юради....
Абу Муслим